Қидирув:

САЙЁР СУД

Сирғали тумани “Қутбарака” маҳалласида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг судьяси Д.Чориева, туман прокурори ёрдамчиси М.Хушвақтова, судланувчи А.Э. ва унинг ҳимоячиси, жабрланувчи Д.М.ва унинг адвокати Г.Ачиловалар иштирок этишди.

Сайёр судда судланувчи А.Э.га нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи А.Э. (эркак) 2025 йил 6 май куни соат 21:00да, ўз яшаш хонадонида турмуш ўртоғи М.Д. (аёл) билан ўзаро жанжаллашиш оқибатида Д.М. танасининг турли жойларига қўли билан уриб, унга енгил тан жароҳати етказган.

Сайёр суд мажлисида иш бўйича жабрланувчи  ва судланувчи ариза билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатишни сўрашди.

Суд жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатди. Судланувчига бу каби жиноятни қайта содир этмаслиги бўйича тушунтиришлар берилди.

ЯНГИҲАЁТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг жойларда сайёр қабулини ташкиллаштириш бўйича иш режасига асосан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган аҳоли учун Янгиҳаёт тумани Хушнуд МФЙ биносида ўтказилган сайёр қабулда жами 30 нафар фуқаро қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 10 таси жиноят ишлари бўйича, 18 таси фуқаролик ишлар бўйича, 2 таси ижтимоий масалани ташкил этди.

Сайёр қабулда 1 та мурожаат ёзма равишда қабул қилиб олинган бўлса, 25 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 5 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Яъни, жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 5 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

БУГУН САМАРҚАНД ШАҲРИДА “ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА СУД ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ВА СУД ЖАРАЁНЛАРИНИ ЁРИТИШДА ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАРНИНГ КАСБИЙ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ” МАВЗУСИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ БОШЛАНДИ

Олий суд ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси офиси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бухоро, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритаётган журналистлар ҳамда блогерлар қатнашмоқда.

Икки кун давом этадиган ҳудудий семинар-тренингда суд жараёнларини ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижтимоий тармоқлар фаолларининг билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолияти ёки муайян суд ишини ёритиш борасида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашишга алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятини ёритиш амалиётининг таҳлили билан бир қаторда хорижий малакали ва тажрибали мутахассислар – Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг минтақавий бирлашган лойиҳаси доирасида албан фаолияти бошқарувчиси, лойиҳалар бўйича катта ходими Эрканда Бужари (Канада) ва “Deutsche Welle” катта муҳаррири Пандели Пани (Германия) томонидан сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги масалаларига эътибор қаратилиб, иштирокчилар судлар фаолиятини масъулиятли ёритишнинг моҳияти ва асосий аспектлари билан таништириладилар.

СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКДА ЯНГИЛИКЛАР

2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлди.

Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида жиноят суд ишларини юритиш соҳасида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги конституциявий асослар белгиланди.

Бу эса, ўз навбатида Конституцияда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ифодаловчи нормаларни қонун ҳужжатларида акс эттиришни тақозо этди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунларидаги нормаларни  янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан:

– жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши;

– гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни таъминланиши;

– айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;

– гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги;

– ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;

– агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса,

у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;

– шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги Жиноят-процессуал кодексида ўз аксини топди.

Таъкидлаш жоизки, янги Конституция билан судларнинг фаолияти ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишга оид бир қатор конституциявий кафолатлар ҳам белгиланди.

Ушбу конституциявий кафолатлар, ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунлари нормаларини қайта кўриб чиқишни ҳамда уларни мазкур Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлаштиришни талаб этади.

Жумладан, янги Конституциямизнинг 95, 109 ва 135-моддалари талабларидан келиб чиқиб, “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркиби, шу жумладан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидалар киритилди.

Шунингдек,  “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига:

– янги Конституциянинг 130-моддасига мувофиқ одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилиши белгиланди;

– янги Конституциянинг 136-моддасига асосан одил судлов қонунлар билан бирга, аввало, Конституцияга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган ҳолда, Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллашга замин яратилди;

– судьяликнинг кафолатлари кучайтирилиб, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши, шунингдек, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланди;

– янги Конституциянинг 139-моддасида Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилиши белгиланганлиги муносабати билан, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга мазкур мазмундаги қўшимча киритилди;

– қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари нафақат барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун, балки фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди;

– Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар билан чегараланмоқда;

– судларни молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлайдиган тарзда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди;

– шахсларнинг нафақат давлат органларининг, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;

– айбсизлик презумпциясини ва “Хабеас корпус” институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар белгиланди.

Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчилик ҳужжатларини янги Конституцияга мувофиқлаштиришга,  одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳамда конституциявий устуворликни қарор топтириш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар яратишга, суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамланишига,  шунингдек, судьяликнинг кафолатлари, ва энг асосийси, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси янада кучайтирилишига хизмат қилади.

                Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ ОҚИБАТЛАРИ БОР?

Боланинг тарбияси, таълими, соғлиғи ва ҳуқуқларини таъминлаш ота-онанинг асосий вазифаларидан биридир. Аммо, баъзи ҳолларда ота-оналар ўз вазифаларини бажармай, болага нисбатан бепарволик ёки зўравонликка йўл қўяди. Бундай ҳолларда суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин.

Бу қандай тартибда амалга оширилади? Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобир Исломов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Конституциянинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Оила кодексининг 79-моддасига асосан, ота-она ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Агар болаларга нисбатан ота-она эмас, балки оила аъзолари шафқатсиз муомалада бўлсалар, боланинг ота ва онаси бунга қаршилик қилмаса, бундай ота-оналарнинг ота-оналик ҳуқуқлари Оила кодексининг 83-моддасига мувофиқ чекланиши мумкин.

Боланинг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота-она томонидан қасддан жиноят содир қилиниши ўта оғир ва жамоат учун хавфли ҳисобланади. Бундай асосларга кўра ота (она)ни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга фақат суднинг қарори бўлгандагина йўл қўйилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг нусхаси суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органига ва боланинг туғилгани қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига юборилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан, ундан таъминот олиш, шунингдек, болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

– Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қиладими?

– Болага таъминот бериш мажбурияти сақланиб қолади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири)нинг бундан кейин бола билан биргаликда яшаш ёки яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Бола фарзандликка олинган бўлмаса, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шунингдек, ота (она)си ва бошқа қон-қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган барча мулкий ҳуқуқларини, жумладан, мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

Оила кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ота-онани болаларини таъминлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу сабабли, суд жавобгарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишда Фуқаролик процессуал кодексининг 251 ва 254-моддаларининг қоидаларига асосланиб, ундан алимент ундириш тўғрисидаги масалани, бундай даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганидан қатъи назар, биргаликда ҳал этиши шарт.

Оила кодексининг 107-моддасига асосан, вояга етмаган болани

ота-онасидан олиш ва уни болалар тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқаришда суд ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига ушбу кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда алиментлар ундиради. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.

– Ушбу йўналишдаги суд амалиётига тўхталиб ўтсангиз.

– Мазкур туркумдаги ишлар судларда кўрилганда, энг аввало, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканига алоҳида аҳамият қаратилади.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида 226, 2023 йил давомида эса 239 фуқаролик иши кўрилган.

2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги кўрилган ишларнинг 59,7 фоизи қаноатлантирилган, 22,6 фоиз даъво аризаларни қаноатлантириш рад қилинган, 17,7 фоиз даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

– Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахслар бу ҳуқуқни қайта тиклай оладими?

– Оила қонунчилигида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибидан ташқари, ўз хатти-ҳаракатларида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришган ота ёки онанинг ҳуқуқларини тиклаш ҳам белгиланган.

Оила кодексининг 82-моддасига асосан, ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири)нинг даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек, прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.

Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она (улардан бири)нинг ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақли.

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармаганини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текшириши лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш боланинг манфаатларига мос келсагина амалга оширилади.

Суд ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги масалани ота ёки она ота-оналик ҳуқуқидан суднинг фуқаролик ёки жиноят иши бўйича чиқарган қарорига биноан маҳрум қилинганига қарамасдан, фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим восита ҳисобланади. Бироқ, бу чора фақат юқори стандартлар асосида, бола манфаатини устувор қилиб, адолатли ва шаффоф суд тартибида амалга оширилиши лозим. Суд амалиётида бир хил ёндашув, ҳуқуқий ёрдамни таъминлаш ва бола фикрини инобатга олиш каби тамойиллар кафолатланиши шарт.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш – бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг кескин ва таъсирчан ҳуқуқий чоралардан бири бўлиб, унинг амалга оширилиши боланинг ҳаёти ва келажаги учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, мазкур институтдан фойдаланиш фақат фавқулодда ва зарур ҳолатларда, боланинг ҳуқуқлари ва манфаатлари аввалги ўринга қўйилган ҳолда амалга оширилиши лозим.        

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТАГА МАЪМУРИЙ ҚАМОҚ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ

Аниқ бирор-бир манзилда яшамай, ҳар доим ўз турар жойини ўзгартириб келган қарздор ота пойтахтдаги метро станцияларида ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолади. Кузатув камерасидаги фуқаро тегишли ташкилот томонидан ўрганилганда ушбу шахс қидирувда экани аниқланган.

Гап шундаки, Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувида, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2021 йил 22 сентябрдаги  буйруғига кўра, қарздор М.Т.дан ундирувчи М.О. фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди таьминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Дастлаб, қарздор отага алимент пулларини ўз вақтида тўлаб борилиши тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Қарздор ота бир нафар вояга етмаган фарзанди учун белгиланган алимент пулларини қисман тўлаган. Кейинчалик у ҳеч қаерда ишламаслигини, моддий томондан қийналаётганини сабаб қилиб алимент пулини тўламай келган.  Оқибатда алимент қарздорлик 18 млн. сўмга етган.

 Шундан сўнг, Бюронинг Учтепа туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган. Жумладан, қарздорнинг суд буйруғида кўрсатилган манзилига чиқилганда, у ерда яшамаслиги аниқланган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари хулосасига кўра, алиментчи отанинг топиш имконияти йўқлиги сабабли қарздорга нисбатан бўлим томонидан 2025  йил 11 март кунидан расман қидирув эълон қилинган.

Бюронинг Тошкент шаҳар қидирув шўъбаси томонидан ўтказилган тезкор қидирув натижасида қарздор Т.М. 2025 йил 21 июл куни топилиб, шу куни қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддаси  билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судига юборилган.

Суд жараёнида алиментчи отага қарз суммаларини суд жараёнида қопласа, унга нисбатан жазо қўлланмаслиги тушунтирилган бўлса-да, қарздор вояга етмаган фарзанди учун яна алиментни тўламаган.

Шундан сўнг суд томонидан қарздор отага 15 сутка маъмурий  қамоқ жазоси тайинланди.

СУДЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судида “Судларда ишларни кўришда прокурор иштирокини таъминлаш” тўғрисида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари ҳамда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари иштирок этишди.

Тадбирда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг  раиси  Зокир Худойқулов Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, мазкур Қонунга кўра, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек, давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланганлиги таъкидланди.

Шунингдек, мулоқотда  Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан масъуллар томонидан иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.

Йиғилиш давомида Тошкент шаҳар прокуратураси Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи Аҳрор Муҳаммадбоқиев таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.    

Мазкур тадбир судлар ва прокуратура органларининг одил судлов самарадорлигига ҳисса қўшиш билан бирга келгусида судларда ишларни кўришда прокурор иштирокини таъминлаш борасида муҳим чора тадбирларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.

  

                                                         

Акрам Унгаров,

Тошкент туманлараро иқтисодий

суди судья ёрдамчиси

ЯШНОБОД ТУМАНИДА САЙЁР СУД МАЖЛИСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Яшнобод тумани «Дилбоғ» маҳалласида жойлашган 61- умумтаълим мактабида   жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг раиси Б.Алимов,  туман прокурори ўринбосари А.Хасанов, Ёшлар Агентлиги вакиллари ҳамда Пробация назоратида бўлган ёшлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида судьялар томонидан иштирокчиларга ҳуқуқий масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди, савол ва мурожаатлар тингланиб, уларнинг ҳуқуқий ҳал этилиши бўйича қонуний йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Учрашув давомида жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди судьялари томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда туман Пробация бўлимининг тақдимномасига асосан жазо муддатини ўтаётган ва ўзини ижобий томондан кўрсатган, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган ҳамда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 10 нафар маҳкумга нисбатан Жиноят кодексининг 73-моддасига мувофиқ тайинланган жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш масаласи кўриб чиқилди.

МАЪРИФИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ИШЛАРИДА ФАОЛ СУДЬЯ

Мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва даражасини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Бу борада алоҳида давлат дастури тасдиқланди, 2021 йилдан бошлаб, апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.

Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биттаси ҳисобланади.

Уч босқичдан иборат танловда  Кенгаш томонидан тасдиқланган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, тарихий ва маърифий китоблардан биттасини танлаган ҳолда эссе ёзиш имконияти берилди.

Танловнинг биринчи босқичида 636 нафар судья  иштирок этган бўлса, ҳудудий комиссиялар тавсияси билан иккинчи босқичда 198 нафар, якуний босқичда  эса 10 нафар судьянинг маърифий салоҳияти баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов  “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди.

Шунингдек, танлов доирасида маърифий  ва ҳуқуқий тарғибот ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шоира Эрметова Судьялар Олий Кенгашининг махсус совғаси билан тақдирланди.

Биз ҳам Ш. Эрметовани ҳуқуқий тарғибот ишларида алоҳида фаоллиги учун чин юракдан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилаймиз!

ФИРИБГАР ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ 

Ботир Бозоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 37 ёшда бўлиб,  пойтахтимиздаги туманлардан бирида ҳокимнинг МФЙ бўйича ёрдамчиси вазифасида ишларди. Муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамай ундан тегишли хулоса чиқармади. Унда осон пул топиш, бировларни чув тушириб даромад топиш истаги кучлилик қилди.

Б.Бозоров давлат ишониб топширган мансаб мавқеидан фойдаланди. Ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2024 йил декабрь ойи бошларида  жуда катта маблағ эвазига ўзига тегишли ҳудуддан “кўчмас савдо” дўкони, автобус бекатидан савдо дўкони ҳамда туман ҳудудида жойлашган шифохона ҳудудидан савдо дўкони учун ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тегишли рухсат олиб беришни ваъда қилиб, катта ҳажмдаги пулларни олган пайтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланиб, жиноятни ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда охирига етказа олмасдан фирибгарлик жиноятини содир этишга суиқасд қилди.

Б.Бозоровнинг хизмат вазифаларига ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш, аҳолига кредит ва субсидиялар ажратишда кўмаклашиш ва фуқароларни тадбиркорликка қизиқтириш ҳамда уларнинг кичик бизнес субъектларига айлантиришга ёрдам кўрсатиш, аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ер майдонларини ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиши ва бошқа шу каби вазифалар кирарди.

 2024 йил декабрь ойида қўшни маҳаллада ишловчи таниши унга бир тадбиркор борлигини, унга савдо қилишлиги учун амалий ёрдам беришини сўради.

 2024 йил декабрь ойи охирида тадбиркор М. А. қўнғироқ қилиб, кўчмас савдо дўкони ва бошқа масалалар бўйича маслаҳати кераклигини билдирди.

 Ботир тадбиркорга  иш жойига келишини айтди.

 Орадан 2-3 кун ўтиб тадбиркор унинг олдига келди.

 Тадбиркор 24/7 фаолиятида озиқ-овқат савдо дўкони ҳамда кўчмас савдо дўкони ташкил қилиб, “кофе” маҳсулотлари савдоси билан шуғулланмоқчилигини айтди.

 Б.Бозоров тадбиркорга туман ҳудудида у хоҳлаган фаолият тури бўйича бўш жойлар борлигини, 3-4 кундан сўнг жавобини айтишини билдирди.

Орадан тахминан 5-6 кун ўтиб, тадбиркорга туман ҳудудидаги у айтган фаолиятига мос келувчи жойлар борлигини айтиб, дўсти Аброр билан биргаликда туман ҳудудини кўриб келишини айтганидан сўнг,   у айтган жойларни кўриб келишди.

Ҳоким ёрдамчиси кўрсатган жойлар тадбиркорга мақул бўлган эди.

Бу жойларни тадбиркор “Е-аукцион” савдо платформасига қўйилиб ютиб олиши керак эди. Ҳар бир кўчмас мулк савдо дўкони учун 5.000 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 15.000 АҚШ доллари бериши кераклиги айтилди.

Шифохона ҳудудида савдо дўкони масаласида Аброр бош шифокор унга қўшни эканлиги, у билан ҳам жой масаласини ҳал қилса бўлади, деди.

Тадбиркор ҳеч қандай ҳужжатларни тушунмаслигини ўзи барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб беришини сўради.

 2025 йил 6 январь куни у тадбиркор ва унинг дугонаси билан иш жойида соат тахминан 10:30 ларда кўришди. Ва уларга аввал айтган 3 та савдо нуқтаси учун жами 15.000 АҚШ доллари, шифохона ҳудудидан савдо нуқтаси олиб бериш эвазига 15.000 АҚШ доллари,  жами 30.000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтди.

Тадбиркор унинг таклифини ўйлаб кўришини кейин жавобини айтишини билдирди. Гарчи ўз вазифасига кирса-да фирибгарлик, таъмагирлик йўли билан пул таъма қилаётган ҳоким ёрдамчиси устидан ҳуқуқни муҳофаза иқлувчи органларга ариза берди.

2025 йил 6 январь куни соат тахминан 23:30 да у дўсти Аброр билан биргаликда Мирободдаги кафе олдига борди ва тадбиркор билан кўришди.

 Тадбиркор шифохона ҳудудида савдо дўкони учун у айтган 15.000 АҚШ долларини ҳам олиб келганлигини билдириб, жами 30.000 АҚШ доллари берган пайтда орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Аслида Б.Бозоров тадбиркорга ер олиб бериш учун бирор бир мансабдор раҳбар билан гаплашмаган, тадбикорнинг ишончига кириш учун шу ишларни қилган эди.

Судланувчи Б.Бозоров томонидан фирибгарликда ифодаланган ҳаракатларни содир этганлиги, аризачининг кўргазмалари билан тўлиқ ҳажмда рад этилганлигини, судланувчи ўзининг жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида аризачини алдаб, ҳақиқатни айтмасдан, айрим давлат хизматлари ходимларини номини айтиб ўзининг ўйлаган режаси асосида фирибгарликдан иборат жиноятини амалга ошириб келганлиги, аризачидан пул маблағларини олиш тизими муваффақиятли ишлаганлиги, бироқ суд жараёнида айбини қисман тан олиб судни чалғитмоқчи бўлганлигини инобатга олиб, суд унинг айби тўлиқ тасдиқланган деб ҳисоблади.

Суд Б. Бозоровнинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандидан ЖКнинг 25,168-моддаси 4-қисми “а” бандига фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жуда кўп миқдорда қўлга киритишга суиқасд қилганликда қайта малакалашни ва ЖКнинг 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни жуда кўп миқдорда пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита моддий қимматликлар беришга далолатчилик қилишда ифодаланган ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан малакалашни лозим деб топди.

Суд Б.Бозоровга ЖКнинг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шуҳрат Бакаев,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси

Skip to content