АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ ЖАЗОСИНИ ЎТАЛМАСА, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛИШИ МУМКИН?
— Ҳозирги кунда фарзандим 2 та фуқародан бизнес учун деб пул маблағларини олиб, эҳтиёжига ишлатганлиги натижасида фирибгарлик жинояти билан судланиб, жабрланувчиларга зарарлар судда қопланганлиги сабабли унга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Агарда фарзандим суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамаса унга нисбатан нима чора кўрилиши мумкин?
Исми сир тутилди
Алишер Жалилов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:
— Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисми диспозициясига кўра, агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.
Шундай экан тегишли ижро органи тақдимномасига асосан суд фарзандингизга озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолардан бирига алмаштириши мумкин.