АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

БМТнинг Жиноятчилик ва наркотиклар бўйича ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан одам савдосига қарши курашиш бўйича амалий қўлланма ишлаб чиқиш мақсадида ташкил қилинган ишчи гуруҳнинг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий суд судья ва ходимлари, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Судьялар олий мактаби ходимлари, халқаро ва миллий экспертлар иштирок этмоқда.

 

Тадбирнинг бош мақсади одам савдосига қарши курашиш учун масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва судьялар томонидан амалиётда қўллаш учун қўлланма ишлаб чиқишдан иборат.

 

Қўлланмада одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш, молиявий тергов, халқаро ҳамкорлик, прокурор назорати, давлат айбловини қувватлаш ва суд муҳокамасининг ўзига хос хусусиятларини ҳалқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида ёритиш кўзда тутилган.

 

Тадбир якунига кўра, қўлланманинг якуний лойиҳаси тайёрланиб, халқаро экспертларга тақдим этиш режалаштирилган.