БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ИНСОНПАРВАРЛИК ВА АДОЛАТ МЕЗОНИ
Бугунги кунда бутун жаҳон бўйлаб бола ҳуқуқларига оид мавзулар кенг муҳокама қилиниб, уларни такомиллаштириш ва ҳимоя қилиш бўйича жадал тайёргарликлар ва ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Кундан кунга болаларга нисбатан қилинаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ортиб бориши, ушбу масалага янада жиддий эътибор беришга ундайди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасида ҳам бошқа давлатлар қаторида, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни хавфдан сақлаш юзасидан керакли тадбирлар кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида болалар ҳуқуқларига катта урғу берилгани ва уларни ҳимоя қилиш давлатимизнинг асосий мақсадларидан бири эканлигига Ўзбекистон Респбуликаси Конституциясида бир неча ўринларда белгиланган болалар хуқуқларига тегишли нормалар мавжудлиги асос бўла олади.
Конституциянинг 78-моддасининг иккинчи қисмига кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги кўрсатилган. Болаларнинг муҳим ижтимоий хуқуқларидан бири бўлган, таълимга оид ҳуқуқлар бўйича эса 50-моддасининг 6-қисмида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши белгиланган. Ушбу орқали, болаларнинг ҳуқуқлари биринчи ўринда Конституция томонидан ҳимоя қилинишини кўриш мумкин.
Шунингдек, боланинг ҳуқуқларини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни мавжуд. Ушбу қонунда болалар ҳимоясига алоҳида эътибор берилиб тасдиқланган моддалар уни нақадар аҳамиятли эканлигини исботлайди. Қонуннинг 7-моддасига асосан, давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради.
2019 йилда ЮНИСЕФ томонидан охирги 10 йиллик бўйича статистика ўрганилганда, бола ҳуқуқлари билан боғлиқ 170 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир бўлганлиги ва бу аввалги 10 йил учун кўрсатилган маълумотлардан 3 баробар кўплиги белгиланган. Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб, давлатлар томонидан бола ҳуқуқлари ҳимоясига нисбатан янада жиддийроқ чоралар кўрилиши зарурлигини тушуниш мумкин.
Шу сабабли 2024 йил 21 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарори кучга кириб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тартиблар белгиланган. Бундан ташқари, 2024 йил 14 ноябрда “Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун Президент томонидан имзоланди. Ушбу қонун 2025 йил 15 май кунидан кучга кириши кутилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, давлатимиз томонидан барча керакли ҳаракатлар амалга оширилиб, бола ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш учун олдинга яна бир қадам ташланганини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Ҳулоса қилиб айтганда, дунё бўйлаб болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликлар, камситишлар ва тегажоғликлар сони ортиб бормоқда ва бу ҳаракатларга қарши барча давлатлар томонидан чоралар кўрилмоқда.
Бироқ, жамият бир бўлиб ушбу жиноятларга қарши курашишга киришмас экан муаммони бутунлай ҳал қилишнинг имкони бўлмайди. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – фақатгина ҳуқуқий мажбурият эмас, балки инсонпарварлик ва адолат мезонидир, ҳар бир болага меҳр билан муносабатда бўлиш, унинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Шу сабабли, ҳар бир шахс, давлатлар ва қонунлар билан бир қаторда масъулият ҳис қилиб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашиши зарур.
Феруза Астанова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси