АЛИМЕНТНИ БОБОНИНГ ПЕНСИЯСИГА ҚАРАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Турмуш ўртоғим мактабда боғбон бўлиб ишлайди. Маоши камлиги сабаб бир амаллаб рўзғорга етказяпмиз. Бунинг устига биринчи турмушидан туғилган ўғли учун алимент тўлайди. Турмуш ўртоғим алиментни отасининг пенсиясига қаратиб, чет элга ишлаш учун кетса бўладими?
Исми сир тутилди
Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:
— Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Ушбу Кодексининг 114-моддасига кўра, алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилади.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 46-моддасига кўра, қуйидагилар мажбурий ижро этиш чоралари ҳисобланади:
1. ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш;
2. ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда турган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш;
2-1. ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига, шу жумладан қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича унга тегишли бўлган маблағларга қаратиш;
2-2. ундирувни қарздорга тегишли бўлган алоҳида мулкий ҳуқуқларга қаратиш;
3. ундирувни қарздорнинг иш ҳақи, стипендияси, пенсияси ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш;
4. ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздордан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш;
5. ижро ҳужжатининг ижро этилишини таъминловчи қонунларга мувофиқ кўриладиган бошқа чоралар.
Юқорида қайд қилинган қонун талабига кўра, алиментни бобо-бувисининг пенсиясига қаратиш назарда тутилмаган.
Оила кодексининг 122-моддасига кўра, ушбу Кодекснинг 123-128-моддаларида кўрсатилган шартлар мавжуд бўлса, вояга етмаган, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахсларга таъминот бериш мажбурияти суд томонидан уларнинг қариндошлари: бобо, буви, невара, ака-ука, опа-сингил, шунингдек ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қиз, доимий тарбияда бўлган шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.
Ушбу Кодекснинг 123-моддасига кўра, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига юклатилиши мумкин.
Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июль кунидаги “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 11-сонли Қарорининг 20-бандига кўра, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга таъминот бериш мажбуриятлари белгиланган Оила кодексининг 122-моддасига мувофиқ, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахсларга таъминот бериш суд томонидан уларнинг қариндошлари: бобо, буви, невара, ака-ука, опа-сингил, шунингдек, ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қиз ҳамда доимий тарбияда бўлган шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.
Бунда, судлар алимент миқдорини, қарздорнинг ҳамда ундирувчи (даъвогар)нинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгилашлари лозим.
Юқорида қайд қилинган қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, суд Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 123-моддасида кўрсатилган шартлар мавжуд бўлса, вояга етмаганларга таъминот бериш мажбурияти суд томонидан уларнинг қариндошлари: бобо ёки буви зиммасига юклатиши мумкин бўлади. Бу масалада албатта фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш лозим бўлади. Бунда суд томонидан қарздорнинг ҳамда ундирувчи (даъвогар)нинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олинган ҳолда, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 42-1-моддасига кўра, суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек чиқиб кетишга чеклашни олиб ташлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Қарорига илова “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабига кўра, ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.