Қидирув:

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Вояга етмаганлар билан ишлаш, уларни тўғри йўлга солиш ҳар доим барчани ўйлантириб келган масала ҳисобланади. Қаердаки тарбия тўғри ташкил этилса, ўша ерда тартиб интизом, фаровонлик бўлади. Минг афсуски айрим ҳолларда вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилиши ташвишли ҳолдир.

Биргина жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди томонидан жорий йилнинг бугунги холатига кўра 19 нафар шахсга нисбатан 17 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 12 та иш бўйича ҳукм чиқарилган, 5 нафар болага озодликдан маҳрум қилиш, 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Вояга етмаганлар орасида асосан ўғирлик, тан жароҳати етказиш, безорлик каби жиноятлар содир этилган.

Келинг шу ўринда вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бир жиноят ишини таҳлил қилайлик. 2010 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган мактаб ўқувчиси Авазжон (исм-шариф ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан айбланган.

Яъни , у 2024 йил 10 октябрь куни соат тахминан 12 ларда ўзининг таниши вояга етмаган Иззатилла билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Янгиҳаёт тумани, қурилиш ҳудуди, яшаш уйининг орқа томонида шу ерда бўлган очиқ ҳолда қаровсиз қолдириб кетилган, Ж.А. га тегишли “Ласетти” русумли автомашинасининг эшиклари очиқ ҳолда қолдирилганидан фойдаланиб, автомашинанинг ичидаги баҳоси, 350 АҚШ доллар бўлган “Самсунг А-80” русумли телефон аппаратини ҳамда автомашина салонининг бардачок қисмида турган 450.000 сўм пулни яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.

Суд мажлисида қонуний вакил иштирокида сўроқ қилинган вояга етмаган Авазжон эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдирди.

У нима учун ўғирликка қўл урди. Маълум бўлдики, оилада тарбия яхши эмас, бола мактабга ҳар доим бормайди. Кўчада пул топишни ўйлайди. Аслида унинг асосий вазифаси мактабда ўқиш, таълим ва билим олиб бирор касб ўрганиш эди. Онаси суд залида боласининг қилмиши учун мулзам бўлиб қолди. Агар Авазнинг ота-онаси фаарзанди тарбиясига бефарқ бўлмай назоратни тўғри олиб борганида эди бундай кўнгилсизлик бўлмаган бўларди. Суд томонидан вояга етмаган Авазжоннинг пушаймонлигини инобатга олиниб, енгилроқ жазо қўлланилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан вояга етмаганлар таълим-тарбияси учун катта ишлар  амалга оширмоқда. Буни ота-оналар тўғри тушунишлари керак. Жорий йил 23 октябрда қабул қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1092 сонли Қонун ҳам аслида вояга етмаганлар жиноятини янада енгиллаштириш мақсадини кўзлайди. Ушбу қонун билан 77, 84-1 ҳамда 85 – моддаларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу билан мақсад жазолаш эмас, жиноятни олдини олиш, вояга етмаганларни тўғри йўлга солиш, тўғри тарбиялаш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.

Мақсад жазолаш эмас, жазони олдини олишдир.


Шерзод Амиров,

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди судьяси

ОЧИҚ ВА МУСТАҚИЛ СУД ТИЗИМИ САРИ: СУДЬЯЛАР ҲАМЖАМИЯТИ ОРГАНЛАРИДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, унинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини кучайтириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ушбу жараённинг муҳим таркибий қисми бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 24 ноябрда имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан суд ҳокимияти тизимида туб ўзгаришларни амалга ошириш, судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, энг муҳими эса суд мустақиллигининг чинакам кафолатларини яратишга қаратилган муҳим босқични ифодалайди.

Мазкур фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари устувор йўналишлари билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини-ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш каби аниқ мақсадларга асосланган. Қуйида фармонда акс этган асосий ғоялар, ёндашувлар ва истиқболли натижаларга тўхталиб ўтамиз.

Аввало, фармонда белгиланган асосий мақсадлар суд ҳокимиятининг тўлақонли мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш ва суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойили устувор ўрин эгаллаши, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда очиқликнинг кучайтирилиши, судьялар корпусида сифат ўсишини таъминловчи механизмларнинг жорий қилиниши устувор вазифалар сифатида белгиланади. Хусусан, суд тизимида гендер тенглик тамойилларини мустаҳкамлаш орқали аёл судялар улушини камида 30 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсаднинг қўйилгани ҳам суд ҳокимиятининг замонавий демократик талаблар асосида ривожланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, фармонда суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасида бир қатор муҳим янгиликлар белгиланган. Жумладан, судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга қайта тайинлаш амалиётидан воз кечилиб, дастлабки тайинлашни беш йил муддатга, кейинги фаолиятни эса муддатсиз давом эттириш тартибини жорий этиш судя мустақиллиги тамойилининг асосий элементларидан биридир. Бу ёндашув судьяларни ҳар бир муддатда қайта баҳолаш босимидан холи қилади, улар фаолиятини сиёсий ёки бошқа ташқи омиллар таъсиридан ҳимоялашга хизмат қилади. Шунингдек, судья сифатида камида етти йил ишлаган мутахассисларнинг кенгаш судьялигига номзод сифатида тавсия қилиниши тизимга профессионал кадрлар кириб келишига замин яратади.

Бундан ташқари, Президент фармони билан Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантириш тартибининг янгиланиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, Олий суд, вилоят судлари ва туманлараро, туман, шаҳар судлари вакиллари аниқ квоталар асосида доимий фаолият юритувчи судьялар сифатида кенгашга киритилиши белгиланган. Бу эса судлар иерархиясининг барча бўғинларидан вакиллик бўлишини таъминлайди ва кенгашнинг қарорларида адолатли, мувозанатли, тажрибага таянган ёндашувни кучайтиради. Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзоларини фуқаролик жамияти институтлари ва академик доиралар томонидан тавсия қилиниши эса давлат ва жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, мазкур фармон билан судьялик лавозимига номзодлар бўйича хулоса бериш тизими ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда хулосалар судьялар малака ҳайъатлари томонидан уларнинг ваколатига мос равишда тақдим этилади. Бу ёндашув суд тизимининг ўзида “ички профессионал аудит” механизмини яратади ҳамда баҳолаш жараёнида объективликни оширади. Шунингдек, кенгаш ва судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини бекор қилиш – судьялар ҳамжамияти органларининг институционал мустақиллигини кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Шу билан бирга, фармон суд бошқарувида очиқликни оширишни замонавий технологиялар асосида амалга оширишни белгилайди. Хусусан, 2025 йил 15 декабрдан бошлаб кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотларнинг эълон қилиниши – суд тизимида “очиқ маълумотлар” тамойилини жорий этишга хизмат қилади. Бу нафақат жамоатчилик назоратини кучайтиради, балки номзодлар учун тенг шароит яратади. Шунингдек, кенгаш ахборот тизимини “рақамли ҳукумат” тизими билан тўлиқ интеграция қилиш, номзодларни ортиқча ҳужжатлар билан чарчатмаслик, сунъий интеллект асосида судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби механизмларнинг жорий қилиниши суд бошқарувини тизимли трансформация қилишни англатади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати – суд мустақиллигини кафолатлаш билан боғлиқ. Хусусан, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш, Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш юзасидан таҳлилий ишлар олиб борилиши суд ҳокимиятининг дахлсизлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир. Шунингдек, судья интизомий жавобгарлигини белгиловчи мезонларнинг аниқ белгиланиши, интизомий ишда ҳимоя ҳуқуқининг таъминланиши, интизомий жазо амал қилаётган даврда юқори лавозимга тавсия қилинмаслик каби ўзгаришлар суд тизимида ҳалоллик ва касбий этикани мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Гендер тенгликка оид қоидаларнинг мустаҳкамланиши ҳам фармоннинг долзарб жиҳатларидан биридир. Хотин-қизлар учун Одил судлов академияси қабулида махсус квоталар белгиланиши аёлларни суд тизимига кенг жалб қилишга ёрдам беради. Аёл судялар ассоциацияси ташкил этилиши эса гендер масалаларида институционал платформанинг шаклланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, илмий салоҳиятга эга судьяларнинг профессор-ўқитувчилик фаолиятидан сўнг аввалги лавозимига қайтиш имконияти уларнинг академик фаолиятга жалб этилишини рағбатлантиради.

Умуман олганда, мазкур фармон судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли, комплекс ва изчил ислоҳотларни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш билан бирга, бутун суд тизимининг самарадорлиги ва очиқлигини, судьяларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий рақамли бошқарув тизимини жорий этиш каби кўплаб устувор йўналишларни қамраб олади. Ушбу ҳужжат суд ислоҳотларининг янги босқичини белгилаб, жамиятда адолат тамойилларининг мустаҳкам ўрнатилишига, суд тизимига бўлган ишончнинг янада ортишига ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнининг тезлашишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Фармоннинг концептуал моҳияти – суд тизимини нафақат ташкилий-институционал жиҳатдан такомиллаштириш, балки уни жамиятга очиқ, профессионал, мустақил ва адолатли институт сифатида мустаҳкамлашдир.

Қаҳрамон Мирсафаев,

Тошкент шаҳар суди судьяси

МАТИЗ ЎҒРИЛАРИ

Бу воқеа ўтган йилнинг кузида содир бўлган эди.

Яъни, 2024 йил 6 сентябрь куни тахминан тунги соат  02 ларда Аваз (исм шарифлар ўзгартирилган)  ўзининг синфдоши Марат билан олдиндан тил бириктириб, йўл четида турган “Матиз Бест” русумли автотранспорт воситасини ўғирлик йўли билан талон торож қилиш мақсадида, автомашинанинг эшигини калит танлаш йўли билан очиб, автотранспорт воситасини олиб қочишган.

Улар мазкур автомашинани 7 сентябрь куни соат 20.00. ларда Янгиҳаёт тумани халқа йўлида бошқариб кетаётганларида ЙҲХБ томонидан тўхтатилиб, автомашина белгиланган тартибда олинган ва сақлаш учун Тошкент шаҳар ИИББга жойлаштирилган.

Экспертизанинг 2024 йил 17 сентябрдаги ҳулосасига кўра, автомашинадан олинган 13-рақамли “ўнг томон эшик ойнаси ички қисми”дан олинган скотч бўлагидаги изда акс этган бир дона қўл бармоқ изи Авазнинг ўнг қўл ўрта бармоғи билан қолдирилгани аниқланган.

Аваз судда, айбига тўлиқ иқрорлигини билдириб, ўғирликни қандай содир қилганини сўзлаб берди. Яъни,  5 сентябрь куни тунги соат 23:00 ларда синфдоши Марат бошқарувида бўлган “Матиз” русумли автомашинасида таксичилик қилиш мақсадида кўчага чиққанини,  битта автомашина ўғирлаб, автомашинанини сотиб, пул ишлаш ҳақида таклиф бергани, пули қолмаганлиги учун яхши пул топиши мумкинлигини айтгани, Марат унинг таклифига рози бўлиб, бу ишни бирга қилишларини билдирганини, шунданг сўнг ўғирлик содир қилишганини айтиб берди. Ва қўшимча қилдики, уларни ҳеч ким кўриб қолмаслиги учун юзларини тиббиёт ниқоби билан беркитиб олишади.

Марат ҳам унинг гапларини тасдиқлади.

 Жабрланувчи судда айтишича, 5 сентябрь куни машинасини уйининг кириш йўлагига қўйиб, қулфлаб, уйига кириб кетган. Эрталаб чиқса машина жойида йўқ. Кейин бу ҳақда ички ишларга хабар берган. Суриштирувлардан сўнг машина икки ўртоқ бошқарувида тўхтатилган. Жабрланувчи машинаси топилгани учун судланувчиларга даъвоси йўқлигини билдирди. Бироқ қонун ўғриликни кечирармиди?

Суд ишни ҳар томонлама синчиклаб кўриб  чиқиб, судланувчиларни қилмишини баҳолаб уларни айбдор деб топди. Ҳар иккаласига Жиноят кодексининг 267-моддаси тегишли бандлари билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб 5 йил ммуддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.

Наҳотки, 27 ёшда бўлган бу икки синфдош қинғир йўлга қўл ураётгани, унинг натижаси оғир оқибатларга олиб келишини олдиндан ўйлаб кўрмади? Ахир қинғир йўл билан топилган бойлик уларга юқармиди?

Албатта юқмас эди. Уларнинг ҳеч қаерда ишламаслиги ўғрилик орқали бойишга ундади. Бунинг ўрнига тайинли жойда ҳалол меҳнат қилганларида шу бунақа хунук иш бўлмасди…

Фарҳод Ҳикматуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси
Нилуфар Адамхонова
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети талабаси

ХАЛҚАРО ОИЛА КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДЕМИЯСИДА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

Соҳа мутахассислари, олимлар, таълим ва илмий тадқиқот муассасалари вакиллари жам бўлган тадбирда оила қонунчилигини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференция очилишида оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилди. Жамият барқарорлиги, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлиги оилаларда ҳукм сураётган соғлом маънавий муҳитга боғлиқ экани таъкидланди.

Илмий-амалий анжуманда оила институтининг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Ойдин Тошқулова ҳам иштирок этиб, «Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида маърузаси билан иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда экспертлар томонидан муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

САЙЁР СУДДА МАЪМУРИЙ ИШ МАТЕРИАЛЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди тергов судьялари Х.Содиқов ва Л.Яхшибоевалар томонидан туманнинг «Латифгузар» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла аҳли иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

 

Унда судьялар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ 6 та иш материаллари кўриб чиқилди. Ишлар моҳиятига тўхталадиган бўлсак, майда безорлик, тиланчилик, фоҳишалик билан шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабини бажармаслик, жамоат жойида алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш, совуқ қурол олиб юриш каби ҳуқуқбузарликларни ташкил этади.

Сайёр судда биринчи марта содир этган ҳуқуқбузарларга жарима, огоҳлантириш, қайта ҳуқуқбузарлик содир этганларга 10 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.

 

Ҳуқуқбузарларга содир этган қилмиши моҳияти тушунтирилди.

ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судида тўловга қобилиятсиз деб топилган тадбиркорлик субъектларининг бюджет олдидаги умидсиз солиқ қарзини ундириш (қисқартириш) борасида суд бошқарувчилари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари,  Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамда суд бошқарувчилари иштирок этди.

 

Тадбирда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг  раис ўринбосари М.Султонов  “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун асосида қарздорлар -жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қарзларини тўлаш ва банкротлик жараёнини тартибга солиниши ва суднинг ҳал қилув қарорлари билан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатиш муддатлари бир йилдан ошган ишлар бўйича мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари,  шунингдек, Олий суди Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан маълумот берди.

 

Нотиқ томонидан узоқ муддатдан буён тугатилмасдан келинаётган тўлов қобилиятини йўқотган корхоналарнинг сони мунтазам равишда ошиб бораётганлиги ҳолатлари солиқ органининг ва бошқа кредиторларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги масалаларига эътибор қаратилди.

Суд бошқарувчилари томонидан ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш, тугатиш чораларини қонунда белгиланган муддатларда якунлаш, қонунбузилиш холатларига йўл қўймаслик ҳамда суд бошқарувчиларининг тўловга қобилиятсизлик жараёнларини ўтказаётганда қарздорнинг ва кредиторларнинг манфаатларини кўзлаб оқилона иш юритиши шартлиги таъкидланди.  

 

Давра суҳбатида тўловга қобилиятсиз деб топилган корхоналарнинг тугатиш ишларини олиб боришда давлат хизматларини рақамлаштириш ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тегишли давлат ташкилотлари билан интеграция қилинганлиги ҳамда тугатиш жараёнларида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

 

Шунингдек, зикр этилган муаммоларга қонунчилик доирасида ечим ва маслаҳатлар берилди.

ЎҚУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 184-сонли умумий ўрта таълим мактабида тадбир бўлиб ўтди.

 

Унда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьялари Л.Ўтанбоева, А. Алиев ва мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган судья Л.Ўтанбоева Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти тузилиши бўйича тушунтириш бериб, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидан иборатлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғи бўлиб, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашини, Бош вазир бошчилигида тузилган ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятни амалга ошириши ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасида  одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Олий суд фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳақда ўқувчиларга судья А.Алиев тушунтириш бериб ўтди.

Шунингдек, учрашувда аёллар ва болалар ҳуқуқлари, улар зўравонлигига нисбатан қонунчиликда жавобгарликнинг кучайтирилганлиги ҳақида ҳам фикр юритилди.

Skip to content