КРЕДИТ ҚАРЗДОРЛИГИ СУД ҚАРОРИГА КЎРА ГАРОВДАГИ МУЛК ОРҚАЛИ УНДИРИЛМОҚДА, БАНК ЭСА ФОИЗ ҲИСОБЛАШДА ДАВОМ ЭТЯПТИ. ШУ ТЎҒРИМИ?
— Кредит қарздорлиги суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган ва ундирув гаровдаги мулкка қаратилган. Бугунги кунда ижро жараёнлари олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан банк фоизларини ҳисоблаб келмоқда. Бу ҳолат тўғрими?
Саволга Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси ўринбосари Муҳиддин Султонов жавоб берди:
— Фуқаролик кодекси (ФК) 736-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.
Бу ҳақда Олий суд ва Олий хўжалик судининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарорида ҳам тушунитириш берилган. Қарорнинг 10-бандида кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайслиги, агар шартномада қарз тўловининг кечиктирилганлиги муносабати билан фоизлар миқдори оширилиши белгиланган бўлса, қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов оширилган ставка миқдори ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномада белгиланган бошқа фоизлар миқдори деб ҳисобланиши лозимлиги назарда тутилган.
Яъни, кредит қарздорлиги суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган ва ундирув гаровдаги мулкка қаратилган, бугунги кунда ижро жараёнлари олиб борилаётган бўлса ҳам то кредит қарзи амалда тўлиқ қоплангунга қадар банк амалда қопланмаган кредит қарзига фоизлар ҳисоблаши мумкин.