АЛИМЕНТ ТЎЛАМАСЛИК УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ҲАРАКАТНИ ҚАНДАЙ ИСБОТЛАШ МУМКИН?
— Эрим билан ажрашяпмиз. У икки болага алимент тўламаслик учун судга болалардан бирини унинг тарбиясига олиб беришларини сўраб ариза берибди. Алимент тўламаслик учун шундай қилаётганини қандай исботлашим мумкин?
Исми сир тутилди
Шаҳноза Ибрагимова, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:
— Конституциянинг 44 -моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Оила кодексининг 75-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.
Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.
Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.
Мазкур кодекснинг 76-моддасида боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириши белгиланган бўлиб, унга кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.
Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади. Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Боладан алоҳида яшаётган ота (она) тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва бошқа шунга ўхшаш муассасалардан ўз боласи тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Ота (она) томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф-хатар бўлгандагина, уларга ахборот бериш рад этилиши мумкин. Ахборот беришнинг рад этилиши устидан суд тартибида шикоят:
• Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминота учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарориинг 17-бандига кўра агар суднинг бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки буйруғи ижро этилиши вақтида бола алимент тўлаётган ота(она)нинг тарбияси ва қармоғига ўтган бўлса, ундирувчи эса, алимент олишдан воз кечмаган бўлса, кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласи ота(она) томонидан тегишли тартибида қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этилишига;
• агар ундирувчи юқорида қайд этилган ҳолатларда алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилиши белгиланган.
Турмуш ўртоғингизни фарзандлардан бирини ўзининг тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этиши болалардан бирини унинг тарбиясига олиб берилиши дегани эмас.
Суд фарзандларнинг ёшини инобатга олган ҳолда унинг фикрини, тарафларнинг яшаш шароити, моддий ахволини, шахсий фазилатларини, фарзандларни опа сингил, ака ука эканлигини, уларни бир-биридан ажратиб бўлмаслик ҳолатларини эътиборга олган ҳолдагина фарзандларни ота онадан бирининг тарбиясига олиб бериши мумкин.
Бундан ташқари, Фуқаролик процесуал кодексининг 72-моддасига аосан суд қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканлигини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлса ҳам уларни муҳокамага қўяди.
Далиллар тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилади. Суд уларга қўшимча далиллар тақдим қилишни таклиф этиши мумкин. Агар қўшимча далиллар тақдим этиш тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар учун қийинчилик туғдирса, уларга суд далиллар тўплашда уларнинг илтимосномасига кўра кўмаклашади.
Юқоридаги қонун талабларини инобатга олиб, сизнинг вазиятингизда агарда суд турмуш ўртоғинигизнинг даъво талабларини қаноатлантиришни лозим деб топса, у алимент ундиришдан озод қилиш тўғрисидаги даъво талаби билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.