Қидирув:

ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судида тўловга қобилиятсиз деб топилган тадбиркорлик субъектларининг бюджет олдидаги умидсиз солиқ қарзини ундириш (қисқартириш) борасида суд бошқарувчилари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари,  Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамда суд бошқарувчилари иштирок этди.

 

Тадбирда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг  раис ўринбосари М.Султонов  “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун асосида қарздорлар -жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қарзларини тўлаш ва банкротлик жараёнини тартибга солиниши ва суднинг ҳал қилув қарорлари билан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатиш муддатлари бир йилдан ошган ишлар бўйича мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари,  шунингдек, Олий суди Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан маълумот берди.

 

Нотиқ томонидан узоқ муддатдан буён тугатилмасдан келинаётган тўлов қобилиятини йўқотган корхоналарнинг сони мунтазам равишда ошиб бораётганлиги ҳолатлари солиқ органининг ва бошқа кредиторларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги масалаларига эътибор қаратилди.

Суд бошқарувчилари томонидан ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш, тугатиш чораларини қонунда белгиланган муддатларда якунлаш, қонунбузилиш холатларига йўл қўймаслик ҳамда суд бошқарувчиларининг тўловга қобилиятсизлик жараёнларини ўтказаётганда қарздорнинг ва кредиторларнинг манфаатларини кўзлаб оқилона иш юритиши шартлиги таъкидланди.  

 

Давра суҳбатида тўловга қобилиятсиз деб топилган корхоналарнинг тугатиш ишларини олиб боришда давлат хизматларини рақамлаштириш ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тегишли давлат ташкилотлари билан интеграция қилинганлиги ҳамда тугатиш жараёнларида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

 

Шунингдек, зикр этилган муаммоларга қонунчилик доирасида ечим ва маслаҳатлар берилди.

ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИ

Тергов судьяси…

Содда қилиб айтганда, унинг вазифаси ишни судга қадар юритиш устидан суд назоратини амалга оширади.

Хўш, тергов судьяси қандай ишларни амалга оширади, деган савол туғилади. Унинг асосий ваколатларига  қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатгача узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш,  айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш каби вазифалар киради.

Бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари тергов судьяси томонидан алоҳида хонада чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Фармондан келиб чиққан холда, 2025 йил 28 январда “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди.

Янги қонунга мувофиқ, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида, тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахслари рўйхатига янги субъект – тергов судьяси ва унинг ваколатлари киритилди. Тергов судьяси якка тартибда иш юритиши, қонунда белгиланган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириши белгиланди.

Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Ушбу кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шу кунгача кўриб келинаётган барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади. 

Жаҳонгир Саидов,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

«ТОШКЕНТ – АЭРО» ДА САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди тергов судьялари Д.Валиев ва М.Ҳасановалар томонидан «Тошкент-Аэро» ИБК биносида божхона ходимлари билан учрашув ҳамда сайёр суд жараёнлари бўлиб ўтди.

 

Унда жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди судьяси Д.Валиев сўзга чиқиб,  қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Божхона қонунчилиги билан боғлиқ янгиликларга тўхталди.

 

Шундан сўнг шу ернинг ўзида сайёр суд мажлиси ўтказилди. 1982 йилда туғилган А.Н.(аёл киши) халқаро аэропортга учиб кетиш учун келиб белгиланган меъёрдан ортиқча валютани олиб ўтган. Сайёр судда ушбу маъмурий иш кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинланди.Унга содир этган қоидабузарлиги тушунтириб берилди. Суд қароридан норози бўлган тақдирда мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди тергов судьялари Д.Валиев ва М.Ҳасановалар томонидан «Тошкент-Аэро» ИБК биносида божхона ходимлари билан учрашув ҳамда сайёр суд жараёнлари бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди судьяси Д.Валиев сўзга чиқиб,  қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Божхона қонунчилиги билан боғлиқ янгиликларга тўхталди.

 

Шундан сўнг шу ернинг ўзида сайёр суд мажлиси ўтказилди. 1982 йилда туғилган А.Н.(аёл киши) халқаро аэропортга учиб кетиш учун келиб белгиланган меъёрдан ортиқча валютани олиб ўтган. Сайёр судда ушбу маъмурий иш кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинланди.Унга содир этган қоидабузарлиги тушунтириб берилди. Суд қароридан норози бўлган тақдирда мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

ДАВРА СУҲБАТИДА ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМ ҚАРОРИ БЎЙИЧА ТУШУНТИРИШ БЕРИЛДИ

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари Р.Рашидов, Ж.Хусаинов, Ш.Ахроров ва И.Юсуповлар иштирокида “Toshkent shahar suv ta’minoti” акциядорлик жамияти биносида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида судья Р.Рашидов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 38-сонли қарорининг мазмун моҳияти бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, судьялар томонидан иқтисодий судьяларга даъво ариза ва аризалар тақдим қилиш бўйича Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган нормалар ва тарафлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, иқтисодий судларда кўриладиган низолар, низоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллаш бўйича амалиёт йўлга қўйилганлиги, Конституция ва қонунларда белгиланган шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш усуллари ҳақида маълумотлар берилди ҳамда Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан “Toshkent shahar suv ta’minoti” акциядорлик жамиятига чиқарилган 2025 йилдаги 13 февралдаги 1779-сонли тақдимнома ходимлар иштирокида муҳокама қилинди.

 

Тадбир давомида иштирокчиларни қизиқтирган  саволларга ҳам жавоб берилди.

ҚАРОР ИЖРОСИ БИЛАН ГЎЗАЛ

“Янги Ўзбекистон янги суд” тамойили доирасида аҳолини одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, адолатли суд қарорлари қабул қилиниши орқали, халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш қолаверса, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирли механизимларини жорий этиш белгиланган.

Мазкур дастурдан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Мажбурий ижро бюроси шаҳар ва туман бўлимлари, шаҳар ва туман ҳокимлиликлари ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлари, шунингдек, кадастр ва қурилиш бўлимлари вакиллари билан ҳамкорликда фуқаролик судлари томонидан қабул қилинган суд қарорларининг ижросини таъминлаш масаласида давра суҳбати шаклида семинар машғулоти бўлиб ўтди.

Тадбирни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов кириш сўзи билан очар экан, суд қарорларининг ижросини ўз вақтида таъминлашнинг аҳамияти ҳақида гапириб, бу борада масъулиятни ошириш давр талаби эканлиги, суд қарорлари ижросини такомиллаштириш, ижро самарадорлигини ошириш юзасидан кўрилиши лозим бўлган чораларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Машғулот давомида Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман Давлат ижрочилари томонидан суд қарорларининг ижро этилиши билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

Давра суҳбати якунида амалий мулоқот иштирокчилари, аввало, Фуқаролик процессуал кодекси ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий риоя қилиш, суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш, қолдиқ ижро ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиб, қисқа муддатларда ижросини таъминлаш каби қатор аниқ вазифаларни белгилаб олишди.

ПОЙТАХТ СУДЬЯЛАРИ ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛИК СОҲАСИДА ЮЗАГА КЕЛАЁТГАН ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан шаҳар ва туман ҳокимликликлари ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлари, шунингдек, кадастр ва қурилиш бўлимлари вакиллари билан ҳамкорликда айни кунда долзарб бўлган меҳнат муносабатлари, ўзбошимча қурилмалар ҳамда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига доир масалалар бўйича семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур семинар машғулотида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Д.Исраилова ва Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов ўзларининг кириш сўзлари орқали бугунги тадбирнинг нақадар муҳим эканлигини, низоларнинг судларда тўғри ва ўз вақтида кўрилиши фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишига олиб келишини инобатга олиб, ҳар бир судья фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимояланганлигига эътибор қаратишди.

 

Иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир.

 

Иш берувчи ходимнинг иш ҳақига оид талабларини муддати чекланмаган ҳолда бутун давр учун қаноатлантиришга ҳақли.

Ходимнинг иш ҳақига оид талаблари якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи меҳнат низолари бўйича комиссия ёки суд томонидан асосли деб топилган тақдирда тўлиқ миқдорда қаноатлантирилади.

Меҳнат низолари бўйича сўзга чиққан маърузачилар айнан меҳнат низолари соҳасида судларга мурожаат этиш муддатлари, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий усуллари ва бошқа масалаларга батафсил тўхталиб ўтишди.

 

Шунингдек, давра суҳбатида кун тартибидаги кейинги масала ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш мавзусига эътибор қаратилди.

 

Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланади.

 

Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида кўчмас мулкни эркин тасарруф этишига монелик қиладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, ҳуқуқ эгасининг муносиб ҳаёт кечириши учун монелик қиладиган шарт-шароитларни яратишга йўл қўйилмайди.

 

Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини келишув имзоланганидан кейин бошқа шахсга ўтказишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг ёзма розилиги мавжуд бўлганда ёхуд келишув (келишувда белгиланган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган тақдирда йўл қўйилади.

 

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Келгусида бундай турдаги семинар ўқув машғулотларини мунтазам ўтказиб бориш, юзага келаётган муаммолар бўйича амалдаги қонунчиликка таклифлар киритиш борасида келишиб олинди.

 

   Омон Сатторов,

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИДА БЎЛИБ ЎТГАН СЕМИНАР

Бектемир туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг судьялари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор қидирув тадбирларини ўтказишда ҳамда жиноят ишларини тергов қилишда йўл қўйилаётган камчиликларни таҳлил қилиш мавзусида терговчилар, тезкор ходимлар, ЙПҲ ва ЙҲҲ ходимлари иштирокида семинар-учрашув ўтказилди.

Шунингдек, учрашувда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органлари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчиларига мазкур Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари фаолият кўрсатишни бошлаганлиги, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги Қонуни билан ишни судга қадар юритиш устидан суд назорати тергов судьялари томонидан амалга оширилиши ва тергов судьясининг ваколатлари белгиланганлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

ПОЙТАХТДА ЎТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР НАТИЖАЛАРИ 

Жорий йилнинг 11-14 февраль кунлари Яшнобод туманида жойлашган Мономарказ биносида Олий суд раҳбариятининг сайёр қабули ўтказилди.

Қабуллар давомида жами 259 нафар фуқаро мурожаати тингланди. Шунинг 140 нафари жиноят, 101 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 6 нафари маъмурий ишлар бўйича ва 12 нафари иқтисодий ишлари бўйича қолганлари бошқа умумий масалаларда мурожаат қилди.

 

Мурожаатларнинг 80 таси ижобий ҳал этилди, 179 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

 

Жиноят ишлари бўйича судлар (сайёр қабул кунлари давомида) тақдимнома ва илтимосномалар асосида озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган 58 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунингдек, 17 нафар фуқаронинг МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисми ва 175-моддаси 2-қисми билан жарима миқдори камайтирилган, 9 нафар фуқаронинг маъмурий орган қарори устидан шикоят бериш муддати тикланди.

 

 Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан, 266-моддаси 1-қисми ва Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан 8 нафар айбланувчиларнинг мурожаатига асосан уларга оид жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан ярашув билан тугатилиб уларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. 7 нафар фуқарога нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тарафларнинг ярашувига асосан тугатилди. 12 нафар судланувчига нисбатан қўлланилган қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоқдан озод қилинди.

 

Бундан ташқари, 45 нафар фуқароларнинг ёзма мурожаатлари, шундан 19 нафар фуқаронинг тафтиш тартибидаги шикоятлари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича (сайёр қабул кунлари давомида) алимент ундириш ҳақидаги 84 нафар фуқаронинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, алимент ундириш тўғрисида суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Бундан ташқари 41 нафар фуқаронинг иш ҳақини ундиришга оид мурожаатлари қаноатлантирилди.

 

Иқтисодий ишлар бўйича (сайёр қабул кунлари давомида) тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида 178 та иқтисодий иш кўриб чиқилиб, тадбиркорлар фойдасига 29.499.355.039 сўм миқдорда пул маблағлари ундириб берилди.

Сайёр қабулда мурожаатлари ижобий ҳал қилинган фуқаролар томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий суд раҳбарияти номига 30 нафар фуқаро ва юридик шахслар вакиллари томонидан миннатдорлик билдириб, ёзма ташаккурномалар тақдим этилди.

ОЛИЙ СУД РАИСИНИНГ ЎРИНБОСАРИ О . ИСМОИЛОВ, АППАРАТ РАҲБАРИ А. ХОЛМАХМАТОВ, ОЛИЙ СУД СУДЬЯЛАРИ Б. ТУРДИЕВ, Н. РАСУЛОВ, Х. ХАКИМОВА ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ МАСЪУЛЛАРИ ТОМОНИДАН ЯШНОБОД ТУМАНИДА ЎТКАЗИЛГАН САЙЁР ҚАБУЛДА 104 НАФАР ФУҚАРО ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Фуқароларнинг 50 та жиноят, 51 та фуқаролик, 2 та маъмурий ва 1 та иқтисодий судловга оид берилган мурожаатлари ўрганилди.

Мурожаатларнинг 19 таси ижобий ҳал этилиб, 85 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Сайёр қабулда 5 нафар фуқаро томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдирилиб, ёзма ташаккурномалар тақдим этилди.

TOSHKENT SHAHAR KORRUPSIYAGA QARSHI KURASHISH HUDUDIY KENGASHINING BIRINCHI MAJLISI BO‘LIB O‘TDI

Bugun Toshkent shahar Korrupsiyaga qarshi kurashish hududiy Kengashining birinchi majlisi bo‘lib o‘tdi. Unda 2024-yilda amalga oshirilgan ishlar natijalari tahlil qilinib, 2025-yil uchun belgilangan ustuvor vazifalar muhokama qilindi.

 Majlisda Toshkent shahar sudi, prokuraturasi, Ichki ishlar bosh boshqarmasi, Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti hamda Adliya boshqarmasi tomonidan korrupsiyaga qarshi kurashish bo‘yicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan hisobotlar taqdim etildi.

  1. 2024-YILDA KORRUPSIYAGA QARSHI KURASHISH BO‘YICHA AMALGA OSHIRILGAN ISHLAR
  2. Sud tizimida korrupsiyaga qarshi kurash natijalari

 2024-yilda Toshkent shahar sudlari tomonidan korrupsiyaga oid 274 ta jinoyat ishi ko‘rib chiqilib, 414 nafar shaxsga nisbatan sud qarorlari chiqarildi. Natijada:

22 nafar shaxs oqlangan;

390 nafar shaxsga ayblov hukmi e’lon qilingan;

2 ta jinoyat ishi tugatilgan.

 Sud qarorlariga ko‘ra:

  1. 65 nafar shaxs jarimaga tortilgan;
  2. 51 nafar shaxs axloq tuzatish ishlariga jalb etilgan;
  3. 80 nafar shaxs ozodlikdan cheklangan;
  4. 165 nafar shaxs ozodlikdan mahrum etilgan;
  5. 35 nafar shaxs shartli jazoga tortilgan.

 Shuningdek, sud tizimida shaffoflikni oshirish maqsadida 77 ta xizmat tekshiruvi o‘tkazilib, 52 tasida qonunbuzarlik holatlari aniqlangan.

  1. Prokuratura tomonidan amalga oshirilgan ishlar

 Toshkent shahar prokuraturasi tomonidan 2024-yilda 286 ta korrupsiyaviy jinoyat fosh etilib, 345 nafar mansabdor shaxs va fuqaro javobgarlikka tortildi.

 Korrupsion holatlar quyidagi sohalarda aniqlangan:

  1. Ichki ishlar tizimi – 48 ta;
  2. Oliy va maktabgacha ta’lim sohasi – 16 ta;
  3. Sog‘liqni saqlash sohasi – 16 ta;
  4. Bandlik tizimi – 14 ta;
  5. Moliya va soliq organlari – 21 ta;
  6. Hokimiyat tizimi – 8 ta.
  1. Ichki ishlar organlari faoliyati

 Toshkent shahar Ichki ishlar bosh boshqarmasi tomonidan 2024-yilda 770 ta qonunbuzarlik holati aniqlanib, 1 173 nafar xodim intizomiy javobgarlikka tortildi. Jumladan:

  1. 37 nafari ichki ishlar organlaridan bo‘shatildi;
  2. 28 nafari lavozimidan ozod etildi;
  3. 127 nafari qattiq hayfsan oldi.

 Ichki ishlar tizimida poraxo‘rlikning oldini olish maqsadida videokuzatuv tizimlari joriy etilib, xodimlar bilan muntazam profilaktik va tarbiyaviy tadbirlar o‘tkazildi.

  1. Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti faoliyati

 2024-yilda Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti tomonidan 368 ta korrupsiyaviy jinoyat fosh etilib, 414 nafar shaxs javobgarlikka tortildi.

 Korrupsion jinoyatlarning sohalar bo‘yicha taqsimoti:

  1. Ta’lim tizimi – 69 ta;
  2. Hokimiyat tizimi – 31 ta;
  3. Energetika va yoqilg‘i sohasi – 16 ta;
  4. Ichki ishlar tizimi – 7 ta;
  5. Soliq organlari – 9 ta;
  6. Bank sektori – 13 ta.
  1. Adliya boshqarmasining korrupsiyaga qarshi kurashdagi ishtiroki

 Toshkent shahar Adliya boshqarmasi tomonidan 189 ta reyd va sirli mijoz tadbirlari o‘tkazilib, davlat xizmatlari ko‘rsatish jarayonida yo‘l qo‘yilgan kamchiliklar bartaraf etildi.

 Shuningdek:

  1. Barcha davlat xizmatlari ko‘rsatish markazlari videokuzatuv tizimlari bilan jihozlandi;
  2. Xodimlarni ishga qabul qilish jarayonlari to‘liq shaffoflashtirildi;
  3. Korrupsiyaga oid murojaatlarni qabul qilish uchun maxsus “Antikorbot” Telegram-boti ishga tushirildi.
  1. 2025-YILGA MO‘LJALLANGAN USTUVOR VAZIFALAR

 Majlis yakunida Toshkent shahar Korrupsiyaga qarshi kurashish hududiy kengashining 2025-yil birinchi yarim yilligi uchun ustuvor yo‘nalishlari belgilandi. Jumladan:

  1. Davlat organlari faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini kuchaytirish

Fuqarolar va OAV ishtirokida nazorat mexanizmlarini joriy etish.

  1. Korrupsiyaga moyil sohalarni aniqlash va tizimli profilaktik ishlarni davom ettirish

Korrupsiyaning oldini olish bo‘yicha rejalashtirilgan tekshiruvlarni amalga oshirish.

  1. Davlat xizmatchilari uchun muntazam o‘quv seminarlarini tashkil etish

 

Korrupsiyaga qarshi kurashish bo‘yicha huquqiy bilimlarni oshirish.

  1. Ochiq va shaffof ma’lumotlar tizimini rivojlantirish

Davlat tashkilotlarining ochiqligini oshirish uchun raqamli texnologiyalarni joriy etish.

 Korrupsiyaga qarshi kurashish tizimidagi islohotlar samaradorligini oshirish va davlat organlari faoliyatining shaffofligini ta’minlash maqsadida barcha manfaatdor tashkilotlar o‘zaro hamkorlikni kuchaytirish bo‘yicha kelishib oldilar.

Toshkent shahar Kengashi faoliyati haqida eng so‘nggi ma’lumotlardan xabardor bo‘lishni xohlaysizmi? Bizni kuzatishda davom eting!

Skip to content