ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИ
Тергов судьяси…
Содда қилиб айтганда, унинг вазифаси ишни судга қадар юритиш устидан суд назоратини амалга оширади.
Хўш, тергов судьяси қандай ишларни амалга оширади, деган савол туғилади. Унинг асосий ваколатларига қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатгача узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш каби вазифалар киради.
Бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари тергов судьяси томонидан алоҳида хонада чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур Фармондан келиб чиққан холда, 2025 йил 28 январда “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди.
Янги қонунга мувофиқ, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида, тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахслари рўйхатига янги субъект – тергов судьяси ва унинг ваколатлари киритилди. Тергов судьяси якка тартибда иш юритиши, қонунда белгиланган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириши белгиланди.
Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Ушбу кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шу кунгача кўриб келинаётган барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади.
Жаҳонгир Саидов,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси