ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Паспортимни алмаштириш муддатини ўтказиб юборган эканман. Энди уни алмаштириш учун қанча жарима тўланади?

Исми сир тутилди

Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги ПФ-6065-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисида Низом тасдиқланган.


ID-картани расмийлаштириш ва бериш ушбу Низомга иловага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:


• ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра-бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;


• фуқаро 16 ёшга тўлганда;


• Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда;


• ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;


• фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;


• ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;


• ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;


• ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;


• ID-карта йўқотиб қўйилганда.

Фуқаро ID-картаси амал қилиш муддати тугаганда ва тегишли ёшга тўлгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг бир ой муддатда ID-карта олиш учун мурожаат қилиши лозим.


ID-картани расмийлаштириш учун «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, уни яроқсиз ҳолга келтириши, йўқотиб қўйиши, шунингдек, бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан жавобгарлик белгиланади.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини, хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган идентификацияловчи ID-картаси (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, идентификацияловчи ID-картасини (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.


Ўн саккиз ёшгача бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги кўрсатилган.