Қидирув:

ТОШКЕНТ ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИДА ДАВРА СУҲБАТИ

Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси учинчи қисмига кўра, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Бугунги кунда банкрот деб топилиб, тугатиш ишлари давом этаётган корхоналар сонини умумий таҳлил этиш ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг иш юритувидаги банкротлик (тўловга қобилиятсизлик) ишлари бўйича тугатиш ишлари бир йил ва ундан ортиқ муддатда тамомланмасдан давом эттирилаётган ишлар юзасидан Тошкент шаҳар суди ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан  амалий мулоқот ташкил этилди.

Унда судьялар, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ва Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди. Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган ва тугатиш ишлари давом этаётган банкротлик ишлари бўйича маълумот берилиб, суд амалиётида ҳамда тугатиш ишларини олиб бориш жараёнида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, бу борада судьялар ва тугатиш бошқарувчиларининг масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилди.

Шу билан биргаликда, узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган банкротлик ишлари бўйича барча масъул ташкилотлар ва суд бошқарувчилари ҳамкорликда иш олиб боришлари лозимлигига урғу берилди.

АКАДЕМИЯ КУРСАНТЛАРИ БИЛАН СУД РАИСИНИНГ ОЧИҚ МУЛОҚОТИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академияси катта залида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Толиб Обидовнинг академия курсантлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Т.Обидов бўлажак терговчилар билан бугунги кунда олиб борилаётган суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар борасида мулоқот ўтказди.

 Академия курсантларига назария ва амалиёт ўртасидаги чамбарчас боғлиқлик, бугунги кунда ҳуқуқшунос кадр қандай талабларга жавоб бериши кераклиги тўғрисида ўз фикрларини билдирган ҳолда уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

АЛИШЕР НАВОИЙ ТУҒИЛГАН КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Тошкент шаҳар иқтисодий судида Тошкент туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда  судья ва суд ходимлари иштирокида шерият мулкининг султони Мир алишер Навоий туғилган куни муносабати билан марифат соати ташкил этилди.

Унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нурилла Чориев ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси, шоир Салим Ашурлар таклиф этилди. Тадбирни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов олиб борди. Маълумки, Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг моҳиятини очиб, ҳам бадиий ҳам илмий асарлар яратиш учун бой ва тўла имкониятларга эга эканини намойиш этган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижод йўли юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Таъкидландики, Алишер Навоий умрини инсоннинг бахт-саодати учун курашга, халқнинг осойишталиги, ўзаро урушларнинг олдини олиш, ободончилик ишларига, илм-фан, санъат ва адабиёт тараққиётига бағишлади.Гўзал мисралар битди. Шунинг учун ҳам ҳазрат Мир Алишер Навоий мероси асрлар оша авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.

Тадбир савол-жавобларга бой, қизғин ва мазмунли ўтди.

ЧИЛОНЗОР ТУМАНИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИДА ЎҚУВ СЕМИНАР

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ биносида тергов сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Унда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьялари, туман прокуратураси ва ИИО ФМБ раҳбарияти, ЖҚБ ходимлари, ТБ терговчилари, ХПБ бошлиқлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича ЎРҚ-869 Қонуни 2024 йил 1 январдан кучга кирганлигини инобатга олиб, уларни амалиётда қўллаш тартиби юзасидан фикрлар билдирилди.

Терговчилар иштирок  этган тадбирда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раисининг ўринбосари А.Муҳиддинов ўтган 2023 йил мисолида тергов ва суриштирув органи томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳақида фикрларини билдириб, келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик бўйича тавсиялар бериб ўтилди.

ТОШКЕНТ ЮРИДИК ТЕХНИКУМИДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Тошкент шаҳар юридик техникуми талабаларнинг амалиёт ўташ учун мўлжалланган суд залида  фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг раис ўринбосари  Г.Опаева, судьялар Л.Утанбоева, Х.Эргашева ҳамда техникум ўқувчилари иштирокида тадбир ташкил этилди.

Унда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби мавзусида фикр юритилди. Шундан сўнг сайёр суд мажлисида судья Х.Худойбердиева раислигида никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ фуқаролик иши кўриб чиқилди. Бу талабалар учун яна бир амалий сабоқ бўлди.

Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялар томонидан атрофлича  жавоб олдилар.

Тошкент шаҳар судида пойтахт судларининг 2023 йил фаолият якунлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар судида пойтахт судларининг 2023 йилдаги фаолият якунлари ҳамда одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбида Тошкент шаҳар суди ҳамда  Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарлари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2023 йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган  саволлар билан мурожаат қилдилар.

Уларнинг саволларига Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари – судлов ҳайъати раислари  ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси  батафсил жавоб берди.

САЙЁР СУДДА 10 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ШАРТЛИ ОЗОД ЭТИЛДИ

Чилонзор туманида жойлашган “Бешёғоч” маҳалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

 

Унда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг судьялари Ж.Қурбонов ва  Ф.Эргашев томонидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими томонидан тақдим этилган 10 нафар маҳкумнинг иши кўриб чиқилди.

1983 йилда Тошкент вилоятида туғилган Ф.У. 2022 йил 7 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандига асосан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Суд мажлисида маҳкума қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, қайтиб бошқа жиноят содир этмаслигини билдирди.

Суд маҳкуманинг тайинланган жазони ярмини ўтаганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 73-моддаси 3-қисмининг “б” бандига асосан ўталмай қолган 11 ой 21 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақида қарорга келди.

Сайёр суд мажлисида шунингдек, безорилик, ўғирлик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этган шахсларнинг иши кўриб чиқилиб, улар ҳам муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

МИКРОҚАРЗ ВА КРЕДИТЛАР: ФОИЗЛАР НЕГА БУНЧА ЮҚОРИ?

Ёхуд йиллик 65 ёки кунлик 0,3 фоиз миқдорда фоиз тўлаш шарти билан микроқарз ёки кредит ажратиш инсофданми?

Кредит ташкилотлари кунлик 0,3 ёки йиллик 65 фоиз тўлаш шарти билан қарз берамиз, деган мазмундаги рекламаларни тарқатаётганига ҳар қадамда дуч келиш мумкин.

Шу ўринда шундай шартлар билан микромолиялаш мумкинми, деган ўринли савол пайдо бўлади.

Ахир кунлик 0,3 фоиз тўлаш шарти билан микроқарз бериш ёки кредит ажратиш бу йиллик 109,5 фоиз тўлаш шарти билан микромолиялаш ҳисобланади. Йиллик 65 фоиз ҳам жуда юқори ставка ҳисобланади. Жисмоний шахсларга ушбу шартлар билан қарз ва кредит ажратиш эса қонун нормаларини бузиш ҳисобланиши мумкин.

Чунки “Нобанк ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига асосан, жисмоний шахсга кредит (микроқарз) бериш шартномаси бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш микромолия ташкилотларига ва ломбардларга тақиқланади.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 25-моддасида мустаҳкамланишича, Марказий банк нобанк кредит ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш микромолия ташкилотлари томонидан бериладиган истеъмол кредитлари ва микроқарзлар, шунингдек, ломбардлар томонидан бериладиган микроқарзлар бўйича фоиз ставкаларининг ва тўловларнинг энг юқори қийматларини белгилашга ҳақли ҳисобланади.

Марказий банк қарори билан тасдиқланган “Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низом”да ҳам кредит ёки микроқарз бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан, фоизлар, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Лекин, шунга қарамасдан бугунги кунда ломбардлар ёки микрокредит ташкилотлари ёхуд турли нобанк ташкилотлар томонидан йиллик асосий қарздорликнинг ярмидан кўпини ташкил қиладиган жавобгарлик чораларини белгилаш ёхуд кредит ва микроқарзлар учун юқори фоиз ставкаларини белгилаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хўш, юқоридаги шартларни бузиб тузилган кредит шартномалари ва микроқарз шартномаларининг тақдири нима бўлади?

Фуқаролик кодексининг 116-моддасида қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги белгиланган.

Агар микроқарз шартномаларида йиллик фоизлар асосий қарз миқдорининг ярмидан ортиқ, яъни 50%+ кўринишида назарда тутилган бўлса, бунда шартноманинг мазкур шарти Фуқаролик кодексининг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 128-моддасида битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги қоидалари белгиланган бўлиб, битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмлари ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмаслиги белгиланган.

Ушбу вазиятда қарз шартномасининг фоизлар тўлаш миқдори ва шартини белгилаш тўғрисидаги бандининг ўзигина ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди, лекин қарз шартномаси тузилган ҳисобланади. Чунки, амалдаги қонунчиликка кўра, қарз шартномаси бўйича шартнома тарафлар қарз суммасига нисбатан фоизлар миқдори ва тартибини келишган, келишмаганидан қатъий назар, пул ёки бошқа ашёни қарз берувчи қайтариш шарти билан қарз олувчига топширган вақтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 113-моддаси учинчи қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкинлиги белгиланган.

Қолаверса, суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли. Қарз шартномаси бўйича йиллик асосий қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорда фоизлар белгиланган микроқарз шартномалари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволарни кўриш жараёнида суд шартноманинг фоизга оид қисми ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмагани сабабли унинг оқибатларини ўз ташаббуси билан қўллаши мумкин.

Агар микроқарз шартномаларида бир нечта мажбуриятни таъминлаш усуллари ёхуд бир нечта жавобгарлик чоралари белгиланган бўлиб, мазкур жавобгарлик чораларининг ҳажмлари қўшилганда уларнинг умумий ҳажми йиллик асосий қарз миқдорининг ярмидан кўпни ташкил қиладиган бўлса, бунда жавобгарлик чораларидан бирини ёки барчаси бўйича шартнома шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига олиб келиши мумкин.

Кредит (микромолиялаш) шартномалари мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, микроқарз шартномаларидан фарқли равишда қонунда белгиланган юқори ставкадан ошириб фоизлар, пенялар, комиссиялар, хизматлар учун ҳақлар ҳамда жавобгарликнинг бошқа чораларини белгилаган ҳолда тузилган кредит шартномалари амалдаги қонунчиликка асосан кредит шартномаларининг тузилмаган деб топилишига олиб келиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 128-моддасига асосан, кредит шартномаси фоизга оид шартининг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги кредит шартномасини тузилмаган деб баҳоланишига олиб келиши мумкин.

Шундай экан, молия ташкилотлари кредит билан боғлиқ фоиз ставкаларини белгилашда қонунга риоя этиши, қолаверса, аҳолига малол келадиган шартлардан чекиниши мақсадга мувофиқ.

Гулруҳ Мамараимова, Фуқаролик ишлари бўйича

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьялари О. Кахаров ва Ш. Розимов томонидан “Меҳригиё” маҳалласида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Унда инсонпарварлик тамойилига асосан қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, ўзига тегишли хулоса чиқарган, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар тайинланган жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Сайёр суд мажлисида шартли озод этилганлар ўз оилалари бағрига қайтишга муваффақ бўлдилар.

Бир сўз билан айтганда, қонунчилигимизда ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик сингари фазилатлар уларнинг тақдирида ижобий ўзгаришлар ясашга хизмат қилди.

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВАКИЛЛАРИ, БЛОГЕР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ БЎЛИБ ЎТДИ

Тошкент шаҳар суди ташаббуси ва Судьялар олий кенгаши  ҳамкорлигида “Суд тизимидаги ислоҳотлар. Судлар ва оммавий  ахборот воситалари  ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда пойтахт судлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари,  ҳуқуқшунос-блогерлар  иштирок этди.

Қайд этилдики, мамлакатимизнинг барча жабҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда очиқлик ва шаффофлик тамойили устувор йўналишга айланди. Чунки, мазкур тамойиллар судларга бўлган ишончни таъминловчи  асосий омиллардан биридир.

Аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш,  бу жараёнда  оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, судлар фаолиятига оид холис ва тезкор ахборот тақдим этишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳам  муҳим ҳисобланади.

 

Судлар фаолиятининг самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд қарорларининг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига боғлиқ. Бу эса суд ишлари оммавий ахборот воситалари профессионал даражада ёритилишида суд идоралари ва журналистлар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик  зарурият  даражасида эканини ҳам англатади.

Шунингдек, давра суҳбатида ижтимоий адолатни барқарорлиги жамиятда ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг билан чамбарчас боғлиқ экани ҳам алоҳида таъкидланди. Жамиятни ҳуқуқий маданият шакллантириш  ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигига ҳам боғлиқ. Ҳуқуқий тарғибот ишларини оммавий ахборот воситаларисиз самарали амалга оширишнинг деярли иложи йўқ.

Тадбирда суд ишларини ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу жараёнда юзага келаётган айрим тушунмовчиликлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари борасида фикр алмашилди.  

Бундан ташқари мутасаддилар томонидан пойтахт судлари томонидан 2023 йилда  амалга оширилган  ишлар, суд ишларини кўриб чиқиш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича ахборот берилди.

Skip to content