АЁЛ ФАРЗАНДЛАРИНИНГ РОЗИЛИГИСИЗ ЭРИНИНГ НОМИДА БЎЛГАН ЕРНИ СОТИШ ҲУҚУҚИГА ЭГАМИ?
— Отамнинг номида 12 сотих ер бор эди. Шу ер учун 15 йил давомида хорижда ишлаб пул юборганман. Отам “ер сеники”, деган, бироқ ёзма равишда расмийлаштирилмаган. Отам ўтган йил ёзда вафот этди. Онам эса ўша ерни қўшнимизга сотиб юборибди, у бўлса иморат кўтарган. Онам сотилган ердан бошқа 6 сотих ерни менга беришини айтган, бироқ бу ҳам оғзаки гап, расмийлаштириб беришга кўнмаяпти. Онам фарзандларининг розилигисиз отамнинг номида бўлган ерни сотиш ҳуқуқига эгами? Хориждан Тошкентга қайтиб бориб, сотилган 12 сотих ерни қайтариб олиш имкониятим борми?
Исми сир тутилди
Гули Шукурлаева, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:
— Биринчи навбатда отангиздан қолган мерос мулк қачон ва нимага асосан тегишли бўлганлигини аниқлаш лозим. Агар низоли мулк ота-онангизни никоҳ даврида олинган бўлса, ушбу мулк Оила кодексининг 23-моддасига асосан уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади ва отангизни вафотидан сўнг ушбу мулкнинг ½ қисмига мерос очилади.
Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан cиз мерос қолдирувчининг, яъни отангизни боласи бўлганлигингиз сабабли, бошқа фарзандлари, хотини ва ота-онаси қаторида тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эгасиз.
Агар ҳақиқатдан ҳам мерос очилган вақтда низоли мулк отангизга тегишли бўлган бўлса, хаёт вақтида ушбу мулк тасарруф қилинмаган, васият бўйича бирор бир шахсга қолдирилмаган бўлса, ва отангизни вафотидан сўнг cиз меросхўрлар қаторига киритилмасдан, бошқа меросхўрлар томонидан мерос қабул қилинган бўлса, Фуқаролик процессуал кодексининг 189-192-моддаларига риоя қилган ҳолда тегишли даъво аризаси билан судга ўз ҳуқуқларингизни тиклаш масаласида мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Оғзаки ваъдалар асосида олган мажбуриятларни маълум бир шахсни зиммасига юклаш амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган. Бундай ҳолатда фақатгина одамнинг инсонийлиги, масъулияти ва ўзаро муносабатлар асосида вужудга келган низони ҳал қилиш мумкин.