Қидирув:

КИМЛАР ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ИШОНЧНОМАСИЗ ИШТИРОК ЭТА ОЛАДИ?

— Иқтисодий судларда ишончномасиз иштирок этиш мумкинми? Тадбиркорлик субъектларининг мулкдорлари ёки таъсисчилари суд мажлисида қандай тартибда иштирок этади?

Саволга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Бибиназ КЕУНИМЖАЕВА жавоб беради: 

 

— Иқтисодий процессуал кодекси 61-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритади.

 

Иқтисодий судларда ишончномасиз юридик шахс манфаатида унинг раҳбари ишончномасиз иштирок этиши мумкин. Шу билан бирга даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этувчи якка тартибдаги тадбиркор хам судда шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан гувохномасини тақдим қилган ҳолда ишончномасиз иштирок этиши мумкин.

 

Тадбиркорлик субъектларининг мулкдорлари ёки таъсисчилари суд мажлисида иштирок этиш учун ишончнома тақдим этиши лозим бўлади.

ҲОВЛИ УЧУН ВАФОТ ЭТГАН ОНАМНИНГ УЛУШИГА ДАЪВО ҚИЛОЛАМИЗМИ?

— Онам вафот этгач, отам бошқа аёлга уйланган. Ундан иккита фарзанди бор. Отамдан кейин ўгай онам уйни номига расмийлаштирмоқчи бўлди. Аммо биз, ака-сингилларнинг розилиги керак бўлгани учун мақсадига ета олмади. Энди эса уйни ўзига тегишли қисмини ажратиб олмоқчи. Ҳовли ота-онамнинг турмуши даврида олинган. Айтингчи, бу ҳолатда ўгай онамга қанча улуш тегади-ю, биз қанча оламиз? Яна бир савол, биз вафот этган онамизнинг улушига ҳам даъво қилишимиз мумкинми?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Ахрор СУЛАЙМОНОВ жавоб берди:

 

— Агар ҳовли ота-онангизнинг турмуш даврида олинган бўлса, ушбу низоли ҳовлига нисбатан улар ½ қисмдан улушдор ҳисобланиши мумкин. Ҳозирги кунда, ота-онангиз вафот этган бўлишса, унда ота-онангизнинг мерос улушига нисбатан сизлар, яъни фарзандлар биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга шахслар ҳисобланасизлар. Шу билан бирга, марҳум отангизнинг мерос улушига нисбатан, унинг ҳозирги кундаги қонуний турмуш ўртоғи, яъни ўгай онангиз ҳам сизлар билан биргаликда биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга шахс ҳисобланади.

 

Чунки, амалдаги қонунчиликка асосан (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддаси) мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

 

Қайд этиш жоизки, кимга қанча мерос улуши тегиши борасида нотариал идорага мурожаат қилишингиз, агар меросни тақсимлаш борасида меросхўрлар ўртасида низо юзага келса, ушбу низо фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан ҳал қилинишини инобатга олиб, бу борада судга мурожаат қилишингиз лозим.

«ФАРЗАНДИМИЗ ТУҒИЛГАНИНИ ҲАМ БИЛМАГАНМАН. ЭНДИ ЭСА ОТАЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛИШЯПТИ…»

— Биринчи хотиним билан қонуний никоҳдан ўтмаганмиз. Бир нафар фарзандим бор. Аслида кўп яшамаганмиз. Тўйдан кейин 2 ой ўтиб, онасиникига кетган. Фарзандимиз туғилганини ҳам билмаганман. Кейинроқ «сизники эмас, отаси бошқа», дейишган. Энди эса бола 3 ёш бўлгач, мендан оталикни белгилашни ва алимент тўлашни талаб қилишяпти. Бу вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди.

Саволга фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Дилшод ХАСАНОВ жавоб берди:

 

— Оила кодексининг 61, 62-моддалари талабларига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

 

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу Кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.


Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.

 

Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида” ги қарорининг 14-бандига асосан, зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳ.к.) аниқлаш мақсадида суд, Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.

 

Келтириб ўтилган қонун талаблари ва Олий суд Пленумини тушунтиришидан келиб чиқиб, суд муҳокамасида боланинг келиб чиқишини аниқлаш учун судга одам ДНКси суд-биологик экспертизасини тайинлаш ҳақида илтимоснома беришингиз мумкин.

КЎПРОҚ ИЖАРА ҲАҚИ ТАЛАБ ҚИЛИШ ЁКИ УЙНИ БЎШАТИШ ШАРТИНИ ҚЎЙИШ ТЎҒРИМИ?

— Бир йил муддатга ижарага уй олдим. Ҳозирда уйнинг эгаси ижара нархлари ошганлиги ва қимматроқ нархга бошқа мижоз топганлигини айтиб, мендан ё кўпроқ ижара ҳақи беришимни ёки уйни бўшатишимни сўрамоқда, қандай ҳуқуқларим бор?

Исми сир тутилди

— Фуқаролик қонунчилигида мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

 

Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир. Қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлишлари мумкин.

 

Мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Мулк ҳуқуқининг келгусида ижарачига ўтишини назарда тутувчи мулк ижараси шартномаси, бундай мулкнинг олди-сотди шартномаси учун назарда тутилган шаклда тузилади.

 

Мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилади. Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

 

Қонунда мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек, мол-мулкнинг айрим турларини ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар белгилаб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолларда, башарти ижара муддати шартномада белгиланган бўлмаса ва қонунда белгиланган охирги муддат тугагунича тарафлардан ҳеч қайсиси шартномадан воз кечмаса, охирги муддат ўтиши билан шартнома бекор бўлади.

 

Қонунда белгиланган охирги муддатдан ортиқ муддатга тузилган бундай мулк ижараси шартномаси охирги муддатга тенг муддатга тузилган ҳисобланади. Агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

 

1. Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

 

2. Ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

 

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёҳуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 551-моддасида “ижарага берувчининг талаби бўйича мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш” тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, Мулк ижараси шартномаси ижарага берувчининг талаби билан суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин, агар ижарага олувчи:

 

— ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамасдан мол-мулкдан шартнома шартларини ёки мол-мулкнинг вазифаларини жиддий равишда бузган ёхуд бир неча марта бузган ҳолда фойдаланса;

 

— мол-мулкни жиддий ёмонлаштирса;

 

— шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузиб, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаса;

 

— қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ капитал таъмирлаш ишларини бажариш ижарага олувчи зиммасидаги мажбурият бўлган ҳолларда шартномада белгиланган муддатларда, шартномада бундай муддат белгиланган бўлмаса, оқилона муддатларда мол-мулкни капитал таъмирлашни амалга оширмаса.

Мулк ижараси шартномасида ушбу Кодекснинг 382-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ижарага берувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.

 

Ижарага берувчи ижарага олувчини ёзма равишда огоҳлантирганидан ва унга ўз мажбуриятларини бажариш учун имконият берганидан кейингина шартнома муддатидан олдин бекор қилинишини талаб қилишга ҳақли.

 

Икромжон КУРБАНБАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

«ХОРИЖ ФУҚАРОСИДАН АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?»

– Фарзандимни ёлғиз она сифатида номимга расмийлаштирганман. Эрим Туркия фуқароси, айни дам Туркияда яшайди. «ЗАГС»имиз бор. Ҳозирда бирга яшамаймиз. Ундан ўғлимни таъминоти учун алимент ундиришим мумкинми?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Жалолиддин Аббасов жавоб берди:


— Агар фарзандингизни туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида ота устунида cиз билан қонуний никоҳдан ўтган Туркия фуқаросига оид маълумотлар тўлиқ киритилмаган бўлса, cиз тегишли ҳудудий фувқаролик ишлари бўйича судга Оила кодексига мувофиқ оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Фақатгина жавобгарнинг Туркия давлатидаги аниқ яшаш манзилини аниқ кўрсатишингиз лозим.

 

Даъво ариза иш юритувга қабул қилиниб, фуқаролик иши қўзғатилгандан кейин ҳозирги кунда амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилиги ва Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасида “Фуқаролик, савдо ва жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида”ги Шартномасига асосан алоҳида топшириқ юборилиб, жавобгарнинг даъво ариза бўйича фикри ва суд мажлисида иштирок этиши ҳақида хабардор қилинади. Суд қарори қабул қилингандан сўнг ҳам уни ижро қилиш шундай тартибда ижрога юборилади.


Бундан ташқари агар cизнинг турмуш ўртоғингиз вояга етмаган боланинг отаси эканлигини тан олган тақдирда, у билан бирга ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишингиз ва ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг ота устунидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

 

Шундан сўнг cизга судга фақатгина алимент ундириш борасида мурожаат қилиш ҳуқуқингиз пайдо бўлишлиги тушунтирилади.

“ХОТИРЖАМ ЯШАШГА ЛОЙИҚ БЎЛИНГ…” — МИРЗО-УЛУҒБЕК АБДУСАЛОМОВ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзо-Улуғбек Абдусаломов фаолиятини 1969 йилдан туман миқёсида турли соҳа ва  вазифалардан бошлаб, Адлия вазирининг ўринбосари, вазир вазифасини бажарувчи, вазирнинг биринчи ўринбосари, Олий хўжалик суди раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси каби юксак лавозимларида ишлади.

 

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига раҳбарлик қилаётган Мирзо-Улуғбек Элчиевичнинг фаолияти серқирра. Шундай бўлса-да, номи кўпроқ иқтисодий (аввалги хўжалик) суд билан боғлиқ. Чунки, мазкур ҳуқуқий институт ташкил этилишидан то шаклланиб, суд ҳокимиятининг муҳим тармоғига айланишида бош-қош бўлгани кенг жамоатчиликка маълум.

Куни кеча Мирзо-Улуғбек Абдусаломов  ҳаётининг муҳим парчаси ўтган даргоҳга ташриф буюриб, пойтахт иқтисодий суди судялари билан  дилдан суҳбатлашди. Ёш салафларига арбитраж, хўжалик, иқтисодий суднинг шаклланиши ҳақида гапириб, суднинг шаклланиши, унинг моддий техника базаси, кадрлар захирасини жой-жойига қўйишдаги машаққатлар ҳақида эслади…

Келинг, шу жойда учрашув тафсилотларини қуруқ баён қилиш ўрнига, Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг гапларидан айримлари келтирақолайлик. Шунинг ўзи тадбир қандай ўтганига далолат қилади.

 

— судьялик ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган лавозим, унинг масъулияти, юки ўта юксак, Сиз доим  касбингизга содиқ бўлинг;

 

— ҳалол ва объектив бўлинг;

 

— хотиржам яшашга лойиқ бўлинг. Чунки, фақат тўғри одамгина хотиржам яшайди;

 

— эгри иш қилсангиз, агарки, жазодан қутилиб қолсангиз ҳам ҳаётингизда ҳаловат ҳеч қачон бўлмайди. Одамларни юзига тик қарай олмайсиз, яқинларингиз ҳам сиздан хижолат тортади…

 

— ғирром бўлманг, бу ёмон иллат, оқибати жуда аянчли бўлади…

 

— тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, бугун судьялар учун яратилган шарт-шароитни қадрига етинг, моддий томондан ташвишингиз йўқ, одамларни рози қилинг, дуо олинг;

 

— судьяликни юки қанча оғир бўлса, тўғри судья учун судьялик шарафи ҳам чексиздир.

Дангал айтиш керак, М. Абдусаломов судьяларга маслаҳат бермаган тақдирда ҳам у кишини босиб ўтган шарафли йўли, бенуқсон обрў-эътиборининг ўзи тизимнинг ҳар бир ходимига  ўрнак, намуна…

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси

ҚАЙНОНАМ АЛИМЕНТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРМОҚЧИ

— Турмуш ўртоғим икки нафар болага алимент тўларди. Судда «ажрашадиган хотиним йўқ», деб туриб олгач, ярашдик ва алиментни бекор қилдим. Аммо ҳаётимиз бўлмади. Кўп ўтмай яна бўлак яшай бошладик. Моддий томондан қийналиб қолганим учун алиментга бердим. Яқинда қайнонам ўғлини алиментга берганидан хабар топдим. Эшитишимча, бу йўл билан болаларимга олаётган алиментимни камайтирмоқчи. Мен энди нима қилай?

Исми сир тутилди.

Жалолиддин АББАСОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексида алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси ва асослари белгиланган. Улардан бири меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бўлган ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандидан моддий ёрдам олиш ҳуқуқидир.


Оила кодексининг 110-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.


Шунингдек мазкур қонун нормасида ундирилаётган алимент миқдорини энг кам миқдори ҳам белгиланган. Жумладан, ушбу миқдор қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.


Юқоридагиларга асосан она вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандидан алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилса, суд ушбу низони кўришда, даъвогарнинг бошқа вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларини ҳам инобатга олади.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанддан ота-онасига ундирилаётган алимент миқдори, унинг ўзини вояга етмаган фарзандларига тўланиши лозим бўлган алимент миқдорига таъсир кўрсатмайди.


Бундан ташқари алимент миқдорини камайтириш масаласини кўриш учун ҳам судга алоҳида даъво аризаси билан мурожаат қилиш лозимлиги назарда тутилганлиги боис, алимент мажбуриятлари кўпайиб кетганлиги сабабли автоматик тарзда камайтириш назарда тутилмаганлиги маълум қилинади.


Шу боис сизга, агар қайнонангиз сизга ундираётган алиментнинг миқдорини камайтириш учун ўз таъминотига алимент ундириш масаласида мурожаат қилган бўлса, бу ҳолат сиз ва фарзандларингиз фойдасига ундирилаётган алимент миқдорини ўз ўзидан камайишига олиб келмаслиги тушунтирилади.

МУЛКДОР ВАФОТ ЭТГАН БЎЛСА, ҲУЖЖАТЛАРНИ ТИКЛАШ УЧУН КИМ АРИЗА БЕРИШИ МУМКИН?

— Акам бундан икки йил олдин вафот этган. Келинойим «уйни сотаман», деса, уй ҳужжатлари топилмаяпти. Ҳужжатларни тиклаш учун қаерга мурожаат қилинади? Турар-жой мулкдори вафот этган бўлса, ҳужжатларни тиклаш учун ким ариза бериши мумкин?

Исми сир тутилди

Рустам НОРХЎЖАЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Авалламбор, саволдаги “домовой” деган сўзига аниқлик киритиш лозим бўлади. Агар саволда уй-жойда яшовчиларнинг рўйхатга (прописка) олиш дафтарини назарда тутилган бўлса, Президентнинг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 22 апрелдаги ПФ-5984-сон Фармонига мувофиқ, фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинган. Уй-жойда доимий яшаётган фуқаролар бўйича маълумотномани мурожаатчи ўзига қулай бўлган МваФРБ, Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали олиши мумкин.


Саволда уй-жойнинг кадаст ҳужжати назарда тутилган бўлса, бу ҳолатда аризачи йўқолган кадастр ҳужжатини қайта тиклаш бўйича Давлат хизматлари марказига ўзи бориб, ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат қилиши лозим бўлади.
Уй мулкдори вафот этган бўлса, унинг хотини ҳам юқорида кўрсатилган тартибда мурожаат қилиши мумкин.

ШАРТНОМА МУДДАТИ ТУГАГАН, АММО МУЛКДАН ФОЙДАЛАНИЛАЁТГАН БЎЛСА, ИЖАРА ҲАҚИ ТАЛАБ ҚИЛИШ МУМКИНМИ?

— Акциядорлик жамияти ва масъулияти чекланган жамиятнинг ўртасида бино-иншоотнинг ижара шартномаси имзоланган. Шартноманинг муддати тугаган бўлса-да, МЧЖ ижара мулкидан фойдаланишда давом этмоқда. Биз шартнома муддати тугаган бўлса, МЧЖдан амалда фойдаланган муддат учун ижара ҳақини талаб этишимиз мумкинми?

Саволга Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Дилбар Хайруллаева жавоб берди:

 

— Мулк ижараси шартномаси ҳақ эвазига тузиладиган шартнома бўлиб, ижарага олувчининг асосий мажбуриятларидан бири мулкдан фойдаланганлик учун ижара ҳақини ўз вақтида тўлашдан иборат. Ижара ҳақини тўлаш муддатлари тарафлар томонидан белгиланади ва шартномада кўрсатилади. Ижарага олувчининг ижара ҳақини тўлаш мажбурияти ижарага берилган мулк унга топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

 

Мулкдан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни аниқлаш шартлари ижара шартномасида кўрсатилмаган бўлса, бундай шартнома тузилмаган ҳисобланади. Бундай ҳолларда, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш оқибатлари қўлланилади. Бундай ҳолатда, агар мулк ижарага олувчига шундай шартномага асосан берилган бўлса, ижарага берувчи мулкни қайтаришни ва мулкдан фойдаланганлик ҳақини талаб қилишга ҳақли.

 

Ижара шартномаси ҳақиқий эмас деб топилганда, Фуқаролик кодексининг 114-моддасида назарда тутилган оқибатлар қўлланилади ва тарафларнинг ҳар бири бошқасига шартнома бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб беришга мажбур. Ижарага олувчининг олган нарсаси мулкдан фойдаланишда ифодаланганлиги учун, у фойдаланганлик қийматини пул билан қайтариши шарт. Бунда фойдаланганлик қиймати ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақининг миқдоридан келиб чиқиб аниқланади, шартномада ижара ҳақининг миқдори назарда тутилмаган ҳолларда эса, фойдаланганлик қиймати Фуқаролик кодексининг 356-моддасига мувофиқ аниқланади.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 554-моддасида мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда, нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозим. Агар ижарага олувчи ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси “Ижара тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасига асосан ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса ҳамда ижарага берувчи ижара шартномаси муддати тугагунига қадар бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаган ва шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда шартнома худди шу муддатга давом эттирилган ҳисобланади.

 

Юқоридагиларга асосан, МЧЖ ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаган бўлса-да, ижара мулкини АЖ га қайтармаганлиги ва ундан фойдаланишда давом этиб келаётганлиги боис ижара мулкидан фойдаланган давр учун ижара тўловини тўлаши лозим. Мазкур ҳолда АЖ ижара мулкидан амалда фойдаланилган муддат учун МЧЖ дан ижара ҳақини талаб этишга ҳақли.

ВАФОТ ЭТГАН ХОДИМНИНГ ОИЛАСИГА ЁРДАМ КЎРСАТИЛМАЙДИМИ?

— Автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғим вафот этди. Ўғлим икки ҳафта даволаниб чиқиб, ҳозир ҳам муолажа оляпти. Турмуш ўртоғимнинг иш жойига моддий ёрдам сўраб борганимда, «ўзингиз ишлайдиган жойдан оласиз, бизда вафот этган ходимнинг оиласига кўмак берилмайди», дейишди. Шундай бўлиши мумкинми? Ҳамма жойда ёрдам беришади-ку?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:Аҳрор СУЛАЙМОНОВ жавоб берди:

 

— Амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ агар ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, унинг оила аъзоларига етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлайди.

 

Ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт (Меҳнат кодекси 187,192-моддалари).

 

Агар турмуш ўртоғингиз юқорида қайд этилган ҳолатларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, яъни меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда вафот этган бўлса, бу ҳолатда, иш берувчи томонидан бирор бир кўмак назарда тутилмаган.

Skip to content