Қидирув:

НАБИРАЛАРИМ БИЛАН УЧРАШИШГА ҲУҚУҚИМ БОРМИ?

Фарзандим чет давлатда ишлайди. Келиним эса аразлаб уйига кетиб қолган. Набираларимни менга кўрсатмаяпти. Уларни кўришга борсам, “ўғлингиз келса кўрасиз, унгача кўрсатмайман”, дейди. Буви сифатида менинг ҳам набираларим билан учрашишга ҳуқуқим борми?

Исми сир тутилди

 Мутахассис: Икромжон КУРБАНБАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.

 КЎРИШИБ ТУРИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА

— Оила кодексининг 66-моддасига асосан, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.

Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.

Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.

Оила кодексининг 77-моддасига асосан, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.

СУД НИЗОНИ ҲАЛ ҚИЛАДИ

Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин.

Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади.

Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда айбдор ота (она)га нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Сиз қонунда белгиланган тартибда набираларингиз билан учрашиш учун биринчи навбатда келинингиз яшаётган худуддаги болаларни химоя қилиш шуъбасига мурожаат қилишингиз лозим. Келинингиз болаларни химоя қилиш шуъбаси ходимларининг ҳаракатларига ҳам қаршилик кўрсатган ҳолатда, мазкур шўъба ходимларининг хулосаси билан келинингиз яшаётган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

Суд томонидан иш ҳолатлари ўрганиб чиқилган холда боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда сизга набираларингиз билан учрашув вақтини белгилаб бериш ваколатига эга. Бунда боланинг жисмоний ва руҳий соғлиги, унинг ахлоқий камолотига таъсир қиладиган ҳолатлар, боланинг ёши ва соғлиғининг ҳолати инобатга олинади. Белгиланган кўришиш тартиби боланинг манфаатига жавоб бериши ва ижро этиш имконияти мавжуд бўлиши лозим. Болаларнинг фикрини, уларнинг тарафларга бўлган муносабатини аниқлаш, болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан болаларнинг яшаш шароитини текшириш вақтида амалга оширилади. Иш ҳолатларига кўра, суд томонидан болани сўраш зарур деб топилса, бундай сўровни боланинг ёшини ва ривожланганлигини эътиборга олиб, педагог қатнашувида, унга манфаатдор шахслар таъсир этмайдиган вазиятда амалга оширилади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

“АЖРАШСАМ, МОЛ-МУЛКДА ҚАНДАЙ ҲАҚ-ҲУҚУҚИМ БОР?”

— Баъзи сабабларга кўра эрим билан ажрашмоқчиман. Ҳозир яшаб турган уйимизни қайнотам ўғлига ҳадя қилган. Эримни номида фақат икки хонали квартира ва машина бор. Айтишича, фақат машина ва квартирадан улуш олишим мумкин экан, ҳовли эса ҳадя бўлгани учун мутлақо унга тегишли эмиш. Ажрашсам, мол-мулкда қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?

Исми сир тутилди

Зульфия БЕРДИМУРАТОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси:
— Амалдаги қонунчиликка кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.


Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Мазкур кодекснинг 25-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.


Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.


Юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, никоҳ давомида эрингизга отаси томонидан ҳадя қилинган мол-мулкдан улуш олиш ҳуқуқига эга эмаслигингиз тушунтирилади.


Шунингдек, сиз эрингиз билан никоҳ давомида орттирган, яъни сотиб олган ҳар қандай мол-мулклардан, уй-жой ёки автомашиналардан улуш олиш ҳуқуқига эгасиз.

АЛИМЕНТ ТЎЛОВИНИ ТИКЛАБ, ОЛДИНГИ ОЙЛАР УЧУН ҲАМ УНДИРСА БЎЛАДИМИ?

— Қизим эри билан икки йил бирга яшади. Фарзанди туғилганида ҳали талаба бўлгани учун алимент ундириш учун судга ариза бергандик. Куёвим 7 ой алимент тўлаб, сўнг «ажрашадиган хотиним йўқ», дея олиб кетди. Аммо барибир турмуши бўлмади. Ҳали расман ажрашишмади, бироқ эри алимент тўламаяпти. Аксига олиб, қизим ишида «сокращение»га тушди. Алимент тўловини тиклаб, олдинги ойлар учун ҳам ундирса бўладими? Яна бир савол, болали аёлларни «сокращение»га тушириш тўғрими?

Исми сир тутилди

Жасур НОРҚОБИЛОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик процессуал кодексининг 451-моддасига кўра, суднинг ҳал қилув қарори мажбурий тартибда ижро этиш учун, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ичида тақдим этилиши мумкин.

 

Оила кодексининг 139-моддасига кўра, алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадларидан ундирилади. Ушбу кодекснинг 140-моддасига кўра, алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Ушбу Кодекснинг 99-моддасига асосан вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади. Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.

 

Юқоридаги қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, сиз алимент ундириш ҳақидаги ижро варақани тегишли мажбурий ижро бюросига суд буйруғи чиқарилган кундан уч йил ичида тақдим қилган ҳолда алимент ундирувини тиклаш ва алимент қарздорлигини талаб қилишга ҳақлисиз.

 

Меҳнат кодексининг 237-моддасида, ҳомиладор ва боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлари белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

САЙЁР ҚАБУЛ: ФУҚАРОЛАРНИ ҚИЙНАЁТГАН МАСАЛАЛАР ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида судлар томонидан ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, жойларга чиққан ҳолда фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси томонидан мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказилиши давом этмоқда. Судьяларнинг “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида бундай фаол ва очиқ мулоқотлар олиб бориши эса фуқаролар учун айни муддао бўляпти.

Ана шундай сайёр қабуллардан яна бири Сирғали туманидаги “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Унда судьялар Сирғали ва Янгиҳаёт туманлари фуқароларининг мурожаатларига қулоқ тутишди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат Эргашев, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси Бахтиёр Алимов ва жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси Бахром Ташпулатов ҳамда туман судьялари қатнашишди.

Сайёр қабулда жами 66 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 27 нафари жиноят ишлари бўйича, 11 нафари фуқаролик ишлар бўйича, 25 нафари маъмурий хуқуқбузарликка оид мурожаатларни ташкил этди.

Шундан 25 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 41 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 63 та мурожаатлардан 25 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 38 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, сайёр қабулда сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьялари Шерзод Юлдашев, Боходиржон Юсупов ва жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси Бахром Ташпулатов, туман судьялари Завқиддин Ярашев, Икром Ражабов томонидан 23 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

— Cайёр қабул доирасида ўтган сайёр судда 35 ёшли маҳкумга нисбатан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисмини ўташдан ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилди. Маҳкум жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг 2014 йил 30 январдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “а” банди билан судланиб, 10 йил муддатга озодликдан махрум этиш жазоси тайинланган. 2018 йилда ўталмай қолган 4 йил, 11 ой, 18 кун жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб озод этилган. Тақдимномага кўра, маҳкум 2018 йилда ишга жойлашган, ҳозирга қадар ишлаб келаётган экан. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини 3/2 қисмидан  кўпроғини ўтаган. Шуларни инобатга олган ҳолда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан ўталмай қолган 1 йил 5 ой 18 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини муддатидан илгари шартли озод қилинди, – дейди жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Боходиржон Юсупов.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Шерзод Юлдашев эса тайинланган жазога ҳалол муносабатда бўлмаган, белгиланган тартибларни виждонан адо этмаган 3 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазо қамоқ эҳтиёт чорасига алмаштирилганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар суди Раисининг галдаги сайёр қабули эса 25 май куни Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги суд-ҳуқуқ бўйича фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилади.

САЙЁР ҚАБУЛЛАР ҲУҚУҚИЙ КЎМАККА МУҲТОЖ ФУҚАРОЛАР УЧУН АЙНИ МУДДАО БЎЛЯПТИ

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов томонидан фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказиб келиняпти.

Хусусан, шу бугунга қадар Яшнобод, Юнусобод, Мирзо Улуғбек туманларида ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун сайёр қабуллар ўтказилди.

 

Бугун Бектемир туман ҳокимиятида бўлиб ўтган галдаги сайёр қабулда эса судьялар Бектемир фуқароларининг мурожаатларига қулоқ тутишди.  

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Шухрат Аббасов, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Эльза Шамсутдинова, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Беҳзод Сагатов ва Тошкент шаҳар суди судьяси Ғайрат Машкуров, туман судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 28 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 9 нафари жиноят ишлари бўйича, 18 нафари фуқаролик ишлар бўйича, 1 нафари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 22 нафар фуқаронинг оғзаки, 6 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 28 та мурожаатлардан 22 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 6 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, сайёр қабул доирасида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Эльза Шамсутдинова, туман судьялари Фарҳод Абдушукуров, Умиджон Хакимов томонидан 6 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Жумладан, 63 ёшли маҳкумга нисбатан тайинланган озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома ҳам кўриб чиқилди.                                                    

Мазкур иш бўйича маҳкум тақиқланган экинларни етиштириш ва гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш жинояти билан айбли деб топилиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2019 йилда 2017 йилдаги ҳукм ўзгартирилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2020 йилда эса ўталмай қолган 2 йил 13 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.         

— Жазони ўташ даврида ўзимнинг жиноий қилмишларимни тўлиқ англаб етдим. Тузалиш йўлига қатъий ўтдим. Шу бугунга қадар белгиланган тақиқлар, чекловлар ва мажбуриятларга тўлиқ амал қилиб келдим. Ҳатто яшаш жойимдан ҳам ижобий тавсифнома берилган. Бугун бўлиб ўтган сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан жазо муддатининг 1 йил 4 ой 6 кунини ўтаганлигимни инобатга олган ҳолда менга нисбатан тайинланган озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндим. Бундан буён боши берк кўчаларга қадам босмаймиз, – дейди маҳкум.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раисининг навбатдаги сайёр қабули 20 май куни соат 10:00 да Сирғали ва Янгиҳаёт туманлари фуқаролари учун бўлиб ўтади.

ЯРАШУВ МУДДАТИ НИМА УЧУН КЕРАК?

— Хотиним билан мана 10 йилдирки алоҳида яшаймиз. Фарзандларимиз вояга етган. Ўтган йили уйландим. Судга биринчи хотиним билан ажрашиш учун ариза берганимга 8 ой бўляпти. Суд биринчи йиғилишда 6 ой муддат берди. Иккинчи йиғилишда яна 3 ой ярашув муддати белгиланди. «10 йилдан бери бирга яшамаймиз, иккимиз ҳам ажрашишга розимиз», десак ҳам инобатга олинмаяпти. 10 йил бирга яшамаган одамларга икки мартадан ярашув муддати нима учун керак? Ажрашишни тезлаштириш мумкинми?


Исми сир тутилди.

Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Амалдаги Оила кодексининг 41-моддасига мувофиқ, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.


Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги ”Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли қарорининг 16-бандига кўра, турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.


Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим.
Мазкур қарорнинг 15-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар) аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Эр-хотинни яраштириш мақсадида олти ойлик муҳлат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин.


Қонунининг мазкур талаби ва Олий суд Пленумининг раҳбарий кўрсатмасини инобатга олиб суд ярашиш учун тарафларга олти ойгача муҳлат бериши мумкинлиги тушунтирилади.

21 НАФАР ШАХС ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар суди томонидан “Менинг маҳаллам — менинг судьям” шиори остида мунтазам равишда жойларда сайёр учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказиб келиняпти. Судьялар томонидан ўтказиладиган бу каби cайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляпти. Боиси фуқароларни овора қилмай, вақти ва маблағини тежаш мақсадида уларни қийнаётган муаммоларни жойларга чиқққан ҳолда ўрганиляпти.

Тошкент шаҳар суди томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган галдаги сайёр қабул ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари аҳолиси учун ўтказилди.

Юнусобод туманидаги “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман ва туманлараро суди раислари ва судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 46 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 26 нафари жиноят ишлари, 17 нафари фуқаролик ишлар бўйича ва 3 нафари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид мурожаатлар билан судьяларга юзланишди.

Шундан 25 нафар фуқаронинг оғзаки ҳамда 21 нафарининг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 46 та мурожаатлардан 23 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 1 та мурожаатчининг судланганлик ҳолати олиб ташланди, 23 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Сайёр қабулда сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман судлари томонидан 21 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Шуҳрат Бакаев раислигида 47 ёшли маҳкумнинг ҳам иши кўриб чиқилди. Унга 2020 йил Жиноят кодексининг 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддтга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

– Ҳозирда менга тайинланган озодликни чеклаш жазосининг 1/3-қисмидан ортиқ қисмини ўтаганлигимни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан мени жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишингизни сўрайман, – дея сайёр судда қилмишидан пушаймонлигини, қайтиб бундай хатоларга йўл қўймаслигини билдирди маҳкум.

 Суд, иш ҳужжатларини ва тақдимномани атрофлича ўрганиб чиқиб, туман прокурори ёрдамчисининг фикрини тинглаб, маҳкум жазонинг муддатининг учдан бир қисмидан ортиқ, яъни озодликни чеклаш жазосининг 1 йил 14 кун муддатини ўтаганлигин, чин кўнгилдан пушаймонлигини, эътиборга олган ҳолда, маҳкумни жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни лозим топди.

Суднинг ажримига кўра, 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган маҳкум томонидан ўталмаган 1 йил 5 ой 16 кун озодликни чеклаш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

МАЪЛУМОТ УЧУН:

2022 йилнинг 1-чораги давомида Тошкент шаҳар судининг раиси ва туман суди раиси ҳамда судьялари томонидан шахсий ва сайёр қабулларидан 278 та фуқаролар ариза, таклиф ва мурожаатлари билан қабул қилинган. Шундан:

  • 98 таси ёки 35,2 фоиз ёзма тарзда,

  • 180 таси ёки 64,8 фоиз оғзаки равишда мурожаат қилган.

Улардан:

  • 125 таси ёки 44,9 фоиз сайёр қабулда,

  • 153 таси ёки 55,1 фоиз бевосита идорада қабул қилинган.

Шуниндек, жами 278 та мурожаатларининг 10 таси ёки 3,5 фоиз қаноатлантирилган, 268 таси ёки 96,5 фоиз ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раисининг навбатдаги сайёр қабули 18 май куни Бектемир туман фуқаролари учун бўлиб ўтади.

СУД МАЖЛИСИДА ФАҚАТ ҲУЖЖАТЛАР «ГАПИРАДИ»МИ ЁХУД ҚОЗИЛИК ЮКИ…

«Болам сенга шу судьяликдан бошқа бирор иш (лавозим) йўқми», дейдилар отам…

 

Афсуски, бу борада мен ёлғиз эмасман, таг-замирида ана шундай ташвишли оҳанг мавжуд, ҳеч бир манфаатсиз ва ғамхўрлик билан айтилаётган, ота-оналарининг, яқинларининг беминнат меҳридан суғорилган бу каби сўзларни эшитган, эшитаётган ҳамкасбларим анчагина.

 

Илло, синалган, чархланган, албатта сурилиб-туртилиб, эзилиб, сўнгра ростланган ҳаётий тажрибага асосланган мушоҳада шундан иборатки, «қозилик юки» фақатгина судья чиқараётган қарор юки, қарор қабул қилиш масъулияти, қарорнинг қонунийлиги, тўғрилиги, асослилиги билангина чекланиб қолмайди.

 

Бу юк, биз тасаввур қилгандан кўра, анчагина оғирдир. Сўз юритилаётган юкнинг залворини, шу ўринда ҳазрат Жалолиддин Румийнинг «Фиҳи-мафиҳи» асарида келтирилган ва «муқаддас китоб» каломларидан олинган ушбу сўзлар билан таърифласак, тўғри бўлади: «Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди».

 

Алқисса, қозилар ҳам қозилик фаолиятида айнан инсоният гарданига олган «омонат»лардан бири бўлган – «адолат»ни таъминлашни, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни ўз зиммасига олгандирлар.

 

Шу маънода отамнинг юқоридаги сўзларида бир тарафдан «омонат» юкини менга эслатиш назарда тутилган бўлса, иккинчи тарафдан эса, бу ҳаёт! Ҳаётда эса, манфаатлар тўқнашувининг юзага келиши табиий, жумладан, қонунчиликдаги бўшлиқ, ўз устунлигини қонун устуворлигига тўла бўшатиб бера олмаётган топшириқ, кўрсатмалар тизимининг бирламчилиги, яъни қонун ости ҳужжатлари билан ишлаш амалиётига қаттиқ боғланиб қолинганлик ва бу амалиётидан воз кеча олмаётганлигимиз сабаб бўлса керак.

 

Лекин, шундай бўлсада, баъзан ўзимизга-ўзимиз «биз қози эмас, судьямизку, чунки бизнинг ҳуқуқий тизимимиз, англо-саксон ҳуқуқ оиласига эмас, балки Романа-Герман ҳуқуқ тизими оиласига киради.

 

Роман-Герман ҳуқуқ тизими оиласида эса судьянинг ҳар бир ҳаракати процессуал жиҳатдан тартибга солинган, судья томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг асоси ҳам қонунчилик билан белгилаб қўйилган.

 

Умуман олганда, бу – ҳуқуқ оиласида ижтимоий ва бошқа муносабатлар ҳуқуқий томондан қонун ҳужжатлари асосида тизимлаштирилиб қўйилгани боис, суд фаолияти ҳам тизимлаштирилган қонунлар – кодексларга таянади.

 

Шу боис судья юки оғир эмас ёки англо-саксон ҳуқуқ тизими давлатларида фаолият юритувчи қозилар каби анча кўп ваколатни назарда тутмайди, юкимиз ҳам нисбатан енгилроқ» деган маънода ўзимизни овутамиз…

 

Чунки, континентал (роман-герман) ҳуқуқ тизимида, судья фақат қонунга асосан иш кўради ёки фақат низо (даъво)га оид мавжуд бўлган қонун ҳужжатларнигина қўллайди.

 

Фараз қилганингиздек, қози маслаҳатхонада қолар экан, баъзан ҳақиқатли адолат ва тўла мукаммал бўлмаган қонунни қўллаш масаласида фикрлар тўқнашиб, ўша фикр-мулоҳазалар бир-бири билан қаттиқ тортишиб қолишади…

 

Шунинг учун ҳам қозилик юки, судьялик масъулияти ҳақида сўз борар экан, буни маслаҳатхонада қолганингизда ёки қарорни имзолаётганингизда бутун вужудингиздан ўтказасиз.

 

Айниқса, мавжуд факт билан ички ишончингиз, юрагингиз билан ақлингиз баҳслашаётганда ёки «адолат» номли кўринмас илоҳий тушунча билан қўлингизда нақд бўлиб манаман деб турган «қонун» тортишиб қолган кезларда қозилик юкини пешонангиз терлаб ҳис этасиз. Шунингдек, қон босимингиз зимдан кўтарилиб ҳис этасиз, қарорни ўқишдан олдин тарафларнинг юзига қараб, билиб-билдирилмайдиган маъноли никоҳларда ҳис этасиз ва бир сўз билан айтганда, ана шунда янада теранроқ ҳис этасиз.

 

Тўғри, совуққон бўлишга интиласиз, ортиқча ҳиссиёт тугал хулосага кела олмаслигингиз омили бўлишини англайсиз, натижа қабул қилажак қарорнинг қонуний ва тўғрилигига салбий таъсир этиши мумкинлиги ҳам кўз ўнгингиздан ўтади.

 

Оқибат нотўғри қарор тарафларга ва ёки фақатгина сизгагина зарар келтиришини ҳам баъзан олдиндан англаб етгандай бўласиз.

 

Ана шунда ҳақ бўла туриб, лекин ўзининг ҳақлигини қонунга мувофиқ тарзда исботлаб бера олмаётган у ёки бу тарафнинг 92 томири сизга томон эгилиб, сиздан нажот билан адолат кутаётганлиги ҳам айнан маслаҳатхонада кўз ўнгингиздан ўтади.

 

Бундай чоғда дод дея олмайсиз, судья қонун ва фақат қонунни қўллаши зарур.

 

Чунки судья Ўзбекистон Республикаси ИПКга мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонунчилик ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини, қайси қонунчилик ҳужжатларини қўллаш зарурлигини аниқлайди ва суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши, ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигининг асосларини кўрсатади.

 

ҲАММА ГАП АНА ШУНДА…

Қарорнинг асоси қонун ҳужжатларига мувофиқ келиши ва у ёки бу қонун ҳужжатлари билан асосланиши лозим.

 

Мисол учун, бир тадбиркорлик субъекти банкдан иккинчи бир тадбиркорлик субъекти учун кредит расмийлаштирди. Яъни, иккинчи тадбиркорлик субъектининг лафзига ишониб, ўз номига расмийлаштирилган кредит маблағини ўша – лафзи йўқ ёки лафзининг устидан чиқа олмаган иккинчи тадбиркорлик субъектига оғзаки келишувга кўра беради. Хуллас, бир тадбиркор кредит маблағини иккинчи тадбиркорлик субъектига бериб, унга беминнат ёрдам кўрсатади.

 

Лекин, иккинчи тадбиркорлик субъекти биринчи тадбиркорлик субъектининг ишончини оқламайди ва оқибатда кредит маблағи банкка қайтарилмайди. Шундан сўнг банк биринчи тадбиркорлик субъектини судга берди. Тасаввур қилинг, энди суд қандай қарор қабул қилади?!

 

Албатта, суд мажлисида ҳужжатлар «гапиради». Чунки қонун талаби шу – кредит шартномаси тарафи бўлган қарз олувчи у кредит маблағини амалда ким учун олгани ёки кимга бериб юборгани ё уни кимдир ишончига кириб, шу кредит шартномасини имзолашга кўндирганлиги ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар, мавжуд ҳужжатлар ва мавжуд қонунларга таянилиб, кредит маблағи иккинчи тадбиркорлик субъекти шартнома бўйича ҳеч ким эмаслиги сабаб, қонун олдида жавобгар ҳисобланмайди.

 

Демак, бундай ҳолда кредит маблағини иккинчи тадбиркорлик субъекти ўзи олганлигини судга келиб тан олса ҳам, кредит маблағи биринчи тадбиркорлик субъектидан ундирилади.

Асос эса қонун. Қонунда эса, биринчи тадбиркорлик субъекти ҳаракати оқланмайди, у биринчидан билиб туриб, ўзи учун олмайдиган ва бошқага бериладиган кредит шартномасига имзо қўйган.

 

Шунингдек, кимгадир ишонгани, у эса ишончини оқламаганлиги, алданганлиги, унинг бу ҳолатни исботлаши ва кейинчалик регресс тартибида даъво билан судга мурожаат қилиши ҳуқуқидан фойдаланишигагина асос бўлади.

 

Адолат қани? деган саволга эса қози – «қозилик юкини англаган ҳолатда, қонунга мувофиқ, «ҳурматли биринчи тадбиркорлик субъекти, сизга иккинчи тадбиркорлик субъекти ишончингизга кириб, аслида сизга керак бўлмаган кредит маблағи учун кредит шартномасини сизга алдаб имзолатгани ва сиз кўрган зарарингизни иккинчи тадбиркорлик субъектини тергов органига бериб, суд ҳукмини чиқартириб, кредит шартномасини ҳақиқий эмаслигини исботлаб, ундан кейингина ундириб олишингиз мумкин деб», тушунтириш беради.

 

ҚОЗИЛИК ЮКИ НИМАДА?

Айни шу мисолда «қозилик юки» нимада дейсизми? Ушбу мисолда қозилик юки шундаки, сиз ҳақиқатдан ҳам кредит маблағи иккинчи тадбиркорлик субъекти томонидан ўзлаштирилганлигини биласиз, лекин ўз қарорингизда буни асослай олмайсиз, чунки бу ҳолат қонунга мувофиқ, ҳужжатлар асосида асосланиши лозим.

 

«Адолат шуки, аслида ҳақиқат шундан иборатки», деган сўзларни келтириш орқали кредит маблағини иккинчи тадбиркорлик субъектидан ундириш ҳақида қарор қила олмайсиз…

 

Бундай қарор қонуний асосланмаган қарор, дейилади. Афсуски, қарорни асослантириш учун биринчи тадбиркорлик субъекти ҳали тергов органи ва ЖИБ суд эшигини ҳам қоқиши керак бўлади.

 

Нима ҳам дердик, континентал (роман-герман) ҳуқуқ тизимидаги давлатлардаги, шунингдек, миллий қонунчилик тизими ривожланиш босқичидаги, қонун ҳужжатлари тез-тез ўзгариб турадиган судларда «қозилик юки» залвори айни шу мисолда ҳам намоёндир.

 

Англаганингиздек, қозилар учун аввало қонун ва қонун устуворлиги адолатдир. Уларнинг қарорлари қонуний ҳамда қонун нормасига асосланган бўлиши ҳам шарт. Шундагина судья қонун устиворлигини, қонунийликни, қонун олдида тенгликни, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлайди.

 

Лекин, яна бир муҳим чуқур мушоҳадали жиҳат борки, буни ҳазм қилиш масаласи ҳам бугунги кунгача долзарбдир.

 

Креатив ёндашув, янгича фикрлаш, демократик – инсонпарвар қонунлар асосида ишни ташкил этиш, эски жамият қобиғидан чиқиб кетишга журъат топа билиш, адолат олий қадрият, тадбиркор ҳам хато қилишга мойил ва бу хатони судма-суд эмас, шу иқтисодий суднинг ўзида ҳам тўғриласа бўлади ёки суднинг қарор қабул қилиши учун айрим ҳолларда ЖИБ суднинг ҳукми далил деган қарашга ёпишиб олмасдан, процессуал қонунчиликни соддалаштириш ҳақида фикрловчиларнинг фикрлар билан ҳисоблашишга ҳам тўғри келади…

 

Зеро, «адолат бу ўзгармас қонун, лекин ҳар бир қонун бу адолат дегани эмас». Алқисса, қозилик юкини, бу юкни оғирлаштирадиган омилларни ҳам қайта кўриб чиқишга зарурат мавжуд.

 

Чунки, инсон яратган қонунлар ўзгаришга маҳкум, негаки, инсоннинг ўзи ва унинг дунёқараши ўзгарувчан мавжудот. Лекин қозилик юки – адолат ўзгармайди. Негаки, адолат ва ҳақиқат бу ўзгармас қонунлардир.

 

Хулоса шуки, қозилари нафақат қонунга, балки адолат, ҳақиқатга интилган жамиятда қонун ёки қонунчилик ҳам ўз-ўзидан такомилга қараб, юксалиб боради. Қозилик юки залвори, шу юкнинг савол-жавоби, қози қарорларининг қонуний ва барқарорлиги ҳам шу каби бош мезонга айланади.

 

Бундай мезон устувор бўлса, қози ўз қарори бекор бўлишдан қўрқмайди, лавозимни йўқотса, пушаймон бўлмайди, чунки бутун бошли жамиятда, жамиятнинг устувор қарашида адолат-ҳақиқат (ҳақиқий ҳолат, фактик ҳолат ва вазият) юки бирламчи ўринда туради.

 

Биргина мисол, бугун давлат идоралари устидан тадбиркорлар ютиб чиқаётган низолар ва суд ишлари миқдори салмоқли рақамларни ташкил этмоқда. Судлар миллиардлаб маблағларни – тадбиркорлар фойдасига ёки уларга етказилган зарар (компенсацияни) сифатида давлат ташкилотларидан ундириб бермоқда.

 

Бу жараёнга адолат тамойилларини, адолат ҳуқуқини таъминланиши деб қаралиши мумкин.

Ушбу жараёнда қозилик юки – манфаатлар тўқнашувига, давлат ва тадбиркор манфаатини тарозининг икки палласида бирдай кўра олишида, қози бунда журъат топа олиши ва фидойилик билан адолат ва қонун устуворлиги тамойилини қўллашда собит туриши билан белгиланади.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси 

ОНЛАЙН САВДОДА АЛДАНГАНДА ТЎЛОВ ПУЛИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

— Телеграмдаги онлайн савдо гуруҳларидан бирида чойшаб тўпламига буюртма бергандим. Сотувчи айтгандек, карта рақамига 500 минг сўм ўтказдим. «Буюртмангиз йўлга чиқди», деган хабар олдим. Аммо маҳсулот қўлимга етиб келмади. Гуруҳ «админи» қўнғироқларимга ҳам, хабарларимга ҳам жавоб бермаяпти. Телефон ва пластик карточка рақами, пул кимга ўтказилганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Пулимни қайтариб ололаманми?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:
— Фуқаролик кодексининг 1023-моддасига мувофиқ, қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт. Ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мажбурият, шунингдек мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади. Ушбу бобнинг қоидалари асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар қўлланилади.


Ушбу Кодексининг 1024-моддасига кўра, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ва тегишли муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу бобнинг қоидалари, шунингдек:


– ҳақиқий бўлмаган битим бўйича бажарилган нарсани қайтариш тўғрисидаги;


– мулкдор томонидан мол-мулкни бировнинг қонунга хилоф тарздаги эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;


– мажбуриятидаги бир тарафнинг бошқа тарафга ана шу мажбуриятлар муносабати билан қайтариш тўғрисидаги;


– зарарни, шу жумладан бойлик орттирган шахснинг инсофсизлик билан қилган хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан қўлланилиши лозим.

Сиз пластик картангиздан пулни кимга ўтказиб берган бўлсангиз, ушбу фуқарога мурожаат қилиб, ўтказиб берилган пулларингизни талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Агар ушбу фуқаро пулларингизни қайтариб беришдан бош тортса, унинг яшаш манзили бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига асоссиз равишда орттирилган пулларни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин.

ЖАВОБГАРЛИК КАФИЛГА ЮКЛАНМАСЛИГИ УЧУН ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ МУМКИН?

— Кутилмаганда онам юрак ҳуружидан вафот этди. Банкдан кредит олганди. Яна олти ойлик кредит қарзи қолган. Кредит олишда онамга кафил бўлган таниши «Қарзини тўламайман. Ўзинг ҳал қил!» деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Энди онамнинг кредит қарзи нима бўлади? Жавобгарлик кафилга юкланмаслиги учун нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Жалолиддин АББАСОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик кодексининг 292-моддасида кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олишлиги акс эттирилган.


Мазкур кодекснинг 293-моддаси 2 ва 3-қисмига кўра, башарти кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди ва агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.


Ушбу қонун нормаларидан келиб чиқиб сизга кафиллик шартномаси бугунги кунда ўз кучини йўқотмаганлиги боис, кафил томонидан ўз мажбуриятларини бажарилмаслигидан озод этилмаслиги тушунтирилади.

Skip to content