ИНСОН БАХТИ – ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ, ОИЛА ЭСА АЁЛ БИЛАН МУСТАҲКАМ

 Сарлавҳага танланган эътироф давлат раҳбарига тегишли. Айни эътироф оддийлиги баробарида жиддий экани ҳам чин, негаки, аёл билан мустаҳкам оилаларда келажак авлодлари вояга етади. Демак, аёл ва бола ҳуқуқлари муҳофазасининг аҳамияти катта. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони келажак учун ҳозир яратиш зарур бўлган замин ҳисобланади. Чунки,  мазкур ҳужжат хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка қарши курашишда муросасиз муҳитни шакллантириш ва суд ҳимоясининг мутлақо янги, самарали механизмини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳужжатга мувофиқ, аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтириш назарда тутилган. Эндиликда шаҳвоний шилқимлик содир этган шахс 5 суткагача маъмурий қамоқ билан чекланиб, жазодан “ўтириб чиқиш” орқали қутилиб қолмайди. Бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррар ва оғирроқ бўлади.

 Мамлакатимизда эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғуруқ ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда оила институтини мустаҳкамлаш жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришнинг муҳим йўналиши сифатида доимий эътибор қаратиб келинган. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, вояга етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шунингдек, бундай ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик билан боғлиқ маъмурий ишлар судлар томонидан пухта, холис ва тезкор кўриб чиқилиши талаб этилади.  Шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган, аммо маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд ҳолларда шахсларни жавобгарликка тортиш тартиби такомиллаштирилади.

 Умуман олганда, мазкур чора-тадбирлар жамиятда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ва ҳуқуқий профилактикани кучайтириши шубҳасиз.

 Фармонга кўра, 2027 йилдан бошлаб, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар махсус тайёргарликдан ўтган судьялар томонидан кўриб чиқилади. Бу ихтисослашув суд қарорларининг сифатини ошириш, гендер сезгирлик ва болалар психологиясига оид билимларни амалиётга жорий этиш имконини беради.   Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган ва ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар хавфсизлигини кучайтириш учун уларнинг телефонига махсус “SOS” иловасини ўрнатиш таклифи билдирилди.

Фармонга мувофиқ, Жиноят кодексининг жинсий эркинликка қарши қатор моддалари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари амалга ошириши белгиланди. Бу процессуал ваколатларни марказлаштириш орқали далилларни йиғиш ва баҳолаш сифатини ошириш, жиноятларнинг латентлигини камайтириш ҳамда жабрланувчиларни самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун бир жамиятнинг устувор вазифасидир. Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида белгиланган. Шундай экан, ҳар бир суд қарори, аввало, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши шарт. Ушбу ҳужжат жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, оила муқаддаслигини асраш ва болаларнинг бахтли келажагини таъминлашга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

                                                                            Шоира Эрметова,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси