Қидирув:

ЯШНОБОД  ТУМАНИ «ИШГА МАРҲАМАТ» МОНО МАРКАЗИДА БЎЛИБ ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Хабар қилинганидек, бугун Яшнобод тумани Амир Темур маҳалласида жойлашган «Ишга марҳамат» моно марказ биносида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг сайёр қабули ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Сайёр қабул учун бежизга Моно марказ биноси танланмади, чунки янгидан қурилган бу маскан ҳар томонлама фуқароларни қабул қилиш учун қулай эди. Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари белгиланган вақтдан барвақт Моно марказга етиб келишди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси , солиқ, адлия, мажбурий ижро бюроси ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ўзлари учун белгиланган жойлардан ўрин олишди.  Бу галги сайёр қабулда Яшнобод, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб,  сайёр қабулда турли масалалар бўйича ечимини излаб келган фуқароларни кўриш мумкин эди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедовлар суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташриф буюрган фуқароларнинг шикоятларини тинглади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди раиси Б.Алимов, Миробод, Мирзо Улуғбек тумани суди судьялари, туманлараро фуқаролик суди судьялари, иқтисодий суд судьялари ҳам ҳозир бўлишди.

Сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлиб келган 12 нафар фуқаро мурожаати эшитилди. Мурожаатларнинг 4 таси фуқаролик, 5 таси жиноят иши, 3 таси маъмурий ишлар бўйича бўлиб, судлар раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилди. Вақт талаб этадиган аризалар назоратга олинди. Мурожаатларнинг 12 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.Хулоса қилиб айтганда, белгиланган режа асосида ўтказилаётган бу сайёр қабулларда фуқараолар мавжуд муаммоларга ечим топмоқда, айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилмоқда, ҳуқуқий маслаҳат олиб, қонуннинг тўғри қўлланилиши бўйича зарур тушунчага эга бўлмоқдалар.  Бу тадбир аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги ошишига хизмат қилмоқда.

БЎЛАЖАК СУДЬЯ ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Бугун Тошкент давлат юридик университетида бўлажак судьяларни тайёрлашга йўналтирилган танловнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Бутун дунё мамлакатларида кадрлар масаласи, хусусан ёшларни ўз соҳасининг етук мутахассиси қилиб етиштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритаётган кўплаб кадрлар Тошкент давлат юридик университетининг битирувчилари ҳисобланади. Ушбу университетида таълим олаётган ёш кадрлар келажакда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасининг турли йўналишларида фаолият олиб боради. Ушбу ёшларнинг таълим тарбиясида университет жамоасидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи суд вакиллари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

 

Бир неча йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида, Бўлажак судья, Фуқаролик ишлари бўйича намунавий суд процесси(TSUL Сourt), Жиноят ишлари бўйича намунавий суд процесси, Иқтисодий ишлар бўйича намунавий суд процесси, Маъмурий ишлар бўйича намунавий суд процесси мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур танловларда ҳар йили мингдан ортиқ талабалар иштирок этади. Бу борада 2022 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур танловлар 2023-2024 йил ўқув йилида ҳам давом эттирилди. Ушбу танловларда бир неча жамоалар беллашди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган судьялар талабаларнинг суд процессларини иммитация қилиш жараёнларини, тарафлар сифатида ўз позициясини ҳимоя қилиш, ўз позицияси бўйича барча процессуал ҳуқуқлардан тўлиқ ва тўғри фойдаланишларини, талабаларнинг нотиқлигини ҳамда энг асосийси моддий ҳуқуқ ва процессуал ҳуқуқни билиш даражасини баҳолаб бердилар.

Бугун Тошкент давлат юридик университетида мазкур танловларнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Олий суд кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Муҳиддинов, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосарлари Б.Исламов, И.Алимов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов иштирок этиб, танлов ғолибларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топшириб, энг эзгу тилакларини билдиришди.

Гулрух Мамараимова,

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.

Oila qonunchiligini takomillashtirish istiqbollari

Ichki ishlar vazirligi akademiyasida o‘tkazilgan respublika ilmiy-amaliy konferensiyasi ayni mavzuga bag‘ishlandi.

 

Unda sud-huquq tizimi vakillari, ekspert va mutaxassislar, yurtimizning yetakchi oliy ta’lim muassasalari olimlari, akademiya professor-o‘qituvchilari, yosh tadqiqotchilar hamda kursantlar ishtirok etdi. O‘quv dargohi boshlig‘ining birinchi o‘rinbosari, yuridik fanlar doktori, professor Baxtiyor Rajabov so‘z olib, mamlakatimizda oila institutining huquqiy asoslarini mustahkamlash borasida amalga oshirilayotgan islohotlarga to‘xtaldi.

Ilmiy-amaliy anjumanda dolzarb mavzu qizg‘in muhokama qilindi. Soha mutaxassislarining “Oilaviy munosabatlarda er-xotin mas’uliyatini huquqiy ta’minlash masalalari”, “Nikoh tuzish tartibi: milliy va xorijiy tajriba”, “Oila sudyalari” oilaviy nizolar sonini kamaytirishga xizmat qiluvchi kafolatdir”, “Oilaviy munosabatlarda farzandlar ta’lim olish huquqining kafolatlanishi”, “Oilalar barqarorligini ta’minlashning tashkiliy-huquqiy mexanizmlari”, “Fuqarolik holati dalolatnomalarini yozish organlarida oilaviy munosabatlariga doir yuridik faktlarni qayd etish masalalari”, “Ayrim toifadagi oilalarga yer uchastkalarining ajratilishi – bugungi kun talabi” mavzularidagi ma’ruzasi tinglandi. Muhokama markazidagi masalalar, bildirilgan fikr-mulohazalar asosida oila institutini rivojlantirishga qaratilgan taklif hamda tavsiyalar ishlab chiqildi.

ХИТОЙ ОЛИЙ СУДИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА МИРОБОД ТУМАНЛАРАРО СУДИГА ТАШРИФИ

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ХIX йиғилиши доирасида Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжан Цзюнь бошчилигидаги делегация аъзолари фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида бўлишди.

Меҳмонлар дастлаб  суд биносида фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Жумладан, суд заллари, видеоконфренцалоқа имкониятлари, оналар ва болалар хоналари, кутиш заллари ҳамда электрон тўлов маълумотларини яратиш ойналари, шунингдек, суд тизими ҳақидаги маълумотлар ва имкониятларни тарғиб қилувчи видеороликлар намойиши учун мониторлар делегация аъзоларида унитилмас таассуротлар бахш этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон Фармонига асосан оилавий ажралишларнинг олдини олишда медиаторлик институтининг ролини кучайтириш борасида ҳуқуқий эксперимент тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида ажримларга оид ишларни кўриб чиқувчи махсус хона “Медиация маркази”нинг ташкил этилганлиги, бу ерда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар вакиллари эр-хотинлар билан учрашувлар ўтказилиши, тарафларга оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, оилавий муносабатларнинг миллий қадрият сифатида эътироф этилиши, фарзандларнинг оила бағрида ота-она меҳридан тўйиниб улғайиши борасида мутассадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташвиқот ишлари олиб борилиши, бунинг самараси ўлароқ ҳудудда ажримлар статистикасининг кескин камайганлиги юзасидан реал маълумотларга асосланган тақдимот меҳмонларда алоҳида таассурот ва қизиқиш уйғотди.

Мулоқотларда делегация вакиллари билан суд тизими, уни ислоҳ қилиш, хорижий амалиётдан келиб чиқиб ижобий тажрибаларни интеграция этиш юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди.

СЕРГЕЛИДА ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Бугун Сергели тумани ҳокимлигида ташкил этилган сайёр қабулда пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалалар бўйича мурожаатларни ўрганишди.

 

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари, туманлар суд раислари, судьялар ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қизиқтирган мурожаатларини ўрганишди.

Жумладан сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Ёриев, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Н.Хидиров, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси З.Бобонов, жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси Б.Тошпўлатов, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Д.Дадаханова, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғ.Эргашев томонидан Сирғали, Янгиҳаёт, Бектемир туманлари аҳолиси қабул қилинди.

Сайёр қабулда судлар томонидан 27 нафар фуқаро  қабул қилинди. Мурожаатларнинг 20 таси фуқаролик, 7 таси жиноят соҳасига тегишли бўлди.   Барча мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, айрим мурожаатлар назоратга олинди.

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР АМАЛДА

Суд тизимидаги муҳим ислоҳотлардан яна бири Ахборот-коммуникация мониторинги Вазиятлар маркази ва Жамоатчилик билан ҳамкорлик марказининг ташкил этилганлигидир. Ушбу марказнинг асосий вазифалари Республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш, ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш, суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш этиб белгиланди.

Жамоатчилик билан ҳамкорлик марказининг асосий вазифалари эса, аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш, суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган материалларга, ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, суднинг расмий веб-сайтларида унинг фаолиятига алоқадор матнли, фото, аудио ва видео материаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб боришдан иборатдир.

Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишда барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш бўйича Бош прокуратура ва Олий суднинг таклифлари маъқулланди.

Янги механизмни жорий этиш таклифларида Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари ва туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди.

Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш, суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг хукуклардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланиши, ҳар бир ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда тегишли туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат Маслаҳат кенгашлари ташкил этилиши, бу кенгашлар ўзаро муҳокама асосида ўта мураккаб тоифадаги ишларнинг ечимини топиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашиши билан улар фаолиятининг натижадорлиги таъминланади.

Хабиба Худайбердиева,

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси

СЕУЛ БОҒИДА САЙЁР ҚАБУЛ

Учтепа туманида жойлашган “Сеул” боғида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг туманларда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвалига асосан Чилонзор, Учтепа, Яккасарой туманлари аҳолиси учун сайёр қабул бўлиб ўтди.

 

Унда пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалалар бўйича мурожаатлари эшитилди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар судлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қизиқтирган мурожаатларини ўрганишди. Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжақулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси  У.Алмамедов фуқароларни шахсан қабул қилиб, суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан арзларини эшитишди. Муржаатчиларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, вақт талаб этадиган аризалар назоратга олинди.

Қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисоблаш, судларда қўшилган қиймат солиғини ундириш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари ҳамда соҳа мутахассислари билан биргаликда “Қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисоблаш, судларда қўшилган қиймат солиғини ундириш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Семинарни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И. Алимов бошқарди. Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди раисининг ўринбосари М.Султонов “Иқтисодий судларда қўшилган қиймат солиғини ундириш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда юзага келаётган муаммолар”  ва Фискал институти “Солиқ ва солиққа тортиш” кафедрасининг доценти А.Валиев “Қўшилган қиймат солиғи тушунчаси, солиқ тўловчилар, солиқ солиш объекти ва солиқ солиш базаси” мавзуларида маърузалари тингланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи А.Нусратов, бош инспекторлар Б.Аъзамов ва И.Севинчов, катта инспектор Г.Қаршиевалар сўзга чиқиб, қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби, гувоҳнома, ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби, қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби ҳамда солиқ солиш мақсадида ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш ва лозим даражада эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида тушунча бердилар.

Солиқ маслаҳати ташкилоти МЧЖ раҳбари А.Мухамедбаев  қўшилган қиймат солиғи бўйича тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишлар юзасидан таклифларини ўртага ташлади.

Мавзулар юзасидан иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

СУД ФАХРИЙСИ ХОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

Кексалар холидан хабар олмоқлик халқимизнинг энг улуғ қадриятларидан биридир. Бугунги кунда суд тизимидан нафақага чиқиб, ҳозир ҳам ватанга, халққа хизмат қилаётган фидоий ҳуқуқшунослар кўпчиликни ташкил этади. Шундайлардан бири жорий йилда 70 ёшни қарши олаётган Мухтабар Ҳакимовадир.

М.Ҳакимова узоқ йиллар суд тизимида ишлаган. Хусусан, кўп йиллар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, шаҳар фуқаролик  судларида меҳнат қилган. Фуқаролик муносабатларида адолат ва ҳақиқатни тиклаган.

Айни пайтда ҳам М.Ҳакимова пойтахтимиздаги хусусий банкларидан бирида юрист сифатида ишлаб келмоқда. Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьялари М.Бобораимова ҳамда А. Худойбергановалар ая меҳнат қилаётан муассасада бўлиб, Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида суд фахрийси холидан хабар олишди. Хотиралар ёдга олинди. Самимий суҳбат қурилди. Кўрсатилган бу эътибордан М.Ҳакимова бениҳоя шодланди. Шогирд судьяларга энг эзгу тилакларини билдириб, дуога қўл очди. Юртимизга тинчлик, тараққиёт тиланди. Кексалар дуосида эса гап кўп…

УНИВЕРСИТЕТДА САЙЁР СУД

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси А.Ҳакимов томонидан сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Кун тартибидаги масала бўйича фирибгарлик жинояти билан судланган 2 нафар судланувчининг иши сайёр судда кўриб чиқилди. Биринчи судланувчи 1999 йили туғилган Ш.М. муқаддам икки маротаба судланган бўлиб, танишига божхонада мусодара қилинган ва арзон нархдаги “Chevrolet Monza” русумли автомашинани бир ҳафта муддат ичида 9.000 АҚШ долларига олиб беришини ваъда қилиб, алдаб, жабрланувчи ишончига кириб, 2023 йил 15 декабрь куни Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 34-уйда бўла туриб, 9.000 АҚШ доллари ҳисобидан жами 111.000.000 сўм пулларни пластик картасига тушириб олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Сайёр судда судланувчининг қилмишлари муҳокама қилинди. Ва якунда унга нисбатан ҳукм ўқилди. Хусусан Ш.М.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ,”б” бандлари билан айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. ЖК 59-моддасининг 8-қисми ва 61-моддаси тартибида ушбу ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг.2024 йил 23 январдаги ҳукмига кўра тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ЖКнинг 62-моддаси тартибида қамоқда сақланган бир кунини озодликни чеклашнинг бир кунига тенглаштириб чегирилиб, узил-кесил ўташи учун 1 йил 11 ой 29 муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

1990 йилда туғилган Й.И. иши ҳам фирибгарлик жинояти билан боғлиқ. У ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2020 йил январь ойи ўрталарида танишига “Фарход бозори” қаршисидан янги қурилаётган кўп қаватли турар жой биноларидан хонадон олиб беришини ваъда қилиб алдаган ва жами 9.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Й.И.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Сайёр суд натижаларидан талабалар ўзларига хулоса чиқаришлари лозимлиги таъкидланди

Skip to content