НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ҲАМКОРЛАР СУД ЖАРАЁНИДА ОҚЛАНДИ
Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси амалда яққол намоён бўлмоқда. Бунинг натижасини судлар томонидан чиқарилаётган оқлов ажримлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шу ўринда фикримизнинг исботи тариқасида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўрилган бир жиноят ишига эътибор қаратамиз.
Пойтахтимиздаги «Кўчмас мулк хизматларини кўрсатиш» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Равшан Саидов бундан ўн йил муқаддам аукцион савдоларини ўтказиш билан шуғулланувчи «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамиятда фаолият юритган. Бироқ ушбу масъулияти чекланган жамиятда ўтказган аукцион савдоси учун орадан қарийб ўн йил ўтиб, жиноий жавобгарликка тортилиши унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Р. Саидов билан бирга Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Абдуваҳоб Абиловга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилганди.
Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, Абдуваҳоб Абилов 2012 йил январь ойида Суд департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси собиқ бошлиғи Ж. Ғуломов (марҳум), «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Мирахмедов (марҳум) ва жамият аукциончиси Р. Саидов билан ўзаро жиноий тил бириктирган.
Аниқроқ айтганда, «Gabus» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган ҳамда Суд ижрочиларининг Миробод тумани бўлими томонидан жиноят иши бўйича етказилган моддий зарарни қоплаш учун хатланган Миробод тумани Т. Шевченко кўчаси 38-уйда жойлашган 947 метр квадрат ҳажмдаги нотурар жойнинг арзон нархга баҳоланганини олдиндан билган ҳолда уни аукцион савдоси орқали ўзларига таниш бўлган шахслар кўмагида сотиб олиб, кейинчалик қимматроқ нархга сотишни кўзлашган.
Ушбу жиноий режани амалга ошириш мақсадида суд ижрочиларининг Миробод тумани бўлими бошлиғи Т. Ахметов, бўлим суд ижрочиси Б. Толибов, ХОАТБ «Туркистон» бош офиси бўлими бошлиғи А. Таштаев, унинг укаси Р. Рихсибоев, «Magna Trade» масъулияти чекланган жамияти раҳбари А. Рихсибоев, «Bethil-Techtrans» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш. Маҳмудовларни жалб қилишган. Сўнгра «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Мираҳмедовга 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида беришган. Натижада 2012 йил 26 январь куни ўтказилган аукцион савдосида «Magna Trade» масъулияти чекланган жамиятининг ғолиб бўлишига эришишган.
Тергов органи томонидан Равшан Саидов юқорида қайд этилган аукцион савдоси баённомаларини сохталаштириш ва А. Абиловни масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Мираҳмедовга 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида беришига далолат қилганликда айбланган.
Бироқ суд жараёнида ҳар иккала судланувчи ноҳақ айблангани аён бўлди.
Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига мувофиқ, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим. Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, жиноят иши ҳужжатларида Абдуваҳоб Абилов ва М. Мираҳмедов ўртасида 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора олди-бердиси бўлганлигини тасдиқловчи объектив далиллар мавжуд эмас.
Қолаверса, дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган бирор-бир гувоҳ буни тасдиқламаган.
Ҳатто А. Абилов ва Р. Саидовни юзлаштириш тергов ҳаракати давомида ҳам пора бериш ёки пора беришга далолат қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмаган. Ваҳоланки, бундай ҳолатда дастлабки тергов органи пора олиш-бериш ёхуд унга далолатчилик қилиш жиноятини қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш орқали текшириши лозим эди. Аммо айнан қонуний йўл тутиш ўрнига Абдуваҳоб Абилов ва Равшан Саидов фақатгина тахмин ҳамда фаразларга асосан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят содир этганликда айбдор деб топилган.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ички ишлар вазири томонидан 2014 йил 24 июнь куни тасдиқланган «Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича Қўшма кўрсатма»нинг 8.3-бандига биноан, айбсиз шахс жиноий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида арзнинг ёки айбига иқрорлик кўрсатмаларининг ҳаққонийлиги, ихтиёрийлиги, ҳар қандай тазйиқлардан холилиги синчковлик билан текширилиши ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалари объектив далилларсиз, шахснинг айбини исботловчи «устун» далил сифатида эътироф этилишига йўл қўйилмайди.
Аммо дастлабки тергов органи томонидан Жиноят процессуал кодекси ва юқорида қайд этилган Қўшма кўрсатмага риоя қилинмай, А. Абиловнинг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмалари асосий далил сифатида эътироф этилган. Ҳар икки шахснинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби бошқа объектив далиллар билан исботланмаган.
Бундан ташқари Равшан Саидовга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми билан айб эълон қилинган бўлса-да, тергов органи томонидан мазкур жиноятларнинг субъектини аниқлашда ҳам жиддий хатоликка йўл қўйилган. Хусусан, Р. Саидов тадбиркорлик субъекти ҳисобланган «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамиятида аукциончи бўлиб ишлаган. У ўз ваколатига кўра, мансабдор шахс ҳисобланмаса-да, гўёки давлат органининг мансабдор шахси сифатида ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Шунингдек, жиноят иши ҳужжатларида аукцион савдо баённомаси сохталаштирилганини тасдиқловчи экспертиза хулосаси ёки бошқа процессуал ҳужжат мавжуд эмас. Яъни Р. Саидовнинг ушбу баённомага айнан қандай сохта маълумотларни киритганлиги исботланмаган. Аниқроғи, Р. Саидов айнан қайси шахслар билан қандай усулда тил бириктиргани, унинг ушбу жиноий фаолиятдаги ҳаракатлари айнан нимада намоён бўлганлиги дастлабки тергов органи томонидан аниқ ва объектив далиллар билан исботлаб берилмаган.
Яна бир гап. Суд мажлисида иштирок этган давлат айбловчиси А. Абилов ва Р. Саидовга оид жиноят иши бўйича ўтказилган суд муҳокамаси натижасида суд тергови маълумотлари судланувчиларнинг айбсизлигидан далолат беришини инобатга олиб, айбловдан воз кечишини билдирди, ўз фикрларини ёзма равишда тақдим этди. Бундай вазиятда Жиноят процессуал кодексининг 409-моддаси 1-қисми талабига риоя этиш шарт.
Мазкур моддада суд муҳокамаси натижасида прокурор суд тергови маълумотлари судланувчининг айбсизлигидан далолат беради деган фикрга келса, у айбловдан воз кечиши ва воз кечиш сабабларини судга баён қилиши шартлиги ва прокурорнинг айбловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра, тугатишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Ана шу асосларга таянган суд Равшан Саидов ва Абдуваҳоб Абиловни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, иккала оқланган шахсга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шу тариқа қаҳрамонларимиз ноҳақ айбловдан, жиноий жавобгарликдан халос бўлишди. Адолат қарор топиб, нафақат уларнинг ўзи, балки яқинлари, қариндош-уруғларининг ҳам амалдаги қонунларимизга, давлатимиз раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига нисбатан ишончи мустаҳкамланди. Энг муҳими, уларнинг элу юрт, қўни-қўшни ва таниш-билишлари ўртасида юзи ёруғ бўлди.
Санжар АБДУҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси