Қидирув:

8 СОТИХ ЕР МАЙДОНИ 15 000 АҚШ ДОЛЛАРИМИ?

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг очиқ суд мажлисида фирибгарлик ва ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир қилган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, унга ҳукм ўқилди. Энг қизиғи, судланувчи эркакка муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2021 йилги ҳукмига кўра, юқорида қайд этилган жиноятларни содир қилгани учун 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2022 йилдаги ажрими билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Бироқ “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек вазиятдан ўзига тегишли хулоса чиқармади…  

 

Ҳужжатлар қалбакилаштирилган…

Судланувчи ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, такроран, 2017 йил июнь ойларида Янгиҳаёт (собиқ Сирғали) тумани, Чоштепа кўчасида бўла туриб, танишига Янгиҳаёт (собиқ Сирғали) тумани ҳудудидан 0.8 сотих ер майдонини сотиб олиб беришни ваъда қилади. Ушбу ер майдони учун олдиндан 15 000 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

 

Судланувчи ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттиради. 0.8 сотих ер майдони сотиб, бунинг ортидан моддий манфаат кўриш мақсадида, ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи “Архитектурно-планировочное задание”, “выписка из решения”, “АКТ”, “План”, ва “архив маълумотномаси” ҳужжатларини қалбакилаштириб, танишига тақдим этган.

 

Янгиҳаёт тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси эксперт-криминалистика бўлимининг судга оид техник экспертиза хулосасига кўра, “Архитектурно-планировочное задание”, “выписка из решения”, “АКТ”, “План”, ва “архив маълумотномаси” ҳужжатларидаги реквизитлар, босма ёзувлар, думалоқ шаклдаги печат ва имзо принтерда тайёрланганлиги аниқланган.

 

“Қилмишларимдан пушаймонман”

— Ҳақиқатдан ҳам жабрланувчини яқиндан танийман. 2017 йилнинг июнида унинг уй-жой сўраб суриштириб юрганлигини эшитдим. У билан учрашиб, унга ер участкаси борлигини, хоҳласа 8 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришимни, эвазига 15 000 АҚШ доллари беришини айтдим. Шунда сотиладиган ер майдони қаерда жойлашганлигини сўради. Янгиҳаёт тумани Чоштепа МФЙнинг қир бағрида жойлашганлигини билдирдим. “Ерни кўришим керак”, дегани боис орадан 2 кун ўтиб, танишимни Чоштепада жойлашган қирнинг орқасига олиб бордим. Унга ер майдони маъқул келди ва ўша ернинг ўзида 5 000 АҚШ доллари берди. Қолган 10 000 АҚШ долларини бир ойдан сўнг беришини маълум қилди. Рози бўлдим ва орадан 20-25 кун ўтиб, танишим менга онасининг паспортини бериб, ҳужжатларни онасининг номига расмийлаштиришни айтди. Қолган 10 000 АҚШ доллари ҳам берди. Ер майдонини онасининг номига ҳужжатларни расмийлаштириб бердим. Олган 10 000 АҚШ долларини ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. Ҳозирда қилмишларимдан пушаймонман, – дея айбига иқрор бўлган судланувчи суд мажлисида суддан қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилада ягона боқувчи эканини билдириб, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

 

Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари алданиб қолганимни айтишди”

Жабрланувчи ҳам қуйидагиларни баён қилди…

— Танишимга ҳеч қандай гувоҳларсиз 5 000 АҚШ доллари санаб берганман. У менга тез ва осон бўлиши учун ерни ёши каттароқ шахснинг номига расмийлаштиришни айтди. Ўз номимда бўлган “Mercedes” русумли автомашинамни сотиб, етмаганига ўзимдан пул қўшдим. Яна 10 000 АҚШ доллари ва онамнинг фуқаролик паспорти билан бирга олиб бориб бердим. У вақтда ҳам гувоҳлар бўлмаган ва ҳеч қандай тилхат олмаганман. Қайинимнинг уйида туғилган куни муносабати билан ўтирган вақтимда, танишим қўнғироқ қилиб, қаерда эканимни сўради. Орадан тахминан 5-10 дақиқа ўтиб етиб келиб, “табриклайман, бугун қўшалоқ байрам экан”, деб ҳужжатларни берди. Орадан тахминан 1-2 кун ўтиб, ўзимга тегишли ер майдонини девор билан ўраб қўймоқчи бўлиб борсам, жўхори экилганини кўрдим. Танишим эса “жўхори 25-30 кун ичида ҳосил беради. Шунча кун кутдингиз, яна бир оз вақт кутинг, кейин ерни ўраб олаверасиз”, деди. Яна кутишга рози бўлдим. 25-30 кун ўтиб, яна ўша ер майдонига борганимда, менга тегишли бўлган ер майдони атрофига кўп қаватли уйлар қурилган ва ер майдони тунука билан ўраб олинганини кўрдим. Суриштирганимда, у ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли экани маълум бўлди. Шундагина танишим алданганини билиб, унга қўнғироқ қилдим. Жавоб бермагач, уйига бордим. Менга бошқа жойдан ер қилиб беришни ваъда қилди. Бир неча кунлар ўтиб, ундан “ер нима бўлди?” деб сўраганимда, “ака, берган пулингизни еб кетмайман”, дея сабр қилишимни сўради. Сўнг Тошкент шаҳар ҳокимиятига бориб, танишим берган ҳужжатларни кўрсатдим. Ҳокимият вакиллари алданиб қолганимни айтишди. Танишимдан пулларимни қайтаришни сўрадим. Шу орада унинг онаси, бир неча кун ўтиб эса отаси вафот этди. Уни ҳолатини тушунган ҳолда вақт бердим. Шу тариқа турли баҳоналар қилиб, пулни бермади.  Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилдим. Ҳозирда менга етказилган ва айбловда кўрсатилган 59 378 400 сўм қопланган. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ. Қолган моддий зарарни ундириб беришни сўрайман.

 

Суд ҳукм қилди…

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

 

ЖКнинг 59 ва 61-моддалари тартибида унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини 3 кунини 1 кун озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, қисман қўшиш йўли билан ўташ учун 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

ЖКнинг 59-моддасининг 8-қисми тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2021 йилдаги ҳукми билан тайинланган, суднинг 2022 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 48-1 моддасига асосан алмаштирилган 3 йил озодликни чеклаш жазосидан қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Жабрланувчининг фойдасига 15 000 АҚШ доллари ҳукм эълон қилинган санадаги Ўзбекистон сўмига нисбатан бўлган қийматда, яъни 162 706 200 сўм ундирилиши белгиланди.

 

Жабрланувчига айбловда кўрсатилган 59 378 400 сўм миқдоридаги моддий зарар қопланганлиги инобатга олинган ҳолда судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 103 327 800 сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.

 

Бахром ТАШПУЛАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси

МАҲКУМ МУАССАСА ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШИ МУМКИНМИ?

— Турмуш ўртоғим ҳозирги вақтда жазони ижро этиш муассасасида. Қайнонамнинг соғлиги ҳозирда ёмонлашиб қолган, шу сабабли турмуш ўртоғим муассаса доирасидан четга чиқиши мумкинми?

Исми сир тутилди

 Шерзод ЭШМАТОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси:

— Давлатимиз раҳбари томонидан маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланган ва амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар қиритилган. Ушбу ташаббуслар барчанинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланиши ҳам бевосита инсон ҳуқуқлари устуворлигига хизмат қилмоқда, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, фикр, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланмоқда.

Жиноят-ижроия кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ:

 

маҳкум сақланаётган жойлар санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва талабларига мос келиши керак;

  • маҳкум ўз мурожаатига кўра, шунингдек камида олти ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади;
  • маҳкум шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда тиббиёт ходимлари ушбу шахсларнинг олдига зудлик билан кириши таъминланиши керак;
  • қамоқхона маъмурияти оғир касалликка чалинган маҳкумнинг розилиги билан унинг қариндошлари ёки у кўрсатган шахсларга зудлик билан бу ҳақда хабар бериши керак;
  • оғир касалликка чалинган шахсга телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шифокор рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади;
  • шахснинг руҳий ҳолатдаги бузилиши оқибати ҳисобланган қоидабузарлик учун маҳкум интизомий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.

Ҳозирги кунда амалда бўлган Жиноят-ижроия кодексининг 82-моддасида маҳкумларнинг алоҳида ҳолларда муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби белгилаб қўйилган.

 

Ушбу модданинг биринчи қисмида, “Маҳкумларга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаёти учун хавфли бўлган оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар етказган воқеа) муносабати билан бориш-келиш учун кетадиган вақтни (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда, етти суткагача бўлган муддатга жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат этилиши мумкин. Маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат этилади” деб кўрсатилган.

 

Модданинг иккинчи қисмига кўра, маҳкумнинг четга чиқишга рухсат сўраб ёзган аризасини муассаса маъмурияти бир сутка ичида кўриб чиқади. Бу ҳақда маҳкумнинг шахси, хулқ-атвори, тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлигидан келиб чиқиб қарор қабул қилинади. Четга чиқишга бериладиган рухсатнома прокурор томонидан тасдиқланади.

 

ЖИЭМдан ЧЕТГА ЧИҚИШГА РУХСАТ БЕРИЛМАЙДИГАН МАҲКУМЛАР РЎЙҲАТИ БОР…

— Модданинг учинчи қисмида эса, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат берилмайдиган маҳкумлар рўйҳати кўрсатилган, улар:

  • ўта хавфли рецидивистлар;
  • умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар;
  • ўта оғир жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар;
  • мажбурий даволанишдан ўтаётган ва юқумли касалликка чалинган маҳкумлардир.

Модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш вақти жазони ўташ муддати ҳисобига қўшилиши ҳамда жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳкум маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланиши кўрсатилган.

 

Модданинг олтинчи қисмида, маҳкумнинг белгиланган муддатда жойига қайтиб келишини қийинлаштирувчи кутилмаган ҳоллар юз берган тақдирда у борган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг қарорига биноан қайтиш муддати, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятини албатта огоҳлантирган ҳолда, беш суткагача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

 

Модданинг еттинчи қисмида, маҳкум белгиланган муддатда жойига қайтишдан бўйин товлаган тақдирда у ички ишлар органи томонидан ушланиши ва жазони ўташ жойига жўнатилиши белгиланган.

 

Саккизинчи қисм, ушбу модданинг якунловчи қисми бўлиб, унда, маҳкумларнинг муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатилган.

 

Мазкур кодекснинг тегишли моддаси талабидан келиб чиқиб, ушбу масалада тўғридан тўғри Ички ишлари вазирилигига мурожаат қилишингиз мумкин.

ТАДБИРКОР ВА МУЛКДОРГА «БОШ ОҒРИҚ» БЎЛАЁТГАН ТОПШИРИҚ ВА «ЛАББАЙЧИЛИК», АЙРИМ ҚОНУН ВА ҚОНУН ОСТИ ҲУЖЖАТЛАР ОҚИБАТИ…

Шарҳ

Бугуннинг қизғин ва долзарб мавзуси тадбиркор ва мулкдорнинг муаммоси ҳақида сўз борар экан, қуйидаги фикрларни билдириш мумкин.

 

1. Тан олиш лозимки, мулкдор ва тадбиркорнинг муаммосига сабаб аввало қонунлар. Нега?

Чунки, аввал-бошдан яратилган айрим қонунлар хусусий мулк ва тадбиркорликнинг гуркираб ривожланишига етарли ҳуқуқий замин ҳозирлай олмади.

 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

 

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгиланган.

 

Шу ўринда савол туғилади: нега «хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз», нега бошқа мулк шакллари хусусий мулк каби эмас, ёки нега мулкдан фойдаланиш давлатнинг ҳуқуқларини бузмаслиги шарт. Ахир давлатнинг ўзи хусусий мулк кафолатчиси эмасми?

 

Хуллас, мустақилликни илк даври бўлгани боисми, бошқа қонунларни қўйиб турайликда, асосий қонунимиздаги хусусий мулк ва тадбиркорликка оид айрим нормалар ҳам эҳтиёткорлик, қолаверса, ҳам хусусий мулк, ҳам тадбиркорликка нисбатан тўла ишонч билан ёзилмаган.

 

Шунинг учун ҳам мулкни тасарруф этиш, фойдаланиш, эгалик қилиш борасидаги «Ўзбекистон республикасида мулкчилик тўғрисида»ги, «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа бир қатор мулк ва тадбиркорликка оид қонунлар амалда, ҳаётда татбиқ этилишда ўзининг устувор юридик кучини кўрсата олмади.

 

«Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир», деб белгиладик. Нега қонун ҳимоясидадир, деб белгиламадик? Балки шу концептуал асосданми, мулк ҳимоячиси бўлган давлат мулкнинг ҳақиқий назоратчисига айланди.

 

Оқибатда эса, давлат ислоҳотчи ва назоратчи бўлиб, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, кейинчалик «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонунлар ҳуқуқий майдонга чиқдики, натижа ҳаммага маълум…

 

2. Қонун ости ҳужжатлар бугун ҳам тадбиркор ва мулкдорнинг асосий муаммоларидан бирилигича қолмоқда.

Тадбиркорлик ва мулкка дахлдор 12 000 дан ортиқ қонун ҳужжатларига эгамиз…

 

Мисол учун, биргина якка тартибдаги тадбиркорликни олайлик, улар фаолияти асосан Ўзбекистон Республикаси ФК ва «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан белгилансада, яна шу соҳа 40 дан ортиқ қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ушбу қонун ости ҳужжатларининг аянчли аҳволи шундаки, ҳатто бир ҳужжатда улар якка тартибдаги тадбиркор деб таърифланса, бошқасида хусусий тадбиркор деб белгиланган ва бу ҳужжатлар амалда. 

 

Гапирса, гап кўпаяди, мақсад узоқлашади, лекин ўз ўрнида айтиб ўтиш керакки, қонун ости ҳужжатларда тадбиркор ва хусусий мулкка нимаки қийинчилик бўлса, барчаси яратиб бўлинган. Ушбу ҳуқуқий маконни тозалаш ва такомиллаштириш осон бўлмайди…

 

3. Чексиз қонун ости ҳужжатлар оқибати бўлган топшириқ ва «лаббайчилик» бугун тадбиркор ва мулкдорга қаттиқ бош оғриғидир.

Ҳеч кимга сир эмас, йиғилишларда, айрим мансабдорлар қабул қилаётган маълум қонунсиз ҳужжатларда, тадбиркорларга берилаётган ёзма ва оғзаки кўрсатмаларда, тадбиркор фаолияти ва мулкдор мулкига нисбатан топшириқлар оқибатида тадбиркор ва мулкдорга тизимли зиён бўлаётгани аччиқ ҳақиқатдир.

 

Масалан: айрим мансабдорларнинг ҳудудлардаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечиришлари учун қуйи мансабдорлар, яъни, туман ҳокими ёки сектор раҳбарининг тезкор оғзаки ёки ёзма кўрсатмаси билан ободонлаштириш, таъмирлаш, қурилиш ишларини қилган ё бундай ишларни қилишга мажбурий, ихтиёрий жалб этилган тадбиркорга кейинчалик у амалга оширган ишлари учун ҳақ ёки барпо этган биноси учун ҳужжат расмийлаштириб берилмаганлиги ҳолатлари учрайди.

Ваҳоланки, тадбиркор ишониб бажарган иш учун ҳақ тўлашнинг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас, шунингдек, мансабдорга ишониб тадбиркор томонидан ҳудудни обод этиш акцияси доирасида барпо этилган бино ҳам ҳужжатсиз ва ноқонуний қурилмадир.

 

Ушбу ҳолатлар таҳлил қилинганда, тадбиркорга кўрсатма бериш ваколатига на туман, на вилоят миқёсидаги раҳбарлар эга эмаслар. Берган топшириқлар эса, қонунга мувофиқ эмаслиги аниқланган. 

 

Масалан, сайёр қабулда тижорат банкини фуқарога кредит беришга мажбурлаётган мансабдорнинг топшириғини олайлик.

 

Бир томондан олиб қаралса, тўғри, хайрли иш, фуқарони кредит муаммоси жойида ечилди, дейилади. Лекин ушбу ҳолат ўз-ўзидан қонунларимизга зид. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам кредит шартномаси икки томонлама ва ҳар икки томоннинг хоҳиш иродасидан келиб чиқиши ҳамда тадбиркорлик субъекти бўлган банкларнинг ҳам зиёнига ишламаслиги, шартнома эркин тузилиши даркор. Бу ҳолат ҳам топшириқ тизимига ёпишиб олган мансабдорликнинг салбий одатидир.

 

4. Тадбиркор ва мулкдорнинг ҳуқуқ, манфаат ва кафолатлари иқтисодий судларда тўла таъминланмаётир.

Аввало, суд-ҳуқуқ соҳасидаги бугунги давлат сиёсати, олиб борилаётган ислоҳотлар адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга, судларда қарор чиқариш билангина чекланмасдан том маънода низоларни ҳал этишга, судга мурожаат этаётганларни суд, жамият ва давлатдан имкон қадар рози этишга қаратилган.

 

Шу асосда бугунги иқтисодий судлар беш-олти йил аввалги хўжалик судларига нисбатан анча ижобий фарқ билан прогрессив, очиқлик, шаффофлик, судьяларнинг ҳам моддий, ҳам ижтимоий мустақиллиги таъминлангани билан изоҳланади.

 

Лекин, қанчалик оғриқли бўлса ҳам, айтиш керакки, ҳали тадбиркорнинг судга қўяётган талабини тўла оқлай олганимиз йўқ. Яъни тадбиркорнинг, мулкдорнинг ҳуқуқ ва кафолатлари иқтисодий судларда тўла таъминланмоқда, десак баланд парвоз гап бўлиб қолади. Демак, фактик ҳолат худди айрим мансабдорлар ҳали-ҳамон судларга тепадан туриб қарашини қўймаётгани каби бир ҳолат ёки аксиомадир.

 

Негаки, ушбу ҳолатлар юқорида айтганим каби қонунчилик билан чамбарчас боғлиқ. Мисол учун, бир даъвогар судга жавобгар бўлган иккинчи тараф – давлат ташкилотига ижара шартномасини узайтириш мажбуриятини юклашни сўради.

 

Биринчидан, эндиликда мулк ижараси фақатгина аукцион савдолар орқали реализация қилиниши фармон асосида белгиланганлиги барчамизга маълум.

 

Иккинчидан, «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Ўзбекистон Республикаси ФКда мулкдан фойдаланиб келаётган ижарачи ўша мулк ижарасида имтиёзли ҳуқуққа эга. Айтингчи, бундай ҳолатда суд қандай қарор қабул қилади?..

 

Ўзбекистон ССП ва унинг тизимлари судларда тадбиркорларни ҳимоя қилувчи энг фаол ташкилотдир. Маълумотларга кўра, ушбу ташкилот томонидан жорий йил 6 ойи давомида берилган 5980 та даъво аризанинг 50 тасида ҳам шу ташкилот вакиллари иштирок этишмаган бўлса, берилган даъволарнинг 149 таси қаноатлантиришдан рад этилган. Бундай ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, суд харажатларини манфаати кўзланган шахс – тадбиркорлик субъекти тўлайди.

 

Сизнинг-ча, ССП ёки унинг бошқармаси судда низони бой берса, гарчи бу қонунларда кўрсатилган бўлсада, суд харажатини тадбиркор қоплаши адолатлими? Шундан сўнг тадбиркор суддан рози бўладими? Албатта йўқ? 

 

Яна бир мисол…

Бизнес омбудсман ҳам бир тадбиркор манфаатида иккинчи бир тадбиркорни судга берди, дейлик. Бу каби ҳолатлар ҳам тадбиркорлик субъектларининг тенг ҳуқуқлийлиги тамойили судда бузилаётганидан далолат эмасми?

 

Ҳали-ҳануз судларда прокурор икки тадбиркор ўртасидаги шартномавий муносабатлардан келиб чиққан низолар бўйича ҳам протест келтириши мумкин. Ушбу ҳолат судда тарафлар тенглиги, суд тортишуви тамойилларига мосми? Жавобингиз аниқ…

 

Шунингдек, иқтисодий судда иш юкламаси кўп, албатта ушбу омил ҳам ўз-ўзидан суд процессини вақтида ўтказиш ва суд қарорларининг сифатига, тадбиркор ва мулкдорнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этмай қолмайди.

 

Афсуски, бу каби ҳолатлар етарлича, демак, тадбиркор ва мулкдорлар муаммоларини судларда тўла ҳал этиш юзасидан ҳали қиладиган ишларимиз кўп.

 

5. Тадбиркор ва мулкдорга қараш жуда секин ўзгармоқда

Бир тарафдан, юқорида айтганимиздек, тадбиркор ва мулкдор, улар фаолияти билан боғлиқ қонунда йўқ топшириқлар, қонундан устун кўрсатмалар, мажбурий-ихтиёрий ҳомийлик ва бошқалар каби топшириқ ва кўрсатмалардан ортиб, соҳа фаолиятида қонун бошқаруви тизимига тўла ўта олмаётганлигимизни исботлаш шарт эмас…

 

Яхшиямки, «бизга катта мулкдорлар керакмас», дея айтилган, Конституцияга зид бўлган жумла ва қарашларга давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан чек қўйилди.

 

Иккинчи тарафдан тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолиятига қараши…

 

Масалан, янги ташкил этилаётган кичкинагина тадбиркорлик субъектини олайлик, «10 та тикув машинаси билан 10 та иш ўрни яратаман, гуллатаман», деб интервью беради ёки 100 000 000 сўм даромад олган тадбиркор тўй қиламан, автоўлов оламан, Ҳажга бораман, дейди. Аслида, биринчи мисолда 10 та иш ўрни эмас, у 10 кишини вақтинча иш билан бандлигидир, иш ўрни бевосита тадбиркорликни юриб кетиши ва даромади билан боғлиқ мезонлар асосида ўлчаниши, иккинчи мисолда эса, даромад олган тадбиркор фаолиятни кенгайтириш, янгича йўналишлар, креатив ёндашув ва экспорт, жаҳонга чиқиш ҳақида ўйлаши мақсадга мувофиқдир.

 

Демак, ҳозирча хулоса ўрнида шундай фикр билдириш мумкинки, хусусий мулк ва тадбиркорликка оид қонунлар имкон қадар мукаммал бўлиши, унда урғу кўпроқ тартиб ва чекловларга эмас, балки ҳуқуқ ва манфаатларга берилиши лозим. Яъни бу соҳада қонун нормалари ишни қандай тартиб асосида ташкил қилишга эмас, аксинча, натижани қандай қилиб таъминлашга қаратилиши даркор.

 

Шунингдек, қонун ости ҳужжатларидан қўрқмай воз кечилиши, судлар ҳам тадбиркорнинг тўла ишончини оқлайдиган даражада барча шарт-шароитлари мустақил бўлиши, тадбиркор ишончини оқлаш даражасида куч-қудратли бўлиши, охирги нуқтани суд қўяди, деб баралла қўрқмай айта олиши, кундалик одатга айланиши ва ниҳоят, давлат органлари, уларнинг мансабдорлари ҳам ва айнан тадбиркорларнинг ўзлари ҳам хусусий мулк ва тадбиркорга, шартномавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва интизомга риоя этиши шарт.

 

Бундай қарашнинг замирида тадбиркорни давлат органи билан боғлаб турувчи тизим фақатгина солиқ бўлиши, солиқдан бошқа ҳеч қандай юкламалар, айниқса, тадбиркорлар йиғилиш, ҳомийликка жалб этилувчи субъектлар қаторида бўлмаслиги, тадбиркор давлат бюджетини тўлдириш бирламчи, сўнгра тадбиркорлар ва мулкдорлар манфаати, деган қарашлардан воз кечиши лозим.

 

Тадбиркор манфаати  – жамият ва давлат манфаати, натижада аҳоли фаровонлиги, давлат тараққиёти деган қарашлар устувор бўлишига эришиш илғор давлатларнинг қийин, аммо хайрли тажрибасидир.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

АВВАЛ 5 ЙИЛГА ҚАМАЛГАН «ТОШИССИҚҚУВВАТИ» ХОДИМИ ЯНА ФИРИБГАРЛИККА ҚЎЛ УРДИ

“Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади”, дейишади. Бироқ 26 ёшли “Тошиссиққуввати” ДУКнинг филиалларидан бирида компьютер техниги вазифасида ишлаган ходим такроран фирибгарлик жиноятига қўл урди…

 

Энг қизиғи, биринчи гал фирибгарлик жиноятига қўл урганида 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Лекин бу жазо тегишли хулоса чиқариш учун етарли бўлмаган кўринади. Йўқса, яна худди ўша “йўл”дан юришни лозим топармиди?!

 

Судланувчи ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир эмас, икки эмас нақ 34 нафар шахснинг ишончини суиистеъмол қилади.

 

У 2019 йилнинг баҳоридан 2020 йилнинг сўнгига қадар, “Тошиссиққуввати” ДУКнинг филиалларидан бирида ишлаган. Илк “ўлжа”сига иссиқ сув учун тўланиши лозим бўлган жами 1 100 000 сўм пулларни касса орқали унинг хисоб рақамига тўлаб қўйишни ваъда беради. Ундан нақд пулларни олиб, мазкур суммага квитанция ёзиб беради. Аммо берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

 

“Қаҳрамон”имиз ҳожатбарорликни давом эттириб, яна бир фуқародан иссиқ сув учун тўланиши лозим бўлган жами 2 428 000 сўм пулларни олиб, доимгидек квитанция ёзиб беради. Бу гал ҳам пулни чўнтакка уради.  

 

Шу тариқа, кимдандир 600 000 сўм, бошқасидан 3 200 000 сўм, яна бировдан 5 000 000 сўм, жами эса 51 026 000 сўм пулларни олиб, ҳамма фуқарога олган суммаси учун квитанция ёзиб бераверган. Лекин тарки одат – амри маҳол деганларидек бирорта фуқаро номидан касса орқали уларнинг ҳисоб рақамига пул тўланмаган. Табиийки судланувчи берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

 

Судланувчи суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирди. — Ҳақиқатдан ҳам иссиқлик тарқатиш бўлимида компьютер техниги вазифасида ишлаганман. Бўлим бошлиғининг топшириғига кўра, фуқаролардан нақд пул қабул қилиб олинган. Сўнг нақд пулларни бўлим бошлиғим ва бошқа шахслар билан бўлишиб, ўзлаштирганмиз. Олинган пулларнинг бир қисмини мен ўзлаштирганман, қолганини бўлим бошлиғи ва унинг ёрдамчилари ўзлаштирган, – дея қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

 

“ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ УНДИРИБ БЕРИШНИ СЎРАЙМАН”

Жабрланувчилардан бири суд мажлисида қуйидагиларни баён қилди:

— 2019 йилнинг ноябрида туман иссиқлик тарқатиш бўлимига иссиқлик таъминотидан бўлган қарзимни тўлаш учун бордим. Кассаси ёнида ўтирган судланувчи компьютер орқали кўриб, 1 620 000 сўм қарздорлигим борлигини айтди. Унга нақд пул бердим, тўлов тўланганлигини тасдиқловчи квитанция тўлдириб берди. Шу билан 2020 йилнинг ноябрида яна тўлов учун бордим. Яна ўша ходим 1 580 000 сўм тўлашим кераклигини айтди, нақд пул бердим. Тўлов тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция берди. Бироқ уйимга туман иссиқлик тарқатиш бўлимидан қарздорлик хақида хатлар кела бошлади. Бўлимга борганимда эса тўланган жами 3 200 000 сўм кассага кирим қилмаганини билдим. Суддан етказилган зарарни ундириб беришни сўрайман.

 

ФИРИБГАРГА ҚАНДАЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ?

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖК 59-моддаси 8-қисми тартибида суднинг ҳукми билан аввал тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни корхона, муассаса ва ташкилотларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчидан 34 нафар жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

 

Зохиддин НУРИДДИНОВ,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

«ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ БЕКОР ҚИЛИНГАНДИ, БИРОҚ…»

— Ўгай акам мен ва онамнинг розилигисиз биз яшаб турган уйни ўз номига ўтказиб олган эди. Яқинда суд орқали эгалик ҳуқуқи бекор қилинган бўлса-да, у ҳовлида қурилиш қилгани учун кетишни хоҳламаяпти. Ҳовли раҳматли отамнинг номида. Акамнинг ўз уй-жойи бор, лекин «отамдан қолган уй», деб ҳақ талашяпти. Бу вазиятда бизга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Муқаддам ГУЛАМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси:


— Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.


Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.


Юқорида кўрсатилган қонун талабларига кўра, мерос қолдирувчининг фарзандлари, эри (хотини) ва ота-онаси биринчи навбатдаги меросхўр бўлиб, мерос қабул қилиб олишлари учун уй-жой жойлашган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат қилишлари лозим бўлади.


Бундай ташқари, баён қилган ҳолатларга кўра, савол муаллифининг ўгай акаси уй-жойда яшаб келган кўринади.


Уй-жой кодекси 32-моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

«КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАМИЗ, ЎҒЛИМ АЛИМЕНТНИ ҚАНДАЙ ТЎЛАЙДИ?»

— Аввал ҳам келиним қизлик уйига тез-тез кетиб қоларди. 3-4 кундан сўнг олдимга солиб олиб келардим. Рости, бундай ишлардан безор бўлганим учун бу сафар ортидан бормадим. Ўғлим ҳам «ўзи келса келди, бўлмаса яшамайман», дегач, ўзларига ташлаб қўйгандим. Мана, келинимнинг кетиб қолганига 15 кун бўлиши билан алиментдан қоғоз келди. Суд 26,6 фоиз миқдорида алимент ундируви тайинлабди. Ўғлим бандликка кўмаклашиш марказида рўйхатда турса, соғлиги яхши бўлмаса, бунинг устига, кам таъминланган оиламиз, алиментни қандай тўлайди? Суд шуларни инобатга олмайдими? Бизга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Фарҳод ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Шунингдек, мазкур Кодекснинг 97-моддасига мувофиқ вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.


Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори ушбу Кодекснинг 99-моддасида белгиланган. Унга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.


Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.


Ушбу Кодекснинг 102-моддасида ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдорини аниқлаш тартиби белгиланган. Унга асосан ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, Кодекснинг 116-моддасига асосан вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.


Алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш тартиби Фуқаролик процессуал кодексининг 181-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

 

Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.


Алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ижро ишини юритиш бўйича ундирув тугагунига қадар ундирувчининг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.

«БОЛАЛИ АЁЛГА ИШ ЖОЙИДА ЖАРИМА СОЛИШ ТЎҒРИМИ?»

— Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Бир сафар оилавий вазиятлар сабабли ишга кеч келдим. Сабабини тушунтирган бўлсам-да, иш берувчи ойлик иш ҳақимнинг 30 фоизини кеч келганлик учун жарима сифатида ушлаб қолмоқчи. Шу тўғрими? Вояга етмаган фарзанди бор аёлларнинг иш жойида қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор?

Исми сир тутилди

Анвар ЁРИЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ходимга нисбатан меҳнат интизомини бузганлиги учун ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, шунингдек, Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисмининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда, яъни ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги ёки ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ҳолатларида меҳнат шартномасини бекор қилиш каби интизомий жазо қўллаши мумкин.


Ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.


Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.


Интизомий жазо қўлланишида содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.


Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.


Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.
Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.


Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.


Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли.


Агарда сиз қўлланилган интизомий жазо чорасидан норози бўлсангиз интизомий жазо устидан меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидирсиз.


Шунингдек, Меҳнат кодексининг алоҳида нормалари (224-238-моддалар) билан аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар белгиланган.


Хусусан, ҳомиладор аёлларни ва боласи бор аёлларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасаларда ишлаётган аёлларнинг иш вақтининг қисқартирилган муддатига бўлган ҳуқуқи, ўн икки ёшга тўлмаган боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёллар учун қўшимча таътиллар, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар, янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бериладиган таътиллар, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар, ҳомиладор ва боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилган.

«КРЕДИТНИ МЕН ТЎЛАСАМ-У, УЙ ЭРИМГА ҚОЛАДИМИ?»

— Бундан бир йил олдин ипотекага уй олганмиз. Кредит менинг номимга, квартира эса эримнинг номига расмийлаштирилган. Эрим билан ўртада келишмовчиликлар чиқиб, ҳозирда ота-онамнинг уйидаман. У ажрашмоқчи. «Уй менинг номимда ҳеч қанақасига даъво қилолмайсан», деди. Кредит қарзини мен тўласам-у, уй унга қоладими? Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?


Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Уй-жой кодексининг 14-моддасига кўра, уй-жой облигацияларини олиш ва уларнинг қолган қийматини банк кредитлари ҳисобига тўлаш йўли билан қурилган ва олинган уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилгандан кейин вужудга келади.

 

Агар турмуш ўртоғингиз билан қонуний никоҳда бўлиб, бирга яшаган даврингизда кредит ҳисобига уй-жой сотиб олган бўлсангиз, ушбу уй-жой cизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг номида бўлишидан қатьи назар ушбу уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилганидан кейингина вужудга келади. Кредит тўлиқ қайтарилганидан кейин уй-жой cизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг номида эканлигидан қатъи назар cизларнинг умумий мулкингиз ҳисобланади. Бугунги кунда cизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз мавжуд.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 55-моддасига асосан, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низолар билан боғлиқ ишлар, Тошкент туманлараро маъмурий суди судловига тааллуқли ҳисобланади.

 

Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йил 6 ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 957 (ўтган йил шу давр – 1 589 та, 23,1 фоиз ошган) та иш кўриб тамомланган, шундан 1 238 та оммавий низо ва 719 та материал.

 

Оммавий низолардан 605 таси қаноатлантирилган (432 таси рад қилинган, 151 таси иш юритишдан тугатилган, 50 таси кўрмасдан қолдирилган).

 

134 та хусусий ажрим чиқарилиб, қонунбузилиш ҳолатларига тегишли муносабат билдирилган, чиқарилган ҳусусий ажримлар бўйича 11 та мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Утган йил шу давргар нисбатан олинса 28,8 фоизга ошган.

Ишлар тоифа бўйича таснифланганда нисбатан кўпроқ кўрилган:

 

Давлат солиқ органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 286 та (шундан 14 таси жисмоний шахс, 274 таси юридик шахслар томонидан берилган);

 

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 261 та;

 

Хокимликлар қарор ва ҳаракатлари устидан 222 та иш кўрилган;

 

МИБ ҳаракатлари 119 та.

Жорий йилда Давлат кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари устидан берилаётган ишлар сони сезиларли даражада кўпайган бўлиб, жами:

 

Кадастр 98 та иш кўрилган;

 

Қурилиш 59 та иш кўрилган;

 

Адлия идоралари 65 та иш кўрилган;

 

Хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар: ИИВ 21 та, Божхона 19 та иш кўрилган;

 

Монополия қўмитаси 11 та иш кўрилган;

 

МФЙ сайлови бўйича жами 6 та иш кўрилган.

Шу билан биргаликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ жами 719 (ўтган йил шу давр 561та, 27,4 фоиз кўпайган) та илтимоснома кўрилган. Мазкур тоифа ишлари тасдиқланган ички жадвал асосида судьялар томонидан Реабилитация марказида махсус жиҳозланган хонада сайёр кўрилмоқда.

 

Қабул қилиш рад этилган аризалар сони 106 та, қайтарилган аризалар сони 100 та, бу ҳолат жуда ижобий баҳоланади.

 

Маъмурий низолар бўйича ариза бериш тартибига риоя қилмаган фуқаро ва юридик шахслар билан телефон орқали боғланиб, хато ва камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тушунтириш берилиши амалиёти кенг жорий қилинган.

 

2022 йил 6 ойи давомида апелляция инстанциясида жами 356 та (ўтган йил шу давр 325 та, 9,5 фоизга кўпайган) оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чикадиган ишлар кўрилган бўлиб, шундан 270 та иш ўзгаришсиз қолдирилган, 4 та иш ўзгартирилган, 61 ёки 17 фоиз (ўтган йил шу давр 86 та) та иш бекор қилинган, 18 та иш юритишдан тугатилган.

 

Хусусий ажрим апелляция инстанцияси 37 та (ўтган йил 15 та 147 фоизга ошган) жиноят аломатлари борлиги ҳолатини текшириш учун 11 та хабарнома чиқарилиб, тегишли прокурорга юборилган.

 

 

ДАВЛАТ БОЖИ…

Тошкент шаҳар маъмурий судларида 2022 йилнинг 6 ойи давомида кўрилган 1144 та иш бўйича бюджетга 634 263 081 сўмлик давлат божлари ихтиёрий тўланган.

 

Ижро қилиш учун 230 та иш бўйича 415 565 382 сўмлик ижро ҳужжатлари юборилган.

 

1 июль куни ҳолатига 126 та иш бўйича 229 041 164 сўмлик ижро ҳужжатлари амалда ижро қилинган, 104 та иш бўйича 186 524 218 сўмлик ижро ҳужжатлари қолдиқда.

 

ШАХСИЙ (САЙЁР) ҚАБУЛЛАР ТАҲЛИЛИ

Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари билан биргаликда, Тошкент шаҳрининг туманларида ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка мухтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш ва керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида 358 та фуқаро қабули ўтказилди. Жумладан, суд биносида 199 та, сайёр қабулда 159 та.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ва Олий суд раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган сайёр қабулларда ҳам иштирок этилди.

 

2022 йил 6 ойи давомида Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси ва барча судьялари тасдиқланган режа-график бўйича ўзларига “Менинг маҳаллам менинг судьям” тамойили асосида бириктирилган МФЙларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 525 нафар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатилди.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида жами 30 401 та (2021  йил 6 ойи давомида 24 774 та) даъво ариза ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 283 тани ташкил этади. Шундан 23 707 таси иш юритишга қабул қилиниб, ҳисобот даврининг охирига қадар 22 058  таси (2021 йил 6 ойи двомида 18 337 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 18 470 таси бўйича даъво талби қаноатлантирилган, 2 125 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 558 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 905 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

 

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 3 588 тага ёки 20,3 фоизга кўпайган.

 

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 22 058 та ишларнинг 6 384 таси ёки 28,9 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

 

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 2 393,4 млрд.сўм ҳамда республика бюджетига 133,3 млрд. сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинаган.

 

Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 21,1 млрд. сўмни ташкил этган.

 

Судлар томонидан ҳисобот даврида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 13 863 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 7 616 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 9 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 524 та, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 46 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.

Мурожаатлар…

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судига жами 235 та мурожаатлар (21 таси судлов ҳайъатига, 214 таси туманлараро иқтисодий судига) келиб тушган бўлиб, улардан 223 таси тўлиқ ўрганилиб, муаллифларга батафсил жавоб хатлари берилган ҳамда ўрганишдаги қолдиқ мурожаатлар сони 12 тани ташкил этган.

Судларда иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар суд биносида раисларнинг шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси томонидан 37 нафар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан 45 нафар жисмоний ҳамда юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Skip to content