Қидирув:

11 ОЙДА 65 000ГА ЯҚИН ДАЪВО АРИЗАНИ КЎРГАН СУД ЖАМОАСИ МУНОСИБ ТАҚДИРЛАНДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий суди 2022 йил январь-ноябрь ойида 64 882 та даъво аризаларини кўриб чиққан. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 70 000 га етиши тахмин қилинмоқда.

 

Солиштириш учун:  2021 йил давомида жами 43 657 ариза кўриб чиқилган.  

 

Демак, судга жорий йилнинг 11 ойи давомида ўтган йилнинг бутун даврига нисбатан 20 мингдан ортиқ даъво аризалари келиб тушган. Шундай қилиб, жорий йил 11 ой давомида кўриб чиқилган ишлар ўтган йилнинг бутун даврига нисбатан 12 мингдан ортиқни ташкил этди.  

 

2022 йил 11 ойи давомида кўрилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 5 трлн. 844 млрд. 982 млн. сўм пул маблағи ундирилган.  

 

Республика бюджетига ихтиёрий равишда 32 млрд. 758 млн. сўм давлат божи тўланган. Суд қарорларига асосан республика бюджетига 191 млрд. 654 млн. сўм давлат божи ундирилган. 

Давлат божи бўйича шу йилнинг 11 ойини ўтган йилнинг тўлиқ даврига солиштирсак, 1 трлн. 844 млрд. 982 млн. сўмга кўп маблағ ундирилган. Шундан ихтиёрий 17 млрд. сўм давлат божи тўланган ҳамда суд қарорларига асосан 12 млрд. сўмдан ортиқ давлат божи республика бюджетига ундирилган.  

 

Ушбу судга жорий йилнинг 11 ойи давомида 19 000 дан ортиқ (19 223) умумий мазмундаги мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 350 дан ортиғи (354) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабул хонаси, Халқ қабулхонаси ва Бош вазир виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.  

 

Энг эътиборлиси, апелляция шикоятларини фоиз ҳисобида таҳлил қиладиган бўлсак, 2021 йил давомида кўрилган ишларнинг 5,3 фоизига нисбатан апелляция шикоят (протест)лари берилган бўлса, 2022 йилда кўрилган ишларнинг 4,3 фоизига нисбатан апелляция шикоят (протест)лари берилган.  

 

Юқоридагилардан кўриниб, турибди, Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўрилган иш ҳажми ҳамда мурожаатлар сони ошган бўлса-да, суд ҳужжатларига нисбатан берилаётган апелляция шикоятлари сони камайган. Бу эса тизимда суд ҳужжатларининг адолатли тарзда чиқарилаётганини англатади.  

 

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА КОНСТИТУЦИЯ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН БАЙРАМ ТАДБИРИ

Тошкент шаҳар судида Конституция қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди

Тадбирда Конституция мамлакатимиз тараққиёти, жамиятнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутиши эътироф этилди.

Алоҳида таъкидланганидек, сўнгги йилларда демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, унинг қонунчилик асослари ҳам Конституциямиз тамойиллари ва қоидаларига мувофиқ ижтимоий адолат ва қонунийлик принципи, инсонпарварлик ғояларига таянган ҳолда тубдан такомиллаштирилди.

Президентимиз раҳбарлигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳам Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришга қаратилгани ҳам қайд этилди.

Маълумки, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан шу кунларда Конституциямиз янада такомиллаштирилмоқда. Мазкур ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигининг кафолатларига оид нормалар такомиллаштирилаётгани диққатга сазовордир.

Шу ўринда суд тизими фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор экани қайд этилди. Инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳам айнан адолатли, кучли ва мустақил суд билан ҳимоя қилиниши таъкидланди.

2022 йил 8 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этилган эди. Асосий Қомусимизнинг юбилейи арафасида ушбу мукофотга 400 нафар судья ва суд ходими ҳам сазовор бўлди. Тантанали равишда ўтган бугунги тадбирда кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар судининг бир гуруҳ судья ва суд ходимлари фахрий ёрликлар билан тақдирланди.

КОНСТИТУЦИЯ – ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг, давлатимизнинг дунёдаги мавқеи, истиқболини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаган ва кафолатлаган муҳим ҳужжат бўлди.

 

Дарҳақиқат, давлат ўз ҳуқуқий ҳужжати – Конституцияси билан дунё саҳнига қадам қўяди. Шу жиҳатдан Асосий қонунимизнинг яратилиши халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши билан бирга, улуғ мақсадлар сари собит қадам ташлашида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.

 

Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимиз соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

 

Бош қомусимизнинг муҳим ғояси, энг аввало, инсонни қадрлашга, унинг манфаатларини муҳофазалашга қаратилган. Бу давлатимиз сиёсатида инсонпарварлик тамойили устуворлигининг яққол намунаси, десак, муболаға бўлмайди. Чунки мустақилликкача бўлган даврда, яъни собиқ тузумда давлат манфаатлари барча нарсадан устун қўйилганини ёдга олсак, бугунги мақсад-муддаоларимиз эзгулиги, Конституциямиз эса энг юксак инсоний қадриятлар мужассамлашган халқчил қомус экани ойдинлашади.

 

Асосий қонунимизда эътироф этилганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

 

Ушбу конституциявий тамойиллар ва уларнинг амалда таъминланаётгани туфайли юртимизда ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган ҳис этади. Тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Аҳолининг ўз муаммо ва ташвишлари билан давлат органларига мурожаат этиши учун имкониятлар «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да янада кенгайди.

 

Президентимиз илгари сурган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётир. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилди. Бу нафақат халқимиз томонидан, балки халқаро миқёсда ҳам эътирофга этилаётгани диққатга сазовор.

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳаётимиз қомусида мустаҳкамланган тамойиллар амалга изчил татбиқ этилаётгани туфайли мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилмоқда.

 

Давлатимиз халқ фаровонлигини, унинг ҳаёт сифатини ва даражасини муттасил ошириб бориш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида улкан ютуқларга эришмоқда.

 

Хуршид СОДИҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Олмазор тумани суди судьяси

ТОШКЕНТДА 11 НАФАР УЮШГАН ЖИНОИЙ ГУРУҲ АЪЗОСИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг ҳукмига кўра 21, 22, 24, 25, 28, 29, 31, 33, 34, 35, 43 ёшдаги 11 нафар судланувчига нисбатан суд ҳукми ўқилганди. Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида эса мазкур ҳукм устидан ҳимоячилар ва маҳкумлар томонидан келтирилган апелляция шикоятлари сабаб, жиноят иши қайта кўриб чиқилди. Судланувчиларнинг баъзиларини ҳали ёшда десанг, ораларида кўпни кўрганлари, ҳатто суднинг қора курсисига ўтириб улгурганлари ҳам бор эди. Бироқ ортга назар ташлаб, ўтган ҳаётидан хулоса чиқармаган, ўзи тушган чохга бошқаларни ҳам шерик қилишни лозим топган кўринади…

 

Суднинг ҳукмига кўра, Ё.Э. ЖКнинг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а,б” бандлари, 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

А.Б., Ғ.М., Ж.М., А.Ў., Ж.Х. “Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш” жиноятини содир этганликда айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

В.Т. ЖКнинг 186-3-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари, 246-моддаси 1-қисми, 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Ж.Ю., С.Н., Ж.Э., С.Х. га ЖКнинг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Гап шундаки, Ё.Э. таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини Тошкент шаҳри ҳудудида кенг кўламли сотилишини таъминлаш ва шу йўл билан қисқа муддатларда бойлик орттиришга қаратилган ғаразли ва бошқа паст ниятлар билан йўғрилган жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилган. У ўзи томонидан ташкил қилинган уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзоларига, бажариладиган жиноий хатти-ҳаракатлари юзасидан вазифаларини тақсимлаб, барқарор ишлашини таъминлаган.

 

Жумладан, Ё.Э. таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини Ўзбекистонга контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб божхона чегарасидан ўтказиш вазифасини уюшган гуруҳ аъзолари В.Т. ва терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Исроил” исмли шахсларнинг зиммасига юклаган.

 

Уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари А.Б., Ғ.М., шунингдек жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган Д.У. ва Ф.С. нинг вазифаси Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини, Фарғонадан Тошкентга олиб келинишини ва дори воситаларини махсус хуфёна жойларига яширилишини таъминлаб, уюшган гуруҳнинг раҳбари Ё.Э.нинг кўрсатмасига кўра дори воситаларини Тошкент шаҳри ичида сотиш иши билан шуғулланувчи шахсларга етказишдан иборат бўлган.

 

Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари Ж.М., А.Ў., Ж.Х., С.Н., С.Х., Ж.Э., Ж.Ю., шунингдек жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган саккиз нафар ва терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Илёс” исмли шахслар ўзларининг қарамоғидаги дорихоналар орқали уюшган гуруҳ аъзолари томонидан олиб келинган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш иши билан шуғулланиб келишган.

 

Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси В.Т. олдиндан келишувга кўра, Фарғона вилояти Қувасой шаҳри ҳудудидаги Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган қисмида, терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган Қирғизистон Республикаси фуқароси “Исроил” исмли шахс билан учрашади. 10 дона қопларга қўлбола усулда қадоқланган 6076 дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган “Тропикамид” дори воситаларини Ўзбекистон ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирган.

 

В.Т. контрабанда йўли билан давлат ҳудудига олиб кирилган 6076 дона “Тропикамид” дори воситаларини, шу куннинг ўзида Ё.Э.нинг кўрсатмасига кўра Тошкентга олиб борилишини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳудудида уюшган жиноий гуруҳ аъзоси А.Б.га топширган.

 

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида А.Б. ўзининг бошқарувидаги “Mersedes-benz sprinter” русумли транспорт воситасида Фарғона-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтида, “Шарқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб, автомашина кўздан кечирилган. Транспорт воситасининг юкхонасидаги полиэтилен қопларга солинган бодринг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари остида 9 дона кўкимтир рангли полиэтилен қопларга жойланган. Ёрлиғида “Тропикамид, капли глазные 1,0 % 10 мл, 2105271” ёзуви бўлган оқ рангли пластик флаконларда ҳамда автомашинанинг олд йўловчи ўриндиғи остидаги бир дона қопда ҳам худди шундай турдаги дори воситаларига ўхшаш ашёлар борлиги аниқланган.

 

Мазкур тезкор тадбир давом эттирилганида, Тошкент шаҳри “Қўйлиқ” буюм бозори олдидаги автотураргоҳ ҳудудида уюшган жиноий гуруҳ аъзоси Ғ.М. ўз бошқарувидаги “Жентра” русумли автомашинани бошқариб келиб, А.Б.дан юқоридаги дори воситаларини қабул қилиб олаётган вақтида ушланган. Улардан жами 6 076 дона ёрлиғида “Тропикамид” дори воситаларига ўхшаш ашёлар, ашёвий далил сифатида олинган.

 

ИИВ ЭКБМнинг хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган 6 076 дона дори воситалари таркибида “Тропикамид” моддаси мавжуд эканлиги, “Тропикамид” моддасининг умумий миқдори 607,6 граммни ташкил этиши, ушбу модда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрь кунидаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сонли қарорининг 1-иловасида 67-тартиб рақами билан кўрсатиб ўтилган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилганлиги маълум қилинган.

 

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида олдиндан кузатувга олинган уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари Ж.М. ва А.Ў. ўзаро олдиндан жиноий тил бириктиради. Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Қатортол кўчасидаги дўкон ёнида уюшган жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Ж.Х. билан олдиндан тузилган келишувга кўра учрашади. Ж.М. ўзини таниши Ж.Х.га қўлида бўлган пакетни берган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланган.

 

Уларнинг ёнида бўлган ашёлар кўздан кечирилганида, Ж.Х.нинг қўлидаги пакет ичида 36 дона конвалютада ёрлиғида “Регапен 300 мг” ёзуви бўлган жами 503 дона капсулалар борлиги аниқланиб, ушбу капсулалар ҳужжатлаштириб олинган.

 

ИИВ ЭКБМнинг хулосасига кўра, завод қадоғида бўлган 36 дона конвалюталардаги 503 дона капсулаларнинг таркибида “Прегабалин” моддаси мавжудлиги, умумий вазни 150,9 граммни ташкил қилиши маълум қилинган.

 

Тергов ҳаракатларини ўтказиш давомида Чилонзор туманидаги хонадонда жойлашган 3 та МЧЖларга қарашли дорихоналарда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари томонидан контрабанда йўли билан олиб келинган психофаол дори воситалари ўтказиш мақсадида сақлаб келинаётганлиги аниқланган.

 

Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси С.Н. фаолият олиб борган МЧЖга қарашли дорихонада ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида “Зардекс” ёзувли 78 дона капсулалар, 1 дона “Тропикамид” ёзувли завод қадоғида бўлган елим флакондаги дори воситаси, 6 дона “Селофен Залеплон капсулы” ёзувли ва 4 дона “iIko Regapen 300 mg Capsule Pregabalin” дори воситалари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

 

С.Х. фаолият олиб борган МЧЖга қарашли дорихонада ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида эса “Зардекс” ёзувли жами 45 дона капсулалар, “Тропикамид” ёзувли суюқлик солинган бир дона флакон, “Селофен Залеплон капсулы” ёзувли завод қадоғида бўлган 5 дона конвалюта бўлакларидаги жами 5 дона капсулалар ва “iIko Regapen” ёзувли завод қадоғида бўлган 2 дона конвалюта бўлакларидаги жами 14 дона капсулалар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

 

Бундан ташқари, С.Х. МЧЖга қарашли дорихонани дорихона эгасидан ўрталарида тузилган ижара шартномасига асосан ижарага олиб, сотувчилик фаолияти билан шуғулланиб келган. Сотувчилик фаолияти давомида олдига келган, тергов ҳаракатлари даврида шахсига аниқлик киритишнинг имкони бўлмаган “Ориф” исмли номаълум шахсдан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 100 дона “Зардекс” дорисини 85 АҚШ долларига, 56 дона “Регопен” дорисини 45 АҚШ долларига ва 1 дона “Тропикамид”ни 80 000 сўмга келгусида сотиш мақсадида кирим қилмасдан сотиб олган. Ўтказилган тезкор-текширув тадбири давомида Н.Т.га 1 дона “Тропикамид” ва 56 дона “Регопен 300 мг” дориларини жами 1 120 000 сўмга сотган вақтида ушланган ва дорилар, 1 120 000 сўм холислар иштирокида баённома билан расмийлаштириб олинган. Шунингдек, тезкор-тадбир давомида дорихона кўздан кечирилганда, сотиш учун мўлжалланган тегишли кирим ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган жами 4 дона “Селофен 10 мг” ва 23 дона “Регопен 300 мг” дорилари ҳамда дорилар сотилиши давомида тушган 3 480 000 сўм пуллар борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилган.

 

Ж.Э. фаолият олиб борган дорихонада ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида 917 дона “Зардекс” ёзувли, завод қадоғида бўлган 4 дона бутун конвалюталарда жами бўлиб, 40 дона капсулалар, “iIko REGAPEN” ёзувли 2 дона конвалюта бўлакларидаги жами 28 дона капсулалар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

 

Ж.Ю. ишлаган дорихонадан эса “Тропикамид” ёзувли жами 3 дона елим флаконларнинг ичидаги ҳажми 10 мл.дан бўлган рангсиз суюқликлар, “Зардекс Гебапентин” ёзувли 2 дона бутун конвалюта ва 1 дона конвалюта бўлагидаги жами 28 дона капсулалар, “iIko REGAPEN” ёзувли 1 дона конвалюта бўлагидаги жами 7 дона капсулалар ва “Селофен Залеплон капсулы” ёзувли 5 дона конвалюта бўлакларидаги жами 5 дона капсулалар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

 

2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситаларини ноқонуний айланишини олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги ПҚ-4438-сон қарорининг 1-бандида, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

 

Бундан ташқари, жиноят иши юзасидан Фарғона вилоят Қувасой шаҳри ҳудудида В.Т. тўхтатилиб шахсий тинтув қилинганида, унинг ёнидан қоғоз бўлагига қадоқланган яшил рангли қуритилган ҳолатдаги ўзига хос ҳидга эга бўлган модда борлиги аниқланган.

 

Фарғона вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, В.Т.нинг ёнидан шахсий тинтув вақтида аниқланган қоғоз бўлагига қадоқланган яшил рангли қуритилган ҳолатдаги ўзига хос ҳидга эга бўлган модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд экани ва “Марихуана” деб аталиши, қуритилган ҳолатдаги марихуаннанинг соф вазни 2,19 граммни ташкил қилиши аниқланган.

 

Тошкент шаҳар судида кўрилган суд мажлисида ҳимоячиларнинг бири томонидан келтирилган апелляция тартибидаги шикоятда маҳкумга нисбатан биринчи боқич суди томонидан оғир жазо тайинлангани, уни енгилроқ жазога ўзгартириш лозимлиги, дорини ўзининг истеъмоли учун олгани, энг кўпи билан маъмурий жазо тайинлаш мумкинлигини билдирган бўлса, бошқаси маҳкум дориларни оддий дори деб билгани, агар билганида умуман олмаган ва ташимаган бўлишини маълум қилиб, биринчи босқич судининг ҳукмини бекор қилиб оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

 

Ўз навбатида маҳкумлар ҳам оилавий шароитини, оилада ягона боқувчи эканини инобатга олишни, ёшлигини инобатга олиб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

 

Судлов ҳайъати иш бўйича судьянинг маърузасини, прокурорнинг шикоятларни қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги хулосаси, ҳимоячилар ва маҳкумларнинг улар томонидан келтирилган шикоятларини қаноатлантириш ҳақидаги фикрларини тинглади. Суднинг ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судланувчиларга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

 

Элбекжон Тургунбоев, Тошкент шаҳар суди судьяси

КОНСТИТУЦИЯ ЯРАТИЛИШИ ТАРИХИГА ОИД ҲУҚУҚИЙ БОСҚИЧЛАР ҲАҚИДА БИЛАМИЗМИ?

Конституция – давлатнинг Бош Қомуси ҳисобланиб, у давлатнинг тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизими ҳамда сайлов тизимини белгилаб беради.

 

Яқин кунларда Конституциямизнинг 30 йиллиги нишонланиш арафасида турибмиз. Шу боис, мамлакатимиз Конституциясининг яратилиш тарихига оид энг муҳим ҳуқуқий босқич ва воқеалар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 

Конституцияни яратиш йўлидаги энг муҳим биринчи ҳуқуқий босқич – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.

 

1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва мунозаралардан сўнг миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилгани мустақиллигимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этишини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

 

“Давлат тили тўғрисида”ги Қонунда мустаҳкамланган ушбу муҳим ҳуқуқий қоидалар эндиликда Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида қуйидагича муҳрлаб қўйилди:

 

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

 

Конституцияни яратиш йўлидаги иккинчи ҳуқуқий босқич – Президентлик институти таъсис этилиши ва янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши билан боғлиқ.

 

Юртимиз ҳаётидаги ушбу муҳим воқеа 1990 йилнинг март ойида бўлиб ўтганини эслаш жоиз. Ўшанда, яъни Мустақиллигимиз эълон қилинишидан бир мунча вақт олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясида собиқ иттифоқ таркибидаги республикамизда Президентлик лавозими жорий этилди, давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, бу борада махсус комиссия тузилди. Мустақил Ўзбекистон Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди.

 

Конституцияни яратиш йўлидаги учинчи ҳуқуқий босқичи – “Мустақиллик декларацияси”нинг эълон қилинишидир.

 

Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган “Мустақиллик декларацияси”нинг 8-бандида Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади” деган қоида мустаҳкамланган.

 

Декларациянинг 12-бандида эса ушбу ҳужжат республиканинг “янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос” бўлиши қайд этилган.

 

Ўша пайтда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

 

Конституцияни яратиш йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий босқич – Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.

 

Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.

 

Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини ва хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита киришилди.

 

Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий босқич – Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир.

 

1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида 1 сентябрь республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

 

Худди ўша куни Олий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Баёнот қабул қилди.

Баёнотда таъкидланганидек, “Бундан буён Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика Конституцияси ва қонунлари шак-шубҳасиз устун деб эътироф этилади”.

 

Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Унда бўлажак Конституциянинг фундаментал қоидаларини ўзида акс эттирган бир қатор муҳим моддалар жой олди. Жумладан, мазкур Қонунга мувофиқ:

 

“Ўзбекистон Республикаси тўла давлат ҳокимиятига эга, ўзининг миллий-давлат ва маъмурий ҳудудий тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилайди” (3-модда);

 

“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унинг қонунлари устундир. Ўзбекистон Республикаси Давлат идораларининг тизими ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратиш тартиби асосида қурилади” (5-модда).

Бу Конституциявий қонун Асосий Қонунимиз қабул қилингунига қадар биз учун кичик Конституция вазифасини бажариб турди.

 

Конституцияни яратиш йўлидаги олтинчи ҳуқуқий босқич – Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилиниши ҳисобланади.

 

Конституциявий комиссия 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилди.

Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди.

 

Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Фуқароларимиз томонидан билдирган таклифлар сони 5 мингдан ошиб кетди.

 

Конституция лойиҳаси ўтказилган муокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида қайта ишланиб, 1992 йил 21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта матбуотда эълон қилинди.

 

Шундай қилиб, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди ҳамда мустақиллигимизга ҳақиқий мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди. Мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

 

Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилган. Бундан ташқари, Конституциямиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.

 

Жасур СИРОЖЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Шайҳонтохур тумани

суд раиси ўринбосари

«ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИКНИ ОЛДИНИ ОЛИШДА СУДЛАРНИНГ ЎРНИ» МАВЗУСИДА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Суд тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ҳамда East-West Management Institute ННТнинг Ўзбекистондаги филиали кўмагида такшил этилган «Гендер зўравонликни олдини олишда судларнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

«16 кун гендер зўравонликка қарши фаол ҳаракатлар» кампанияси доирасида бўлиб ўтган тадбирда халқаро экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, «Меҳржон» аёллар ва болаларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази вакиллари ҳамда Олий суд, вилоят, шаҳар ва туманларнинг жиноят ишлари бўйича судьялари иштирок этишди.

Анжуманда гендер тенглигини тарғиб қилиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, шунингдек гендер зўравонлигига қарши курашишда судларнинг роли каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлкатимизда гендер зўравонликни олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда эркак ва аёлларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлаш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

Гендер тенглигига риоя этилишини таъминлаш ва мавжуд номутаносибликларни бартараф этишга қаратилган зарурий ҳуқуқий база яратилди. Комплекс Стратегия тасдиқланди, гендер тенглигини таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда гендер сиёсатини жамият манфаатларини кўзлаб амалга оширилишини таъминлаш мақсадида институционал асослар шакллантирилди.

Олий суднинг стратегик режалари ва судларни ривожлантириш дастурларида гендер омиллари ҳисобга олиниб, тренинглар, семинарлар ва конференциялар ўтказилмоқда, гендер зўравонликни олдини олиш бўйича брошюра, журнал ва мақолалар чоп этилмоқда.

Конференция иштирокчиларига гендер зўравонликка қарши курашишда судларнинг ўрни ҳамда ушбу тоифадаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Шунингдек анжуманда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда гендер зўравонликнинг олдини олишда аёл судьялар сонини кўпайтириш муҳимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Тадбир давомида «Гендер зўравонликка қарши курашишда судьяларнинг ўрни» мавзусида видеоролик ва гендер тенглигини таъминлаш соҳасида судьялар учун тўплам намойиш қилинди.

«ЗАПРЕТ» ҚЎЙИЛГАН БЎЛСА ҲАМ ОЛДИ-СОТДИ ҚИЛА ОЛИШАДИМИ? »

– Отамдан мерос қолган уйга катта акамнинг кредитдан қарзи борлиги учун «запрет» қўйилган. Яқинда амакимнинг қизи ҳовлининг отасига тегишли қисмини сотмоқчи эканини билиб қолдик. Амаким ҳам, аммам ҳам ҳаёт. Лекин болалари ота-онасининг улушини сотишмоқчи. «Запрет» қўйилган бўлса ҳам улар олди-сотди қила олишадими? Ҳовлига алоҳида кадастр қилинмаган.

Исми сир тутилди

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари Гули Шукурлаева жавоб берди:


– Фуқаролик кодексининг 1116-моддасига асосан мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.


Ҳозирги кунда агар амакингиз ва аммангиз хаёт бўлиб, уларнинг ушбу уйда улушлари бўлса, демак дастлаб ушбу уй-жой отангизни ота-онасидан мерос бўлиб ўтган ва ушбу уй-жой улушли мулк ҳисобланади. Васиятнома бўлмаган бўлса, ҳар бир меросхўрлар ўртасида тенг тақсимланган.


Амакингизни кредит қарздорлиги бўйича тақиқ қўйилган бўлса, демак суднинг қарори билан ундириш белгиланган. Ижро жараёнида давлат ижрочиси томонидан ижро қилиш ҳарақатлари амалга оширилган вақтда тақиқ қўйилган бўлиши мумкин ёки кредит шартномаси расмийлаштирилган вақтда гаров сифатида ушбу мулк амакингиз томонидан қўйилган бўлиши мумкин.

 

Аммо бу ҳолатда барча улушли мулкдорлар (яъни меросхўрлар) тегишли тартибда мулк гаров сифатида қўйилишига розилик беришган бўлишлари керак. Акс ҳолда улушли мулк фақатгина битта улушли мулкдорнинг аризасига асосан гаровга олинишига йўл қўйилмайди.


Меросхўрлар, меросни қабул қилиб, уни давлат рўйхатидан ўтказганларидан кейин, яъни уйнинг кадастр ҳужжатида барча меросхўрлар мулкдор сифатида киритилгандан сўнг, уларнинг мулкка нисбатан мулк ҳуқуқлари вужудга келади.


Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.


Амакингиз ва аммангиз ота-онасидан кейин меросни қабул қилиб, ўзининг мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказган бўлса, мулк ҳуқуқини тасарруф қилиш ҳуқуқига фақатгина ўзи ёки тегишли тартибда расмийлаштирилган ишончнома орқали вакили эга.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДА ЯНГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИНИНГ ЎРНИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

 

Бугунги кунда барчамизнинг ҳаётимизнинг асосий қисми ишда ўтади, шу сабабли эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлашимиз ҳамда ишсизликдан ҳимояланишимиз Бош Қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганлиги билан бирга, ушбу ҳуқуқларимизнинг асосий ҳимоячиси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳисобланади. Амалдаги Меҳнат кодексимиз Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги 161-I-сонли Қонуни билан қабул қилинган бўлиб, 1996 йил 1 апрелдан кучга кирган ва бугунги кунга қадар амалда фойдаланиб келяпиз. Ушбу Кодексга амалга киритилган буён бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Меҳнат ресурслари ва корхоналарнинг сони ортаётганлиги, иқтисодиётимизда хусусий сектор улуши ошаётганлиги ва тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўплаб қулай шароитлар яратиш мақсадида янги Меҳнат Кодексини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда эди.

 

Дастлаб, янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш вазифаси 2017 йил
7 февралда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган эди.

 

Шу мақсадда узоқ йиллик тайёргарлик кўрилган ҳолда янги Меҳнат Кодекси лойиҳаси тайёрланди. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев меҳнат қонунчилигига фуқароларни меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга янгича ёндашиш юзасидан Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ташкил этилган видеоселекторда таъкидлаб ўтдилар.

 

Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги кунда инсон ҳаёти, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланмоқда ва ҳаётимизга “Инсон – жамият – давлат” деган қоида жорий этилмоқда.

 

Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 14 октябрь куни қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан 2022 йил 17 мартда маьқулланган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 28 октябрь куни имзоланди. Қонуннинг талабларига асосан Меҳнат Кодекси расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

 

Хўш, ушбу Кодексда фуқароларнинг меҳнат қилишларини кафолатловчи ва уларга қулайликлар яратувчи қанақа янги нормалар мавжуд, қисқача шулар тўғрисидаги тўхталиб ўтсак.

 

Энг аввало амалдаги Меҳнат кодексимиз 2 та қисм – умумий ва махсус қисмлар, 15 боб ва 294 та моддадан иборат бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексимиз 2 қисм – умумий ва махсус қисмлар, 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборатдир. Бундан кўриниб, турибдики янги таҳрирдаги МК амалдагисидан ҳажм жиҳатдан деярли икки бараварга катта.

 

Амалдаги МКда ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилиши белгиланган эди. Амалиётда ўн беш ёшга тўлмаган болаларнинг турли соғликларига ва камолотларига зиён етказмайдиган, маълум ҳақ тўланадиган машғулотларига иштирок этса ҳам уларнинг бу фаолиятлари меҳнат қонунчилигида ўз аксини топмаганлиги маълум ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Мазкур муаммолар янги қабул қилинган Меҳнат Кодексининг нормалари билан бартараф этилди.

 

Хусусан, Кодекснинг 118-моддасида, маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилиши белгиланмоқда.

 

Шунингдек, амалдаги МКда дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмаслиги қайд этилган бўлса, янги МКда эса, дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланмоқда. Мазкур норманинг киритилиши айрим давлат корхоналаридаги рахбар ва унинг ўринбосарлари, шунингдек бош бухгалтерларнинг меҳнатга бўлган муносабатларини ва билимларини янада жиддийроқ ўрганиш имкониятини яратади.

 

Амалдаги МКда меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин эди:

1) тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;

 

2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

 

3) муддатнинг тугаши билан;

 

4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;

 

5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.

 

6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Суд амалиётида мазкур нормаларнинг аниқ ва тушунарли қайд этилмаганлиги оқибатида Иш берувчи билан Ходим ўртасида меҳнат шарномасини бекор қилишда маълум келишмовчиликларни туғдирарди. Қолаверса, нормаларни аниқ кўрсатилмаганлиги оқибатида низолар суд жараёнида кўрилишида ҳам судьяларга ноқулайликлар туғдирарди. Айниқса, МК 97-моддасидаги тарафларнинг келишуви асосида ёхуд 99-моддада қайд этилган ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинишида жуда кўплаб низолар келиб чиқарди.

 

Янги МКда эса меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат бўлди:

 

1) тарафларнинг келишуви (ушбу Кодекснинг 157-моддаси);

2) меҳнат шартномаси муддатининг тугаши (ушбу Кодекснинг
158-моддаси);

 

3) меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 160-моддаси);

 

4) меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 161-моддаси);

 

5) ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 156-моддасининг бешинчи қисми);

 

6) ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 137-моддасининг тўртинчи қисми);

 

7) ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши (ушбу Кодекс 146-моддасининг бешинчи қисми);

 

8) ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда (ушбу Кодекс 143-моддасининг иккинчи қисми);

9) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (ушбу Кодекснинг 168-моддаси);

 

10) янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш (ушбу Кодекснинг
169-моддаси);

 

11) ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар.

Амалдаги МКда номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиши 100-модданинг иккинчи қисми 7-бандида мавжуд бўлиб, айниқса олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари томонидан келиб тушаётган даьво талабларидан мазкур норманинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида қайд этилган нормасига номувофиқлиги яққол кўриб турилсада, адолатсиз қабул қилинган буйруқларни ғайриқонуний деб топиб, бекор қилиш имконияти мавжуд эмас эди. Ушбу норманинг янги МКга киритилмаганлиги ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқининг яққол намунаси бўлди.

 

Бугунги кунда иш берувчилар томонидан ходимларни ишдан бўшатиш тартибига риоя қилинмасдан, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолатларида ҳам суд томонидан иш берувчининг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномасига асосан даъвони рад этилиш ҳолатлари сони ҳам салмоқли рақамларни ташкил этмоқда. Амалдаги МКда ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат белгиланган бўлса, янги МКда ушбу муддат, яъни ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой этиб белгиланмоқда. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим ўрин касб этади.

 

Булардан ташқари, ишдан бўшатиш нафақасининг иш берувчида ишлаган иш стажига қараб дифференциялашган миқдорлар белгиланмоқда. Амалдаги МКда ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмаслиги қайд қилинган бўлса, янги таҳрирдаги МКда эса ушбу миқдор қуйидагича белгиланмоқда, яъни ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у: уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан; уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан; беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан; ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан; ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

 

Янги МКда ходимларни дам олиши ҳуқуқини таъминлаш мақсадида дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилиши белгиланмоқда.

 

Шунингдек, меҳнат таътилининг минимал давомийлигига ҳам ўзгартириш киритилмоқда, яъни амалдаги МКда ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилиши назарда тутилган бўлса, янги таҳрирдаги МКда эса ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этиши белгиланмоқда. Бу ходимларнинг йил давомида қилган меҳнати учун яхши дам олишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди деб ўйлайман.

 

Юқорида таъкидлаганимдек, янги таҳрирдаги МК амалдаги МКдан ҳажм жиҳатдан қарийб икки барабар катта. Кўрсатиб ўтилган ўзгаришлар эса хамма ходимларнинг қизиқтирадиган ўзгаришлар деб ўйлайман.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган инсон ҳуқуқи олий қадрият  эканлиги мазкур қабул қилинган Меҳнат Кодексининг нормаларида ўз аксини топган бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат низоларини қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишда ўз самарасини беради деб ишонаман, натижада эса судларимизнинг ҳақиқий “Адолат қўрғони”га айланиши муқаррардир.

 

Ғайрат Эргашев,
фуқаролик ишлари бўйича
Яккасарой туманлараро судининг раиси

МАЪМУРИЙ СУДЛАР СУДЬЯЛАРИ УЧУН ОСТОНА ШАҲРИДАГИ III МИНТАҚАВИЙ СЕМИНАР

Остона шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) маъмурий судлари судьялари учун “Марказий Осиёда маъмурий судлов: Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон” мавзуидаги III минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” минтақавий дастури томонидан ташкил этилган икки кунлик семинарда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон судьялари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари судлар томонидан манфаатдор шахс (учинчи шахс) ва маъмурий иш жараёнининг бошқа иштирокчиларига оид долзарб масалаларни муҳокама қилишди.

Мамлакатимиздан семинарда Олий суд судьяси Д. Каримов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У. Алмамедов, Наманган вилоят маъмурий суди судьяси У. Нишонова, Андижон туманлараро маъмурий суди раиси А. Шерматов ва Олий суд бошқарма бошлиғи Ж. Умаров қатнашдилар.

«БОЛАЛАРИМНИНГ ОТАСИ ФАРЗАНДЛАРИМНИ ҚАЙТАРИБ БЕРМАЯПТИ…»

— Болаларимнинг отаси билан ажрашганман. У уч-тўрт ойда бир фарзандларини кўришга келиб, ўзи билан олиб кетади-да, қайтариб бермайди. Шу кунгача бир неча марта суд орқали ижрочилар ёрдамида болаларимни қайтариб олдим. Бундан 10 кун олдин болалар боғчада бўлганида, уларни олиб кетиб, яна қайтариб бермаяпти. Ҳозир ички ишлар ва судга ариза берганман. Ҳадеб бундай бўлавермаслиги учун қонуний чора кўриш мумкинми?

Исми сир тутилди

Ахрор СУЛАЙМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Аризангиз мазмунидан кўринишича, собиқ турмуш ўртоғингизнинг ўз фарзандлари билан учрашув вақтини белгилаш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган ва унга учрашув вақтлари белгиланган. Ушбу ҳолатда, у фарзандларингизни олиб кетиб, суд қарорида белгиланган вақтда қайтариб бериши лозим.


Давлат ижрочиси ижро ҳужжатининг ўзи белгилаган муддатда ихтиёрий равишда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.


Агар собиқ турмуш ўртоғингиз ижро ҳужжатининг талабларини давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган тақдирда, давлат ижрочиси унга нисбатан маъмурий жазо қўллайди. Суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаган тақдирда эса уни жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантиради. У шундан сўнг ҳам ижро ҳужжатини ижро этишдан бўйин товлаган тақдирда, давлат ижрочиси қонунда белгиланган тартибда уни жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўради.


Шунингдек, амалдаги қонунчиликка асосан, давлат ижрочисининг ўз ваколатлари доирасидаги талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча органлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Давлат ижрочисининг талабларини бажармаслик, унинг зиммасига юкланган вазифаларни бажаришига монелик қилувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади (Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 87-моддаси).

Skip to content