Қидирув:

УЙНИ ҲАДЯ ҚИЛИШДА ТУРМУШ ЎРТОҒИДАН РОЗИЛИК СЎРАЛМАЙДИМИ?

— Синглим ажрашяпти. Эри ўтган йили ҳеч кимга айтмасдан уйини опасига ҳадя қилиб берган экан. Лекин ўзи ҳам, фарзандлари ҳам «прописка»да борлар. Айтингчи, ажрашишса, уйда уларнинг ҳақи бўладими? Оила аъзолари айтмай, уйни ҳадя қилиш мумкинми? Хотиннинг розилиги сўралмайдими?

Исми сир тутилди

Зулфия Нуралиева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

 

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

 

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

 

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Нотариус томонидан ҳадя шартномасини расмийлаштириш жараёнида эр ёки хотиндан бири чақиртирилиб розилик аризаси олинмаган бўлса, демак бу умумий мулк бўлмаган.

 

Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

 

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

 

Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

 

Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

 

Меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар жойида рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин.

 

Мулкдорнинг вояга етмаган оила аъзолари яшаётган турар жойни, уларнинг ота-онаси бўлмаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан бошқа шахсга бериш мумкин.

 

Хусусийлаштирилган квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва уй-жойнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахслар ҳам уларнинг умумий мулки бўлмиш хусусийлаштирилган квартира ёки уйга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тенг ҳуқуқларга эга бўладилар ва тенг мажбуриятларни бажарадилар.

 

Хусусийлаштирилган квартирани ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага, арендага бериш квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзоларининг ва квартирани ёки уйни хусусийлаштириш учун розилик берган шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади. Уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахснинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи унинг вафотидан кейин очиладиган мерос таркибига кирмайди. Хусусийлаштирилган уй-жой мулкдорининг вояга етмаган оила аъзолари манфаатларини уларнинг ота-онаси, улар бўлмаган тақдирда эса васийлик ва ҳомийлик органлари ифодалайди.

 

Хусусийлаштирилган бир квартира ёки уйда турар жой мулкдорлари яшай олмайдиган ҳолда, суднинг қарорига биноан мулкдорлардан бири кўчирилиб, бошқасининг зиммасига квартира ёки уйнинг тегишли қисми учун кўчирилган мулкдорга суд ишни кўриб чиққан кундаги бозор баҳосида пулини тўлаш ёки унинг умумий мулкдаги улушига мос келадиган бошқа турар жойни сотиб олиб бериш мажбурияти юкланиши мумкин.

 

Уй ёки квартиранинг мулкдори, унинг оила аъзолари, у билан доимий яшаётган фуқаролар ва собиқ оила аъзоси ўртасидаги турар жойдан фойдаланиш ҳамда қилинган харажатлардаги улуш миқдори ҳақидаги низолар суд тартибида ҳал этилади.

ҲИМОЯ ОРДЕРИ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?

— Оилам нотинч бўлгани сабаб, менга ҳимоя ордери берилган эди. Ҳимоя ордери талабига риоя килмаганлиги сабабли эрим жавобгарликка тортилди, аммо фойдаси бўлмаяпти. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Исми сир тутилди

Хуршид Содиқов, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси:


— “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни амалга киритилди.
Ушбу қонунда бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги, хусусан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (30 кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермаганлиги сабаб сифатида баён қилинган.


Қабул қилинган қонун билан эса эндиликда аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя ордери муддати бир йилгача жиноят ишлари бўйича судлар томонидан узайтирилиши белгилаб қўйилди.


Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома бўйича тўпланган материал судга келиб тушган вақтдан эътиборан 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда зўравонлик содир этган ёхуд шунга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади, судья иш материаллари билан танишиб чиқиб, иш якуни бўйича қарор қабул қилади.


Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.

 

Муддатларнинг бир йилгача белгиланиши аёлларимизга етарли даражада психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам берилиши ва иш билан таъминланишига хизмат қилади.

ЙПХ ХОДИМИ ФОРМАСИ ВА НИҚОБДА ОДАМ ЎҒРИЛАГАН ЖИНОИЙ ГУРУҲ

Боши бир маротаба деворга урилган киши қайта жиноят “кўча”сига қадам босмайди. Бироқ танлови яна шу “йўл” бўлганлар ҳам етарлича. Гап шундаки, 1994 йилда туғилган судланувчи муқаддам “ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”, “савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш”, “мансаб сохтакорлиги” жиноятлари билан судланиб, озодликдан маҳрум қилинган. 1981 йил туғилган судланувчи эса муқаддам “фирибгарлик” жинояти учун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бу икковлонга бош бўлган – 1980 йилда туғилган cудланувчи тўртинчи жиноий шериги 1997 йилда туғилган судланувчи билан олдиндан жиноий тил бириктиришади…  

 

— 1994 йилда туғилган cудланувчи билан учрашиб қолдик. У “иш бор, бир шахсни қўрқитиб, қарз пулни ундириш керак”, деди. 1980,  1997 йилда туғилган cудланувчилар билан кейинроқ учрашдик. 1994 йилда туғилган cудланувчи эскироқ автомашина сотиб олишимни айтди, танишимдан «ВАЗ 2101» русумли автомашинани сотиб олдим, уй ва «Equinox» русумли автомашинани ҳам ижарага олдик. Иккаламиз дўкондан электрошокер сотиб олдик. Автомашиналар, уй, электрошокер учун пулни 1994 йилда туғилган cудланувчи берди. Тўрт киши бўлиб, архив биноси ёнида жабрланувчини кутиб турдик, – дейди судда айбига тўлиқ иқрорлигини билдирган 1981 йил туғилган cудланувчи. 

 

Соат 09:50 да 1980 йилда туғилган cудланувчи бошқарувидаги “ВАЗ 2101” русумли автомашинада ўзларига қулай бўлган манзилга бориб, автомашинани панароққа жойлаштиришади. 1994 йилда туғилган cудланувчи ўзида шубҳа уйғотмаслик учун аввалдан тайёрлаб қўйилган ЙПХ ходими махсус кийимини кийган ҳолда, архив биносининг олдида хизмат ўтаётган ходим сифатида ҳаракатланиб келаётган фуқаро бошқарувидаги “Volkswagen ID.4 X” русумли автомашинасини қўлида бўлган махсус милтилловчи таёқча ёрдамида тўхтатади. Жабрланувчига автомашинанинг юкхонасини текшириш баҳонасида уни автомашинадан туширган.

 

— МЧЖда савдо бўлим бошлиғи лавозимида ишлайман. Автомашинамда ишга кетаётганимда ЙПХ ходими тўхтатди. Автомашинамнинг юкхонасини очишимни сўради, автоматик равишда очдим. Шунда ЙПХ ходими автомашинадан тушишни сўради. Рус тилида “план перехват бўлаяпти”, деди. Тушган вақтимда автомашинам орқа тарафида турган “ВАЗ” автомашинасидан қора рангли кийим кийган, юзларига ниқоб тақиб олган икки нафар шахс келиб, пистолет ўқталиб, электрошокер билан қўрқитди. Дўқ-пўписа қилган ҳолда автомашинам орқа ўриндиғига ўтказишди, – дейди жабрланувчи.

 

Гап шундаки, уларнинг олдига панада, қулай вазиятни пойлаб, 1980 йилда туғилган cудланувчи бошқарувидаги “ВАЗ 2101”да алоҳида вазифаларни бажарувчи отряд ходими сифатида аввалдан тайёрланган махсус кийимни кийиб, пневматик пистолет, қўл кишани ва электрошокер билан қуролланган ҳолда ўтирган 1997 ва 1981 йил туғилган судланувчилар етиб келишган. Қўлларидаги пневматик пистолет ва электрошокер билан фуқарони қўрқитиб, қўлига киша тақиб, кўзини боғлаб, бошига эса халта кийгазиб, унинг ёнида бўлган 7 000 АҚШ долларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишган.

 

1994 йилда туғилган cудланувчи фуқарога тегишли “Volkswagen ID.4 X”ни бошқариб, орқа ўриндиққа ожиз аҳволда ўтказиб, боши эгик ҳолатда ушлаб келинган жабрланувчидан келгусида кўпроқ пул маблағи талаб қилиш мақсадини кўзлашади ва ўзлари олдиндан ижарага олган “Chevrolet Equinox” русумли автомашина турган жойга олиб келишган. Жабрланувчини “Chevrolet Equinox”га ўтказиб, шу ерга етиб келган 1980 йилда туғилган cудланувчи билан биргаликда уни олдиндан ижарага олинган хонадонга ўғирлаб олиб бориб, зўрлик ишлатиб, қўл ва оёқларини боғлаб қўйишади. 1994 йилда туғилган cудланувчи жабрланувчига тегишли автомашинани бошқа туманда жойлашган кўп қаватли уйлар олдига ташлаб кетади.

 

Тўртовлон жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўша уйда жабрланувчидан мулкий манфаатдор бўлиш мақсадида, унга ва унинг оила аъзоларига зўрлик ишлатиш билан қўрқитган ҳолда, руҳий тушкунликка тушишига эришишади.

 

— Уларнинг кийимлари ва қўлидаги қуролига кўра ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари деб ўйладим. Шу сабабли уларга қаршилик кўрсатмадим. Қандайдир бир хонага олиб киришди. Кўзимга ўралган скотч бошимни жуда қаттиқ сиқиб, кучли оғриқ бергани сабабли скотчни ечишларини илтимос қилдим. 10-15 дақиқадан сўнг қора кийим, ниқобда ва кўзойнак таққан бир шахс келиб, рус тилида 500 000 АҚШ доллари беришимни талаб қилди. Бунақа пулим йўқлигини айтсам, “бермасанг бармоқларингни битта-битта чопишни бошлайман, оила аъзоларингни ўлдираман”, дея қўрқитди. Қўрқиб, 150 000 АҚШ доллар беришимни айтдим. Пулни ишхонамдаги аёл олиб келиб беришини айтдим, рози бўлди. Уларни алдасам ўша жойнинг ўзида мени ўлдириш билан яна қўрқитишди. Танишим пулларни олиб келди, у шубҳаланмаслиги учун мени автомашинанинг олд ўриндиғига ўтказиб, қўлим ва кўзимни ечишди. Қалтис ҳаракат қилмаслигимни талаб қилиб, орқадан пистолет тираб туришди. Аёл автомашина ойнасидан пакетдаги пулларни берди. Автомашинани ҳайдаб кетаётганларида қўйиб юборишларини сўрадим. Бироқ автомшина ўтирғичини олдинга тортиб, суянчиғини орқага тушуришни талаб қилишди. Орқада ўтирганлар бўғиб ўлдиришади, деган ўйда автомашина эшигини очдим ва юриб турган автомашинадан бақириб сакрадим. Автомашина ичида “ушла, ур, от уни”, деган овозлар эшитилди. Улар автомашинадан тушмасдан ҳаракатланиб кетишди. Ўша ерда бўлган фуқаролардан ёрдам сўраб, дастлаб укамга, кейин ИИБга хабар бердим, – дейди жабрланувчи.

 

Шу куни қурилиши тугалланмаган бинонинг олдида жабрланувчининг таниши олиб келган 115 000 АҚШ долларини товламачилик йўли билан эгаллаб, пулни ўзаро тақсимлаб, воқеа жойидан яширинишган.

 

— Чилонзор туманидаги кўчаларнинг бирида тўхтадик. 1994 йилда туғилган cудланувчи пакетдан бир пачка 10 000 АҚШ доллари олиб, менга берди. У ва 1997 йилда туғилган cудланувчи такси тўхтатиб кетишди. 1994 йилда туғилган cудланувчи билан бирга Қозоғистонга қочиб кетмоқчи бўлганимизда ушлашди, – дейди 1981 йил туғилган cудланувчи. 

 

Аброр Саидов, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси:

 

— 1980 йилда туғилган cудланувчи ЖКнинг 137-моддаси (одам ўғрилаш) 2-қисмининг “б, в” бандлари, 28,164-моддаси (босқинчиликда ташкилотчи) 2-қисмининг “а, б, в” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисмининг “а” банди, 28,267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочишда ташкилотчи) 2-қисмининг “б, в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди ва 15 йил озодликдан маҳрум қилиди.

 

Қолган уч нафар судланувчилар “одам ўғрилаш”, “босқинчилик”, “товламачилик”, “транспорт воситасини олиб қочиш” жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. 1997 йилда туғилган cудланувчига 13 йил 6 ой,  ва 1981 йилда туғилган судланувчига 13 йил 9 ой, 1994 йилда туғилган cудланувчига эса 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувилардан солидар тартибда жабрланувчи фойдасига 437 139 548 сўм ундирилиши белгиланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби

ТИЛХАТДАГИ ВАЪДАНИНГ МАЖБУРИЯТИНИ ЮКЛАШ УЧУН СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛСА БЎЛАДИМИ? 

— Турмушимдан ажрашганман, уйга киритиб қўйиш ҳақида суд қарори бор, аммо “хона кам” деган важ билан киритишмаган. Ҳақимни талаб қилаверганим учун қайнонам судда «икки хонали уй солиб берамиз», деб тилхат ёзиб берганди. Аммо ярим йилдан буён на уйга киритади, на сўзида туради. Қўлимдаги тилхат билан яна судга мурожаат қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Дурдона Абдуқахарова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Қайнонангизнинг тилхат ёзиб берганлиги асосида судга унга нисбатан “икки хонали уй солиб бериш” мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Ушбу тилхат мақбул далил бўлишига суд баҳо беради.

 

ФПКнинг 251-моддасининг биринчи қисмига асосан, суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётганида далилларга баҳо беради, иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланганлигини ва қандайлари аниқланмаганлигини, бу иш бўйича қандай қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати қўлланилиши кераклигини ҳамда арз қилинган талаб қаноатлантирилиши лозимлигини ёки лозим эмаслигини аниқлайди.

 

Шундай бўлса-да, уйга киритиб қўйиш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритиш янгидан тиклаш ҳақида тегишли Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишингиз тавсия этилади.

 

Уй камлиги ва жанжал қилавериши оқибатида уйга кириб яшаш ҳуқуқидан сиз маҳрум бўлмоқдасиз.

 

Уйга кириб яшасангизгина қайнонангиз сизга икки хонали уй солиб бериши мумкин бўлади.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 74-моддасига кўра, ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжати ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси белгилаган муддатда ижро этилмаган тақдирда, кўчириб киритиш давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади.

 

Кўчириб киритиш давлат ижрочиси томонидан ундирувчининг ижро ҳужжатида кўрсатилган хонага монеликсиз киришини ва унда яшашини таъминлашдан иборат бўлади. Бунда қарздорга мажбурий кўчириб киритиш амалга оширилаётгани ва у ундирувчининг яшашига монелик қилмаслиги шарт эканлиги тушунтирилади.

 

Ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ижро этилишига қарздор монелик қилган тақдирда, ижро ҳаракатлари холислар иштирокида, зарур ҳолларда эса – ички ишлар органлари ходимларининг кўмагида амалга оширилади. Ундирувчининг яшашига монелик қилиш кейинчалик ҳам давом этса, мазкур ҳаракатлар яна амалга оширилади ва қонунда назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.

 

Ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш давлат ижрочиси томонидан кўчириб киритиш тўғрисида далолатнома тузиш орқали расмийлаштирилади.

 

Агар ундирувчининг тегишли хонадан ҳар куни монеликсиз фойдаланиш имконияти таъминланган бўлса, ижро ҳужжати ижро этилган ҳисобланади.

 

Агар ундирувчини кўчириб киритиш тўғрисида далолатнома тузилганидан кейин қарздор ундирувчининг яшашига яна монелик қилса, ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритиш янгидан тикланиши мумкин.

 

Ижро ҳужжати бўйича қарздор бўлмаган шахс ундирувчининг яшашига монелик қилса, ижро иши юритиш қайта тикланмайди. Бундай ҳолда кўчириб киритиш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал қилинади.

ЖИЯН БУВИДАН ҚОЛГАН ҲОВЛИГА ЭГА ЧИҚИШИ ТЎҒРИМИ?

— Онам тоғам билан бирга ота-онасидан қолган ҳовлини тенг иккига бўлиб яшаб келишган. Яқинда тоғам вафот этди. Шундан кейин ўғли бошқа тоғаларим улушидан воз кечганини айтиб, онамнинг уйдан чиқиб кетишини талаб қилди. Судга мурожаат қилсак, уйни тенг иккига бўлиш тўғрисидаги қарор эскирган дейишди. Янгилаб туришимиз керак экан. Энди нима қилсак бўлади?

Исми сир тутилди.

Дилшод Хасанов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 1150-моддасига кўра, меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.

 

Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

 

Саволдан кўринишича, ҳозирда меросни тақсимлаш борасида меросхўрлар ўртасида низо келиб чиққан. Шу сабабли меросни тақсимлаш ва мерос улушларини аниқлаш учун меросхўрлар судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, мазкур низо юқорида кўрсатилган қонун нормасига асосан судда кўриб чиқилиши лозим.

 

Мерос мулкини ёки бошқа улушли мулкни тақсимлаш тўғрисидаги қарор ёки бошқа шу каби ҳужжатнинг эскириши амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган.

ОТА БОЛАСИ БИЛАН МАКТАБДА КЎРИШИШИГА ОНАНИНГ ҚАРШИЛИК ҚИЛИШИ ТЎҒРИМИ?

— Мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Ўқувчиларимдан бирининг ота-онаси ажрашган. Унга отаси алимент тўлар экан. Суд қарорига кўра, шанба, якшанба кунлари ота фарзанди билан кўришиб туриши белгиланган. Лекин боланинг онаси бунга қаршилик қиляпти. Шу сабаб ота ўғлини кўриш учун мактабга келса, онаси “боламнинг отаси билан кўришишига рухсат берманг”, деб талаб қиляпти. Отаси эса “кўраман”, деяпти. Шу вазиятда қандай йўл тутишим керак? Онасининг кўришмасин дейиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Ота-онанинг фарзандлари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Оила кодекси билан тартибга солинган. Ушбу кодекс 71-моддасига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.

 

Мазкур кодекснинг 76-моддасига кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

 

Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.

 

Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

 

Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

 

Агарда ўқувчингизнинг отасига суднинг ҳал қилув қарорига асосан фарзанди билан учрашиш вақти ва тартиби белгиланган бўлса, бунга боланинг онаси қаршилик қилмаслиги лозим. Бундай учрашув тартибининг суд қарори асосида белгиланишидан кўзланган мақсад ҳам мажбурий тусга эга эканлигидир.

 

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасининг 1-қисмига кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилади.

 

Ушбу қонун талабларига кўра, агарда ўқувчингизнинг онаси отасига боласи билан учрашишга қаршилик қилаётган бўлса, ота ҳал қилув қарорининг мажбурий ижросини таъминлаш учун мактабга келиши эмас, тегишли мажбурий ижро бўлимига мурожаат қилиши лозим. Мажбурий ижро бўлимидан суд қарорининг ижросини таъминлаш чоралари кўрилади ва бунга боланинг онаси томонидан қаршилик бўлган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи ҳал этилади.

 

Бола билан учрашишга қаршилик қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилган-тутилмаганлиги юзасидан саволга жавобан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддасининг 2-қисмига кўра, қарздорнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш ёхуд бу ҳаракатларни бажаришдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши маълум қилинади.

 

Шунингдек, Жиноят кодексининг 232-моддасининг 1-қисмига кўра, муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Бундан ташқари, Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сон қарори 7-бандининг 9-10-қисмларига кўра, суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.

 

Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши мумкин.

 

Ўқувчининг онасининг боласини отасига кўрсатмасликни талаб қилиш ҳақ-ҳақли эмаслиги масаласи юзасидан бу ҳолат қонунчиликда назарда тутилмаганлиги, ҳуқуқларни чеклаш қонунда белгиланган асосларга кўра ва фақат суд қарори билан йўл қўйилиши маълум қилинади.

 

Лекин бу отанинг фарзанди билан суд қарорида белгиланган учрашиш вақтини мактабга келиб талаб қилишга ҳақли эканлигини англатмайди.

 

Аввало, суд қарорида учрашишнинг аниқ вақти ва ишнинг ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда учрашиш жойи белгиланади.

 

Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сон қарори 7-банди 6-хатбошисига кўра, боладан алоҳида яшаётган ота-онанинг ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда у билан кўришишда, шунингдек вояга етмаганнинг шу ота-она билан кўришиш ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб, суд ҳар бир аниқ ишнинг ҳолатларини инобатга олиб ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрилиш тартибини (вақти, жойи, кўришиш давомийлиги ва ҳ.к) баён этиши лозим.

 

Агарда суд қарорининг ижроси жараёнида бола билан учрашиш тартиби, хусусан, учрашиш жойи юзасидан тушунмовчиликлар юзага келган тақдирда бу ҳолат судга ҳал қилув қарорининг ижроси юзасидан тушунтириш бериш ҳақидаги аризага асосан суд ажрими асосида ҳал этилади. Яъни, бола билан учрашув жойи борасида низо юзага келган тақдирда бу ҳолат ота томонидан ўзбошимчалик билан ҳал этилмаслиги, учрашишга тўсқинлик қилмаслик ва ёрдам бериш билан боғлиқ масалалар таълим муассасаси ходимлари зиммасига юкланиши мумкин эмас.

 

Зеро, отанинг фарзанд тарбиясида иштироки фақат ҳуқуқлардан эмас, мажбуриятлардан ҳам иборат бўлиб, Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

 

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас.

 

Шу билан бирга, сиз ҳеч қандай тўсқинликсиз боланинг отасини ота-оналар мажлисига таклиф қилишга ва иштирок этишига рухсат беришга ҳақлисиз. Зотан, Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

 

Қонунчиликда белгиланган бундай ҳуқуқлар аввало, боланинг таълим жараёнидаги фаол иштирок ва ушбу жараёнга ўзини масъул ҳамда дахлдор деб ҳис қилиш воситасида амалга оширилади.

“УХЛАТИЛГАН” БОЖА

Ўзбек халқи ҳақида гап кетганда, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиш, қоқилганда суяш, кечиримлилик сингари қадриятлар тилга олинади. Афсуски, ҳаётда баъзида бунинг акси ҳам бўлиб туради.

 

Т. С. нинг ишини туман прокуратураси тергов қилаётган эди. Шундай кунларнинг бирида унинг божаси Х. Қ. ҳол сўраб уйига боради. Ўзаро гап-сўзда божаси ва унинг ўғли агарда етказилган зарарни қопласа, қамоқдан чиқиши мумкинлигини билади.

 

– Агар зарарни қопласак, божангиз ва ўғлимни қамоқдан чиқаришар экан, – дея кўз ёш қилади Т. С.нинг аёли.

 

– Гап бундай, пулни менга беринг, ўзим бориб топшириб божамни олиб чиқаман, – ёлғон гапиради Х. Қ.

 

Хуллас, Т. С. нинг аёли 117 000 АҚШ долларини унинг қўлига тутқазади.

 

Аммо Х. Қ. пулни зарарни қоплаш учун эмас, ўзининг эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборади. Шу орада божаси ва унинг ўғлига нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилади. Ана шундан кейин Т. С. нинг аёли ундан нега пулни керакли жойга топширмаганлигини сўрайди. Х. Қ. эса ҳар хил баҳоналар билан алдайди. Тўғри, 37 000 АҚШ долларини божасининг аёлига қайтариб берган. Қолган 80 000 долларни фирибгарлик билан қўлга киритган. Эри ва ўғлига суднинг ҳукми чиққанлиги, жазо енгил бўлмаганлиги, устига устак Х. Қ. алдаганлиги боис аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилади. Шундан кейин Х. Қ. га нисбатан жиноят иш қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилади.

 

– Айбимга иқрорман, – деди судда судланувчи Х. Қ. – Божамнинг аёлидан 117 000 АҚШ доллари олганим рост. Пулни бирор бир мансабдор шахсга ёки воситачига бермаганман. 80 000 долларни эса танишимга бериб юборган эдим. Етказилган зарарни тўлиқ қопладим. Қилмишимдан пушаймонман. Енгилроқ жазо беришингизни сўрайман.

 

Суд мажлисида жабрланувчи ва гувоҳлар сўроқ қилинди. Суд Х. Қ. га жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, оилавий ва моддий шароитини, қарамоғида уч нафар фарзанди борлигини эътиборга олди.

 

Х. Қ. суднинг ҳукми билан айбдор, деб топилиб, унга базавай ҳисоблаш миқдорининг 250 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

 

Шундай қилиб, божасини “ухлатган” божа ҳам судланди. Бу ҳолат бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши керак.

Фаррух ЭРГАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман судининг судьяси,

 

Азимжон ҲАКИМОВ,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

МЕРОС ҚОЛГАН УЙНИ СОТИШ УЧУН ЭРДАН РОЗИЛИК СЎРАШ КЕРАКМИ?

— Маълум сабабларга кўра яшаб турган ҳовлимизнинг бир қисмини сотмоқчиман. Уй отамдан менга мерос қолган. Эрим «прописка» қилинмаган. Лекин шундай бўлса-да, нотариусда эримни розилиги сўралиши мумкинми?

Исми сир тутилди

Анвар Хамраев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Мазкур кодекснинг 25-моддасида эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.


Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.


Эр ва хотин қонуний турмуш қурганидан кейин биргаликда орттирган мол-мулкига тенг улушда ҳақдор бўлади. Уларнинг умумий никоҳ давомида орттирган биргаликдаги мол-мулки бўлмаса, мулк улардан бири томонидан тасарруф этилганда иккинчисининг розилиги олинмайди.

 

Шу ўринда қайси ҳолатларда эр ёки хотиннинг розилиги керак эмаслигига ойдинлик киритиб ўтсак:

 

мулк никоҳдан олдин сотиб олинган бўлса; эр ёки хотин мулкни ҳадя тариқасида олган бўлса;

 

мулки эр ёки хотинга мерос бўлиб ўтган бўлса;

 

эр ёки хотинга хонадон хусусийлаштирилиши натижасида тегишли бўлган бўлса;

 

никоҳ шартномаси асосида мулк фақат бир кишига тегишли экани ёзилган бўлса.

Бундай ҳолатда, отангиздан сизга мерос бўлиб қолган уйга эрингиз томонидан мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келадиган маблағ қўшилганлиги аниқланмаса, уй сизнинг ўз мулкингиз ҳисобланиб, олди-сотди шартномасининг нотариал тасдиқланишида унинг розилиги талаб қилинмайди.

ФИРИБГАРЛИКНИ КАСБ ҚИЛГАН ШАХС ҚАМАЛДИ

Таҳлиллар сўнгги йилларда фуқаролар ўртасида фирибгарлик ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда. Аслида бировни алдаш гуноҳ. Қонун нуқтаи назаридан қараганда эса жиноят ҳисобланади. Яқинда судда шундай иш кўриб чиқилди.

 

Эндигина 30 ёшга кирган Ж. Тўраев фирибгарликни “касб” қилди. У ўзини тадбиркор деб кўрсатиб, одамларни чув туширишни одат қилди. Суднинг ҳукми билан унга бир неча марта синов муддати берилган. Сўнг эса озодликдан маҳрум этилган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармади. Ж. Тўраев ўтган йилнинг 15 февралида Яккасарой туманида жойлашган кафеларнинг бирида фуқаро Б. Халиловга “Спарк” русумли автомашинани бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиб беришни ваъда қилади. Бироқ у ваъдасини бажармаган. Пулларни эса ўзининг эҳтиёжига сарфлаб юборган.

 

Шу ўринда жабрланувчининг суддаги кўрсатмасини келтирсак: – Кафеда официант бўлиб ишлардим. 2022 йилнинг январь ойларида кафега бир мижоз келди. У билан

 

бир неча марта суҳбатлашдим. Ж. Тўраев ўзини машина олди-сотдиси билан шуғулланадиган тадбиркор сифатида таништирди. Февраль ойининг бошларида мен унга машина сотиб олиш учун пул йиғиб юрганимни айтдим. Шунда у “сизга ёрдам қиламан, хоҳласангиз “Спарк” олиб бераман”, дея 1 000 АҚШ доллари олди. Мени ишонтириш учун паспортимнинг нусхасига 1 000 АҚШ доллар олганлиги ҳақида тилхат ёзиб берди. Ўзаро келишувимизга биноан мен ҳар ойда 300 доллардан бериб туришим керак эди. Хуллас, 10 000 АҚШ доллари берганимдан кейин “Спарк”ни менинг номимга ўтказиб бериши керак эди. Бироқ у ваъдасини бажармади. “Бугун-эрта”, дея алдади. Орадан бироз вақт ўтиб, телефон аппаратини ҳам ўчириб қўйди. Шундан кейин пулларни қайтариб олиш мақсадида ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилдим. Бугунги кунда Ж. Тўраевнинг оила аъзолари томонидан моддий зарар қоп­ланган. Шу сабабли Ж. Тўраевга нисбатан ҳеч қандай даъвойим йўқ.
Суд Ж. Тўраевга жазо белгилашда барча жиҳатларни эътиборга олди.

 

Унга Жиноят кодексининг тегиш­ли моддаси тартибида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2022 йил 13 декабрдаги ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 9 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Алишер ЖАЛИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси

ТОШКЕНТДАН ОЛМАОТАГА ИШЛАШ УЧУН КЕТГАН АЁЛ ИСТАНБУЛГА БОРИБ ҚОЛДИ. УНИ ТУРКИЯДА ФОҲИШАЛИК КУТАРДИ

“Хорижда иш бор, яхшигина даромад топасиз”, дейдиган “ҳожатбарор”ларнинг ваъдаларига ишониб қолманг. Йўқса, ўзингиз билмаган ҳолда одам савдоси қурбонига айланиб қолишингиз мумкин…

 

Оиласидан ажрашган аёл ҳам опаси ва бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, бир нечта аёлларни чув туширди. Улар бир гуруҳ бўлиб, белгиланган тартибни бузиб Ўзбекистон давлат чегарасидан олиб ўтиш, Туркия давлатига алдов йўллари билан олиб бориш, сўнг уларни шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини тортиб олиш, фоҳишалик билан шуғуллантириш ва бунинг натижасида моддий даромад топишни мақсад қилади.

 

Жабрланувчини Қозоғистон Республикаси орқали Туркияга бориши ва у ерда фоҳишалик фаолияти билан шуғулланишини тўғрисидаги жиноий режасини унга маълум қилмасдан Қозоғистонда танишлари борлигини, у ерга бориб, иссиқхонада ишлашини ва яхшигина моддий даромад топиши мумкинлиги тўғрисида уни қизиқтиради. Шу йўл билан алдаб, унинг ишончига киради. Тошкент вилоятида жойлашган чегарага қадар кузатиб келиб, чегарадан ўтиши билан уни номаълум шахс кутиб олишини маълум қилиб, унга ўша шахснинг телефон рақамини беради. Жабрланувчи чегарадан ўтиб, Қозоғистон ҳудудига ўтганидан сўнг, судланувчининг жиноий шериги – номаълум шахс уни кутиб олиб, жабрланувчини “Чимкент-Истанбул” йўналиши бўйича ҳаракатланган самолётда Туркияга юборган. Жабрланувчи Истанбулга боради, уни номаълум шахс кутиб олиб, Истанбулдаги уйлардан бирига олиб боради. Унга тегишли бўлган фуқаролик паспортини тортиб олишади. Турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб, тўрт ой давомида фоҳишалик билан шуғуллантирган.

 

Судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна икки нафар жабрланувчиларни Туркияга юбориб, у ерда фоҳишалик билан шуғуллантириб, моддий даромад топишни кўзлайди. Бу жиноий режа ҳақида жабрланувчиларга маълум қилмасдан, Туркияда бола парвариши, кекса ёшдаги қарияларга қараш ва бошқа шу турдаги ишлар учун юқори миқдорда ойлик иш ҳақи тўланишини айтишади. Уларни ҳам алдаб, ишончига кириб, “Чимкент-Истанбул” йўналиши бўйича ҳаракатланган самолётда Туркияга юборган. Уларнинг ҳам фуқаролик паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик қилишлари учун сотиб олганлигини маълум қилиб, бир ой давомида турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашган. “Иш берувчи” ҳам танишига 8 000 АҚШ доллари эвазига қизлардан бирини сотиб юборган, янги “иш берувчи” ҳам жабрланувчини фоҳишалик билан шуғуллантирган.

 

— Менга аёл танишим қўнғироқ қилди, суҳбат давомида Истанбулда эканини, у ерга келганига 2 йил бўлганини, фоҳишалик ишлари билан шуғулланиб келаётганини маълум қилди. Туркияда аёл таниши борлигини, у аёл танишимдан фоҳишалик ишлари билан шуғулланишга бирор бир қиз топиб беришда танишлар топиб беришда ёрдам беришимни сўради. Туркиядаги аёл танишига рақамимни бериб қўйишини, агар қиз чиқиб қолса гаплашиб беришимни айтди. Орадан вақт ўтиб, бир аёл қўнғироқ қилди, суҳбат давомида фоҳишалик қилишга қизлар чиқиб қолса унга қўнғироқ қилишимни айтди. Унга қизиқиб кўришимни айтдим. Жабрланувчи танишим эди. У олдимга келиб, қийналганини айтиб, ёрдам беришимни сўради. Унга Туркиядаги аёлни телефон рақамини беришим мумкинлигини ва у аёл ёрдам бериши мумкинлиги айтдим, – дейди айбига қисман иқрорлик билдирган судланувчи.

“ҲЕЧ ҚАНДАЙ ДАЪВОИМ ЙЎҚ”

Иссиқхонада ишлашига ишонган жабрланувчи судда қуйидагиларни баён қилди…

— Судланувчи ва унинг опаси билан 2016 йилда танишиб қолганман. Улар билан суҳбатлашиб турган вақтимда, опаси менга Қозоғистон Республикаси Сарағач туманида иш борлигини, у ерда ишлаб яхши ойлик маоши топишим мумкинлигини айтди. Дастлаб унинг таклифига рози бўлмадим. Сабаби 3 ёшлик қизим бор эди. Ўша вақтда ҳеч қаерда ишламасдим. Судланувчи ва опаси билан телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб гаплашиб турардик. Орадан бир неча кун ўтиб, холамнинг уйига иккаласи келишди, бироқ уларни чақирмагандим. Улар Қозоғистон Республикаси Сарағач туманида жойлашган иссиқхонада ишлаш таклифини ўйлаб кўрганимни сўрашди. У ерда ишлаб, бир хонали хонадон сотиб олишим мумкинлигини айтишди.

 

Ўша вақтда уйим бўлмагани сабабли, хусусан қишлоқда яшаган вақтимда, иссиқхона ишлари билан шуғулланиб юрганлигим учун уларнинг таклифига рози бўлдим. Сўнг судланувчининг опасига қўнғироқ қилиб, розилигимни билдирдим. Судланувчи билан кўришдидм, опасининг уйига олиб борди. У ерда бир кун қолдим. Эртаси куни опасида қизимни қолдирдим. Судланувчи эса мени Тошкент вилоятидаги чегара постига олиб кетди. У ерда нотаниш эркак кутиб олишини айтиб, рақамини берди. Судланувчидан унинг телефон рақамини нима қилишим кераклигини сўраганимда, “чегарадан ўтишинг билан унга қўнғироқ қил, кутиб олади”, деди. Фуқаролик паспортим билан Қозоғистон чегарасидан ўтдим. Бироқ мени чегарадан ўтиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларим йўқ эди. Бу ҳақда судланувчидан сўраганимда, “муаммо бўлмайди”, дейишди. Чегарадан ўтишим билан нотаниш эркак кутиб олди. Ўзининг бошқарувида бўлган автомашинага ўтказиб, қаергадир олиб бориб, ўзининг ишларини бажарди. Сўнг икки қаватли темир йўл изи ёнидаги кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватига олиб кирди. Уйга кирганимдан сўнг ундан “қачондан иссиқхонада ишлайман?” деб сўраганимда “ҳозир вақтим йўқ, эртага олиб кетаман”, деди. Шу билан у хонадонда ўзим қолиб кетдим. Эртаси куни ўша шахс тушлик учун овқат олиб келди. Кеч тушиши билан у ўзининг ишларини якунлаб бўлгач, кўп қаватли уйга олиб борди.

 

Биринчи қаватига жойлаштирди, кечки овқатдан сўнг, “ухлаб дам олинг, Алматага авиачипта сотиб олишим керак”, деди. Иссиқхона жойлашган жой Алматада бўлса керак, деб ўйладим. Эртаси куни соат тахминан 04:00 ларда мени уйғотиб кетишим кераклигини айтди. У билан бирга аэропортга бордим, нотаниш аёлнинг суратини кўрсатиб, шу аёл мени Алматада кутиб олишини айтди. Самолётга ўтириб, учиб кетдим. Ёнимдаги йўловчи бир аёл қаерга ва нима учун кетаётганимни сўради. Иссиқхонада ишлаш учун Алматага кетаётганимни маълум қилдим. Шунда аёл Алматага эмас, аксинча Истанбулга кетаётганимни айтиб қолди. Ҳақиқатдан ҳам шу вақтда аэропорт бортида самолёт хизматчилари турк тилида гапиришаётганди. Ҳайрон бўлганча, Истанбулга етиб бордим. Суратда кўрсатилган тўлачадан келган, кўринишидан тожик миллатига мансуб аёл кутиб олди. Тақдирга тан бериб, у билан бирга кетдим. Мени кўп қаватли уйга олиб бориб, паспортимни беришимни сўради, дастлаб бермадим.

 

“Бир маротаба кўриб қайтариб бераман”, деди. Қўл юкимни очиб турган вақтимда, аёлнинг ёнида бўлган билишича унинг акаси сумка ушлаб турган қўлимга оёғи билан бир маротаба туртиб тепиб юборди. Қўлимдаги сумка ерга тушди ва ичидаги паспортимни аёл олиб кўздан кечирди. “Паспортимни беринг”, деганимда қайтариб бермасдан, судланувчидан мени 10.000 АҚШ долларига сотиб олганини айтди. Бу пулларни қайтаришим учун фоҳишалик қилишим кераклигини билдирди.

 

Мажбурликдан ва паспортимни тезроқ қайтариб олиб, Ўзбекистонга қайтишим учун унинг таклифига рози бўлдим. Истанбулда фоҳишалик қилиб юрган вақтларимда мижоз сифатида келган шахс билан яқиндан ташиб қолдим. Унга бўлган ҳолат тўғрисида батафсил айтиб бердим, дардимни тушуниб, Ўзбекистонга қайтишимга ёрдам беришини айтди. Кунларнинг бирида кечки вақт мен турган жойга келиб, эшик ёнида турган қоровулнинг қўлига пул бериб, спиртли ичимлик олиб келишини, у ердаги қизлар билан қолишини маълум қилди. Қоровул бинодан узоқлашиши билан менга орқа томондан пастга тушишимни ва мени олиб кетишини айтди. Шу тариқа у билан бирга қочдим. Бироқ фуқаролик паспортим у аёлда қолиб кетди. Мени олиб кетган эркакнинг яшаш хонадонига бордик. У ерда тахминан 2-3 ой муддат бирга никоҳдан ўтиб яшадик. Бу орада Туркиядаги танишлардан судланувчи Ўзбекистондан қочиб келганини эшитдим. У билан телефон орқали суҳбатлашдим, ўзаро олиб борилган суҳбатда судланувчи паспортимни олиб беришини, Ўзбекистонда қолиб кетган қизимни ёнига қайтишимни ва қандай ёрдам бўлса қилиб беришини айтиб телефонни қўйди. Вазият тақозоси билан сим картамни янгиладим. Бу орада мен билан никоҳдан ўтиб яшаган эркак Ўзбекистонга юборишини айтиб, тегишли ҳужжатларимни элчихона орқали тайёрлаб берди.

 

Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича чипта сотиб олиб берди ва ўша куни Ўзбекистонга қайтдим. Ҳозирда судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўрайман.

 

2 ЙИЛ СИНОВ МУДДАТИ БЕЛГИЛАНДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми “б,д,е,з,и” бандлари билан айбли деб топилди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 72-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Синов муддати давомида белгиланган мажбуриятларни бажармаган ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун маъмурий ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилган тақдирда ҳукмнинг шартлилиги унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан бекор қилиниб, ҳукмни ижро этиш тўғрисида ажрим чиқарилиши мумкинлиги тушунтирилди.

 

Унга нисбатан қўлланилган қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси муносиб ҳулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чорасига алмаштирилиб, суд мажлиси залининг ўзида дарҳол озод қилинди.

 

Шохдиёр Шерматов,
жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси

Skip to content