Қидирув:

СУДЬЯ ТАКЛИФИ: ҚОНУНЛАРДА МАЖБУРИЯТЛАР ИХТИЁРИЙ БАЖАРИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД НОРМАЛАР БЎЛИШИ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси Гулруҳ Мамараимова мазкур лойиҳа ҳақидаги фикрлари ва таклифлари ҳақида гапириб берди: 

– Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилаётган ишлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу сабабли, судларда ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш мақсадида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида мунтазам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Судьялар корпусини сон жиҳатдан ошириш, судларда ишларни юритишнинг соддалаштирилган ҳамда электрон шаклларини жорий қилиш ҳамда ушбу шаклларда иш юритиш ҳажмини ошириш шулар жумласидан.

Ҳам амалиётчи, ҳам назария бўйича мутахассис сифатида, судларда кўрилаётган иш ҳажмига таъсир қилишнинг бир воситаси сифатида қонунчилигимизни фуқаролар (бошқа ҳуқуқ субъектлар)нинг ўз мажбуриятларини ихтиёрий бажаришини рағбатлантиришга қаратилган нормалар билан янада бойитиш зарурати бор, деб ҳисоблайман.

Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. 

Лойиҳага кўра, Меҳнат кодексининг 333-моддаси иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилиниши назарда тутилган: ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдорини ҳисоблашда кечиктирилган тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг тўрт фоизига кўпайтирилади, сўнгра ушбу миқдор кечиктирилган кунлар сонига кўпайтирилади (кечиктирилган тўлов (асосий ставка 4 фоиз) кечиктирилган кун = пулли компенсация). 

Таклиф қилинаётган лойиҳада пулли компенсация миқдори Марказий банкнинг асосий ставкасига фоиз нисбатида олинмоқда. Ўз навбатида, бу ставка ўзгарувчан бўлиб, кейинчалик пулли компенсацияларни ҳисоблашда ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин, деган фикрдамиз.

Сабаби, тўлов кечиктирилган даврда асосий ставка ўзгарса, пулли компенсация кичкина тафовут билан икки хил фоиз кўрсатгичи билан ҳисобланишига тўғри келиши мумкин. 

Шу сабабли, бошқа қонунчилик ҳужжатларида мавжуд норма ижодкорлигидан келиб чиқиб, тўлов кечиктирилган кунлар учун аниқ, мисол учун, “ҳар кечиктирилган кун учун кечиктирилган сумманинг 0,4 фоиз миқдорида пуллик компенсация ундирилади” шаклида лойиҳани тўлдириш мақсадга мувофиқ. Бу халқ учун ҳам, қонунни қўлловчи учун ҳам қулай бўлар эди. 

Шунингдек, мазкур нормага яна бир таклифимиз мавжуд. Унга кўра, ушбу иш берувчи тўлов муддатини қанча кўп кечиктирса, унинг жавобгарлиги ҳажми ошиб борилишини белгилаш мақсадга мувофиқ. Яъни, иш берувчи ходимга тўланиши лозим бўлган тўловларни кечиктирган 1 – 3 ойлари учун ҳар кечиктирган куни учун кечиктирилган сумманинг 0,4 фоиз миқдорида, 4 – 6 ойлари учун 0,8 фоиз миқдорда, 6 ойдан ортиқ муддатга кечиктирган кунлари учун 1 фоиз миқдорида пулли компенсация ҳисобланиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, тўловни ўз вақтида амалга оширишни қанча кўп кечиктирса, жавобгарлик ҳажмининг шунча ошиши бу иш берувчи томонидан ўз мажбуриятларини вақтида ва ихтиёрий бажаришга сабаб бўлиши мумкин.

Шу ўринда, Меҳнат кодексидаги яна бир нормага қонун ижодкорларининг эътиборини қаратишни истардим. Шу лойиҳа доирасида ушбу норма ҳам муҳокама қилиниб, қонунчиликдаги айрим ноаниқликлар бартараф этилса, нур устига аъло нур бўлар эди. 

Меҳнат кодексининг 336-моддасида ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб бўйича судгача тартиб жорий қилинган. Унга кўра, ходим ўзининг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённи қоплаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилишдан олдин иш берувчига ариза билан мурожаат қилиши лозимлиги белгиланган (ходим ёки зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган манфаатдор шахслар иш берувчининг қароридан рози бўлмаган ёки Меҳнат кодексининг 336-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, улар ушбу низони ҳал қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкин). 

Шунингдек, шу мазмундага норма Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари”нинг 40-бандида ҳам белгилаб қўйилган. Унга кўра, ходим ёки манфаатдор шахслар иш берувчининг қароридан норози бўлган ёки белгиланган муддатда жавоб олинмаган тақдирда ушбу низони ҳал этиш учун судга мурожаат қилиши мумкин. 

Бу, ўз навбатида, Меҳнат кодекси 558-моддасининг иккинчи қисмидаги нормага мувофиқ келмайди. Мазкур норма биринчи қисмида бевосита судлар томонидан кўриб чиқиладиган меҳнат низолари санаб ўтилган бўлса, ушбу норманинг иккинчи қисмида бевосита суд томонидан кўрилиши белгиланган низолардан ташқари якка тартибдаги меҳнат низолари (ҳар қандай якка тартибдаги меҳнат низоси назарда тутилган) ходимнинг хоҳишига кўра бевосита судларда кўрилиши белгиланган.

Шу ўринда, қонун ижодкорларидан ушбу масалага ҳам ечим бериб кетишларини сўраб қоламиз. Агар мутахассис сифатида айтадиган бўлсак, судгача тартиб қайсидир маънода судларда кўриладиган иш ҳажмига таъсир қилади. Судгача, тартиб муддатлари жуда қисқа бўлиб, бу ходимнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлади, деб ҳисобламаймиз. 

Шу ўринда, қонунчиликда меҳнат низоларини судгача ҳал қилиш тартибларини сақлаб қолиш, шунингдек, уларнинг ҳажмини ошириш тарафдорилигимизни маълум қилиш билан бирга, иш берувчиларнинг ўз мажбуриятларини ихтиёрий бажаришга қаратилган қонунчиликни ҳуқуқий тизимимизга жорий қилишни ҳам таклиф қиламиз. 

Яъни, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарларни ундириш юзасидан ходим ва манфаатдор шахслар судга мурожаат қилишидан олдин иш берувчига мурожаат қилиши лозимлиги, бунда иш берувчи томонидан бир йўла тўланадиган пуллик компенсация ихтиёрий қопланганда, у ходимнинг 1 йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги, агар суд томонидан ундириш белгиланганда ходимнинг 1,5 йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак, деган қоидаларни жорий қилиш низоларни судсиз ҳал қилишга хизмат қилади.                                                               

ЎзА мухбири

                                                         Н.Абдураимова

ёзиб олди.

ЎҚУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 184-сонли умумий ўрта таълим мактабида тадбир бўлиб ўтди.

 

Унда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьялари Л.Ўтанбоева, А. Алиев ва мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган судья Л.Ўтанбоева Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти тузилиши бўйича тушунтириш бериб, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидан иборатлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғи бўлиб, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашини, Бош вазир бошчилигида тузилган ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятни амалга ошириши ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасида  одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Олий суд фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳақда ўқувчиларга судья А.Алиев тушунтириш бериб ўтди.

Шунингдек, учрашувда аёллар ва болалар ҳуқуқлари, улар зўравонлигига нисбатан қонунчиликда жавобгарликнинг кучайтирилганлиги ҳақида ҳам фикр юритилди.

ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИНИНГ ТОПШИРИҒИГА АСОСАН РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ТОМОНИДАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИ МАҲАЛЛАЛАРИДА АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ЎРГАНИШ ВА ҲАЛ ЭТИШ ВА АМАЛИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ БЕЛГИЛАНГАН

Шу мақсадда бугун Олий суд раҳбариятининг Яшнобод туманида сайёр қабули ўтказилди.

Сайёр қабулда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И. Муслимов, Аппарат раҳбари А. Холмахматов, Олий суд судьялари Н. Расулов, О. Назаров ва Тошкент шаҳар судлари раҳбарияти томонидан 101 нафар фуқаро қабул қилинди.

Фуқароларнинг 72 та жиноят, 27 та фуқаролик ва 2 та иқтисодий судлов юзасидан берилган мурожаатлари ўрганилди.

Мурожаатларнинг 48 таси жойида ижобий ҳал этилиб, 63 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Мурожаатлари ижобий ҳал қилинган 14 нафар фуқаро томонидан сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорчилик билдирилиб, ёзма ташаккурномалар тақдим этилди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ ТАДБИРЛАР ЗАЛИДА ПОЙТАХТ СУДЛАРИНИНГ 2024 ЙИЛ ФАОЛИЯТ ЯКУНЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари – судлов ҳайъати раислари Б.Исламов, И.Алимов, М.Мирзажонов ҳамда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Таъкидландики, одил судловни таъминлаш борасида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2024 йил давомида 12.038 нафар шахсга нисбатан 9.886 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Судлар томонидан ўтган йили 115 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 2.577 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жами 287.216 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1.497.173 та ишларнинг 19.2 фоизини ташкил этган.

Кўрилган ишларнинг 67.580 таси фуқаролик ишлари, 195.838 таси суд буйруқлари, 23.649 таси материал ва 149 таси ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари билан боғлиқ ишлардан иборат.

Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан 128 810 таси мурожаат иш юритишга қабул қилиниб, шунинг 124 964 таси кўриб чиқилган, 119 589  таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 2 823 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан ўтган йили биринчи инстанция судига жами 3 025 та ариза(шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 265 таси қабул қилиш рад этилган, 246 таси қайтарилган, 2 480 таси иш юритувга қабул қилиниб, кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган жами 2 480 та ишнинг 1 051 таси қаноатлантирилган, 947 таси рад қилинган, 319 таси иш юритишдан тугатилган. Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан ўтган йилда жами 472 та хусусий ажрим чиқарилган, шундан 24 та хусусий ажрим бўйича мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ТЕРГОВ СУДЬЯЛАРИ: ЯНГИ АМАЛИЁТ, МУАММО, МУҲОКАМА, ЕЧИМ

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьялари томонидан Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармаси биносида семинар-учрашув ташкил этилди.

Учрашувда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди тергов судьялари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу жумладан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ишларни кўриб чиқишга ваколатли давлат органлари иштирок этди.  

Тадбирда сўз олганлар  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги  ПФ-89-сон “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонига мувофиқ,  2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари фаолият кўрсатишни бошлаганлиги,  Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги Қонуни билан ишни судга қадар юритиш устидан суд назорати тергов судьялари томонидан амалга оширилиши ва тергов судьясининг ваколатлари белгиланганлиги таъкидланди.

Тадбирда тергов судьясини жорий қилишдан мақсад, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркиникларини самарали ҳимоя қилиш эканлиги  тергов судьясининг ваколатлари, қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш юзасидан тушунтириш берилди.

 

Жаҳонгир Саидов,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди тергов судьяси.

АСОССИЗ ҚЎЛЛАНИЛГАН ЖАРИМА БЕКОР ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судья О.Мухаммадиев раислигида, судья катта ёрдамчиси Ш.Махмудовнинг котиблигида бўлиб ўтган суд мажлисида маъмурий жавобгарликка тортилган фуқаронинг суриштирув органи ва биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб тақдим қилган апелляция шикояти  асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Иш ҳолатига кўра, фуқаро Б. шаҳри В. тумани Г. ва Д. кўчалари кесишмасида, ўз бошқарувидаги автомашинасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилган.

ИИББ ЙҲХБ инспектори қарори билан фуқарога нисбатан МЖтК 128-4-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 750.000 сўм жарима солиш тўғрисидаги қарори чиқарилган, туман судининг қарори билан ушбу қарор ўзгартирилиб, МЖтК 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 375.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Апелляция инстанцияси суриштирув органи ва туман судининг қарорида баён этилган хулосалар ҳақиқий иш ҳолатига мувофиқ эмас деб ҳисоблади.

Апелляция инстанциясида ҳодиса видеолавҳаси кўздан кечирилганда, фуқаро видеонинг 0:00-0:01 вақти оралиғида светофорнинг яшил чироғида ҳаракатлангани, тўхташ чизиғини яшил чироқда кесиб ўтгани, сўнг чорраха қатнов қисмидаги бошқа ҳаракатланувчиларга хавф туғдирмаслик мақсадида ҳаракатни давом эттиргани, кейинчалик сариқ ва қизил чироқ ёнганини кўриш мумкин.

Бундай ҳолатда ҳуқуқбузарнинг ҳаракатида автомашинани светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланди, деб топишга асос йўқ.

Бироқ суриштирув органи ва биринчи инстанция суди ушбу ҳолатни эътиборсиз қолдириб, қарор чиқарган.

МЖтК 271-моддаси 1-бандида “Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим” деб белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси суди иш ҳолатларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 35-сонли қарори талабларига риоя қилган ҳолда, фуқаронинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмас, деган хулосага келиб, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни МЖтК 271-моддаси 1-бандига асосан тугатишни лозим топди.

Апелляция шикояти қаноатлантирилди.

З.Қўзибоев,

Тошкент шаҳар суди бош консультанти.

СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Бугун Тошкент халқаро университети (Тashkent International University)да тадбир бўлиб ўтди. Унда университет юридик факультети талаблари фуқаролик ишлари бўйича  Миробод туманлараро судининг судяси Н. Усмонова билан учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида судя томонидан талабаларга юртимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва сўнгги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, талабаларга фуқаролик судларида биринчи инстанцияда иш юритиш тартиби, юридик далиллар, иш муддатлари ва бошқа маълумотлар судья томонидан тушунарли ва содда тилда етказилди.

Тадбирда талабалар судьядан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

СУД ТУГАТИШ БОШҚАРУВЧИЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси биносида тўловга қобилиятсиз деб топилган тадбиркорлик субъектларининг бюджет олдидаги умидсиз солиқ қарзини ундириш (қисқартириш) борасида суд бошқарувчилари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳамда суд бошқарувчилари иштирок этди.

Тадбирда суднинг ҳал қилув қарорлари билан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатиш муддатлари бир йилдан ошган ишлар бўйича муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида маъруза қилинди.

Маърузада узоқ муддатдан буён тугатилмасдан келинаётган тўлов қобилиятини йўқотган корхоналарнинг сони мунтазам равишда ошиб бораётганлиги ҳолатлари солиқ органининг ва бошқа кредиторларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги қайд этиб ўтилди.

Суд бошқарувчилари томонидан ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш, тугатиш чораларини қонунда белгиланган муддатларда якунлаш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик ҳамда суд бошқарувчиларининг тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини ўтказаётганда қарздорнинг ва кредиторларнинг манфаатларини кўзлаб оқилона иш юритиши шартлиги таъкидланди.  

Йиғилиш давомида тўловга қобилиятсиз деб топилган корхоналарнинг тугатиш ишларини олиб боришда давлат хизматларини рақамлаштириш ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тегишли давлат ташкилотлари билан интеграция қилинганлиги ҳамда тугатиш жараёнларида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, йиғилишда тугатилаётган корхонанинг тугатиш жараёнлари  бўйича муаммоларга қонунчилик доирасида ечим ва маслаҳатлар берилди.

 

Умид Алиев,

Тошкент туманлараро

 иқтисодий суди судьяси.

МАҲАЛЛАДА ЎТГАН САЙЁР СУДДА ТУЗАЛИШ ЙЎЛИГА ЎТГАН МАҲКУМЛАР ИШИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьяси Ойбек Кахаров томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида тумандаги “Софдил” маҳалласида аҳолини суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллада сайёр суд мажлиси ўтказилиб, инсонпарварлик тамойилларига асосан қилган ишидан пушаймон бўлган, ўзига тегишли хулоса чиқарган, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир неча шахслар тайинланган жазонинг ўталмаган муддатидан илгари шартли озод қилинди.

АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР ИШОНЧЛИЛИГИ ҲАМДА СУД ЭКСПЕРТИЗАСИНИНГ ЗАМОНАВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИ

Бугунги кунда мустақил суд ҳокимияти – инсон ҳуқуқ-эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш вазифаларини амалга оширишда илмий-техник асосланган ишончли далиллар билан исботлаш ҳамда криминалистик илмий услублардан фойдаланишни талаб этмоқда.

Хусусан, судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишларни синчковлик билан ўрганиш, низоларни белгиланган муддатларда ва қонуний ҳал этиш, ишларни кўриш сифатини оширишда далилларни ўрганиш, уларни ҳар тарафлама текшириш ва баҳо беришда суд экспертизаси тайинлаш суд қарорларининг адолатлилигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида иш бўйича далилларни тўплашда замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқларини, хусусан криминалистик илмий услуб ва воситаларни қўллаш амалиётини янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур ишларни амалга оширишда 2010 йил 1 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонун, хусусан давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 5 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони экспертиза соҳасини янада ривожлантириш учун муҳим ҳужжатлар ҳисобланади.

Тошкент туманлараро иқтисодий судида ташкил этилган тадбирда “Ашёвий далиллар ишончлилигини ошириш ҳамда суд экспертизасининг замонавий имкониятлари” мавзусида сўз борди.

Тадбирда  Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи, полковник  С.Нуриддинов  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги суд экспертиза маркази  директори А.Халилов ва марказ вакиллари иштирок этишди.

Мазкур йиғилишни ўтказишдан мақсад  экспертиза марказларининг фаолияти, суд экспертизасини тайинлаш, экспертиза бўйича билим ва тушунчаларни бойитиш, иқтисодий судлар томонидан экспертиза ўтказиш билан боғлиқ низоларни кўрилиши, мазкур мавзуни муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаб олиш олишдан иборатдир.

Тадбир савол-жавобларга бой, фойдали тарзда бўлиб ўтди.

 

М.Байбекова,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси.

Skip to content