“АВТОМАШИНА ОЛИБ БЕРАМАН” ДЕБ ОЛИНГАН ПУЛЛАРНИ ҚАЙТАРИШ УЧУН ҚАЙСИ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
— Қўшним “3 ойда автомашина олиб бераман”, деб пул олганига 7 ой бўлди. Бугунги кунда пулларни қайтариб бермаяпти, бу масалада қайси судга мурожаат қилсам бўлади?
Исми сир тутилди
ПУЛЛАР АВТОСАЛОНГА ТЎЛАНГАНМИ ЁКИ..?
Мусо ЮСУПОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:
— Дастлаб қўшнингиз сизга ростдан ҳам автомашина олиб бермоқчи бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаш лозим. Бунинг учун автомашина учун пулларни автосалонга тўлаган ёки тўламаганлиги, автомашина олиш учун бирор ҳаракат қилган ёки қилмаганлигини билишингиз керак.
Сизда қўшнингиз олган пулларни нима мақсадда олганлигини аниқлаш имкони бўлмаса ёки қўшнингиз пулларни олгандан сўнг автомашина олиб бериш учун ҳаракат қилмаган ҳамда пулларни бошқа мақсадларда сарфлаганлигини аниқласангиз бу ҳақда тўғридан тўғри воқеа содир бўлган жойдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи (прокуратура, ички ишлар ва бошқа) идораларга ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.
Чунки, жиноят ишлари бўйича судлар айлов хулосаси билан суд иш юритувига келган жиноят ишларини кўриб чиқиб, ҳуқуқий баҳо беради.
Судлар тўғридан тўғри жиноят иши қўзғатиш ваколатига эга эмас. Яъни, тегишли органлар томонидан текширилиб, жиноят иши қўзғатилган ва айб эълон қилинган тақдирда жиноят иши айблилик масаласини ҳал қилиш учун судларга юборилади. Шундан сўнг, тергов органи томонидан тергов қилинган жиноят ишлари суд томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, шахснинг айблилиги масаласи муҳокама қилинади.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Яъни, қонунчилик билан шахснинг айблилиги тўғрисидаги масала битта орган томонидан ҳал қилинмаслиги, шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳолда айблилик ва жазо масаласи тергов органидан мустақил давлат идораси, суд томонидан ҳал этилиши белгиланган.
Агарда қўшнингиз сизни алдамаган, лекин келишув шартларини вақтида бажармаётган бўлса, бундай вазиятда сиз тўғридан тўғри фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан низо кўриб чиқилаётган вақтда, шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, қонунчиликда фуқаролик ишлари бўйича судларга жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилиши белгиланган.
ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАНЛАРАРО СУДИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…
Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:
— Фуқаролик кодексининг 1023-моддасига мувофиқ, қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган молмулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мажбурият, шунингдек мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади. Ушбу бобнинг қоидалари асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар қўлланилади.
Ушбу Кодексининг 1024-моддасига кўра, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ва тегишли муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу бобнинг қоидалари, шунингдек:
– ҳақиқий бўлмаган битим бўйича бажарилган нарсани қайтариш тўғрисидаги;
– мулкдор томонидан мол-мулкни бировнинг қонунга хилоф тарздаги эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;
– мажбуриятидаги бир тарафнинг бошқа тарафга ана шу мажбуриятлар муносабати билан қайтариш тўғрисидаги;
– зарарни, шу жумладан бойлик орттирган шахснинг инсофсизлик билан қилган хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан қўлланилиши лозим.
Агар қўшнингиз сиздан олган пулларни олганлигини тан олса ёки пул олганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган ҳолда белгиланган муддат ичида сизга автомашина олиб бермаган бўлса, автомашина олиб беришдан ҳамда олган пулларни қайтаришдан бош тортаётган бўлса, ушбу пуллар қўшнингиз томонидан асоссиз орттирилган ҳисобланади.
Сиз қўшнингиз яшаш манзили бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига қўшнингиздан асоссиз равишда орттирилган пулларни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин.