— Икки нафар фарзандим билан турмушимдан ажрашдим. Суд алимент ундируви ҳақида қарор чиқармасидан болаларимнинг отаси хорижга кетиб қолди. Энди алимент миқдори қандай белгиланади? Қачондан бошлаб ҳисобланади? Болаларимнинг отаси хорижда-ку. Ундан алимент қандай ундирилади? Шунча вақтдан бери тўламай кечиктиргани учун жавобгарликка тортиладими?
Исми сир тутилди
Зулфия Нуралиева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьяси:
— Оила кодексининг 2-моддасига асосан, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир.
Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади.
Ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
Оила кодексининг 96-моддасида қуйидаги назаррда тутилган ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
Шунингдек, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори Оила кодексининг 99-моддаси билан тартибга солинган, унга кўра агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.
Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.
Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.
Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.
Оила кодексининг 136-моддасига кўра алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Мазкур шахс, низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бу ариза буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилади.
Суднинг алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи дарҳол ижро этилиши лозим.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга мувофиқ алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс ушбу келишувда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.
Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир.
Шунингдек, вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан яъни ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
МЖтКнинг 47-4-моодасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жихатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 122-модда талабига мувофиқ моддий ёрдамга мухтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жихатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса. У жавобгарликдан озод қилинади.