Қидирув:

МЕҲМОНХОНАДА САҚЛАНГАН ОҒУЛАР

Бугунги кунда кучли таъсир қилувчи моддалар савдосининг ёшлар ва катталар орасида тобора кенгайиб бориши нафақат жиноят, балки ижтимоий муаммо сифатида жамиятни чуқур хавотирга солмоқда. Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси ёшларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатиб, уларни соғлом ҳаётдан узоқлаштирмоқда.

Сўнгги йилларда кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланмаси ёшлар орасида тобора оммалашиб, тезкор тадбирлар натижасида кўплаб ёшлар ноқонуний савдода иштирок этгани фош этилмоқда.

Ёшлар ҳаётидаги қийинчиликлар, молиявий муаммолар, оилавий ва ижтимоий босимлар уларни гиёҳвандлик ва ноқонуний савдо йўлига кириб қолишига олиб келмоқда. Шу боис, бу иллатни фақат қонуний чоралар билан эмас, балки ижтимоий, психологик ва таълим соҳасидаги интеграциялашган ёндашувлар орқали ҳал қилиш зарурати ортмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан пойтахтда ўтказилган тезкор тадбир давомида 1988 йилда туғилган Н.Усмонова ва 2000 йилда туғилган Д. Зариповалар (исм-шарифлар ўзгартирилган) ноқонуний психотроп моддалар савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган. Улар “Прегабалин” моддасидан тайёрланган 14 дона “Регапен” капсулалари ҳамда 0,1 грамм “Тропикамид” суюқлигини 100 АҚШ доллари ва 100 минг сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Меҳмонхона хонаси кўздан кечирилганида, 14 дона “Регапен” капсулалари ва 3 дона “Тропикамид” флаконлари топилган. Бу моддаларнинг келгусида сотиш учун сақланаётгани аниқланган. Бундан ташқари, Д.Усмоновадан а-РВР моддасининг борлиги аниқланиб, у ҳам расмийлаштирилган.

Суд, ушбу жиноят иши юзасидан тўпланган иш ҳужжатларини текшириб чиқиб, гувоҳларнинг кўрсатувларига, суд мажлисида аниқланган ҳолатлар ҳамда тергов материалларини синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқиб, судланувчиларнинг айблари билдирги, тушунтириш хатлари, фото суратлар, наркология марказининг далолатномалари ҳамда жиноят ишидаги бошқа объектив далиллар билан тўлиқ исботини топган деб ҳисоблади.

Суд Н. Усмонова ҳамда Д. Зариповани Жиноят кодекси  251-1-моддасининг 2-қисмида ( гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш)назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, 75-моддани қўллаб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Ҳа иккала судланувчига политоксикомания (прегабалин, тропикамид)дан умумий асосда тиббий муассасаларда даволаниш чоралари кўриш белгиланди.

Бу воқеа — ёшлар орасидаги психотроп моддалар савдосининг жиддий таҳдид эканлигини яна бир бор кўрсатди. Ҳар бир инсон ҳаёти қадрлидир ва бундай жиноятларга қарши кураш ҳар биримизнинг жамият олдидаги масъулиятимиз эканлигини яна бир исботидир.

Ёшларимиз ўртасида психотроп моддалар савдосининг кенгайиши — жиддий ижтимоий муаммо бўлиб, унга қарши самарали ва кўп қиррали кураш зарур. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти, соғлиги ва келажаги биз учун бебаҳо. Шу боис, жамиятнинг ҳар бир бўғини — ота-оналар, таълим муассасалари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва нодавлат ташкилотлар биргаликда фаол кураш олиб бориши шарт.

Фақатгина шундай кенг қамровли ёндашув орқали жамиятимизни гиёҳвандлик таҳдидидан асраш ва ёшларимизнинг келажагини нурли қилиш мумкин.



Азимжон Ҳакимов,

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси

Шаҳнозабону Шодиева,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси

ИШОНЧНИНГ ҚИММАТГА ТУШГАН БАҲОСИ

Тошкент туманининг бир кўчасида яшовчи оддий одамларнинг ҳаёти янги воқеа билан тўлқинланди. Бу воқеа ишонч ва алдов ўртасидаги нозик чизиқни яна бир бор ёдга солиб, ҳамма учун огоҳлантирувчи дарс бўлди. Марказда эса ёшлик орзулари билан яшаётган Акмал Юнусов (исм-шарифлар ўзгартирилган) турарди. 1998 йил туғилган Акмал — оддий оила фарзанди, икки фарзанднинг отаси – дўкон сотувчиси эди. Унинг оддий ҳаёти, кўпчиликникига ўхшаб кетарди. Уй, иш, рўзғор ташвишлари. Аммо бугунги кунда у қилмиши учун жавоб бермоқда.

Суд жараёни ҳақида гапирганда, илк эътибор сўз соҳиби — Нодир Каримовга қаратилади. Нодир ҳам оддий, ўз ҳаётида умидларни йўлга қўйишга уринаётган йигит. Унинг иши Акмалнинг оиласи билан боғлиқ бўлиб, орзулари катта эди: Америкага бориб, янги ҳаётни бошлаш. Аммо ҳамма нарса алдов билан бошланди. Акмал ўзини Нодирга «ака» сифатида таништириб, АҚШда яшаётган акасининг ёрдамида Нодирга Америкага чиқиш имконини яратишини ваъда қилди. Нодир эса шу ваъдага ишонди ва 19,500 АҚШ долларини Акмалга топширган.

Аммо воқеанинг ҳақиқат томони бошқача эди. Акмал ўша пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб, Нодирга эса ҳеч қандай ёрдам бермади. Суд жараёнида Акмал ўз айбига қисман иқрор бўлиб, Нодир билан қандай муносабатда бўлганини, пулни қандай олганини баён этди. Нодир эса ўз кўрсатмаларида, қандай алданганини, орзулари қандай пуч ёлғон бўлиб чиқанини сўзлаб берди.

Суд залида тингловчиларда Нодирнинг ҳаёти кўз олдида жонланди. Унинг умидлари, Акмалнинг сўзлари, ваъдалари, хаёлларидаги Америкага сафар… Барчаси суд ҳужжатларида аниқ кўрсатиб ўтилган. Нодир Тошкентдан Москвага, кейин Туркияга учган, у ерда вақтинча яшаб, пулни тўплаши керак эди. Аммо, охир-оқибат, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар сабаб у ўз орзусидан айрилиб, орқага қайтишга мажбур бўлди.

Акмал эса судда пушаймонлигини билдириб, қилинган ишнинг жиддийлигини англаганини айтди. Суд барча далилларни кўриб чиқиб, Акмални жиноятга алоқадор деб топди. Суд етказилган зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, Акмал Юнусовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топди. Суднинг қарорига кўра, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ушбу воқеа оддий инсонларнинг ҳаёти учун жиддий огоҳлантиришдир. Ишонч кўпчилик учун хавф туғдириши мумкин ва ваъдалар фақат сўзларда қолиб кетмаслиги зарур. Ҳар бир инсон ўз орзусига етишишда эҳтиёткор бўлиши, ўз вақтини ва пулини асраб-авайлаши кераклигини яна бир бор тушуниши лозим. Акмалнинг ҳикояси — бу ишончнинг қимматга тушган баҳоси. Ва бу баҳо фақат пулда эмас, балки оила, обрў ва келажакдаги умидларда ўлчанади.

Шаҳнозабону Шодиева,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси

ФОЙДАЛИ МУЛОҚОТ МАЙДОНИ

Судьялар олий мактаби тадбирлар залида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги (ЎРҚ-798) Қонуни билан тасдиқланган  Меҳнат кодекси мазмун-моҳияти судьялар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўрганиб чиқилди.

Тадбирда Олий суд, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари,  Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда асосий этибор янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талабларини судьялар ўртасида кенг тушунтиришга қаратилди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган бўлиб, 581-моддани ўз ичига олади. Янги таҳрирдаги кодексда бир қатор моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Кимдир ишдан ноҳақ бўшаса, иш берувчи томонидан босимга учраса ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун албатта судга мурожаат қилади. Меҳнат низолари билан боғлиқ ишни кўрадиган судья қонунчиликдаги ўзгаришлардан хабардор бўлиши лозим. Қонунни тўғри қўллаш адолатли қарор чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда асосан кодексга киритилган янги нормалар хусусида фикр алмашилди.

Тадбир фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг меҳнат низолари соҳасидаги билим ва малакаларини оширишда яна бир бор фойдали мулоқот майдонига айланди.

БУГУН ТОШКЕНТ ШАҲАР СЕРГЕЛИ ТУМАНИ ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ БИНОСИДА СЕРГЕЛИ ВА ЯНГИҲАЁТ ТУМАНЛАРИ АҲОЛИСИ УЧУН ОЛИЙ СУД СУДЬЯСИ ВА ПОЙТАХТ СУДЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ИШТИРОКИДА САЙЁР  ҚАБУЛ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Сайёр қабулда Олий суд судьяси Р. Сагатов, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари М.Мирзажонов,  судлов ҳайъати раислари, жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди раиси Ф.Ҳикматуллаев, жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди раиси С.Маҳаметов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғ.Эргашев, шунингдек, Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси бош мутахассиси  Ҳ.Джуманиязов ва Янгиҳаёт тумани Халқ қабулхонаси мудири К.Эрмуҳамедовалар иштирок этишди.

Қабуллар жараёнида жами 37 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда фуқаролик ишлари бўйича 13 та, жиноий ишлар бўйича 10 та, бошқа масалалар бўйича 2 та мурожаатлар кўрилган бўлса, Олий суд раҳбариятига 1 та  ташаккурнома ёзма равишда келиб тушди.

Сайёр қабул доирасида сайёр суд мажлислари ўтказилди. Пробация тақдимномаси асосида 11та мурожаат қаноатлантирилди, вақт талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олинди, мурожаатчиларнинг барчасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР ЧИЛОНЗОР ТУМАНДАГИ ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ БИНОСИДА ОЛИЙ СУДНИНГ СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР САЙЁР  ҚАБУЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Сайёр қабулда Олий суд судьяси Р. Сагатов, Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжақулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов, жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди раиси И. Собиров, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари, Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Т.Муллажонов, Чилонзор тумани Халқ қабулхонаси мудири Т.Орзиевлар ҳозир бўлишди.

Қабуллар жараёнида жами 74 нафар фуқаронинг 47 та масала бўйича мурожаати тингланди.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича 28 та, жиноий ишлар бўйича 12 та, маъмурий ишлар бўйича 3 та,  судьялар ҳатти-ҳаракати бўйича 4 та мурожаат кўриб чиқилди.

Шунингдек, жиноят судлари томонидан тақдимнома асосида 8 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Мурожаатларнинг 13 таси жойида ижобий ҳал этилиши таъминланди, қолган мурожаатларнинг барчаси ижроси назоратга олинди.

ФУҚАРО ҲУҚУҚЛАРИ: АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБДА КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Маълумки, суд-ҳуқуқ тизимида изчил ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, фуқаролик процессуал қонунчиликни доимий такомиллаштириш аҳолининг суд орқали ҳимояланишига оид конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни тўлақонли кафолатлашга хизмат қилади.

Ҳозир фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган асосий ҳуқуқ ва эркинликларини апелляция инстанцияси судлари томонидан самарали ҳимоя қилиш, қонунда белгиланган процессуал тартибни тўғри татбиқ этиш, фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларини такомиллаштириш нуқтаи назаридан ғоят долзарб аҳамият касб этади.

Тарихга назар солсак мамлакатимизда апелляция институти дастлаб 1997 йил 30 августда қабул қилинган ва 1998 йил 1 январдан кучга кирган. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2000 йил Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига “Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримлари устидан апелляция шикояти бериш (протест келтириш)” деб номланган 37-боб билан суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли эканлигини апелляция тартибида текшириш институти киритилган.

Фуқаролик ишларини апелляция тартибида судда кўриш институти жорий этилган кундан шу кунгача фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали инстанция эканини кўрсатди. Апелляция инстанцияси судида иш юритишга оид барча нормалар, аввало, фуқаролик процессуал ҳуқуқининг умумий принципларига асосланиши шарт.

Хорижий тажрибани ўрганиш апелляция институтининг миллий қонунчилигимизда акс этмаган айрим жиҳатларини намоён этади. Ёмонлаштирувчи ҳолатни қўлламаслик қоидаси(non reformatio in peius)нинг мазмуни биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори (ажрими) устидан апелляция шикояти берувчи шахснинг ҳолатини апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция судида эришилган даражага нисбатан ёмонлаштиришга йўл қўйилмасликни билдиради.

Масалан, биринчи инстанция судининг пул суммаларини ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори бўлиб-бўлиб ижро этилиши белгиланган ҳолда жавобгарнинг берган апелляция шикоятига кўра апелляция инстанцияси суди ишни кўриб дарҳол ижрони таъминласа, бу жавобгарга нисбатан ёмонлаштирувчи ҳолат деб топилади. Ёки даъвогар томонидан апелляция шикояти берилган ҳал қилув қарорига кўра даъво фақат қисман рад этилган бўлса, апелляция инстанцияси судининг даъвони қаноатлантиришни тўлиқ рад этиши даъвогарнинг ҳолатини ёмонлаштириш ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Европа давлатларида фуқаролик суд ишларини юритишда non reformatio in peius қоидаси фанда ҳам, суд амалиётида ҳам анъанавий тарзда қўлланилади. Масалан, Австрия фуқаролик процессида текшириш фақатгина талаб қилинган асослар ва илтимосномалар доирасида амалга оширилади. Текширувчи суднинг қарори, агар бошқа томон талаб этмаса, тарафларнинг ҳуқуқий ҳолатларини ёмонлаштириши мумкин эмас. Фақат айрим ҳоллардагина, масалан, суд ўз ташаббуси билан (ex offico) ҳақиқий эмасликни инобатга олса, томоннинг шикоят қилаётган ҳал қилув қароридаги ҳуқуқий ҳолати ёмонлашиши мумкин.

Апелляция инстанцияси судининг шикоятга нисбатан ёмонлаштирувчи қарор қабул қилишини тўғридан-тўғри бекор қилиш Литва ФПК 313-моддасида қатъий белгилаб қўйилган. Унга кўра, агар ҳал қилув қарори устидан фақат бир томон шикоят қилган бўлса, апелляция инстанцияси суди апелляция берувчи учун шикоят қилганидан кўра ёмонроқ бўлган қарор ёки ажрим қабул қилиши мумкин эмас.

Ушбу моддада ёмонлаштирувчи ҳолатни қўлламаслик қоидаси икки истиснони ўз ичига олади. Жумладан, шикоят қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига қайтарилса ёки ҳал қилув қарори устидан ҳар иккала томон шикоят қилган бўлса, қабул қилинган қарор ёмонлаштирувчи ҳолатни юзага келтирмаган ҳисобланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фуқаролик суд ишларини юритишда “non reformatio in peius” қоидасини муайян шартли қоидалар асосида қўллаш фуқароларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатини янада кенгайтиради, ҳозирги замон фуқаролик процессуал ҳуқуқи фани тараққиёти йўналишларига ҳам мос келади.

Рахматов Аброр Алиевич

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Хусаинова Раъно Абдихоликовна

ФИБ Ўртачирчиқ туманлараро судининг судьяси

СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Пойтахтимизнинг Учтепа тумани 74-умумтаълим мактабида судья ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Шаҳноза Зайниева иштирок этди.

Судья томонидан “Вояга етмаганларнинг меҳнат ҳуқуқлари” мавзусида амалий дарс машғулоти ўтилди. 

Судья ўз сўзида юртимизда мустақиллик йилларида кўплаб соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганлигини, бевосита, қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганлигини, хусусан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларига доир муносабатлар бунинг яққол намунаси эканлигини таъкидлади.

Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.

Тадбирда вояга етмаганлар ҳуқуқлари амалий мисоллар билан батафсил тушунтириб берилди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

МИРОБОДДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ

Бугун Миробод тумани Авлоний маҳалла фуқаролар йиғини биносида Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар суди ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти, туман, туманлараро суди раислари, судьялар томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун Сайёр қабул ташкил этилди.

Унда жами 29 нафар фуқаролар пойтахт суди раҳбарлари ва судьялар томонидан қабул қилинди.

 

Қабулда  27 та жиноят, 1 та фуқаролик, 1 та маъмурий ишлар бўйича фуқаролар мурожаати эшитилди. Жиноят ишлари бўйича 7 нафар фуқаронинг аризаси қаноатлантирилди, маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ 3 нафар шахснинг иши ярашув асосида тугатилди, 17 нафар фуқарога тушунтириш берилди.

Шунингдек, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича мурожаат қилган 2 нафар фуқарога тушунтириш берилди.

Сайёр қабул доирасида туман Пробация хизмати томонидан тақдим этилган 7 нафар маҳкумнинг иши жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судьялари томонидан сайёр суд мажлисда кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда жазодан озод этилди.

Пойтахт судлари раҳбарлари томонидан фуқаролар қабули режа асосида мунтазам ташкил этилиб борилади.

ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Академиянинг профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд, Тошкент шаҳар суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакиллари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг мустақил изланувчилари, таянч докторантлари, магистратура тингловчилари ва бакалавриат талабалари иштирок этди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлари бўйича судъяси Раҳматжон Бердияров  “Тўловга қобилиятсизлик институти: қонунчилик ва суд амалиёти муаммолари” мавзусида маъруза қилди.

Марузада “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига биноан қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилиши ҳақида тушунтириш берилди.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2022 йил 12 апрелда қабул қилиниб, унда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиётга жорий этилган бўлса-да, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир қатор муаммолар кўзга ташланмоқда.

Хусусан, Қонунда жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ва банкротлиги тушунчалари ва уларни қўллашнинг аниқ чегаралари белгиланмаганлиги ва айнан мазкур ҳолат жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатишда хатоликларни келтириб чиқараётганлиги,  жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнида қўлланиладиган тартиб-таомилларни қўллаш асослари, тартиби ва муддатлари етарли даражада аниқлаштирилмаганлиги, унинг мол-мулкини сотиш таомилини тўғридан-тўғри қўллашнинг қонуний асоси мавжуд эмаслиги,  банкрот деб топиш ва мол-мулкни сотиш тартиб-таомили қўлланилган жисмоний шахснинг ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулклари рўйхати ва унинг доирасини бугунги замонавий ижтимоий ҳаёт тарзини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурати мавжудлиги,  жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнида Қонун талабларини бузган ёки лозим даражада бажармаган иштирокчиларнинг жавобгарлиги масалалари тартибга солинмаганлиги каби жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Тадбирда кўтарилган масалалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди.

ҚИЛМИШИДАН ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН БЕЗОРИ

Оилада катталар албатта кичикларни тартибга чақиради, баъзан койийди. Уйга кеч келса сабабини сўрайди. Лекин ҳеч қачон жигарига ёмонликни раво кўрмайди. Айрим ҳолларда буни нотўғри тушунадиган укалар ҳам учрайди. Ахир опа ҳам она ўрнида кўрилади.

Ҳамид Долимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳрида туғилган. Бўйдоқ ва ишсиз. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми билан босқинчилик жинояти учун судланган бўлишига қарамай, ундан тегишли хулоса чиқариб олмади.

Гап шундаки, Ҳамид 2024-йил 22-октябрь кечки пайт соат тахминан 20:00ларда опасининг қизи, яни жияни билан сайр қилгани чиқишади. Шундан сўнг, кечки пайт 23:30да жиянини олиб уйига қайтганда, опаси Нозима ундан нима сабабдан ярим тунда уйга қайтаётганини, ишламай сандроқлаб юрганини айтганида, ўртада гап қочади. Опа ука ўртасида бақир-чақир, жанжал чиқади.  

Худди шу вақтда икки ўртоғи билан кўчадан  ўтиб кетаётган Жасур бу жанжалга гувоҳ бўлиб қолади. Йигитнинг аёл билан жанжаллашишига Жасур жим қараб тура олмас эди. Шериклари “қўй, аралашма” дейишига қарамасдан улар олдига бориб жанжални бартараф қилмоқчи, уларни яраштириб қўймоқчи бўлади. Аммо ўзини шер санаган  Ҳамид «сени нима ишинг бор, бизни оилавий ишимизга аралашма» деб уни бу ердан кетишини сўрайди. Аммо Жасур кетишни хаёлига ҳам келтирмайди. Шунда аламзада Ҳамид уйига кириб, қўлида пичоқ кўтариб чиқади. Жанжалга аралашган йигитга яхшиликча кетмадинг, энди ўзингдан кўр, дея кўкрак тарафига пичоқ уради. Жасур бундай бўлишини асло кутмаган эди. Ҳеч бир жиддий сабабсиз тан жароҳат олди. Уни  ўртоқлари шифохонага олиб боришди. Қилғиликни қилган  Ҳамид эса ёрдам бериш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетади.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи судда жабрланувчининг холидан хабар олганини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, кечирим сўрашини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Жасур аҳволи яхшилангани, ҳозирда судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди. Ҳамиднинг опаси ҳам укасини кечиришларини сўради. Аммо қонун кечирармиди?

Суд Ҳ.Долимовни Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига асосан, ҳукмлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлар бўйича Миробод туман судининг 2022-йил 16-декабрдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этди.

Арзимаган сабаб билан опасини ранжитган, уларни тартибга чақирган йигитга пичоқ кўтариб чиққан Ҳамид бу қилмишидан хулоса чиқариши керак, албатта.

Фарҳод Ҳикматуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси

Дилфуза Қурбонбоева,

Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси

Skip to content