Қидирув:

ҚИРҒИЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ПОЙТАХТ СУДЛАРИ БИЛАН ТАНИШУВИ

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзолари, судьялар ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси вакилларидан иборат делегация аъзолари бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани судлари фаолияти билан танишди.

Делегация аъзоларини Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов,  жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси Т.Обидов ва бошқа масъуллар кутиб олди.

 Меҳмонлар дастлаб, судларда яратилган рақамли технологиялар имкониятлари, суд заллари, болалар хонаси, судьялар ва тарафларга яратилган шароитлар билан танишди.

Худди шунингдек, қирғиз делегацияси аъзолари фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Медиация хонасида икки томонлама фикрлар алмашилди.

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –  фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани суди раиси Б.Сагатов, судья Н.Захидовалар меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Пойтахт судлари билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

САМАРАЛИ ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари Н.Байзакова ва Ю.Фозиловалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси миллий кадрлар захирасига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари билан учрашув ўтказишди.

Миллий кадрлар захирасига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари ҳар хил соҳа вакиллари бўлганлиги сабабли учрашув қизғин ва мазмунли, савол-жавоб баҳс мунозараларга бой руҳда ўтди.

Халқнинг мушкулини осон қилиш, яшаш тарзини яхшилаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тадбиркорликни яшовчанлигига эришиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласидаги таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилиш  иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Талабалар амалиётда

Мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий  ҳаётида туб ўзгаришлар содир бўлмоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотларда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши муҳим ўрин тутади. Ҳар бир мамлакатнинг ривожланиши ёки аксинча, инқирозга юз тутиши мамлакатдаги таълим тизимининг қай даражада такомиллашганига боғлиқ.

Шу маънода ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш учун суд процессларида уларнинг  иштирок этиши таъминланмоқда.

Жумладан Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Ш.Эрметова ва Й.Норбековлар томонидан ўтказилган суд процессларида иштирок этган Тошкент давлат  юридик университети талабалари амалиётда суд жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Судьялар талабаларга  иқтисодий суд ишларини юритиш принциплари, иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби, суд муҳокамасининг ошкоралиги, тарафларнинг тортишувчанлиги ва  тенг ҳуқуқлилиги, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида амалий тушунчалар беришди.

ЖОЙЛАРДА “ХОНАТЛАС” ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Оила ва хотин қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилаётган “Нафосат” кўрик танлови негизида жорий йилнинг 8-14 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар,  вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда  “Хонатлас” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва ҳамиша барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилишга қаратилган ушбу ҳафталик доирасида турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

 

Суратларда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялари ва ходималари.

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ – МЕНИНГ СУДЬЯМ

Тошкент шаҳар “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 114-умумтаълим мактабида тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари, “Мевазор”  маҳалла хотин-қизлари, маҳалла фуқаролари ва фаоллари иштирок этди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Ш.Эрметова  жорий йилнинг Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурининг мазмун моҳияти, оила ва жамият ҳамкорлиги ҳақида тадбирда қатнашаётган хотин-қизларга ушбу қарорнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириб ўтди.

 

Шунингдек, аёлларга нисбатан ўтказилаётган тазйиқ ва зўравонлик, оиладаги жанжал ва келишмовчиликларнинг туб моҳияти нимадан бошланиши масалаларига алоҳида тўхталиб, бу ҳолатларга барҳам бериш йўллари ҳақида гапирди.Тадбир иштирокчиларига бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорларни қийнаётган¸ ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, судга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилди.

Шунингдек, судья Ш.Эрметова ўз чиқишида Янги  Ўзбекистон  Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш,  миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш каби  чора-тадбирлар борасида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлади.

 

  Учрашувда  Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси  Ш.Джамолов тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан  боғлиқ ишлар юзасидан йиғилганларга ҳуқуқий тушунтириш берди.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш учун бу каби тадбирлар аҳамияти ҳақида  сўз юритилиб, судьялар маҳалла аҳлини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтаришди.

 

Учрашув давомида жами 10 нафар фуқаронинг муаммолари ва уларни қийнаётган саволлар кўриб чиқилди.

Skip to content