Қидирув:

МИРЗО УЛУҒБЕК ВА ЮНУСОБОД ТУМАНИ КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Тошкент шаҳар суди ташаббуси билан М. Улуғбек тумани ҳокимиятида коммунал хизматлар ва кўп квартирали уйлар бошқарув сервис ташкилотлари учун коммунал хизматлар учун қарздорликларни ҳамда кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларидан мажбурий бадалларни ундириш ҳақидаги аризалар билан судга  мурожаат  қилишда юзага келадиган айрим масалалар юзасидан семинар бўлиб ўтди.

Мазкур семинарда фуқаролик ишлари  бўйича М. Улуғбек туманлараро судининг раиси Д.Хасанов, девонхона мудири Б.Адамхонов, М. Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари Н.Пўлатов, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси вакиллари, М. Улуғбек ва Юнусобод туманларидаги бошқарув сервис ташкилотлари ва коммунал хизматлар вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда судьялар томонидан мажбурий бадаллар учун тўловлардан қарздорликни ундириш юзасидан судга аризаларни тақдим этиш тартиби, қонунчилик талаблари, бу тоифадаги аризаларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммоли ҳолатлар юзасидан тушунтириш берилиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.

СУДЬЯЛАРНИНГ КОММУНАЛ СОҲА ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВИ

Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги биносида фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди томонидан прокуратура, ҳокимлик, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, мажбурий ижро бюроси ҳамда БСК компаниялари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг  “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидалари тасдиқланган.

Мазкур ҳужжатларда мақсад аҳоли турмуш-тарзини яхшилаш, уларни замонавий ва қулай шарт-шароитларда яшаши, аҳолига хизмат кўрсатаётган коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва бошқарув сервис компаниялари хизматини аҳоли олдида ҳисобдорлигини мустаҳкамлаш каби бир қанча чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Мазкур вазифаларни амалга оширилишининг муайян қисми моддий жиҳатдан кўп квартирали уйлардаги хонадонлар мулкдорлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган мажбурий тўловлар билан боғлиқ жараён ҳисобланади.

Баъзида, коммунал ташкилотлар истеъмолчи томонидан сарфланган ресурслар учун тўловларни давлат фойдасига ундириш, шунингдек, бошқарув сервис компаниялари томонидан мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ масалада судларга киритаётган аризаларни расмийлаштиришда, қарздорнинг шахсига оид маълумотларни тақдим қилишида асл ҳолатга мос келмаган маълумотларни судга тақдим қилиниши масалага алоқадар бўлмаган бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келмоқда.

Очиқ мулоқотда бошқарув сервис компаниялари ва коммунал ташкилотлар томонидан  судга киритилаётган ариза ва даъво аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ижрога қаратишда ушбу ташкилотлар вакиллари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, муаммоли ҳолатлар муҳокама қилиниб, уларни ечими масаласида қатор таклифлар берилиб, бу масалада ягона суд амалиётини яратиш, ушбу ташкилотлар фаолият самарадорлигини ривожлантириш, аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш каби масалаларга бирма-бир тўхталиб ўтилди.

Учрашувда иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.

Skip to content