Қидирув:

ЭР-ХОТИН АЛОҲИДА ЯШАГАНДА, БОЛА КИМ БИЛАН ЯШАШНИ ТАНЛАЙ ОЛАДИМИ?

— Бундан ярим йил олдин оилавий можароларни деб келиним уйдан кетиб қолди. Катта набирам онаси билан бирга кетишни хоҳламаган, яқинда ҳеч кимга билдирмай қочиб келди. Онаси вазиятдан хабар топиб, уриш-жанжал билан болани олиб кетди. Набирам 9 яшар. Онаси билан яшашни хоҳламаяпти. Эр-хотин ажрашмаган бўлса ҳам болани ўз тарбиямизга олиш ҳақида судга берсак бўладими? Боланинг хоҳиши инобатга олинадими?

Исми сир тутилди

Нигора МИРЗАКАРИМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Оила Кодексининг 75-моддасига мувофиқ ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг аҳлоқий ва бошқа фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

 

Бу қонун нормалари Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сонли қарорида ҳам кўрсатиб ўтилган. Қарорнинг 3-бандида “Суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган болаларни уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила Кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим.

 

Суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин.

 

Мазкур ҳолатда эр ва хотин ажрашмаган бўлса ҳам болани яшаш жойини белгилаш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

ҚАМОҚДА БЎЛГАН ШАХС АЛИМЕНТ ТЎЛАЙДИМИ?

— Ўғлим баъзи сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилган. Яқинда суддан алимент тайинлангани ҳақида хат келди. Собиқ хотинининг топиш-тутиши яхши, шу арзимаган алимент пулига қараб қолган жойи йўқ. Қолаверса, ўғлим қамоқда бўлса қандай қилиб алимент тўлайди? Қарорни бекор қилиш мумкинми?

Исми сир тутилди

Зулфия БЕРДИМУРАТОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек, вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

 

Шунингдек, Оила кодексининг 99-моддасига асосан, вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

 

– бир бола учун тўртдан бир қисми;


– икки бола учун учдан бир қисми;


– уч ва ундан ортиқ бола учун ярми миқдорида ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларга таъминот бериш биринчи навбатда вояга етмаган болаларнинг манфаати учун ундирилади.

 

Демак, ўғлингизнинг озодликдан маҳрум қилиниши уни вояга етмаган фарзандига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилинмайди.

 

Вояга етмаган болаларга таъминот бериш Фуқаролик процессуал кодексининг 18-бобига мувофиқ суд буйруғи тартибида ундирилади.

 

ФПКнинг 177-моддасида, арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади деб кўрсатилган бўлса, ушбу Кодекснинг 179-моддасида суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади.

 

Шунингдек, ФПКнинг 181-моддасига кўра, қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

 

Агар ўғлингиз, вояга етмаган болаларига таъминот ундириш тўғрисидаги суд буйруғига эътирози бўлса, буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқи бор.

ОНА ХОРИЖДА БЎЛСА, БОЛАЛАР ОТАГА ОЛИБ БЕРИЛИШИ МУМКИНМИ?

— Овсиним қайним билан ажрашган. Бундан бир йил олдин болаларини онасига қолдириб, ўзи Туркияга жўнаб кетган. Қайним фарзандларини ўз тарбиясига олмоқчи, бироқ собиқ қайнонаси қаршилик қиляпти. Болаларнинг онаси хорижда бўлса, болалар отага олиб берилиши мумкинми?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

 

— Оила кодексининг 73-моддасига мувофиқ, ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга. Ушбу Кодекснинг 75-моддасига кўра, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар(ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.


Юқорида қайд қилинган қонун нормасидан келиб чиққан ҳолда қайнингиз болаларининг яшаш жойини ўзи билан белгилаб бериш тўғрисида собиқ қайнонасининг яшаш манзили бўйича фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.

 

Суд мазкур даъво аризасини вояга етмаган болаларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилади.

«БИРОВНИНГ КРЕДИТИНИ ТЎЛАЙВЕРАМАНМИ?»

— Холамнинг қизига кредит олишда 2-кафил бўлгандим. 3 ойдан бери кредит қарзи пластик картамдан ечиб олиняпти. Сабабини суриштирсам, қариндошим ойлигини тўлиқ нақд кўринишга ўтказибди. Шунинг учун банкдагилар менинг картамдан ечиб олишаётган экан. Қариндошимга пулимни қайтаришини ёки банкка мурожаат қилиб, нақд тўлаши ҳақида хабардор этишини айтсам ҳам эътибор қилмаяпти. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқим бор? Кафилликни бекор қилдирса бўладими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

— Фуқаролик кодексининг 292-моддасида кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур кодекснинг 293-моддасида қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб бериши қайд этилган.


Юқоридаги низоли масалада сиз, қариндошингиз ва банк ўртасида кафиллик шартномаси тузилганлигини қайд этгансиз.


Фуқаролик кодекснинг 296-моддасида кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардоp қилиши шарт. Акс ҳолда ўз навбатида мажбуриятни бажарган кафил асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ёки қарздорга регресс талаб қўйишга ҳақли. Регресс талаб қўйилган тақдиpда қарздор асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ҳақли.


Мазкур қонун талабига кўра, кредитнинг сиз томондан тўланган қисми бўйича қарздордан регресс тартибида ундириш бўйича судга даъво ариза беришингиз мумкин.


Бундан ташқари қонунчиликда кафилликнинг бекор бўлиши белгиланган бўлиб, унга кўра кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

СОТИЛГАН УЙНИНГ ПУЛИНИ ҚАНДАЙ ОЛИШ МУМКИН?

— Яқин дугоналаримдан бири шаръий никоҳ асосида турмушга чиққанди. Эри «Уйни сотсанг ёнига пул қўшиб, каттароғини оламиз», деб алдади. Уй сотилгач, пулни олиб қочиб кетди. Дугонамга «Қўлингдан келганини қил, бир сўмини ҳам ололмайсан», деганмиш. Энди дугонам қандай йўл тутсин? Уйини пулини ололадими?

Исми сир тутилди

Фахриддин БАХРОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Ушбу ҳолатда масаланинг ечими бир нечта босқичдан иборат.
Пулни олиб қочиб кетган шахснинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш босқичи бу – энг асосий босқичлардан бири ҳисобланади. Чунки, хатти-ҳаракатга берилган баҳо ишнинг жиноий ёки фуқаровий тартибда ҳал қилинишини белгилаб беради.


Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жиноят ҳисобланади. Ушбу ҳолатда шаръий никоҳда бўлган шахслар қонун талабига кўра эр-хотин ҳисобланмаслиги сабабли, уларнинг мулки умумий мулк деб тан олинмайди. Бундай ҳолатда, шаръий эр шаръий хотиннинг мулкини олиб қочиб кетганлиги ўғрилик жинояти сифатида баҳоланиши лозим. Жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатишни рад этиш, жиноятларни дастлабки тергов қилиш прокуратура, ИИВ ва ДХХ органлари зиммасига юклатилган. Шунинг учун ушбу органларга жиноят иши қўзғатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш лозим.


Жиноятни дастлабки терговида давомида зарарни ундириш босқичи бу – зарарни ундиришнинг самарали босқичи бўлиб, зарарни ихтиёрий равишда қоплаш енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда эҳтиёт чораси турига ва бериладиган жазо миқдорига таъсир қилади.

 

Жиноятни дастлабки тергов қилиш давомида ёки жиноят ишлари бўйича судда жиноят ишини кўришда, суд тергови бошлангунга қадар, уйнинг пулини ёки зарарни ундириш тўғрисида фуқаровий даъво қўзғатиш лозим бўлади.


Зарарни фуқаролик иш юритиш тартибида ундириш босқичи. Жиноят ишлари бўйича суднинг шахсни айбдор деб топиш тўғрисидаги ҳукми билан зарар ундирилмаган ёки фуқаровий даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, ҳукм қонуний кучга киргач фуқаролик иш юритиш тартибида жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисида даъво қўзғатиш лозим бўлади. Бунда судга ариза берганлик учун давлат божи ундирилмайди.


Суднинг пулни (зарарни) ундириш тўғрисидаги ҳукми ёки қарорини ижро қилиш босқичи. Суднинг ҳукми ёки қарори қонуний кучга киргач уни ижро қилиш юзасидан Мажбурий ижро бюроси бўлимларига ёзма суд ҳужжатини (ҳукм, қарор, ижро варақа) илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиш керак бўлади.


Давлат ижрочиси қарздорнинг ёки айбдор шахснинг ундириш мумкин бўлган мол-мулкини аниқлайди, бундай мулк бўладиган бўлса ва у зарарни қоплашга етса, пулни тўлиқ ундириши мумкин. Акс ҳолда суднинг қарори ёки ҳукми ижро қилинмасдан қолиши, шахс пулини қайтариб ололмаслиги мумкин.

«НОГИРОН ФАРЗАНДИ БОРЛАРНИ «СОКРАЩЕНИЕ» ҚИЛИШ МУМКИНМИ?»

— Туман поликлиникасида лаборатория хонаси санитарка бўлиб ишлайман. Яқинда лаборатория оддий хонага айлантирилди. Шу муносабат билан мен эгаллаб турган лавозим қисқартиришга тушди. Турмуш ўртоғим мавсумий ишчи. Уч нафар фарзандимиз бор. Кичиги болаликдан туғма ногирон. Ногирон фарзанди борларни «сокращение»га тушириш мумкин эмас, деб эшитгандим. Иш берувчининг менга нисбатан талаби ўринлими?

Исми сир тутилди

Жасур МАМАЮСУПОВ, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Ўзбекистон Республикасининг амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, иш берувчи ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолатда иш берувчи ходимни бу ҳақда камида икки ой олдин огоҳлантириши шарт.

 

Мазкур асос билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида, ходимни ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади. Ходимни ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқнинг доираси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. Агар тарафлар ўртасида мавжуд масала юзасидан низо келиб чиқадиган бўлса, тарафлар масалани суд тартибида ҳал этиш ҳуқуқига эга.

“УЛУШИМ ОЧИҚ ҚОЛГАН…”

— Ёшим 60 да. Эрим билан турмушимиз яхши бўлмаган. 30 йилдан буён бирга яшамаймиз. Икки нафар фарзандимиз бор. Менга онамдан 8 сотих ер мерос қолган. Қайнотам шу ерга иморат солган. Қурилишда мени ҳам ҳиссам бор. Ўша пайтларда эрим қамалиб қолди. Озодликка чиққанидан сўнг бирга қурган уйимизни сотиб, менга улуш бермади. Бундан ташқари,1989 йил давлат томонидан қўшимча ер берилган. Аммо эрим ернинг ўзига тегишли қисмини сотиб юборган. Мени улушим эса очиқ қолган. Ернинг ўзимга тегишли қисмини сотиш ҳуқуқини ололмаяпман. Бундай ҳуқуқ берилиши учун бир хонали бўлса ҳам уй қуришим керак экан. Айни дам ерга харидор бор, аммо эрим тўсқинлик қиляпти. Менга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Ер участкаси ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

 

Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) чегара белгилангандан кейин аниқланади.

 

Сизга ўзингизга ажратилган ер бўлагини сотиш учун олдин мазкур ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритишингиз лозимлиги, яъни ер участкасига нисбатан ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишингиз лозимлиги тушунтирилади.

 

Ваҳоланки, Ер кодексининг 31-моддасига асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.


Агар сизда ажратилган ер участкасига нисбатан ҳуқуқни тасдиқловчи хужжат: Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат хужжати, Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат хужжати, Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат хужжати ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлса, ўзингизга тегишли ер участкасини тегишли тартибда олди-сотди қилиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Турмуш ўртоғингиз билан ўртангизда ер участкаси бўйича низо мавжуд бўлган тақдирда мазкур масалада тегишли тартибда даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз тушунтирилади.

ДОМ-ДАРАКСИЗ КЕТГАН ФУҚАРО ҚАНЧА МУДДАТДАН СЎНГ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИЛИШИ МУМКИН?

— Бир ой аввал кичик холам оламдан ўтди. Унинг турмуш ўртоғи ҳам, фарзандлари ҳам йўқ эди. Онам холамдан қолган уйни номига ўтказмоқчи бўлиб, нотариусга учрашса, яна бир холамнинг ҳам розилиги керак экан. У эса мана 8 йилдирки Россияга кетганча дом-дараги йўқ. Бу вазиятда уй онамнинг номига ўтиши учун қандай йўл тутишимиз керак?

Исми сир тутилди

 

Жалолиддин АББАСОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 33-моддасига кўра, агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса – кейинги йилнинг биринчи январидан бошланишлиги акс эттирилган.


Мазкур кодекснинг 36-моддаси 1-қисмида агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкинлиги кўрсатилган.


Ушбу қонун нормаларидан келиб чиқиб сизга, ўртанча холангизни суд томонидан бедеарак йўқолган деб топиб, онангиз мазкур мулкни ишончли бошқариб туришлиги, шундан сўнг Фуқаролик кодексининг 36-моддасига асосан судда бедарак йўқолган деб топилган холангизни яна суд томонидан ўлган деб эълон қилиб, бир ой олдин вафот этган кичик холангизга тегишли бўлган мулкка эгалик қилиши мумкинлиги тушунтирилади.

ЎГАЙ ЎҒЛИМ ЎЗ УЙИМГА КИРИТМАЯПТИ: УЙ ЭГАСИ СИФАТИДА УНИ “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚАРИШИМ МУМКИНМИ?

— Хўжайиним вафот этгач, унинг номида бўлган уй менга ҳадя қилингани учун қонунан уйнинг эгаси бўлдим. Энди билсам, уйда ўгай ўғлим ҳам “прописка”да тураркан. “Паспортний стол”да исми чиқмади. Ўгай ўғлим менга ҳадя қилинган уйда яшамайди. Лекин уй қулфини ўзгартириб, мени киритмаяпти. Уй эгаси сифатида уни қандай қилиб “прописка”дан чиқаришим ва уйда яшашим мумкин?

Исми сир тутилди

Жасур СИРОЖЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

 

Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганда турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

 

Демак, саволда кўрсатилган шахс низоли хонадонда доимий рўйхатда туриб бугунги кунгача истиқомат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, қонунда белгиланган муддатда, яъни олти ойдан зиёд узрсиз сабабларга кўра яшамаган бўлса, суд фуқаро фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиши мумкин.

 

Ҳозирги кунда ўгай ўғлингиз низоли хонадонда истиқомат қилиб келаётганлигини инобатга олиб, уни суд томонидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиб бўлмайди.

 

Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 166-моддасига асосан, мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади. Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

 

Юқоридаги қонун талабларига кўра, ўз мулкингиздан эркин фойдаланган ҳолда, низоли хонадонга киритиб қўйиш ҳақидаги даъво талаби билан судга мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжуд.

“БИР ОЙДА КЕЛТИРИБ БЕРАМАН…”

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, дейди доно халқимиз.Афсуски, буни ҳамма ҳам бирдек ҳис қилавермайди. Ёки бу ҳаётий ҳақиқатни тан олишни истамайди.

 

Мирзо Улуғбек туманининг Сайрам кўчасида истиқомат қилувчи Дониёр Кабиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йилда қўл урган фирибгарлиги учун орадан икки йил ўтгач қонуний жазога тортилди.

Гап шундаки, темир қувур маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи фуқаро Абдухалил Узоқов 2017 йилда Дониёр билан танишиб қолади.

 

Ўша пайт­­да Д. Кабиров Олмазор туманидаги темир маҳсулотлари омборида ишларди. Шундан буён улар иш юзасидан гаплашиб, салом-алик қилиб юришган. 2019 йилнинг август ойида икковлон яна эски мавзуда суҳбатлашиб қолишади. Суҳбат асносида Дониёр А. Узоқовнинг кўп миқдорда, улгуржи нархда қувур сотиб олмоқчи эканлигидан хабар топади. 

 

– Хоҳласангиз, ўзим бир ойда келтириб бераман, сизга арзонга тушади, – дейди у.

Аввалдан танигани ва олди-берди қилиб юргани боис Абдухалил ака унга ишонади, таклифга рози бўлади. 

 

2019 йил сентябрь ойининг бошларида А. Узоқов Яккасарой туманидаги “Сафо” тиббиёт клиникаси ёнида келтирилажак маҳсулот учун олдиндан 49 000 АҚШ долларини санаб беради. Лекин Дониёр бир ойлик муддат ўтиб кетса ҳамки ваъдасини бажармайди. Аксинча, гоҳ у, гоҳ бу важни рўкач қилиб, харидорни лақиллатиб юраверади. Шу тариқа А. Узо­қов беш ойгача – 2020 йилнинг март ойига қадар ҳам пулларини қайтариб ололмайди. Фақатгина 2020 йил 1 март куни Дониёр ундан темир қувурлар етказиб бериш учун 49 000 АҚШ доллари олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради, холос. Бироқ шундан кейин ҳам олган пулларини қайтармайди.

 

Буни қарангки, Д. Кабиров 2019 йилнинг 10 ноябрь куни фуқаро Санжар Нурматовни ҳам чув туширган экан. Яъни, Санжарга ҳам арзон нархда, сифатли темир қувурларни бир ой муддатда келтириб беришни ваъда қилади фирибгар. Шу мақсадда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасидаги 17-уйнинг олдида унинг укаси Санъат Нурматовдан 25 000 АҚШ долларини олади. Аммо худди А. Узоқов сингари С. Нурматовни ҳам лақиллатиб юраверади. Қачонки, пулини қайтаришни талаб қилавергандан кейингина – 2020 йил 19 март куни чиндан ҳам Санъат Нурматовдан шунча миқдорда пул олганлигини тасдиқлаб, тилхат ёзиб беради. Берган ваъдаси эса ваъдалигича қолиб кетаверади.

 

Шундан кейин иккала жабр­ланувчи ҳам туман ИИБга ариза билан мурожаат қилишади. Натижада тилга олинган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Д. Кабировни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

 

Агар юқоридаги жиноят омилига назар ташласак, бунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан жиддий чора-тадбирлар кўриш, яъни масалага дахлдор шахсларнинг масъулиятини, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш лозимлиги аён бўлади. Қолаверса, Дониёр Кабиров сингари фирибгарларнинг тузоғига илинмаслик учун “Сув кўрмай этик ечма!” қабилида иш тутиш зарур. Айни ҳолатда жабрланувчилар фирибгар билан аввалдан таниш бўлганлари боис унга ишонишган. Аммо доно халқимизнинг “Ишонган тоғда кийик ётмас” деган нақлини ҳам унутмаслик лозим.

 

 Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман

судининг судьяси

Skip to content