Қидирув:

ҲЕЧ ҚАЕРДА ИШЛАМАСЛИК АЛИМЕНТ ТЎЛАМАСЛИККА САБАБ БЎЛА ОЛАДИМИ?

— Бир нафар фарзандим билан турмушимдан ажрашганман. Боламнинг отаси алиментдан 12,5 миллион қарз. Ҳеч қаерда расман ишламайди. Алиментни вақтида тўлмагани учун икки марта қамалиб чиқди. Энди ўша қарзни қайнонам бўлиб тўлаяпти. Алиментдаги қарзини тўлиқ тўлашини талаб қилсам бўладими? Бунинг учун қаерга мурожаат қилай? Қандай ҳужжатлар талаб этилади? Собиқ турмуш ўртоғимнинг ҳеч қаерда ишламаслиги алимент тўламаслигига сабаб бўлоладими?

Исми сир тутилди

Жасурбек МАМАЮСУПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан, алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.


Оила кодексининг 116-моддаси биринчи қисмига кўра, вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.


Алимент тўлаётган шахснинг бундай жавобгарликка тортилиши уни алимент мажбуриятидан озод қилмайди.


Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ёки бошқа даромадидан ундирилади. Иш ҳақи ва бошқа даромади етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблағидан ундирилади.

 

Мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.


Ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобварақларидаги пул маблағига ва унинг бошқа мол-мулкига қонунчиликда белгиланган тартибда қаратилади.


Сиз айни пайтда ўзингиз ёки жавобгар, яъни собиқ турмуш ўртоғингиз яшаб турган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Мазкур турдаги даъво аризасига алимент ундириш ҳақидаги суд ҳужжати нусхаси, тегишли мажбурий ижро бюросининг алимент қарздорликни ҳисоблаш ҳақидаги қарори, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси, почта харажати тўланганлиги ҳақида ҳужжат кабилар илова қилиниши лозим бўлади.


Алимент тўлаётган шахснинг ҳеч қаерда ишламаслиги уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Шунингдек, алимент тўлаётган шахснинг ундирилаётган алиментдан қарзи борлиги ҳолати уни жорий давр учун алимент тўлашдан озод қилмайди. Бу масалада тегишли туман мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

ҚЎШНИМНИ СУДГА БЕРСАМ, ЧОРА КЎРИЛАДИМИ?

— Уйимизни орқасида қўшнимнинг томорқаси бор. Ер деворимизга туташиб кетган. Ҳар сафар ерини суғорганида деворимизга ўтиб кетяпти. Бир неча марта огоҳлантирдим, лекин қўшним «Қаерга борсанг, бор, томорқа меники, деворинг билан ишим йўқ», деди. Судга берсам, унга нисбатан чора кўриладими?

Исми сир тутилди.

Бехзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:


— Фуқаролик кодексининг 172-моддаси талабига кўра, мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.


Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суиистъемол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас. Мулкдор ўз ҳуқуқини амалга оширганида фуқароларнинг соғлиғига ва атроф муҳитга зарар етказишининг олдини олиш чораларини кўришга мажбур.


Мазкур ҳолатда сиз зарар ундириш хусусида даъво аризаси билан, белгиланган миқдорда давлат божи ва почта ҳаражатини тўлаб, барча зарур далилларни илова қилган ҳолда, умумий тартибда судга мурожаат қилишингиз лозим.


Бунда судга тақдим қилинаётган даъво аризаси Фуқаролик процессуал кодексининг 128-129, 189-191-моддаларига жавоб бериши лозим.

«АЖРАШМАЙМАН» ДЕСА, АРИЗАМ ҚАНОАТЛАНТИРИЛМАЙДИМИ?

— Собиқ хотиним билан икки йилдан бери бирга яшамаймиз. Бундан ярим йил олдин уйландим. Биринчи турмушим билан расман ажрашиб, иккинчиси билан расман никоҳдан ўтиш учун судга ариза бергандим. Лекин собиқ хотиним «ажрашмайман», деяпти. Суд шуни деб муҳлат берди. Кейингисида ҳам «ажрашмайман», деса, аризам қаноатлантирилмайдими? Ахир бошқа оилам бор-ку?

Исми сир тутилди.

Жасур Норқобилов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

 

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.


Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.


Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарорининг 16-бандида тушунтирилишича, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим.


Мурожаатингизда қайд этилишича сиз никоҳдан ажратиш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилгансиз ва суд томонидан эр-хотинга ярашиш учун муддат тайинланган.


Юқоридаги қонун талаби ва Пленум қарори тушунтиришлари талабидан келиб чиқиб, суд эр-хотинни бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқ деб ҳисобласа, ўртадаги никоҳни бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиши мумкин.

УЙ-ЖОЙДАГИ УЛУШИМНИ ҚАЙТАРИБ ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?

— Уй-жойдаги ўз улушимни опамга нотариал ҳужжатлаштириб бергандим. Бироқ фикрим ўзгариб қолди, энди ўз улушимни қайтариб олсам бўладими? Агар мумкин бўлса, қанча муддат ичида расмийлаштириш керак?

Исми сир тутилди

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Аввало, саволга аниқлик киритиш керак. Агарда гап ўзига тегиши лозим бўлган мерос улушидан опаси ёки синглисига воз кечилганлиги ҳақида кетаётган бўлса ҳамда ушбу меросдан воз кечишни қайтариб олиш ҳақида бўлса, жавоби қуйидагича:


Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига кўра, меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.


Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.


Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.


Яъни, юқоридаги қонун талабларига кўра, меросхўр ўз улушидан бошқа шахс (саволда бўлгани каби опаси ёки синглисига воз кечган бўлса), бундай воз кечиш қайтариб олиниши мумкин эмас.


Фақат меросдан воз кечиш ҳақидаги аризанинг ҳақиқий эмаслиги умумий тартибда судда битимларнинг ҳақиқий эмаслиги асослари билан низолашилиши мумкин. Мазкур ҳолатда меросдан воз кечиш ҳақидаги аризани ҳақиқий эмас деб топиш асосини исботлаш мажбурияти бундай шахс (даъвогар) зиммасига юклатилади.
Агарда савол ўзига тегишли бўлган уй-жойдаги улушни опаси ёки синглисига ҳадя қилганлиги ёки сотганлиги ҳолати юзасидан бўлса қуйидагича жавоб бериш мумкин.


Мол-мулкни, хусусан, ушбу мулкдаги улушни тасарруф қилиш битимлар тузиш йўли билан, бундай мулклар кўчмас мулк бўлса, бундай битимларни нотариал тасдиқлаш орқали амалга оширилади.


Нотариал тузилган битимлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин фақат суд томонидан асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бунинг учун шахс судга қандай асосга кўра бундай битимни ҳақиқий эмас деб ҳисоблашини маълум қилиши, ўз важларини ишончли далиллар билан исботлаши лозим.


Битим тузганидан кейин унинг иштирокчисининг фикри ўзгарганлиги, ўз ҳаракатидан афсусдалиги ёки битим иштирокчиси бўлган тарафлар (опа-сингиллар)нинг ўзаро муносабати ёмонлашганлиги битимни ҳақиқий эмас деб топиш учу асос ҳисобланмайди.


Амалдаги фуқаролик қонунчилигига кўра, фақат Фуқаролик кодекси 113-126-моддаларига кўрсатилган асослар билан битимларни ҳақиқий эмас деб топишга йўл қўйилади. Бундай асослар жумласига хусусан, муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим тузилиши, ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан битим тузилиши, янглишиш таъсирида битим тузиш, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида битим тузиш, қалбаки ва кўзбўямачилик учун битим тузиш каби ҳолатлар киради.


Фуқаролик кодексининг 153-моддасига кўра, меросдан воз кечиш ҳақидаги аризани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабларга нисбатан ҳам, улушни тасарруф этиш юзасидан тузилган тузилган битимларга нисбатан ҳам уч йиллик даъво муддати қўлланилади, яъни, шахс уч йил муддат мобайнида ушбу битимларнинг ҳақиқий эмаслигини низолашишга ҳақли.

ВОЯГА ЕТМАГАН БИЛАН ОҒЗАКИ ТУЗИЛГАН КЕЛИШУВНИНГ АҲАМИЯТИ БОРМИ?

— 14 яшар қизим мактабдан бўш вақтида кўп қаватли уйимиз ёнидаги ательеда ишларди. Ателье эгаси “тикишни биларкан, ойига 1 млн. 200 минг сўм маош бераман”, деганди. Яқинда у қизимни ишдан бўшатди. Сабабини сўраганимда дам олиш кунлари ишга чиқмагани, гап қайтарганини пеш қилди. Камига ўтган ой учун иш ҳақини ҳам бермаган. “Вояга етмаган қиз ишлашга мажбур эмас”, десам, “пулини тўлаяпманми, ишлайди”, деди. Пулига ачинаётганим йўқ, лекин ателье эгасининг шу ҳаракатлари тўғрими? Вояга етмаган билан оғзаки тузилган келишувнинг аҳамияти борми?

Исми сир тутилди

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

 

— Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра, ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.


Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.


Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш ушбу Кодекснинг 241-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.


Ушбу Кодекснинг 241-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.


Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди.


Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ишлар рўйхати ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда белгилайди.


Меҳнат кодексининг 242-моддасига кўра, иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.


Ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати ушбу модданинг биринчи қисмида тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас.


Меҳнат кодексининг 245-моддасига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.
Меҳнат кодексининг 82-моддасига кўра, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

 

Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
Корхона раҳбари корхона мулкдори унга берган ваколатлар доирасида ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади.


Ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига тўла мувофиқ равишда чиқарилади.


Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.
Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.


Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.

 

Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.

 

Меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида, пул шаклида тўланади. Меҳнат ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади, ҳукумат томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


Юқорида қайд қилинган модда талабларидан келиб чиқиб, ишга қабул қилишга камида 15 ёшга тўлганидан кейингина рухсат берилади, шунда ҳам вояга етмаганнинг умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билангина йўл йўқилади.


Агар амалда қизингиз ҳар ойда 1.200.000 сўм иш ҳақи бериш тўғрисида иш берувчи билан оғзаки келишув тузган, яъни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади ва қизингиз амалда ишлаганлиги учун тўланмай қолган иш ҳақисини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.


Қонунчилигимизда юқорида қайд қилинган модда талабларига кўра, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун иш вақтининг муддати ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади.

БОЛАНИНГ ДАВОЛАНИШИ УЧУН ОТАДАН ҚЎШИМЧА ТАЪМИНОТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?

Набирам бир ёшга тўлмагани учун суд ажраштирмади. Отасига алимент ундируви тайинланган. Набирам жуда нимжон туғилган, доимий равишда муолажа олиши керак. Берилаётган алименти дори-дармонга етмайди. “Даволанишига пул беринг”, десак, куёв ҳам, онаси ҳам «керак бўлса, даволатиб олинглар. Наслимизда касал бола туғилмаган, уни бизга кераги йўқ», дейишди. Суд тартибида отасидан болани даволаниши учун пул ундириш мумкинми? Агар қаршилик қилса, қандай қонуний йўллари бор?

Исми сир тутилди.

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасининг 1-қисмига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Конституциянинг 65-моддасига кўра, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.


Бош қомусда белгиланган вояга етмаган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи, ота-она зиммасига уларни боқиш ҳамда тарбиялаш мажбуриятини юкловчи нормалар ушбу соҳани тартибга солувчи махсус қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари мазмунида ҳам ўз ифодасини топган.


Хусусан, Оила кодексига кўра, оила тўғрисидаги қонунчиликнинг вазифалари оилавий муносабатларни бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.


Вояга етмаган болаларни таъминлаш мажбурияти ўз қамровига нафақат алимент тўлашни, балки фавқулодда ҳолатлар туфайли келиб чиққан харажатларни ҳам олади.


Зеро, Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.


Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.


Шунга кўра, агарда набирангизнинг соғлиги ҳолатига кўра, уни даволаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар юзага келган тақдирда отаси боланинг харажатларида иштирок этиши шарт. Куёвингиз бундай харажатларни ўз зиммасига олишдан бош тортган тақдирда қизингиз фарзандининг касаллиги муносабати билан уни даволаш туфайли келиб чиққан қўшимча харажатларни ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.


Қўшимча харажатларни ундириш ҳақидаги бундай даъво қизингизнинг ўзи яшаб келаётган манзилда жойлашган фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этилади. Даъво аризасига неварангизнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ота-онасининг паспорт нусхалари, боланинг соғлигининг ҳолати юзасидан тиббий ҳужжатлар ҳамда сарфланган харажатларни тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим. Судга бундай даъво талаби билан мурожаат қилишда давлат божи тўланмайди.


Қайд этиш лозимки, ундирилиши белгиланган бундай қўшимча харажатлар боланинг таъминоти учун ундириладиган алимент тўловларидан алоҳида тарзда ҳисобланади ва тўлови ҳам алоҳида амалга оширилади.


Шу билан бирга, боланинг касал бўлиши туфайли келиб чиққан бундай қўшимча харажатлар миқдори отанинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда қатъий суммада ундирилади.


Суд томонидан даъво талаблари қаноатлантирилган тақдирда, унинг ижроси мажбурий ижро бўлими томонидан мажбурий тартибда амалга оширилади ҳамда юқорида маълум қилганингиздек, боланинг отаси бундай харажатларда иштирок этишни исташ-истамаслигидан қатъий назар амалга оширилган харажатларни қоплаши шарт ҳисобланади.

«ЭРИМ БИЛАН «ЗАГС»ИМИЗ ЙЎҚ, БОЛАЛАРИМНИ ХОРИЖГА ОЛИБ КЕТА ОЛАМАНМИ?»

— Турмуш қурганимизда «ЗАГС»дан ўтмаганмиз. Эрим уч йил олдин хорижга кетганича дом-дараги йўқ. Фақат онаси билан гаплашиб туради. Лекин қайнонам ўғли қаердалигини айтмайди. Тўғриси, муносабатимиз яхшимас. Икки фарзандимни «метрикаси»да отаси кўрсатилган. Болаларимни олиб, хорижга опамни ёнига кетмоқчиман. Лекин эримнинг розилиги кераклигини айтишди. Уни қаердалигини билмасам, қандай қилиб розилик оламан? Моддий аҳволим яхши эмас, ишлагани кетмоқчиман.

Исми сир тутилди.

Дилфуза ДАДАДЖАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 61-моддасига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.


Қонун талабига кўра, қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб, турмушларидан туғилган фаразндларига нисбатан ҳам оталик белгиланганлиги ҳолати мавжуд бўлса, яъни боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасида отаси деб кўрсатилган шахс болага нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.


Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгар бўлиб, ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари кафолатланади.


Энди болани отанинг рухсатисиз чет давлатига олиб чиқиш мумкинлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги масалага тўхталсак, Президент Қарорининг (ПҚ-4079-сон 26.12.2018 йил) илова қилинган фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқишлари учун уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирииши лозим. Фуқароларнинг вояга етмаган фарзандларини хорижга олиб чиқишлари учун ҳам шундай биометрик паспорти талаб этилади.


Вояга етмаганларни хорижга чиқишлари учун биометрик паспорти боланинг туғилган кунидан бошлаб, бир ёшгача — 2 йил муддатга, бир ёшдан 25 ёшгача 5 йил муддатга берилади. Ушбу биометрик паспортини олишда вояга етмаган боланинг ота-онасининг нотариал тартибда тасдиқланган розилик аризаси талаб этилади. Бундай ариза мавжуд бўлмаса, вояга етмаган болани хорижий давлатга олиб чиқишга рухсат берилмайди.


Президент Қарорининг (ПҚ-4079-сон 26.12.2018 йил) илова қилинган фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 33 бандига асосан вояга етмаган боланинг хорижга чиқишига биометрик паспортини расмийлаштиришда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайдиган холатлар ҳам мавжуд.


Улар: ота-онанинг бири вафот этганлиги, боқувчиси ёлғиз она бўлганлиги, боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганлиги, ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилингани, бедарак йўқолган деб топилгани ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги, ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганлиги ҳисобланади.


Ушбу санаб ўтилган ҳолларда болани хорижга олиб чиқишга ота-онасининг розилиги талаб қилинмайди. Ўзбекистон Республикаси Оила қонунчилиги ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.


Вояга етмаган болани хорижга олиб чиқишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда, ушбу келишмовчиликлар суд тартибида ҳал қилиниши қонун билан кафолатланади.

ҚАМОҚҚА ОЛИНГАН ШАХС ҚАЧОН ИШДАН БЎШАТИЛИШИ МУМКИН?

— Турмуш ўртоғим фирибгарликда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинди. Яқинда ишидан ҳам бўшатилганини билдик. Фирибгарлик иши билан боғлиқ эмасди. Нега бўшатишгани, нима учун бу ҳақида огоҳлантиришмагани, қолаверса охирги ойлик иш ҳақи берилмагани сабабига ҳеч ким аниқлик киритмаяпти. Озодликдан маҳрум этилганида, тўғридан тўғри ишдан бўшатиладими? Кейин яна қайиа ишга тикланиши мумкинми?

Исми сир тутилди.

Жасур Сирожев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари:


— Муддатли меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига биноан муддати тугамасдан, иш берувчининг ташаббусига кўра, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин.


Меҳнат кодексининг 106-моддасига асосан, меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:


1. ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;


2. шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, шунингдек Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтган тақдирда;


3. ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;


4. ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;


5. ходимнинг вафоти муносабати билан;


6. қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 43-бандида, меҳнат шартномасининг Меҳнат кодексининг 106-моддасининг 4-бандига асосан бекор қилинишига ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги ҳолларида йўл қўйилиши мумкин.

Бундай ҳолларга, хусусан қуйидагилар киради:


• суд ҳукмига кўра маълум мансабни эгаллаш ёки маълум фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларни суд томонидан тайинланган вақт давомида ишга қабул қилиш;


• бир давлат корхонасида ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларни, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бундай хизматчиларни ишга қабул қилиш;


• қонунлар томонидан вояга етмаганлар ва аёлларни жалб қилиш тақиқланган ишларга қабул қилиш.

Меҳнат муносабатларининг қайд этилган асосларга кўра бекор қилиниши билан боғлиқ низоларни кўраётиб судлар ишга қабул қилишда қандай аниқ бузилишга йўл қўйилганини ва бу меҳнат шартномасини бекор этишга асос бўла олиши мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқламоғи зарур. Меҳнат шартномасининг Меҳнат кодексининг 106-моддасининг 4-банди бўйича бекор этилишига, агар ишга қабул қилинишдаги бузилишни тузатиш мумкин бўлмаса ва бу ишни давом эттиришга тўсқинлик қилган ҳолдагина йўл қўйилиши мумкинлигини ёдда тутмоқ зарур бўлади.


Юқоридагиларга кўра, ходим эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Чунки, айбсизлик презумциясига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.


Қачон шахснинг айби аниқланиб, суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилса, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-банди билан бекор қилиниши мумкин.

«ЎҒЛИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ЎЗГАРТИРГАНИ ВА АЛИМЕНТ ОЛАЁТГАНИ УЧУН ШИКОЯТ ҚИЛСАМ БЎЛАДИМИ?»

— Бир нафар болага алимент тўлардим. Яқинда собиқ хотиним ўтган йили турмушга чиққани ва эри ўғлимни фарзандликка олганини билиб қолдим. Менинг розилигимсиз бу ишни қандай қилган билмайман. Сўрамоқчи бўлганим, розилигимсиз ўғлимнинг фамилиясини ўзгартиргани ва шунча пайтдан бери алимент олиб келаётгани учун устидан шикоят қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Рустам Норхужаев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судяьси:


— Оила кодексининг 151-моддасига асосан фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.


Ушбу Кодекснинг 159-моддасига кўра, болани фарзандликка олиш учун фарзандликка олинаётган бола ота-онасининг розилиги талаб этилади.
Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги нотариал тасдиқланган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола жойлашган муассаса раҳбари томонидан ёки фарзандликка олиш амалга оширилаётган жойдаги ёхуд ота-она доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тасдиқланган аризада баён этилган бўлиши керак, шунингдек фарзандликка олиш тўғрисида иш юритилаётганда бевосита судда баён этилиши мумкин.


Суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгунига қадар ота-она боланинг фарзандликка олинишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.


Оила кодексининг 160-моддасида фарзандликка олишда ота-онанинг розилиги талаб қилинмайдиган қуйидаги ҳолатлар белгилаб қўйилган:


• ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;


• ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;


• ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;


• ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Шу сабабли агар болангизни фарзандликка олишда белгиланган тартибда сизнинг розилигингиз олинмаган бўлса, шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган ота-онанинг розилиги талаб қилинмайдиган ҳолатлар, жумладан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлмасангиз, фарзандликка олиш ҳақидаги ариза бўйича чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан қонунда белгиланган тартибда апелляция шикояти билан юқори турувчи судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.


Оила кодексининг 147-моддасига асосан алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.

Суд тартибида ундириладиган алимент тўлаш:


• бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;
фойдасига алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;


• суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;


• меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;


• алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда тугатилади.

Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, болангиз фарзандликка олинган бўлса, унинг таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятингиз ҳам тугайди.


Оила кодексининг 143-моддасига кўра, алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:


• алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;


• алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;


• алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар вояга етмаган боланинг ёки вояга етган муомалага лаёқатсиз алимент олувчининг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.

“ЗАГС”ИМИЗ ЙЎҚЛИГИ УЧУН УЙГА ДАЪВО ҚИЛА ОЛМАЙМАНМИ?

— Турмуш ўртоғим билан 15 йил бирга яшадик. Бир неча йиллар олдин Россияга ишлагани кетиб, ўша ёқларда уйланиб олди. Яқинда эса хотини ва фарзанди билан қайтиб келиб, биз яшаётган уйга жойлашди, бизни уйдан ҳайдаб чиқарди. Ҳовли қайнонамнинг номида, “пропискам” йўқ. Эрим ўз машинасини ҳам укасининг номига ўтказиб олибди. Ҳозир онамни уйида яшаяпмиз. Уч болам билан энди қаерга борамиз? Эрим “ЗАГС”имиз йўқлиги учун уйга даъво қила олмаслигимни айтди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди.

Зиёда Солиева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Оила қонунчилига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.


Уй-жой қонунчилигига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.

 

Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.


Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.


“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

 

Бугунги кунда турмуш ўртоғингиз ва қайнонангиз томонидан уйга кириб яшашингизга қаршилик кўрсатилганлигини ва сизнинг вояга етмаган фарзандингиз билан яшаш учун бошқа турар-жойингиз йўқлигини билдиргансиз.

 

Сиз низоли хонадонга мулкдорнинг розилиги асосида келин бўлиб келганингизни инобатга олганда, ўртангизда уйда яшаш муддати тўғрисида бирон-бир ёзма келишув бўлмаса, ушбу турар жойда олти ой давомида фойдаланиш ҳуқуқингиз сақланиб қолади. Сиз вояга етмаган фарзандингиз билан уйга киритишни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Skip to content