«БЮЛЛЕТЕНЬ НЕЧА ОЙГА БЕРИЛАДИ?»

– Сурункали касалим бор. Вақти-вақти билан даволаниб тураман. Иш жойимдан неча ойга бюллетень олсам бўлади?

Исми сир тутилди

Алимджан Кариев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2015 йилда тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага кўра, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.

 

Ходим соғлиғидаги муаммо юзасидан шифокорга мурожаат қилса ва шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, маълум вақт ишга бормасликни тавсия этса, шу санадан бемор ходимга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилади. Бунда, амбулатор шароитда даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи 5 календарь кунигача вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик “бюллетень” беришга ҳақли. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик 5 календарь кунидан ошганда ҳужжатнинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

 

Бироқ бу “бюллетенни” чексиз узайтириш мумкинлигини англатмайди. Агар айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узликсиз 4 ойни ташқил қилса (сил касаллиги биринчи марта аниқланганида – 10 ой, у кучайганида – 6 ой), шунингдек, айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан бир йил мобайнида жами 6 ойни ташкил қилса, бемор тегишли тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (ТИЭК) юборилади.

 

ТИЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган бўлса, лекин у хануз меҳнатга лаёқатсиз бўлса, касаллик варақаси даволаш муассасаси томонидан унинг меҳнат қобилияти тиклангунига қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Ишлайдиган ногиронларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганида икки ойгача, танаффус билан кечганда ўн икки ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сон «Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақида»ги қарорига асосан, ишловчи Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатини бартараф этиш билан боғлиқ ҳолда ногирон бўлганларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси узлуксиз тўрт ойгача, танаффус билан ўн икки ой мобайнида жами беш ойгача берилиши белгиланган.