“ЗАГС” БЎЛМАСА ҲАМ ОТАЛИКНИ ДАЪВО ҚИЛИШ МУМКИНМИ?
— Фарзандимнинг отаси билан “ЗАГС”имиз йўқ. Ҳозирда бирга яшамаймиз. У боламга оталикни белгилатмоқчи. Мен эса бунга қаршиман. Шунча йил йўқ бўлиб кетиб, энди оталикни даъво қилишини истамайман. Генетик экспертизада қизимнинг иштирок этишини рад этишим мумкинми?
Исми сир тутилди.
Мутахассис: Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси.
ЎЗАРО НИКОҲДА БЎЛМАГАН ОТА-ОНАДАН БОЛА ТУҒИЛГАН ТАҚДИРДА…
— Оила кодексининг 62-моддасига биноан ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, оталик суд тартибида белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 8-сонли Қарорининг 7- бандига кўра, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:
— боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;
— боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;
— жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.
Мазкур Пленум қарорининг 8-бандига кўра, жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар-жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар) мавжудлиги билан тасдиқланади. Тарафлар биргаликда яшашганми ва умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.
ОДАМ ДНКСИ ЭКСПЕРТИЗАСИСИЗ ҲАМ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…
— Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома талабига кўра, оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ФҲДЁ органига бола туғилгунгача, боланинг туғилишини қайд этиш билан бир вақтда ёки боланинг туғилиши қайд этилгандан сўнг берилиши мумкин. Ариза ФҲДЁ органининг масъул ходими томонидан ундаги маълумотларни ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан солиштириб қабул қилинади.
Оталикни белгилашда ота-оналардан бири иштирок этмаган тақдирда, унинг имзоси қонунчиликда белгиланган тартибда (нотариус, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси масъул шахси ёки тиббиёт муассасаси, ФҲДЁ органи, ҳарбий қисм ёки жазони ўташ муассасаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан) тасдиқланади.
Агар фарзандингизни оталигини белгилатиш юзасидан фарзандингизнинг отаси билан ўртангизда низо бўлса, ушбу масала суд тартибида ҳал қилинади. Агар тарафлар ўртасида низо бўлса, суд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Одам ДНКси экспертизаси тайинлаши мумкин.
Шунингдек, юқорида қайд қилинган ҳолатлар, яъни ота-онанинг бола туғилгунига қадар бирга яшаганлиги, умумий рўзғор юритганлиги, вояга етмаган болани бирга тарбия қилганлиги, таъминлаб турганлиги ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган ҳолда суд ушбу ҳолатларга асосан ҳам оталикни Одам ДНКси экспертизасисиз ҳам белгилаши мумкин.