КРЕДИТ ОЛГАН ФУҚАРО ВАФОТ ЭТСА, ҚАРЗНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?

— Кредит олган аёл вафот этди. Кафил суғурта қилинган. Кредит қарзини энди ким тўлайди?

Исми сир тутилди

Азиз РАХМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:

— Фуқаролик кодексининг 744-моддасига биноан, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Шу ўринда савол туғилади, банк томонидан кредит олувчига ажратилган кредит маблағи ва унга ҳисобланадиган фоизлар қарздор томонидан тарафлар ўртасида имзоланган кредит шартномасига мувофиқ, ўз вақтида ёки тўлиқ қайтарилмаган, шунингдек кредит олувчи вафот этган тақдирда кредитни ким тўлайди?
Тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган кредит ва унга ҳисобланадиган фоизларнинг таъминоти сифатида гаров, кафиллик, кредитни суғурталаш ва бошқа шу каби шартномавий муносабатлар амалга оширилади.

 

Фуқаролик кодексининг 914-моддасига биноан, суғурта фуқаро ёки юридик шахс (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади.

Кредит ва унга ҳисобланадиган фоизларни қайтариш суғурта қилинган ҳолларда қарздор томонидан кредит шартномасига мувофиқ кредит ва унга ҳисобланган фоизлар қайтарилмаган, шунингдек кредит шартномаси қарздор томонидан лозим даражада бажарилмаганда, агар ушбу ҳолат суғурта ташкилоти томонидан суғурта ҳодисаси сифатида баҳоланган тақдирда, кредит ва унга ҳисобланган фоизлар тегишли суғурта ташкилоти томонидан тўлаб берилади.

Айнан қандай ҳолатлар суғурта ҳодисаси сифатида баҳоланиши, бевосита суғурта шартномасида кўрсатилади ёки юз берган ҳодиса ўрганиш жараёнида аниқланади.
Агар кредит шартномаси бўйича кредит олувчи (қарздор) вафот этган бўлиб, ажратилган кредит ва унга ҳисобланган фоизлар қайтарилмаганлиги суғурта ҳодисаси сифатида баҳоланган ёки ушбу ҳолат бевосита суғурта шартномасида назарда тутилган ҳолларда кредит қарздорлиги тегишли суғурта ташкилоти томонидан тўлаб берилиши лозим.