Қидирув:

УНИВЕРСИТЕТДА САЙЁР СУД

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси А.Ҳакимов томонидан сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Кун тартибидаги масала бўйича фирибгарлик жинояти билан судланган 2 нафар судланувчининг иши сайёр судда кўриб чиқилди. Биринчи судланувчи 1999 йили туғилган Ш.М. муқаддам икки маротаба судланган бўлиб, танишига божхонада мусодара қилинган ва арзон нархдаги “Chevrolet Monza” русумли автомашинани бир ҳафта муддат ичида 9.000 АҚШ долларига олиб беришини ваъда қилиб, алдаб, жабрланувчи ишончига кириб, 2023 йил 15 декабрь куни Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 34-уйда бўла туриб, 9.000 АҚШ доллари ҳисобидан жами 111.000.000 сўм пулларни пластик картасига тушириб олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Сайёр судда судланувчининг қилмишлари муҳокама қилинди. Ва якунда унга нисбатан ҳукм ўқилди. Хусусан Ш.М.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ,”б” бандлари билан айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. ЖК 59-моддасининг 8-қисми ва 61-моддаси тартибида ушбу ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг.2024 йил 23 январдаги ҳукмига кўра тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ЖКнинг 62-моддаси тартибида қамоқда сақланган бир кунини озодликни чеклашнинг бир кунига тенглаштириб чегирилиб, узил-кесил ўташи учун 1 йил 11 ой 29 муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

1990 йилда туғилган Й.И. иши ҳам фирибгарлик жинояти билан боғлиқ. У ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2020 йил январь ойи ўрталарида танишига “Фарход бозори” қаршисидан янги қурилаётган кўп қаватли турар жой биноларидан хонадон олиб беришини ваъда қилиб алдаган ва жами 9.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Й.И.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Сайёр суд натижаларидан талабалар ўзларига хулоса чиқаришлари лозимлиги таъкидланди

ЖИНОЯТ СУДЛАРИДА ХАЛҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ 

Одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда жамоатчиликнинг, хусусан, халқ маслаҳатчиларининг суд ишларида фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, Республика судларига 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган халқ маслаҳатчилари сайлови натижасига кўра сайланган халқ маслаҳатчиларининг ваколат муддати жорий йилнинг июнь ойида тугайди.

Шу муносабат билан навбатдаги халқ маслаатчилари сайловини ташкиллаштириш борасида тарғибот ишлари бошлаб юборилди.

Сирғали туманида ҳам жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси З.Бобонов томонидан тумандаги «Хонободтепа», Зийнат ва «Мададкор» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказилиб, унда халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга оширишдаги аҳамияти ҳамда навбатдаги ҳалқ маслаҳатчилари сайловини ўтказишда аҳамият берилиши лозим бўлган ҳолатлар ҳақида тушунтириш берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 59-моддасига кўра, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ва иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги, номзодларни танлашда бенуқсон обрў-эътибор ва ҳаётий тажрибага эга, ҳалол ва юқори малакали мутахассислар ҳамда меҳнат фахрийлари орасидан гендер тенгликка амал қилган ҳолда кўрсатиш тавсия этилади.

Тадбирда шулар ҳақида маълумот берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

ЮРИДИК ТЕХНИКУМИ ЎҚУВЧИЛАРИ ИШТИРОКИДА БЎЛИБ ЎТГАН ДАРС

Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчиларининг «Фуқаролик процессуал ҳуқуқи» фанига доир амалий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида «Оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни судда кўришнинг процессуал хусусиятлари» мавзусида сайёр дарс машғулоти уюштирилди.

Дарс жараёнида судья Г.Опаева Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 62-моддасининг мазмунини тушунтирар экан, оталикни суд тартибида белгиланиши ҳақидаги ҳуқуқий нормаларни атрофлича изоҳлаб берди.

Машғулот давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида»ги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳам кенг тушунтирилди.

 Дарс мобайнида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

ҚИРҒИЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ПОЙТАХТ СУДЛАРИ БИЛАН ТАНИШУВИ

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзолари, судьялар ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси вакилларидан иборат делегация аъзолари бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани судлари фаолияти билан танишди.

Делегация аъзоларини Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов,  жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси Т.Обидов ва бошқа масъуллар кутиб олди.

 Меҳмонлар дастлаб, судларда яратилган рақамли технологиялар имкониятлари, суд заллари, болалар хонаси, судьялар ва тарафларга яратилган шароитлар билан танишди.

Худди шунингдек, қирғиз делегацияси аъзолари фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Медиация хонасида икки томонлама фикрлар алмашилди.

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –  фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани суди раиси Б.Сагатов, судья Н.Захидовалар меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Пойтахт судлари билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

САМАРАЛИ ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари Н.Байзакова ва Ю.Фозиловалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси миллий кадрлар захирасига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари билан учрашув ўтказишди.

Миллий кадрлар захирасига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари ҳар хил соҳа вакиллари бўлганлиги сабабли учрашув қизғин ва мазмунли, савол-жавоб баҳс мунозараларга бой руҳда ўтди.

Халқнинг мушкулини осон қилиш, яшаш тарзини яхшилаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тадбиркорликни яшовчанлигига эришиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласидаги таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилиш  иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Талабалар амалиётда

Мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий  ҳаётида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотларда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши муҳим ўрин тутади. Ҳар бир мамлакатнинг ривожланиши ёки аксинча, инқирозга юз тутиши мамлакатдаги таълим тизимининг қай даражада такомиллашганига боғлиқ.

Шу маънода ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш учун суд процессларида уларнинг  иштирок этиши таъминланмоқда.

Жумладан Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Ш.Эрметова ва Й.Норбековлар томонидан ўтказилган суд процессларида иштирок этган Тошкент давлат  юридик университети талабалари амалиётда суд жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Судьялар талабаларга  иқтисодий суд ишларини юритиш принциплари, иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби, суд муҳокамасининг ошкоралиги, тарафларнинг тортишувчанлиги ва  тенг ҳуқуқлилиги, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида амалий тушунчалар беришди.

ЖОЙЛАРДА “ХОНАТЛАС” ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Оила ва хотин қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилаётган “Нафосат” кўрик танлови негизида жорий йилнинг 8-14 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар,  вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда  “Хонатлас” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва ҳамиша барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилишга қаратилган ушбу ҳафталик доирасида турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

 

Суратларда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялари ва ходималари.

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ – МЕНИНГ СУДЬЯМ

Тошкент шаҳар “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 114-умумтаълим мактабида тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари, “Мевазор”  маҳалла хотин-қизлари, маҳалла фуқаролари ва фаоллари иштирок этди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Ш.Эрметова  жорий йилнинг Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурининг мазмун моҳияти, оила ва жамият ҳамкорлиги ҳақида тадбирда қатнашаётган хотин-қизларга ушбу қарорнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириб ўтди.

 

Шунингдек, аёлларга нисбатан ўтказилаётган тазйиқ ва зўравонлик, оиладаги жанжал ва келишмовчиликларнинг туб моҳияти нимадан бошланиши масалаларига алоҳида тўхталиб, бу ҳолатларга барҳам бериш йўллари ҳақида гапирди.Тадбир иштирокчиларига бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорларни қийнаётган¸ ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, судга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилди.

Шунингдек, судья Ш.Эрметова ўз чиқишида Янги  Ўзбекистон  Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш,  миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш каби  чора-тадбирлар борасида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлади.

 

  Учрашувда  Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси  Ш.Джамолов тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан  боғлиқ ишлар юзасидан йиғилганларга ҳуқуқий тушунтириш берди.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш учун бу каби тадбирлар аҳамияти ҳақида  сўз юритилиб, судьялар маҳалла аҳлини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтаришди.

 

Учрашув давомида жами 10 нафар фуқаронинг муаммолари ва уларни қийнаётган саволлар кўриб чиқилди.

ПОЙТАХТДА ОИЛАВИЙ СУДЬЯЛАР ИШ ОЛИБ БОРАЁТГАНЛИГИДАН ХАБАРИНГИЗ БОРМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаолллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида: Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда Қўмитанинг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Бунда, 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилди.

Жумладан, 2023 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан 36 922 та иш (16 226 та фуқаролик иши, 20 696 та суд буйруғи) кўриб тамомланган, шундан 4 915 таси (13,3 фоизи) (3 844 та фуқаролик иши, 1071 та суд буйруғи) оилавий-хуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишларни ташкил этади.

“Оила судьялари” томонидан кўриб чиқиладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар рўйхати 32 тоифадан иборат бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  1. Алимент ундириш;
  2. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш;
  3. Бола уч ёшга тўлгунга қадар таъминот ундириш;
  4. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш;
  5. Ота-она таъминоти учун алимент ундириш;
  6. Ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин таъминоти учун алимент ундириш;
  7. Вояга етмаган, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахслар таъминот учун алимент ундириш;
  8. Ҳомиладорлик даврида моддий таъминот ундириш;
  9. Тўланаётган алимент миқдорини кўпайтириш;
  10. Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш;
  11. Алимент тўлашдан озод қилиш;
  12. Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш;
  13. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш;
  14. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ва болани қайтариш;
  15. Бола яшаш жойини белгилаш;
  16. Бола билан кўришиш тартибини белгилаш;
  17. Ўз боласини тарбиясига олиш;
  18. Оталикни белгилаш;
  19. Оталикни белгилаш ва алимент ундириш;
  20. Оталикка эътироз билдириш;
  21. Фарзандликка олиш ва фарзандликка олишни бекор қилиш;
  22. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни бекор қилиш;
  23. Никоҳдан ажратиш;
  24. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш;
  25. Никоҳ шартномасини бекор қилиш;
  26. Никоҳ шартномасини ўзгартириш;
  27. Никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш;
  28. Эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк, хусусан уй-жойни бўлиш; (бундан учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қиладиган ҳолатлар мустасно)
  29. Эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган бошқа мол-мулкни бўлиш; (бундан учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қиладиган ҳолатлар мустасно)
  30. Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш;
  31. Болалар учун ота ёки она томонидан қилинган қўшимча харажатларни ундириш;
  32. Боланинг туғилганлик фактини белгилаш. Шуни таъкидлаш жоизки, оила судьялари орқали низолашаётган оилалардаги камчиликлар бартараф этилишига ҳаракат қилинади.

Оила судьялари маҳалла фаоллари ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари билан ҳамкорликда тушунтиришлар бериш орқали ажримларнинг олдини олишга кўмаклашади.

Оила бу жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, уни сақлаб қолишга барчамиз масъулмиз. Чунки, оиладаги муҳит ва унда катта бўлаётган фарзандлар тарбияси ва камоли на фақат, давлатнинг балки, барчамизнинг вазифамиздир.

Оила судьялари томонидан никоҳдан ажратиш масаласи кўриб чиқилганидан сўнг, табийки бошқа оилавий низолар вужудга келади. Хусусан, фарзанд отасиз ёки онасиз қолганда, бу боланинг тарбиясига ҳамда психологик ҳолатига таъсир кўрсатади. Зеро ҳар бир бола тўлиқ ва маънан соғлом оилада ўсиш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқига эга.

Дунёда бола ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади ва болалар ҳуқуқларини кафолатлаш орқали ҳар бир давлат ўз келажагини таъминлайди.    

Маълумки, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Шу жиҳатдан, оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ҳамда амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оила деб аталмиш муқаддас маконда фарзандлар камолга етади, улғаяди.

Шундай экан, жамиятда юзага келаётган оилалар қанчалик мустаҳкам қурилмоқда, уларнинг пойдевори-чи?

 Дарҳақиқат, оиланинг барпо этилишида кимлар ёки нималар муҳим роль ўйнайди, ташқи таъсирлар роли қанақа? Мавжуд оилалар ва янги барпо этилаётган кичик бир оила ўз мавқеини қанчалик асрамоқда?

 Оила – муқаддас қўрғон, оила – маънавий камолот маскани ва бошқа бир қанча сўз ва иборалар билан оиланинг мавқеини белгилаймиз.

Албатта, жамиятда намунали оилалар талайгина. Намунали оила деганда, оилавий муносабатлар маънавий мезонлар асосида қурилган, яхши ва ахлоқли фарзандлар тарбиялаган, нурли, пиру бадавлат отахон ва онахоналар кўз олдимизга келади. Уларнинг борлиги бошқалар учун ибрат мактабидир. Аммо, афсус, бизни ўйлантирган масала бу – оила қўрғонининг бузилишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ташқи ва ички омиллардир. Ташқи омил сифатида ғарбона яшаш тарзининг ўзлаштирилиши бўлса, ички омил сифатида эса ёшларнинг оилага маънавий жиҳатдан етарли тайёргарликка эга бўлмаслик масаласидир. 

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали, кўпни кўрган отахон ва онахонлар ўгити, насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олганда, жамиятда юзага келаётган янги оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганишса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва вояга этаётган фарзандлар тарбияли бўлади. Бинобарин, оила қўрғони маънавий етук ва бой тажриба асосида янада мустаҳкамланиб борилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида никоҳдан ажралиш учун ариза берган оилаларни яраштириш мақсадида медиация хонаси ташкил этилган бўлиб, унда оилавий масалаларга оид ишлар кўриб чиқилмоқда.

Ўйлаймизки, бошланган бу эзгу ташаббус вақт ўтиб ўзини оқлайди.

Зулфия Нуралиева,

Фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

Наврўз – миллий ўзлигимиз кўзгуси

НАВРЎЗИ ОЛАМ БУ КУН!

Ўлкамизга чинакам баҳор байрами, инсон руҳини кўтарувчи, қувонч бағишловчи илиқ туйғулар, эзгуликлар айёми – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Наврўзи олам — азалдан табиат уйғониши, атроф-борлиқнинг кўкка бурканиши, яратиш ва янгиланиш айёми сифатида катта тантана қилиб келинган. Аммо халқимиз тарихида бу эзгу ва умрбоқий байрамимизга раҳна солинган, уни нишонлашни “эскилик сарқити” дея қаралган кунлар ҳам бўлди.

Шукрки, мустақиллик шарофати билан буларга чек қўйилди. Боқий анъаналаримиз, урф-одатларимизнинг тимсоли бўлиб келган Наврўз мустақиллик йилларида янгидан бўй кўрсатиб, азалий қадриятларимиз, эзгу орзу ва интилишларимизнинг тимсоли сифатида юртдошларимиз қалбидан жой олди.

Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади”.

Дарҳақиқат, бу айём қадриятларимиз гултожи сифатида юрак-юракларимиздан қадр топган байрамдир. Шунингдек, Наврўзи байрами замирида халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик шижоати, эзгу ва ҳаётбахш фазилатлари ёрқин намоён бўлади. Дилларда нафосат, яхшилик, меҳр-мурувват, юксак одамийлигу садоқат туйғулари яна бир қадар жўш уриб, бутун борлиқни кўклам ва боқийлиқ нури чулғаб олади. Боболаримиз, момоларимиз эл-юртга омонлик, тинчлик-осойишталик, хонадонларга қут-барака тилаб дуога қўл очишади.

Наврўз ана шундай меҳр-мурувват ва оқибат айёмидир.

Қадаминг хуш келсин, Наврўзим!

 

Шоира Эрматова, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.

 

 

Skip to content