Қидирув:

“ЭРИМ УЧ ЙИЛ ЎТИБ, УЙ ТАЛАШЯПТИ”

— Турмуш ўртоғим бундан уч йил олдин бир аёлга илакишиб, у билан хорижга кетиб қолганди. Бу орада болаларга ҳам, уй-рўзғорга ҳам ўзим бош-қош бўлдим. Уй тўловларини ҳам ўзим тўладим. Яқинда эрим қайтиб келиб, «Ҳеч нима бўлмагандек яшашга рози бўлмасанг, уйдан ўз улишимни талаб қиламан», деб шарт қўйди. У билан яшашни истамайман. Уй никоҳ даврида олинган. Унинг мулкдаги улуши қандай бўлади? Уч йил оилада яшамагани ҳисобга олинадими?

Исми сир тутилди.

Зулфия БЕРДИМУРАТОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

 

Ушбу кодекснинг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

 

Мазкур кодекснинг 28-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.


Юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, сизга турмуш ўртоғингизнинг мулкдаги улуши тенг ҳисоблананишини, шунингдек, турмуш ўртоғингизнинг уч йил оилада яшамаганлиги никоҳ давомида орттирган мулкдаги улушига таъсир қилмаслигини маълум қиламан.

 

КАСАЛЛИГИ ТУФАЙЛИ ШАХС ҲУЖЖАТНИ ИМЗОЛАЙ ОЛМАСА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИЛАДИ?

— Отамиздан қолган уйни укамнинг номига расмийлаштирмоқчи эдик. Нотариусда акамнинг Паркинсон касали борлиги учун ўрнига жияним ҳужжатга имзо қўймоқчи бўлганида, нотариус бундай қилиш мумкин эмаслигини, ўзи имзолай олмаса, бу иш суд орқали ҳал қилинишини айтиб, рад этди. Акамнинг қўллари қалтирайди, мунтазам даволаниб туриши ҳақида тегишли ҳужжатлар бор. Нотариуснинг ҳаракати тўғрими? Ростдан ҳам бу иш судда кўриладими?

Исми сир тутилди

Анвар ҲАМРОЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига кўра, нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар ва бошқа ҳужжатлар нотариус иштирокида имзоланади. Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин.

 

Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш жараёни видеоконференцалоқа орқали амалга оширилиши мумкин.

 

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз барча нотариал ҳаракатларни мазкур нотариал идоранинг ўзида амалга оширишингиз тавсия этилади, судга мурожаат қилиш шарт эмас.

“ИШДАН БЎШАДИМ, МЕҲНАТ ДАФТАРЧАМНИ ЭСА БЕРИШМАЯПТИ. ШУ ТЎҒРИМИ?”

— Ўз хоҳишим билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздим. Лекин кадрлар бўлими бошлиғи меҳнат дафтарчамни бермаяпти. “Аввал икки ҳафта ишлаб берасиз, кейин оласиз”, деди. Шу тўғрими? Ишлаб беришим шартми? Агар рад этсам, меҳнат дафтарчамни беришмайдими?

Исми сир тутилди

Жасур НОРҚОБИЛОВ, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

 

Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3-бўлими 3.1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафатарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

 

Иш берувчининг айби билан меҳнат шартномасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Ходим ишдан бўшаганида меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўяди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида, Меҳнат кодексининг 7-моддасида, бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш, яъни мажбурий меҳнат таъқиқланган.

«МАКЛЕР»ГА ЧУВ ТУШДИК”

— “Маклер”лик билан шуғулланадиган бир танишим «Сотиладиган уй бор», деб уч хонали квартирани кўрсатди. Уй маъқул бўлиб, нархини келишдик. У «Пулини менга берасизлар, эгаси хорижда», деганига, қолаверса, таниш бўлганига ишониб, пулнинг ярмини бердик. Кейинроқ бизни алдагани маълум бўлди. Ички ишларга ариза ёзганимиздан кейин уни ушлашди. Ҳозир тергов кетяпти. Сўрамоқчи бўлганим, «маклер»га берган пулимизни қайтариб ололамизми?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Мурожаатингиздан аниқланишича, сизни танишингиз алдаган ҳолда пулларингизни олиб қайтариб бермаган ва мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари кетмоқда. Бундай ҳолатда тергов ҳаракатлари тугалланиб, сиздан пул олган инсон ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланса унга нисбатан жиноят иши судда кўриб чиқилади ва жиноят оқибатида етказилган зарар ундирилади.


Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга юклатилиши мумкин.


Қонунчиликда ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин.
Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозим.


Агар зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса, зарар етказган шахснинг ҳаракатлари эса жамиятнинг ахлоқий тамойилларини бузмаса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин.


Агар суднинг ҳукми билан етказилган зарар ундирилмасдан, даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш тушунтирилса, сиз юқорида қайд этилган қонун талабига кўра, тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига ушбу зарарни ундиришни сўраб мурожаат қилишингиз мумкин.

ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА ҚАЙГА БОРАСАН ДАЪВОГА

Доно халқимизда “қилмиш қидирмиш” деган нақл бор. Лекин минг афсуски, боши деворга теккан бўлса-да нафсга бўлган қулликдан чиқолмайдиганлар топилади. “Қаҳрамони”миз ҳам айни илм изидан тушадиган, келажак учун олдига катта-катта мақсадлар қўйиб, у томон дадил қадамлар қўядиган айни навқирон 18 ёшида “икки бор судланган хавфли рецидивист” деган тамға эгаси бўлиб ўтирибди…

  

Судланувчи йигит ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишга одатланган кўринади. Боис у муқаддам ҳам ўғрилик содир қилиб судланганди. Бу гал  қариндошининг шими чўнтагидан 300 000 сўмни ўғирлаган.

 

Бундан ташқари, судланувчи такроран ўн кун оралиғида яна ўша қариндошига тегишли сумкадан 25 650 000 сўмни ўмаради. “Ўзингдан чиққан балога қайга борасан даъвога”, деб шуни айтсалар керакда…

 

Судланувчи суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирди. Унинг кўрсатмасига кўра, ўзи истиқомат қилиб келаётган уйда бўлган вақтида, соат 08:30 ларда қариндоши ётган хонага кирган.

— Унга тегишли сумка ичидаги дафтарларни олдим. Шу вақтда анча пули борлигини кўрдим. Қариндошимга сумкасини олаётганим, пулларини шкафга солиб қуйганимни айтгандим. Тунги соат 03:00 ларда, ўзим истиқомат қилиб келаётган уйга келдим. Қариндошимнинг хонасига кириб, сумкасидан 25 000 000 сўмдан ортиқ бўлган пулларни олиб чиқиб кетдим. Сўнг дўстим билан кўришиб, унинг қўлига 200 000 сўм бердим. Кейин биргаликда компьютерхонага бордик. Йўл харажатларини ҳаммасини ўз ҳисобимдан тўладим. У ердан чиқиб, савдо мажмуасига бордим. У ерда дўстимга яна 500 000 сўм бердим. Бошқа дўстим билан кўришиб, кафеда овқатландик. Ушбу йўл харажатлари ва овқатланиш учун кетган пулларни ҳам ўзим тўлов қилдим. Кейин массажга кирдик, жами 1 275 000 сўм харажат қилдим. Шундан сўнггина уйга бордим. Уйда опам қариндошимизнинг пуллари йўқолганини ва мендан ҳам олган ёки олмаганимни сўради. “Пуллардан хабарим йўқ”, дедим. Сўнг ИИБ биносига боришимни айтишди, у ерда тушунтиришлар олишди, – дейди судланувчи. Қани эди бу ҳолатдан ақли бошига келиб, бироз фикр қилган бўлса, аксинча у ердан чиқиб, пинагини ҳам бузмай ўша тунда унга ҳамрохлик қилган икки дўсти билан кўришиб, тунги клубга боришади. Афсуски, бу ҳолатда ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги назорати йўқлигини билиш қийин эмас… Йўқса, тунги клубда 1 200 000 сўм сарфлаб, камига тоққа чиқиб кетишмаган бўларди. Тоққа фақатгина дўстлари билан кетишган деб ўйларсиз, бироқ ундай эмас. Ёшлар тарбиясидаги энг фожиали ҳолатлардан бирини ҳам айнан ўша тоғдаги вазиятдан билса бўлади: – Биз билан бирга борган қизлар учун ҳам 1 800 000 сўм тўлов қилдим. Ушбу тоғдаги уй учун 450 000 сўм кетди. Эрталабки соат 08:00 ларда қайтиб, ҳамма уй-уйига тарқалди. Шу вақтда дўстимга сақлаб туриш учун 5 000 000 сўм бердим ва уйга кетдим. Ўша куни дўстимга қўнғироқ қилиб, берган пулларимдан автомашина олиши ва биргаликда кўчани айланишимизни айтдим. Кейин икки нафар дўстим билан кўришиб, харажатлар учун дўстимга 2 100 000 сўм бердим. Кечки вақтда дўстимдан пулларни қолганини қайтариб олиб, ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. Шу куни икки нафар маҳалладошимга 300 000 сўм қарзимни бердим, – дея содир қилган жиноятидан гўёки пушаймонлигини билдирган… 

 

ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИ СЎРАДИ…

Жабрланувчи эса суд мажлисида қуйидагиларни баён қилди:

— Тошкентдаги университетлардан бирида ўқиётганим сабабли, 2021 йилнинг ноябридан буён тоғамнинг уйида яшаб келаётгандим. Шимимнинг чўнтагида турган 300 000 сўм ўғирланди. Лекин тоғамнинг уйида бўлгани учун бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Шундан сўнг мен билан бирга хонада ётиш учун ижарага бир йигит келди. У билан бир хонада яшадик. Тўлов шартномаси асосида ўқиётганм учун отам йўловчи автомашинаси орқали 27 450 000 сўм юборганди.

 

Пулни олгач, истиқомат қилиб келаётган уйимга келиб, пулларнинг тўлиқ эканини санаб билдим. Сумкамга пулларни солиб қўйдим. Эртаси куни эрталаб ётоқхонамга қариндошим кириб, мени уйғотди ва кетаётганини айтди. Ўрнимдан туриб, сумкам йўқлигини кўрдим. Қариндошимдан сумкам қаердалигини сўрасам, “сумкани олдим ва ичига кийимларни солдим. Пулларни шкаф ичига қўйдим”, деди. Шкафда пулларни кўрдим, бироқ орасидан қанчадир миқдори тортилгани кўриниб турганди.

 

Пулларни санаб кўрганимда жами 300 000 сўм йўқлигини билдим. Кейин ижарачи йигитни уйғотиб, ундан ҳам пулларни санаб кўришни сўрадим. 27 450 000 сўмдан 300 000 сўм кам чиққанини айтди. Ўқишга ишлатиш мақсадида 1 800 000 сўмни олдим. Шу вақтда 25 350 000 сўм қолганди. Қолган пулларни скотч билан ўраб, маҳкамлаб сақлаш мақсадида тоғамнинг аёлига бердим. Эртаси куни менга тоғамнинг рафиқаси ишга кетишини айтиб, пулни қайтариб берди. Уларни сақлаш мақсадида хонадондаги кўрпачалар орасига беркитиб қўйдим. Кейин пулларини олиб, санаб кўрганимда 25 350 000 сўм эканини билиб, қайта скотчлаб сумкамга солиб қўйдим. Шундан кейин соат 21:00 ларда ижарачи йигит билан биргаликда ишлаш мақсадида кўчага чиқиб кетдик. Шу тариқа тунги соат 02:00 ларда уйга қайтдик.

 

Телефонимдаги видеороликларни томоша қилиб ётганимда инстаграм орқали қариндошим билан ўзаро ёзишма ёзишдик. Қариндошим ухламай туришимни, у ҳам уйга келаётганини айтди. Тахминан соат 03:00 ларда ухлаб қолдим. Эртасига соат 09:00 ларда ўрнимдан туриб, сумкамдаги пул йўқлигини билдим.

 

Ижарачи йигитдан сўрасам, кўрмаганини ва ИИО ходимларига хабар беришни айтди. Уйда ҳеч ким бўлмагани учун уйда яшовчилардан сўраб кўрдим, кейин уйдан қидириб кўрдим. Топилмагач, ўқишга кетдим ҳамда шу куни кечки вақтда уйга қайтдим.

 

Қариндошим ҳам уйга келмади. Сўнг тоғамдан ҳам пулларни сўрадим, топилмади ва ИИО ходимларига хабар беришимни айтди. Пулларим ўғирлангани ҳақида ариза ёздим. Ҳозирда менга етказилган моддий зарар қопланмаган.

Жабрланувчи судланувчидан унга етказилган 25 950 000 сўмни ундириб беришни ҳамда унга нисбатан қонуний жазо тайинлашни сўради.

 

Судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида ўталмаган жазосидан қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчидан жабрланувчи фойдасига етказилган 25 950 000 сўм зарар ундирилиши, шунингдек, далилий ашё сифатида олиниб, Тошкент шаҳар ИИББ Молия бўлимига топширилган 4 624 000 сўм жабрланувчи фойдасига етказилган зарарни қоплаш учун қаратилиши белгиланди.

 

Бахтиёр АЛИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали туман суди раиси

АЛИМЕНТ УНДИРИБ БЕРИЛМАСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

— Суд алимент ундируви учун қарор чиқарган. Аммо 1 йилдан бери алимент ололмаяпман. Ижрочи ундириб бермаяпти. Нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Бекзод Гадоев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилган.


Судлар томонидан юборилган ижро ҳужжатлари бўйича давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор чиқариб, ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни бу тўғрисида хабардор қилади. Агар белгиланган муддатда қарздор ихтиёрий равишда пул суммасини тўламаса давлат ижрочиси мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширади.


Давлат ижрочиси суд ҳужжатини ижро этиш учун ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш, ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда турган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш, ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига, шу жумладан қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича унга тегишли бўлган маблағларга қаратиш, ундирувни қарздорга тегишли бўлган алоҳида мулкий ҳуқуқларга қаратиш, ундирувни қарздорнинг иш ҳақи, стипендияси, пенсияси ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш, ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздордан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш ва бошқа мажбурий ижро этиш чораларини кўради.


Амалдаги қонун ҳужжатига кўра алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари дарҳол ижро этилади.
Қарздор ихтиёрий равишда алиментни тўламаса давлат ижрочиси юқорида қайд этилган мажбурий ижро этиш чоралари қуллаган ҳолда ўз вақтида сизга алимент пулларини ундириб бериши керак.


Ҳар бир ота-она ўз фарзандларига нисбатан ғамғурлик қилиши, уларни тарбиясида иштирок этиши, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаши лозим.
Шундан келиб чиққан ҳолда алимент тўламаган ота (она)га нисбатан қонунда жавобгарлик чоралари белгиланган.


Бинобарин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекнинг 47-4-моддасига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.


Ушбу қонун талабига кўра қарздор алимент тўлашдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарликка тортилиши лозим.


Сиз дастлаб алиментни ундириш юзасидан давлат ижрочисига мурожаат қилишингиз, агар давлат ижрочиси томонидан алимент ундириш чоралари қурилмаган ҳолатда МИБнинг юқори турувчи органига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

ҲАМКАСБИНИ ЎЛДИРГАН САНЪАТКОР 11 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ…

Муқаддам ўғрилик, қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятларини ҳам содир этган 26 ёшли, оилали шахс бу гал қўлини қонга ботирди. Кишини ўйга толдирадигани – жабрланувчи ҳам, судланувчи ҳам санъат вакилларидан бўлишган…  

 

Судланувчи ўзининг истеъмоли учун танишидан гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш мақсадида, унга 350 000 сўм берган. Бироқ таниши ваъдасини бажармасдан, судланувчига гиёҳвандлик моддасини етказиб бермайди.

 

Натижада улар ўртасида бўлиб ўтган ўзаро суҳбатлар жараёнида келишмовчилик юзага келган. Бунинг замирида судланувчида танишидан ўч олиш мақсади пайдо бўлган.

 

Сўнг, судланувчи танишига қўнғироқ қилади. Унинг таклифи билан шу куни танишининг хонадонига боради. Ичкарига киргач, муқаддам уни ҳақоратлагани сабабли у билан ўзаро жанжаллашади. Уни қасддан ўлдириш мақсадида, хонадонда бўлган ошхона пичоғи билан қуролланади. Ювиниш хонасига кирган танишининг ортидан келиб, пичоқ билан унинг кўкрак қафаси ўнг томон юқори қисми, чап курак ости қисмига санчилган-кесилган жароҳатлари етказади. Танишининг ҳаракатсиз ётганлигини кўрганидан сўнг воқеа жойидан яширинган.

 

Ҳаёт учун хавфли бўлган, кўкрак қафаси чап томони орқа юзасини тешиб кирган чап ўпка ва плевра варақаларини шикастлаган санчиб-кесилган жароҳати оқибатида ички ва ташқи қон кетишдан таниши тез-тиббий ёрдам машинасида вафот этган.

 

“ҚАСД ОЛИШ УЧУН ЎЗ ВАҚТИНИ КУТИБ КЕЛДИМ”

Судда судланувчи айбига қисман иқрор бўлди…

—  2016 йилнинг ёз ойларида тўй маросимида хизматда юрганимда, бошқа бир гуруҳ аъзоларидан бири билан танишиб қолганман. Танишимнинг таклифи билан тўйхона ташқарисига чиқиб, у олиб келган наша гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилдик. Кейин у мени гиёҳвандлик воситаси билан тез-тез меҳмон қилишни бошлади. Нашани қаердан олаётгани айтмаган.

 

У билан тез-тез қўнғироқлашиб, ундан гиёҳвандлик воситасини сотиб олиб, истеъмол қилишга ўрганиб қолгандим. Орада у “ҳозир наша йўқ”, дея “Лирика”ни 20 000 сўм эвазига сотиб олишни таклиф қилди. Рози бўлиб, бир ўзим истеъмол қилдим. У билан бирга унинг уйида ҳам истеъмол қилиб келганмиз.

 

Орадан йиллар ўтди… Зарарли одатга кўра, танишимдан истеъмолим учун гашиш сотиб олиш мақсадида қўнғироқ қилдим. Топиб беришини айтгани учун учрашиб 350 000 сўмни олиб, гашишни олиб келишни ваъда қилди. Бироқ, олиб келмади. Унга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим. Мени ҳақорат қилди, кейин эса қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди. Ундан қасд олиш учун ўз вақтини кутиб келдим. Дорихонадан 6 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиб олиб, истеъмол қилдим. Уйга қайтганимдан кейин танишимнинг қилган иши эсимга тушиб қолди.

 

Танишимга қўнғироқ қилиб, “ака, унақа йўқ бўлиб кетманг, бош оғриб кети-ку бирор нима йўқми?” дея ундан гиёҳвандлик воситаси билан меҳмон қилишини сўрадим. У “укам янги уйимда бир ўзимман, меҳмон қиламан”, деди. Асл мақсадим эса ундан менга нисбатан қилган ҳақорати бўйича қасд олиш бўлган. Манзилга етиб борганимда танишим кутиб олиб, хонадонига олиб кирди.

 

Менга уйининг барча хоналарини кўрсатди. Унга “эсингдан чиқиб қолмадимми, 350 000 сўмимни олиб кетгандинг. Ўлганни устига тепган қилиб, онамдан сўкиб, мени ҳароми дегансан”, дея жанжаллашиб кетдик. Сўнг танишимга “бўлди, нашани олинг, такси кутиб турибди, чакиб кетаман” дедим. У нашани истеъмол қилиш учун тайёрлаб турган вақтида, ўзи билан ошхонадан пичоқни олиб келди. Унга “нашани тайёрлаб, ҳаммомга киринг ва челакка сув олинг” деб алдаб, қўлидан пичоқни олдим.

 

Шу вақтда у букилган ҳолатида челакка сув тўлдириб турган вақтида, қўлимдаги пичоқ билан ҳаммомга кириб, “эсингдан чиқдими онамни сўкканинг?” дея бор кучим билан танасининг турли жойларига бир неча маротаба пичоқ тиқдим. Қўл ва оёқларим билан уриб, унга тан жароҳат етказдим.

 

Ушбу зарбалардан ётган жойидан туролмай қолди. Кейин қўлимдаги пичоқни ўзим билан олиб, хонадондан югуриб чиқдим. Уйнинг йўлакчасида дастрўмолим билан қўлимни қон доғларидан тозаладим. Пичоқни дастрўмолга ўраб, чўнтагимга яшириб қўйдим.

 

Кўчага чиқиб, мен билан бирга келиб, машинасида кутиб ўтирган бошқа бир танишим билан кетдим. Машина бошқарувидаги танишимга ушбу ҳолатни билдирмадим. Унинг телефонидан укамга қўнғироқ қилдим. Машинанинг мусиқасини эшитиб кетаётган танишим эшитмайдиган даражада паст овозда укамга бўлиб ўтган ҳолатни айтиб бердим.

 

Кейин йўлда тушиб қолиб, пичоқни каналга ташлаб юбордим. Укам ва бир танишим билан кўришдим. Улар мени автомашинага ўтказишиб, ички ишлар органларига олиб боришди. Ходимларга бўлиб ўтган ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бердим. Ҳозирда қилган ишидман чин кўнгилдан пушаймонман.

 

“ОРАЛАРИГА СОВУҚЧИЛИК ТУШГАНИНИ СЕЗГАНДИМ…”

Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили – рафиқаси қуйидагиларни баён қилди…

— Турмушимиздан 2 нафар фарзандимиз бор. Марҳум турмуш ўртоғим санъаткор эди. 2021 йилнинг баҳорида уйимизни сотиб, бошқа тумандан янги хонадон сотиб олдик. Бироқ у  таъмир талаб бўлгани учун ишлари тугагунча маълум вақт қизлик уйимда, эрим эса қайинопамникида яшадик.

 

Эрим ҳар куни хонадондаги камчиликларни таъмирлаш ишларини олиб борган. Мудҳиш воқеа содир бўлган кун эрим таниши қўнғироқ қилгани ва бозорга бориб унитаз олиб келиб, ўрнатишини айтганди. Орадан тахминан икки соат ўтганидан кейин қайтиб эримга қўнғироқ қилсам, жавоб бермади. Соат 20:00 ларда амаким қўнғироқ қилиб, янги уйда пичоқбозлик бўлгани, эримдан хабар олишимни айтди. Янги уйга борганимда, тегишли орган ходимларидан эримни таниши пичоқлаб қўйганини ва натижада вафот этганидан хабар топдим.

 

Эртаси куни эримнинг дафн маросимларини ўтказдик. Эримнинг таниши ҳам санъат олами вакили. Турмуш ўртоғим ва унинг муносабатлари дастлабки пайтларда яхши бўлган. Бироқ охирги пайтларда ораларига совуқчилик тушганини сезгандим…

 

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ…

Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллаб, жазони ижро этиш жойларида гиёҳвандликдан (наша) ҳамда токсикоманиядан (Регопен, Тропикамид ва Зардекс) мажбурий тарзда даволаш тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши белгиланди.

 Музаффар КУКИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

ЎҒЛИМ РУҲИЙ ХАСТА: УНДАН 50 ФОИЗ МИҚДОРИДА АЛИМЕНТ УНДИРИЛИШИ ТЎҒРИМИ?

— 2009 йил ўғлим руҳий касал деб топилди. Унгача соғлом бўлган. 2007 йил бир қизни келин қилдим. Улар кетма-кет иккита фарзандли бўлишди. 2017 йилгача тинч яшашди. 2020 йил август ойида ажрим бўлди. Келиним алимент ундириш учун судга берди. Суд 18 фоиз алимент ундириш ҳақида қарор чиқарган. Лекин ижрочилар 50 фоиз ундиришяпти. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Мазкур кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

– бир бола учун тўртдан бир қисми;
– икки бола учун учдан бир қисми;
– уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади.

 

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Мазкур ҳолатда сизнинг фарзандингиздан суд қарорига асосан 18 фоиз миқдорида алимент ундириш назарда тутилган бўлиб, мажбурий ижро бюроси томонидан 50 фоиз миқдорида алимент ундирилаётган бўлса, мажбурий ижро бюросининг ҳатти-ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади.

 

Зеро, мажбурий ижро бюроси суд қарорида назарда тутилган миқдордан кўп алимент ундириш ваколатига эга эмас. Бироқ ҳар бир бола учун ундиралаётган алимент миқдори, қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

«УЙНИНГ ҚАРЗИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?»

— Ота-онамдан қолган уй менинг номимда. Ўзим 19 йилдан бери Россияда ишлаб юраман. 2016 йил катта опамни уйга қўйиб кетдим. Жўнаб кетганимдан бир ой ўтар-ўтмас, опам қазо қилиб қолди. Жанозага ҳам келолмадим. Орадан беш йил ўтиб қайтиб келсам, уй тўловлари бўйича қарз 22 млн.га етибди. Уйда опамнинг турмушидан ажрашган ўғли яшаб келаётганди. Қарзни жиянимдан талаб қилай десам, мияси чайқалган, ақлий ривожланишида муаммо бор. Ўзим тўлай десам, ахир бу ерда яшамаганман-ку? Энди уйнинг қарзини ким тўлайди?

Исми сир тутилди

Зулфия НУРАЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Фуқаролик кодексининг 18-моддасига асосан фуқаролар мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари, уни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари мумкин. Ота-онангиздан қолган уй-жой кўчмас мулк бўлганлиги сабабли тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳужжат асосида Сизнинг номингизга расмийлаштирилган бўлса, Сиз мулкдор ҳисобланасиз.

 

Фуқаролик кодексининг 18-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу Кодекснинг 182-моддасида мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари келтирилган бўлиб, мазкур ҳолат бўйича Сизда уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мерос қилиб олиш асосида вужудга келганлигини англаш мумкин.


Сизда уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан бир қаторда қонун билан белгиланган мажбуриятлар ҳам вужудга келади.


Конституциямизнинг 51-моддасига кўра, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.


Солиқ кодексининг 6-моддасида солиқ солишнинг мажбурийлиги принципи белгиланган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Солиқ кодексининг 13-моддасига кўра солиқ тўловчилар ушбу Кодексга кўра зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган жисмоний шахслар, юридик шахслар ва уларнинг бўлимларидир. Сиз мулкдор сифатида ушбу Кодекснинг 23-моддасида белгиланган солиқларни тўлаб боришингиз шарт.


Беш йил давомида тўланмаган солиқлар бўйича қарздорликни мулк эгаси сифатида тўлашингиз керак бўлади. Чунки, Сизда мулкдор сифатида қонунчиликда белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбурияти вужудга келган, ушбу мажбуриятни ўзга шахсга агар шартномадан ёки қонунда белгиланган ўзга ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса юклатиш мумкин эмас. Юқоридаги келтирилган ҳолат бўйича Сиз ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлиб ҳисобланасиз.

«АЖРАШИШ 800 000 СЎММИ?»

— Жияним хотини билан бирга яшамайди. Бир нафар фарзанди бор. Ҳали қонунан ажрашмасдан туриб, хотини бошқа турмуш қилди, яқинда фарзандли ҳам бўлди. Жиянимни ҳам уйлантирамиз, деб судга ажрашиш учун ариза беришга юборсак, «800 минг сўм харажати бор», дейишибди. Опамнинг оиласи «Темир дафтар»га киритилган, ариза учун шунча пул тўлай олишмайди. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин?

Исми сир тутилди

Ҳилола ЭРГАШЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

— Фуқаролик процессуал кодексининг 133-моддасига асосан суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш,  Давлат божини тўлашни кечиктиришга қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

 

Никохдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза юзасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараварига тенг, яъни ҳозирги кунда 600 000 сўм давлат божи ва 21 000 сўм почта харажати тўланиши лозим. Агар даъвогар судга моддий аҳволи оғирлиги ҳақида маълумот тақдим қилса, даъво ариза топширишда тўланадиган давлат божини кечиктиришни сўраши мумкин. Бу ҳақда даъво ариза билан судга илтимоснома тақдим қилиш зарур.

Skip to content