БИР УЙДА ЯШАБ ҲАМ АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?

— Ўтган йили келиним ажрашишга ариза берган. Лекин иккита боласи билан ҳали ҳам келин бўлиб тушган ҳовлисида яшаяпти. Кимдир ўргатганми билмайман, укам билан бир уйда яшаб туриб алиментга берди. Аксига олиб укамни иши юришмай, алиментдан қарз бўлиб қолди. Ўтган ҳафта эса қарзи кўпайиб кетгани учун 15 суткага қамаб қўйишди. Бир уйда бирга яшаб туриб шундай ишларни қилиш мумкинми? Укам энди қамалган ҳисобланадими?

Исми сир тутилди

Ахрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Амалдаги Оила қонунчилигига асосан, (Оила кодекси 96-97-моддалари) ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Шундай экан, эр ёки хотин бир уйда яшашидан қатъий назар, вояга етмаган боланинг манфаатини ҳисобга олиб, алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилинмайди.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-5-моддасига кўра, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Ушбу ҳолатда, укангиз маъмурий жазо чораси қўлланилган шахс ҳисобланиб, жиноий жавобгарликка тортилган ҳисобланмайди.


Бироқ, агар кейинчалик ҳам укангиз алимент мажбуриятини бажармай, суднинг қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаса, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, у ҳолда у Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликка тортилиши, яъни икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.