Қидирув:

БАЙРАМ АРАФАСИДА БИР ГУРУҲ СУД ФАХРИЙЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНДИ

Устозлар ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, ҳар қанча улар шаънига илиқ фикрлар билдирмайлик барибир оз бўлиб кўринаверади. Чунки, ҳар биримизнинг ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда, маълум касб эгаси бўлишимизда мураббийларнинг меҳнати беқиёс.

1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар судида ўтказилган тадбирга бир гуруҳ суд фахрийлари таклиф этилди. У.Бозоров, Т.Мирзаев, К.Саидов, Н.Ахмонов ва З.Давроновларни бугунги кунда ҳуқуқшунослар яхши билади. Улар узоқ йиллар суд-ҳуқуқ соҳасида ишлашган, адолатни таъминлаган, шогирдлар тарбиялашган. Уларнинг ишини бугун шогирдлари давом эттиришмоқда.

Тадбирда суд фахрийларининг суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаги ўрни, меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.

 

Катта авлод вакиллари ўз ўрнида эътирофдан мамнунликларини яширмай, ёшларга яратиб берилган шароитлардан оқилона фойдаланиш ва юрт корига дастёр бўлиш лозимлигини таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда суд фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

ИҚТИСОДИЙ СУДЬЯЛАР, ҚУРУВЧИЛАР ВА ТАДБИРКОРЛАР МУЛОҚОТИ

Бугун Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Тошкент туманлараро иқтисодий суди, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси, пойтахтнинг кадастр ва архитертура идоралари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида  “Қурилиш обектларида назорат ўлчови ўтказишнинг тартиби ва мақсади-судьялар қандай назорат ўлчови хулосаларидан фойдаланади? ” мавзусида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Маълумки қурилиш пудратига оид низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган мураккаб тоифадаги низолар туркумига киради. Шунинг учун ҳам бу борадаги қонунчилик ва меъёрларни соҳанинг мутахассислари иштирокида муҳокама қилиш амалиётчи судьяларнинг бу соҳадаги назарий билимларини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мутахассислар ва судьялар томонидан муаммо ва низоли масалаларнинг  бевосита тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилиниши уларнинг самарали ечим топишига имкон яратади.

Тадбирда иштирок этган мутасадди ташкилотлар ҳамда судьялар ўртасида қурилиш меъёрлари, қурилиш объектларини назорат ўлчовидан ўтказиш, бу жараёнда давлат ташкилотлари ва тадбиркорлар ўртасида юзага келаётган низоларнинг ҳуқуқий  ечими борасида қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга соҳага оид Олий суд Пленуми қарорлари, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

ПОКЛАНИШ ПАЛЛАСИ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ

Тошкент шаҳар судида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ҳуқуқшунослар устози Убайдулла Мингбоевнинг «Покланиш палласи» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда муаллиф ва суд фахрийлари, судьялар, суд ходимлари, китобсевар ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси М.Мирзажонов олиб борди. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси матбуот котиби, китоб масъул муҳаррири Ш. Даминов устознинг 12 – китобини йиғилганларга тақдимот қилди. Яъни, мазкур асарда муаллифнинг фарзанд тарбияси, инсон ва унинг ахлоқий қарашлари, давлат ва жамиятда юз бераётган янгиланишларга муносабати, дахлдорлик ҳисси ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигига оид фикрлари акс этган.

Тадбирда китоб муаллифи, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси У.Мингбоев сўзга чиқиб, китобнинг яратилиши, ундаги келтирилган асосий ғоялар, бугунги кунда судьянинг вазифаси, унинг одоби, ўзини тутиши, фақат қонунга таяниши юзасидан ўз фикрларини баён этди.

Шунингдек, тадбирда суд фахрийлари Қ.Мирзажонов, Ю.Ибрагимов, У.Қурбоновлар сўз олиб, ўз тажриба ва хотиралари билан ўртоқлашди. Ҳозирги судьяларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб, ҳалол меҳнат билан инсон обрўга эга бўлишини таъкидладилар.

Тадбирдан йиғилганлар маънавий завқ, кўтаринки кайфият олдилар.

«БИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ»

Тошкент давлат юридик университитети ҳузуридаги М. Восиқова номидаги академик лицейда “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда академик лицей педогог ходимлари ва ўқувчилари, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьялари И.Қурбонов, М.Маматов ҳамда Тошкент давлат юридик университети кафедра профессори С.Ниёзова иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар коррупцияга қарши кураш Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, бу иллатга қарши барча биргаликда курашсагина самара бериши таъкидланди.

Тадбирда ТДЮУ профессори С.Ниёзова “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталди. Судьялар И.Қурбонов ва М.Маматовлар ҳам сўз олиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида судлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришди.

Учрашувда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Тадбир академик лицей педогог ходимлари ва ўқувчиларининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий билимларини юксалтиришда катта аҳамиятга эга бўлди.

ИЖРО МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар судида суд ҳужжатларининг ижроси, давлат божи, қарздорликни ундириш  масалалари билан боғлиқ йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар суди, туман(туманлараро) судлари раислари, Тошкент шаҳар маъмурий суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси, туманлар мажбурий ижро бюроси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди. Таъкидландики, суд қарорлари ижроси, мавжуд қарздорликларни ундириш масалаларида оқсоқлик кузатилаяпти. Бундай вазиятда судлар ва мажбурий ижро бюролари билан янада ҳамкорликни йўлга қўйиш, суд қарорлари ижроси таъминланиб, фуқаро ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни жадаллаштириш лозим.

 

Йиғилишда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Бўриев,  Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосари А.Жонқобиловлар ҳам муҳокама этилаётган масала юзасидан ўз таклифларини айтиб ўтишди.

Тадбирда судлар томонидан давлат фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағларни тўлиқ ундирилиниши таъминлаш, бюджетга ўз вақтида ўтказилиши, судлар томонидан белгиланган жарималар ва давлат божлари ундириш ҳақидаги суд ҳужжатларини ўз вақтида ижрога қаратиш, шунингдек, бугунги кунга қадар ижроси таъминланмаган ижро ҳужжатларини мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

ҚИРҚ ЁШИДА АДАШГАН АЁЛ…

Қўқонлик Хумора Алиева (исмлар ўзгартирилган) 40 ёшга яқинлашганда жиноятга қўл урди. Бўлмаса 5 фарзанднинг онаси эди-я. У гиёҳвандлик моддаларини бошқа шахсларга ўтказиш ва сотиш мақсадида, дастлабки тергов вақтида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган “Шерзод” исмли номаълум шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гиёҳвандлик моддалари савдосидан мўмай даромад олиш мақсадида, 10.000.000 сўм пуллар эвазига “гашиш” гиёҳвандлик моддаларини сотиб олиб, ушбу гиёҳвандлик моддаларини келгусида ўзининг Тошкент шаҳрида яшовчи мижозларига сотиш мақсадида сақлаб келган.

Юртимизда гиёҳвандлик жиноятларига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шу мақсадда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбирлар давомида қатор жиноятлар аниқланмоқда.

Хумора Алиева жорий йил апрелнинг ҳузурбахш кунларидан бирида гиёҳвандлик воситаси орқали мўмай пул топишни ният қилди.

30 апрель куни синглиси Хуснорага қўнғироқ қилди.“Синглим, яхшимисан, Тошкентга мен билан бориб кел, поччанг ўзимни ёлғиз юбормаяпти.”

Синглиси ҳам анчадан бери фарзандларини пойтахтга айлантириб келишни орзу қилиб юрарди.“Майли, болаларимни ҳам олиб бораман-да”, айланиб келамиз. Унинг опаси билан айланиб келиши қимматга тушинини қаёқдан билсин?

Хумора Тошкент шаҳрига кетувчи киракашлар билан гаплашди, йўл кирани келишиб қўйди. Эртаси куни улар “Кобальт” русумли автомашинада пойтахт сари йўлга чиқишди. Ҳайдовчининг орқа ўриндиғига ўтириб олган Хумора бироз бесаранжом кетарди. Йўл-йўлакай опа-сингил гаплашиб кетишди. Хумора ёнидаги пакетга ўралган нарсани орқа ўриндиқ тагига ташлаб қўйди.

Соат тахминан 15:30 ларда, улар Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига киришди. Чорраҳада тўхтаб турганида, автомашина ёнига бир неча нафар фуқаролик кийимидаги шахслар келиб, ҳайдовчини бошқа автомашинага ўтказишди. Улардан бири автомашинани бошқариб, Тошкент шаҳрига киришда бўлган ЙПХ масканига қадар ҳаракатланиб келиб, икки нафар холислар  иштирокида автомашинани кўздан кечиришган вақтда, Хумора ташлаб қўйган 2 дона полиэтилен пакетга ўралган гиёҳвандлик воситасини топишиб, холислар иштирокида аниқланган гиёҳвандлик моддаларини баённома асосида расмийлаштириб олишади.

Суд экспертиза ҳулосасига кўра, экспертлар ихтиёрига тақдим этилган тўқ жигар рангли, ўткир хидли, мумсимон модда таркибида кариофиллен, каннабидиол ва каннабинол мавжуд бўлган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги, унинг соф вазни 262,88 грамм, яъни кўп миқдорни ташкил қилиши кўрсатиб ўтилган.

Хуморадан ушбу модда нима эканлигини ва нима мақсадда сақлаб келаётганлиги ҳақида сўрашганида, уни ўзининг истеъмоли учун ёнида олиб юрганлигини маълум қилади.

Суд ҳужжатидан:

“….2024 йил 1 май куни унга нотаниш бўлган “Шерзод” исмли шахс қўнғироқ қилиб, у гиёҳвандлик воситаси қидираётганлиги, агар пулини ташласа, унга гиёҳвандлик воситасини топиб беришини маълум қилганида, унга жойини айтишини, пулларни кейинчалик унинг картасига ташлаб бериши мумкинлигини маълум қилганида, у аввал пулларни ташлашини унга ишонишини, у албатта гиёҳвандлик воситаси беркитилган жойни маълум қилишини айтганида, пайнет шаҳобчасидан унга маълум қилган пластик карта рақамига 10.000.000 сўм пулларни ташлаб юбориб, унга 14-сонли мактаб ҳудудидаги металл трубанинг пастки қисмида тош тагига гиёҳвандлик воситаси яширилганлигини маълум қилганлиги, кўрсатмага биноан бориб тош тагига қараганида, гиёҳвандлик воситаси, яхлит, қора рангли полиэтилен пакетга ўралган ҳолатда турганлигини кўриб, уни олиб, гиёҳвандлик воситасига ёнида бўлган асални қўшиб аралаштириб, тахминан 1,0 граммини истеъмол қилганлигини маълум қилганлиги юзасидан, ҳуқуқни мухофаза қиливчи орган ходимларига стресс ҳолатда бўлганлиги учун нотўғри жавоб берганлигини, у аслида 2024 йил апрель ойларида шаҳар атрофидаги даладан ўзининг истеъмоли учун гиёҳвандлик воситасини топиб олиб, ёнида сақлаб келганлиги ҳақидаги кўрсатувига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95 ва 112-моддаларига асосан баҳо бериб, тергов материалларини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида белгиланган ҳақиқатни аниқлаш принципи талабларидан келиб чиқиб синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текшириб чиқиб, судланувчининг кўрсатувлари жиноий жавобгарлик ва жазодан қутилиб қолиш мақсадида ўйлаб топилган важлар деб танқидий баҳо беради ва унинг ушбу келтирган важалари юқорида келтирилган айбини исботловчи далиллар билан инкор қилинади.”

Х.Алиеванинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби, тезкор-тадбир ўтказилганлиги бўйича баённома, шахсни ва автомашинани тинтув қилиш ва далилий ашёларни олиб қўйиш ҳақидаги баённома, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси ва фотоиловаси, ўтказилган судга оид кимёвий ва судга оид наркологик экспертизаларнинг хулосалари, жиноят ишига илова қилинган фото жадваллар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан исботланган.

Суд Х.Алиевага жазо тури ва миқдорини танлашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига амал қилиб, айбига иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг аёллигини, қарамоғида 5 нафар фарзанди бўлиб, бир нафари вояга етмаганлигини, муқаддам судланмаганлигини, кўкрак саратони касаллигига чалинганлигини ҳисобга олди.

Х.Алиева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодекснинг 57-моддасини қўллаб 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шерзод Амиров,

Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди судьяси.

СЕРГЕЛИ ҲОКИМЛИГИДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тадбирда дастлаб Сергели тумани ҳокими Э.Шукуров ҳамда Тошкент шаҳар прокурори Э.Йўлдошев Сергели тумани ҳокимлиги биносига ташриф буюрган фуқароларни сайёр қабул тартиби билан таништирди.

 

Шундан сўнг Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси,МИБ, солиқ бошқармаси раҳбарлари ўзларига ажратилган жойларда фуқароларни қабул қилишни бошлади.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжақулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси М.Маҳмудов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –  иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғ.Эргашев,  жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди раиси Ф.Хикматуллаевлар томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича шикоятлари тингланди.

Сайёр қабулда 11 та мурожаат эшитилди.

Таҳлил қилинадиган бўлса, фуқаролар мурожаатларининг 5 таси фуқаролик, 5 таси жиноят, 1 таси  маъмурий суд юритиш ишлари бўйича мурожаатларни ташкил этди.

Мурожаатларнинг 11 таси бўйича жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Skip to content