КЕТИБ ҚОЛГАН КЕЛИННИНГ УЛУШ ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚҚИ БОРМИ?
— Укам ўтган йили вафот этган. Хотини билан сира чиқишмасди, ўлимидан икки йил олдини келинимиз қизлик уйига кетиб қолган эди. Яқинда ота-онамнинг олдига келиб, “уйда 50 фоиз улушим бор, ажратиб берасизлар”, дея талаб қўйибди. Икки йил йўқ бўлиб кетиб, энди улуш талаб қилиши тўғрими? Укам ҳаётлигида ҳам на эрини ва на ота-онамнинг ҳизматини қилмаган?
Исми сир тутилди
Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Авваламбор, ушбу ҳолатда сиз уйнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаб олишингиз лозим бўлади. Агарда мазкур уй-жой укангиз ва унинг турмуш ўртоғи томонидан уларнинг қонуний никоҳда бўлган даврида олинган бўлса, унда Оила кодексининг 23-моддасига асосан, эр-хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур кодекснинг 28-моддаси 1-қисмига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг ҳисобланиши сабабли мазкур уй-жой уларнинг умумий мулки деб топилиши мумкин.
Бироқ, укангиз ва унинг турмуш ўртоғи қонуний никоҳдан ажрашмаган бўлса, марҳум укангизнинг мерос мулкига нисбатан Фуқаролик кодексининг 1114-моддасига асосан, умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва ушбу Кодекснинг 226-моддасида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилишга ҳақлидир, бу улуш унинг вафотидан кейин ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ аниқланади.
Бундан ташқари, низоли уй-жой марҳум укангиз ва келинингизга тегишли бўлмаса, у ҳолда Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат.
Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ, фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаган оқибатида турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини олти ой давомида сақлаб турилади. Мазкур Кодекснинг 54-моддасига кўра, фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилиши талабига мувофиқ келинингизни уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкинлиги маълум қилинади.