АЖРИМГА ҚАЙТА АРИЗА ТОПШИРИШ УЧУН МУҲЛАТ ТУГАШИНИ КУТИШ ШАРТМИ?

— Ажрашиш учун судга ариза бергандим, иш судда кўрилиб тарафларга 6 ойлик мухлат берилди. Шу муддат тугашига ҳам бир ой вақт қолди. Ажрашиш фикримда қатъийман. Яна қайта топшириладиган аризани 1 ой ўтишини кутмасдан тоширсам, суд қабул қиладими?

Исми сир тутилди

Гули Шукурлаева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:

 

— Суд никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиши учун ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу сабабли Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Мазкур муддат 3 ойдан олти ойгача белгиланади. Ушбу муддат ичида суд тарафларга ярашиш учун берилган муддат сабабли суд мажлисини қолдириш ҳақидаги ажрим нусхасини туман ҳоқимияти қошидаги оила ва хотин қизлар бўлимига юборади ва натижаси бўйича хулоса олади.

 

Агар суд тарафларга ярашиш учун муддат берган ва суд мажлиси қолдирилган бўлса, такроран даъво аризаси билан мурожаат қилинмайди. Яъни дастлаб мурожаат қилишда тўланадиган давлат божи, тарафларнинг паспорт нусхалари, фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, никоҳ гувоҳномасини асли ва керакли бошқа ҳужжатлар талаб қилинмайди. Суд мажлиси муддат берилганлиги сабабли қолдирилса, иш суднинг иш юритувида қолдирилган сана келмаганча туради. Суд мажлиси қолдирилган санада тарафлар белгиланган вақтда суд мажлисига келади.

 

Яна бир ҳолат: даъвогарнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаби рад қилинган бўлса, агар оила тикланмаса даъвогарга такроран мазкур талаб билан ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин олти ойдан кейин мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади. Негадир кўп ҳолатларда фуқаролар шуни муддат деб қабул қилишади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 18-бандида тушунтирилишича, айнан ўша тарафлар томонидан айнан ўша асослар бўйича никоҳдан ажратиш тўғрисидаги такрорий даъво аризаси суднинг иш юритувига бундай даъвони рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг даъводан воз кечганлиги ёхуд тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб, камида олти ой ўтгандан сўнг қабул қилиниши мумкин. Яъни ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин олти ойдан кейин, яъни умумий 7 ойдан кейин, мурожаат қилиш ҳуқуқи вужудга келиш ҳуқуқи.

 

Бундан ташқари, амалдаги қонунчилигимизда суд томонидан берилган муддатни камайтириш ҳам тушунчаси мавжуд. Бу ҳолатда тараф муддатни қисқартириш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиши лозим. Мазкур ариза суд мажлисида кўриб чиқилади ва суд томонидан қаноатлантириш ёки ариза рад қилиш ҳақида ажрим қабул қилинади. Мазкур ажрим устидан шикоят келтирилма йди. Агар ариза қаноатлантирилса, берилган муддат қисқартирилиб, иш мазмунан кўрилиб, яқуний ҳал қилув қарори қабул қилинади.

 

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига мувофиқ уларни никоҳдан ажратади.