





АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТА 7 ОЙГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ
Суд залида эр ва хотин.
Эр гарчи қонун билан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш мақсадида алимент тўлаши лозим бўлса-да бу мажбуриятини бажармай келаётган эди.
Эр – Татлиев Элёр Шодиёрович (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1975 йилда туғилган. Ундирувчи унинг хотини Зарина Намозова. Ўрталарида 2021 йилда туғилган бир нафар фарзанд бор. Оила расман ажрашган. Аммо эр бир нафар фарзанди учун алимент тўлашга мажбур.
Фуқаролик судининг қарори билан судланувчидан алимент ундириш белгиланган. 2024 йил 1 мартдан 2024 йил 1 октябрга қадар судланувчи алиментдан қарзи жами 11.8 млн сўмни ташкил қилган. Суд давомида 6 млн. сўм миқдорида пул маблағларини тўлаб берган.
Ҳозирда Э. Татлиевнинг алиментдан бўлган қарздорлиги 5.727.199 сўмни ташкил қилади. Суд буйруғи билан 2025 йил 5 январдан алимент пулини ундириш белгиланган.
Судланувчи суд буйруғига кўра вояга етмаган шахсни моддий таъминлашга мажбур эканлигини била туриб, 2024 йил 1 мартга қадар жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида
2.7 млн. сўмлик маблағни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун 2024 йил 20 мартда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан МЖтК 47-4-моддаси 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Бироқ, у маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ўзига тегишли хулоса чиқармасдан ва вояга етмаган шахсни моддий таъминлаш чорасини кўрмасдан, яна жабрланувчи фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағни 2024 йил 1 мартдан 2024 йил 1 октябрга қадар жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган, ушбу даврда ундирилиши лозим бўлган маблағ 9.1 млн. сўм, жами эса 11.727.199 сўмни ташкил этганлиги аниқланган.
Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, судланувчи, жабрланувчи- фуқаровий даъвогар, гувоҳнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят ишидаги мавжуд далилларни таҳлил қилиб, судланувчининг айби, унинг айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувларидан ташқари, ижро иши ҳужжати, тушунтириш хатлари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Дастлабки тергов органи томонидан Э. Татлиевнинг моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодекси 122-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб топди.
Шу сабабли Э. Татлиев ЖК 122-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топиб, ЖК 59-моддасининг 8-қисми тартибида, жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2024 йил 20 ноябрдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фарҳод Ҳикматуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР ТУШУНТИРИЛДИ
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьялари Р.Рашидов ва Б.Абдурахимов “Асакабанк” АТБда банк тизимида фаолият кўрсатувчи ҳуқуқшунослар билан учрашув ўтказишди.
Унда судьялар томонидан банк ходимларига “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда “Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг мазмуни моҳияти тушунтирилди.
Учрашувда банк ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

АЖРИМ ЁҚАСИДАГИ ОИЛАЛАР БИЛАН СУҲБАТ
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди Медиация хонасида ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сонли «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида Миробод туманлараро суди қошидаги туман Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси томонидан ажрим хавфи остида бўлган 4 та оиланинг тақдири муҳокама қилинди.
Учрашувда Миробод тумани ҳокими ўринбосари Ф.Мадаминова, комиссия аъзолари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялари иштирок этишди.
Ажрим ёқасига келган оилалар билан дилдан суҳбатлашилиб, уларга оилани барбод қилиш эмас, балки ярашиш тавсия қилинди.

МЕҲМОНХОНАДА САҚЛАНГАН ОҒУЛАР
Бугунги кунда кучли таъсир қилувчи моддалар савдосининг ёшлар ва катталар орасида тобора кенгайиб бориши нафақат жиноят, балки ижтимоий муаммо сифатида жамиятни чуқур хавотирга солмоқда. Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси ёшларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатиб, уларни соғлом ҳаётдан узоқлаштирмоқда.
Сўнгги йилларда кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланмаси ёшлар орасида тобора оммалашиб, тезкор тадбирлар натижасида кўплаб ёшлар ноқонуний савдода иштирок этгани фош этилмоқда.
Ёшлар ҳаётидаги қийинчиликлар, молиявий муаммолар, оилавий ва ижтимоий босимлар уларни гиёҳвандлик ва ноқонуний савдо йўлига кириб қолишига олиб келмоқда. Шу боис, бу иллатни фақат қонуний чоралар билан эмас, балки ижтимоий, психологик ва таълим соҳасидаги интеграциялашган ёндашувлар орқали ҳал қилиш зарурати ортмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан пойтахтда ўтказилган тезкор тадбир давомида 1988 йилда туғилган Н.Усмонова ва 2000 йилда туғилган Д. Зариповалар (исм-шарифлар ўзгартирилган) ноқонуний психотроп моддалар савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган. Улар “Прегабалин” моддасидан тайёрланган 14 дона “Регапен” капсулалари ҳамда 0,1 грамм “Тропикамид” суюқлигини 100 АҚШ доллари ва 100 минг сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Меҳмонхона хонаси кўздан кечирилганида, 14 дона “Регапен” капсулалари ва 3 дона “Тропикамид” флаконлари топилган. Бу моддаларнинг келгусида сотиш учун сақланаётгани аниқланган. Бундан ташқари, Д.Усмоновадан а-РВР моддасининг борлиги аниқланиб, у ҳам расмийлаштирилган.
Суд, ушбу жиноят иши юзасидан тўпланган иш ҳужжатларини текшириб чиқиб, гувоҳларнинг кўрсатувларига, суд мажлисида аниқланган ҳолатлар ҳамда тергов материалларини синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқиб, судланувчиларнинг айблари билдирги, тушунтириш хатлари, фото суратлар, наркология марказининг далолатномалари ҳамда жиноят ишидаги бошқа объектив далиллар билан тўлиқ исботини топган деб ҳисоблади.
Суд Н. Усмонова ҳамда Д. Зариповани Жиноят кодекси 251-1-моддасининг 2-қисмида ( гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш)назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, 75-моддани қўллаб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Ҳа иккала судланувчига политоксикомания (прегабалин, тропикамид)дан умумий асосда тиббий муассасаларда даволаниш чоралари кўриш белгиланди.
Бу воқеа — ёшлар орасидаги психотроп моддалар савдосининг жиддий таҳдид эканлигини яна бир бор кўрсатди. Ҳар бир инсон ҳаёти қадрлидир ва бундай жиноятларга қарши кураш ҳар биримизнинг жамият олдидаги масъулиятимиз эканлигини яна бир исботидир.
Ёшларимиз ўртасида психотроп моддалар савдосининг кенгайиши — жиддий ижтимоий муаммо бўлиб, унга қарши самарали ва кўп қиррали кураш зарур. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти, соғлиги ва келажаги биз учун бебаҳо. Шу боис, жамиятнинг ҳар бир бўғини — ота-оналар, таълим муассасалари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва нодавлат ташкилотлар биргаликда фаол кураш олиб бориши шарт.
Фақатгина шундай кенг қамровли ёндашув орқали жамиятимизни гиёҳвандлик таҳдидидан асраш ва ёшларимизнинг келажагини нурли қилиш мумкин.
Азимжон Ҳакимов,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси
Шаҳнозабону Шодиева,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси