АСРАБ ОЛИНГАН ФАРЗАНД УЧУН АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?
Фарзандсизлигимиз сабаб бола асраб олган эдик. Баъзи сабабларга кўра турмуш ўртоғим билан ажрашдим. Қизим учун алимент ундироламанми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак? Собиқ эрим расман ҳеч жойда ишламайди, лекин бир нечта ишлаб чиқариш цехи, нонвойхонаси бор? Алимент миқдори қандай белгиланади?
Исми сир тутилди.
Дилфуза ДАДАЖОНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
СУДНИНГ ҚАРОРИГА АСОСАН УНДИРИЛАДИ
— Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, фарзандликка олинган боланинг туғилганликни қайд этиш далолатнома ёзувига ота-онаси тўғрисида ўзгартиришлар киритилган вақтдан бошлаб, фарзандликка олинганлик вужудга келади. Шу вақтдан бошлаб фарзандликка олган ота-она вояга етмаган фарзандликка олинган болаларига таъминот бериши шарт. Агар ота ёки онаси фарзандликка олинган вояга етмаган болаларига ихтиёрий равишда таъминот бермаса, суднинг қарорига асосан, алимент ундирилади.
Бунда суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг:
бир бола учун — тўртдан бир қисми;
икки бола учун — учдан бир қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?
— Қизингизнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига янги ота-онаси тўғрисида маълумотлар киритилган вақтдан бошлаб, унинг тарбияси ва моддий таъминоти учун сизлар масъул ҳисобланасизлар. Агар турмуш ўртоғингиз билан қизингиз таъминоти тўғрисида келишув бўлмаса, суднинг қарорига асосан, боланинг таъминоти учун отасининг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундирилади. Ўзингиз ёки алимент тўловчининг яшаб турган манзилидаги фуқаролик ишлари бўйича судга алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғини бериш ҳақидаги аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда аризада алимент ундирувчи ҳамда алимент тўловчининг шахсига оид маълумотлар кўрсатилиши, фарзандликка олинган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси илова қилинади.
ҚАТЪИЙ СУММАДА БЕЛГИЛАНИШИ МУМКИН
— Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва бошқа даромади ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек, даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин. Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан, берилган ижро варақасига биноан алимент тўловчининг яшаш жойидаги давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади.
ОТАЛИК РАСМАН БЕЛГИЛАНМАГАН БЎЛСА…
Фарзандликка олинган боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига (туғилганлик гувоҳномасига) суднинг ҳал қилув қарорига асосан, отаси тўғрисидаги маълумотларнинг киритилиши, шу шахснинг боланинг отаси эканлигини эътироф этиш ҳисобланади. Шу вақтдан бошлаб, фарзандликка олган ота фарзандини то вояга етгунига қадар тарбиялаш, уни моддий таъминлашда иштирок этиш, фарзандининг манфаатига зид келадиган ҳаракатларни амалга оширмаслик мажбуриятини олади. Бироқ юқорида кўрсатилган шартларнинг бажарилмагани, онанинг боласи учун алимент ундиришни сўраб судга мурожаат қилиш ҳуқуқини келтириб чиқармайди. Оддий қилиб айтганда, боланинг туғилганлик гувоҳномасида исм-шарифи кўрсатилмаган отадан алимент ундириш мумкин эмас. Бунда маҳалла фуқаролари йиғини далолатномаси ёки қўшнилар гувоҳлиги алимент ундиришга асос ҳисобланмайди.