Қидирув:

МАЪРИФИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ИШЛАРИДА ФАОЛ СУДЬЯ

Мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва даражасини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Бу борада алоҳида давлат дастури тасдиқланди, 2021 йилдан бошлаб, апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.

Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биттаси ҳисобланади.

Уч босқичдан иборат танловда  Кенгаш томонидан тасдиқланган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, тарихий ва маърифий китоблардан биттасини танлаган ҳолда эссе ёзиш имконияти берилди.

Танловнинг биринчи босқичида 636 нафар судья  иштирок этган бўлса, ҳудудий комиссиялар тавсияси билан иккинчи босқичда 198 нафар, якуний босқичда  эса 10 нафар судьянинг маърифий салоҳияти баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов  “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди.

Шунингдек, танлов доирасида маърифий  ва ҳуқуқий тарғибот ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шоира Эрметова Судьялар Олий Кенгашининг махсус совғаси билан тақдирланди.

Биз ҳам Ш. Эрметовани ҳуқуқий тарғибот ишларида алоҳида фаоллиги учун чин юракдан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилаймиз!

ФИРИБГАР ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ 

Ботир Бозоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 37 ёшда бўлиб,  пойтахтимиздаги туманлардан бирида ҳокимнинг МФЙ бўйича ёрдамчиси вазифасида ишларди. Муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамай ундан тегишли хулоса чиқармади. Унда осон пул топиш, бировларни чув тушириб даромад топиш истаги кучлилик қилди.

Б.Бозоров давлат ишониб топширган мансаб мавқеидан фойдаланди. Ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2024 йил декабрь ойи бошларида  жуда катта маблағ эвазига ўзига тегишли ҳудуддан “кўчмас савдо” дўкони, автобус бекатидан савдо дўкони ҳамда туман ҳудудида жойлашган шифохона ҳудудидан савдо дўкони учун ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тегишли рухсат олиб беришни ваъда қилиб, катта ҳажмдаги пулларни олган пайтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланиб, жиноятни ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда охирига етказа олмасдан фирибгарлик жиноятини содир этишга суиқасд қилди.

Б.Бозоровнинг хизмат вазифаларига ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш, аҳолига кредит ва субсидиялар ажратишда кўмаклашиш ва фуқароларни тадбиркорликка қизиқтириш ҳамда уларнинг кичик бизнес субъектларига айлантиришга ёрдам кўрсатиш, аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ер майдонларини ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиши ва бошқа шу каби вазифалар кирарди.

 2024 йил декабрь ойида қўшни маҳаллада ишловчи таниши унга бир тадбиркор борлигини, унга савдо қилишлиги учун амалий ёрдам беришини сўради.

 2024 йил декабрь ойи охирида тадбиркор М. А. қўнғироқ қилиб, кўчмас савдо дўкони ва бошқа масалалар бўйича маслаҳати кераклигини билдирди.

 Ботир тадбиркорга  иш жойига келишини айтди.

 Орадан 2-3 кун ўтиб тадбиркор унинг олдига келди.

 Тадбиркор 24/7 фаолиятида озиқ-овқат савдо дўкони ҳамда кўчмас савдо дўкони ташкил қилиб, “кофе” маҳсулотлари савдоси билан шуғулланмоқчилигини айтди.

 Б.Бозоров тадбиркорга туман ҳудудида у хоҳлаган фаолият тури бўйича бўш жойлар борлигини, 3-4 кундан сўнг жавобини айтишини билдирди.

Орадан тахминан 5-6 кун ўтиб, тадбиркорга туман ҳудудидаги у айтган фаолиятига мос келувчи жойлар борлигини айтиб, дўсти Аброр билан биргаликда туман ҳудудини кўриб келишини айтганидан сўнг,   у айтган жойларни кўриб келишди.

Ҳоким ёрдамчиси кўрсатган жойлар тадбиркорга мақул бўлган эди.

Бу жойларни тадбиркор “Е-аукцион” савдо платформасига қўйилиб ютиб олиши керак эди. Ҳар бир кўчмас мулк савдо дўкони учун 5.000 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 15.000 АҚШ доллари бериши кераклиги айтилди.

Шифохона ҳудудида савдо дўкони масаласида Аброр бош шифокор унга қўшни эканлиги, у билан ҳам жой масаласини ҳал қилса бўлади, деди.

Тадбиркор ҳеч қандай ҳужжатларни тушунмаслигини ўзи барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб беришини сўради.

 2025 йил 6 январь куни у тадбиркор ва унинг дугонаси билан иш жойида соат тахминан 10:30 ларда кўришди. Ва уларга аввал айтган 3 та савдо нуқтаси учун жами 15.000 АҚШ доллари, шифохона ҳудудидан савдо нуқтаси олиб бериш эвазига 15.000 АҚШ доллари,  жами 30.000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтди.

Тадбиркор унинг таклифини ўйлаб кўришини кейин жавобини айтишини билдирди. Гарчи ўз вазифасига кирса-да фирибгарлик, таъмагирлик йўли билан пул таъма қилаётган ҳоким ёрдамчиси устидан ҳуқуқни муҳофаза иқлувчи органларга ариза берди.

2025 йил 6 январь куни соат тахминан 23:30 да у дўсти Аброр билан биргаликда Мирободдаги кафе олдига борди ва тадбиркор билан кўришди.

 Тадбиркор шифохона ҳудудида савдо дўкони учун у айтган 15.000 АҚШ долларини ҳам олиб келганлигини билдириб, жами 30.000 АҚШ доллари берган пайтда орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Аслида Б.Бозоров тадбиркорга ер олиб бериш учун бирор бир мансабдор раҳбар билан гаплашмаган, тадбикорнинг ишончига кириш учун шу ишларни қилган эди.

Судланувчи Б.Бозоров томонидан фирибгарликда ифодаланган ҳаракатларни содир этганлиги, аризачининг кўргазмалари билан тўлиқ ҳажмда рад этилганлигини, судланувчи ўзининг жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида аризачини алдаб, ҳақиқатни айтмасдан, айрим давлат хизматлари ходимларини номини айтиб ўзининг ўйлаган режаси асосида фирибгарликдан иборат жиноятини амалга ошириб келганлиги, аризачидан пул маблағларини олиш тизими муваффақиятли ишлаганлиги, бироқ суд жараёнида айбини қисман тан олиб судни чалғитмоқчи бўлганлигини инобатга олиб, суд унинг айби тўлиқ тасдиқланган деб ҳисоблади.

Суд Б. Бозоровнинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандидан ЖКнинг 25,168-моддаси 4-қисми “а” бандига фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жуда кўп миқдорда қўлга киритишга суиқасд қилганликда қайта малакалашни ва ЖКнинг 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни жуда кўп миқдорда пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита моддий қимматликлар беришга далолатчилик қилишда ифодаланган ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан малакалашни лозим деб топди.

Суд Б.Бозоровга ЖКнинг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шуҳрат Бакаев,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси

Skip to content