Адиба УМИРОВА/«Халқ сўзи». Дунёда йўқотса топилмайдиган бир нозик нарса бор. Бу аёл шаъни! У қоғозга ўралган оққандга ўхшайди. Озгина сув тегса ҳам эриб кетади. Шунинг учун ҳам аёл номи билан ёнма-ён фирибгар сўзини ёзишга қўлим бормайди. Қуйидаги воқеа бирор кино ёки китобда эмас, ён-веримизда содир бўлган воқеа. Бундан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.
Виртуал фирибгарлик
Насиба (исми ўзгартилди) – муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этиб судланган. Аёл бўлгани учун қонунчилигимизда белгиланган енгилроқ жазо чоралари қўлланилиб, озодликка чиққан эди. Ким нима деса десин, аёл яна жиноятга қўл уриб, темир панжарагача олиб борган сабаб аслида унинг ўзи учун ўлимдан ҳам баттарроқ. Яқинлари уни қамалгани учун умр йўлдоши ташлаб кетгани, қўшнилари эл орасида бош кўтаролмай қолганини айтади. Бир пайтлар у ҳам ширин орзулар билан оила қурган, уч фарзандли бўлгунча ҳаётнинг қанча аччиқ-чучугини тортган. Мен унинг фирибгарлигини оқлашдан йироқман, лекин тан олайлик, қайси она болаларини тирик етим қилишни хоҳлайди?
Насибада ҳам уят ҳисси бор, озодликка чиққач, болалари, қариндошлари, қўшнилари олдида бир неча кун уялиб юрди, маҳаллага чиқиб иш излашга бети чидамади. Бундай пайтда унга на бир турмуш ўртоғи, на қўни-қўшни, на бир дўст далда бўлди. Ёшлигидан тижоратга қизиқарди, лекин турмушга чиққач, бу орзуси ичида аланга бўлиб қолди. Ҳозир буни уддалашга кучи етсада, бизнес соҳасида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Бир неча кун тармоқ маркетингидаги савдо бўлимларига кириб иш излади. Онлайн жаҳон бозори тармоғининг «Libertex» платформасига кириши билан пул топиб, тезроқ бойиб кетиш васвасасига тушиб қолди. Баъзан аёлнинг биргина қўпол ҳаракати бутун гўзаллигини йўққа чиқаради, биргина қинғир қадами бутун оиласи ор-номусини барбод қилади.
Насиба ўзи очган «Telegram» тармоғидаги «Z.V.» номли профилидаги «Prof group» гуруҳида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида яшовчи Азиза Баҳодир қизи билан танишади. Азиза аслида бу аёлни танимайди, умрида кўрмаган, лекин ҳамма гапларига ишониб, телефон рақамини беради. Иэ, шунақаси ҳам бўларканми, дерсиз, ҳа, Насиба унга қўнғироқ қилиб, «Trading»лик фаолияти бўйича сертификати борлиги, «Libertex» платформасига бор-йўғини тикса, худди ўзидек «миллионер» хонимга айланишига ишонтирди.
Текин пишлоқ «қопқон»да
Азиза бизнес қилиш учун унга розилик берган лаҳзадан бошлаб унинг жиноятига шерик бўлаётганини хаёлига ҳам келтирмайди.
– Сиз тикаётган пулларни ўзимнинг пулларимга қўшиб, савдо-сотиққа тикаман. Ўн беш кун муддатда пулларингизни бирга-бир кўпайтириб қайтараман.
Пул ўлсина, пул ўлсин… Азиза ўша куни ҳеч қандай кафолатсиз пластик картасидан 500.000 сўм пулни Насибанинг пластик картасига ўтказиб берди. Насиба шу фирибгарлик туфайли қамалган, уни афв этишлари учун қанча хатлар ёзди, оқловга тушганида нақадар хурсанд эди. Унинг пушаймонликларини ўқиб туриб, уни бошқа бундай ишларни қилишга юзи чидамаса керак, деб ўйлайсиз. Аммо… У Азизанинг пуллари кўпайиб 1.000.000 сўм бўлганини айтиб, пластик картасига ташлаб берди. Йигирма кун муддатда пулларини энди бирга-икки, бирга-уч баробар кўпайтириб беришига ишонтириб, пул, қимматбаҳо буюмлари ва бошқа нарсаларини қўлга киритди.
Ер ёрилса, ерга кириб кетгудек
Эртами-кечми «Prof group» гуруҳи текширилишини хаёлига ҳам келтирмаган Насиба худди шу схема бўйича наманганлик Василага 60.000.000 сўм, учқўрғонлик Дилдорага 29.274.070 сўм, чинозлик Азизага 10.000.000 сўм, тошкентлик Азизага 4.870.000 сўм, Камолага 30.000.000 сўм, Нилуфарга 6.500.000 сўм, Гўзалга 7.000.000 сўм, Диёрага 97.165.877 сўм миқдорида моддий зарар етказди. О, шу ерда аёл ҳақида айтилган баландпарвоз гапларнинг ҳаммаси бекор. Бақираётган аёлдан хунуги бўлмаса керак дунёда. Айни пайтда бу ишда жабрланувчилар кўп, иш бўйича етказилган зарарнинг умумий миқдори кўрсатилгандан ҳам бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Баъзи жабрланувчилар пулни қайтариб бўлмаслигини тушуниб, вазиятни қўйиб юборган. Аксарияти бирор нарсани қайтиб олишнинг ягона имконияти деб фирибгар устидан маҳалладан тортиб, милициягача борган. Афсуски, уларнинг пулларини катта фоизи билан қайтаришнинг иложи йўқ, аммо «бирор нарса» деганда мен ўз пулларини назарда тутяпман.
Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» бандида фирибгарлик ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бунда молия, банк муассасалари, фондлардаги мулкни алдов йўли билан компьютер техникаси воситалари, алоқа воситаси, планшет ёки бошқа шу каби техник қурилмалар ёрдамида манипуляция қилиш орқали амалга ошириладиган талон-торожлик назарда тутилади. Бундай фирибгарлик компьютер тизимида ишлов бериладиган, тегишли ахборот ташувчиларда сақланадиган ёки маълумотларни узатиш тармоқлари бўйича бериладиган ахборотни ўзгартириш йўли билан ҳам, компьютер тизимига ёлғон ахборот киритиш йўли билан ҳам содир этилиши мумкин.
Судда Насиба ўз айбига иқрор бўлди. 2021 йил 1 июндаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилиниб, ушбу ҳукм билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бунчалик ҳаёт бешафқат, деймиз. Йўқ, дунёга бегуноҳ туғилган, ҳаётга енгил қараб, яна бир марта фирибгарлик ортидан панжара ортида ўтирган аёлнинг кўз ёшлари энди менга эриш туюлади. Беш йил болалари онасини қўмсаб яшашидан юрагим эзилади. Ич-ичимдан у қилган ишларига пушаймон бўлиб, қайтиб жиноят кўчасига кирмаслигини Яратгандан сўраб дуо қиламан. Қани, энди, у буни эртароқ англаб етганида эди, болалари тирик етим қолмасди, хонадонидан фақат шодлик овози эшитиларди.