Суднинг ҳукмига кўра, Ё.Э. ЖКнинг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а,б” бандлари, 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
А.Б., Ғ.М., Ж.М., А.Ў., Ж.Х. “Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш” жиноятини содир этганликда айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
В.Т. ЖКнинг 186-3-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари, 246-моддаси 1-қисми, 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ж.Ю., С.Н., Ж.Э., С.Х. га ЖКнинг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Гап шундаки, Ё.Э. таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини Тошкент шаҳри ҳудудида кенг кўламли сотилишини таъминлаш ва шу йўл билан қисқа муддатларда бойлик орттиришга қаратилган ғаразли ва бошқа паст ниятлар билан йўғрилган жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилган. У ўзи томонидан ташкил қилинган уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзоларига, бажариладиган жиноий хатти-ҳаракатлари юзасидан вазифаларини тақсимлаб, барқарор ишлашини таъминлаган.
Жумладан, Ё.Э. таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини Ўзбекистонга контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб божхона чегарасидан ўтказиш вазифасини уюшган гуруҳ аъзолари В.Т. ва терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Исроил” исмли шахсларнинг зиммасига юклаган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари А.Б., Ғ.М., шунингдек жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган Д.У. ва Ф.С. нинг вазифаси Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини, Фарғонадан Тошкентга олиб келинишини ва дори воситаларини махсус хуфёна жойларига яширилишини таъминлаб, уюшган гуруҳнинг раҳбари Ё.Э.нинг кўрсатмасига кўра дори воситаларини Тошкент шаҳри ичида сотиш иши билан шуғулланувчи шахсларга етказишдан иборат бўлган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари Ж.М., А.Ў., Ж.Х., С.Н., С.Х., Ж.Э., Ж.Ю., шунингдек жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган саккиз нафар ва терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Илёс” исмли шахслар ўзларининг қарамоғидаги дорихоналар орқали уюшган гуруҳ аъзолари томонидан олиб келинган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш иши билан шуғулланиб келишган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси В.Т. олдиндан келишувга кўра, Фарғона вилояти Қувасой шаҳри ҳудудидаги Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган қисмида, терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган Қирғизистон Республикаси фуқароси “Исроил” исмли шахс билан учрашади. 10 дона қопларга қўлбола усулда қадоқланган 6076 дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган “Тропикамид” дори воситаларини Ўзбекистон ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирган.
В.Т. контрабанда йўли билан давлат ҳудудига олиб кирилган 6076 дона “Тропикамид” дори воситаларини, шу куннинг ўзида Ё.Э.нинг кўрсатмасига кўра Тошкентга олиб борилишини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳудудида уюшган жиноий гуруҳ аъзоси А.Б.га топширган.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида А.Б. ўзининг бошқарувидаги “Mersedes-benz sprinter” русумли транспорт воситасида Фарғона-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтида, “Шарқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб, автомашина кўздан кечирилган. Транспорт воситасининг юкхонасидаги полиэтилен қопларга солинган бодринг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари остида 9 дона кўкимтир рангли полиэтилен қопларга жойланган. Ёрлиғида “Тропикамид, капли глазные 1,0 % 10 мл, 2105271” ёзуви бўлган оқ рангли пластик флаконларда ҳамда автомашинанинг олд йўловчи ўриндиғи остидаги бир дона қопда ҳам худди шундай турдаги дори воситаларига ўхшаш ашёлар борлиги аниқланган.
Мазкур тезкор тадбир давом эттирилганида, Тошкент шаҳри “Қўйлиқ” буюм бозори олдидаги автотураргоҳ ҳудудида уюшган жиноий гуруҳ аъзоси Ғ.М. ўз бошқарувидаги “Жентра” русумли автомашинани бошқариб келиб, А.Б.дан юқоридаги дори воситаларини қабул қилиб олаётган вақтида ушланган. Улардан жами 6 076 дона ёрлиғида “Тропикамид” дори воситаларига ўхшаш ашёлар, ашёвий далил сифатида олинган.
ИИВ ЭКБМнинг хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган 6 076 дона дори воситалари таркибида “Тропикамид” моддаси мавжуд эканлиги, “Тропикамид” моддасининг умумий миқдори 607,6 граммни ташкил этиши, ушбу модда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрь кунидаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сонли қарорининг 1-иловасида 67-тартиб рақами билан кўрсатиб ўтилган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилганлиги маълум қилинган.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида олдиндан кузатувга олинган уюшган жиноий гуруҳнинг аъзолари Ж.М. ва А.Ў. ўзаро олдиндан жиноий тил бириктиради. Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Қатортол кўчасидаги дўкон ёнида уюшган жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Ж.Х. билан олдиндан тузилган келишувга кўра учрашади. Ж.М. ўзини таниши Ж.Х.га қўлида бўлган пакетни берган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланган.
Уларнинг ёнида бўлган ашёлар кўздан кечирилганида, Ж.Х.нинг қўлидаги пакет ичида 36 дона конвалютада ёрлиғида “Регапен 300 мг” ёзуви бўлган жами 503 дона капсулалар борлиги аниқланиб, ушбу капсулалар ҳужжатлаштириб олинган.
ИИВ ЭКБМнинг хулосасига кўра, завод қадоғида бўлган 36 дона конвалюталардаги 503 дона капсулаларнинг таркибида “Прегабалин” моддаси мавжудлиги, умумий вазни 150,9 граммни ташкил қилиши маълум қилинган.
Тергов ҳаракатларини ўтказиш давомида Чилонзор туманидаги хонадонда жойлашган 3 та МЧЖларга қарашли дорихоналарда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари томонидан контрабанда йўли билан олиб келинган психофаол дори воситалари ўтказиш мақсадида сақлаб келинаётганлиги аниқланган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси С.Н. фаолият олиб борган МЧЖга қарашли дорихонада ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида “Зардекс” ёзувли 78 дона капсулалар, 1 дона “Тропикамид” ёзувли завод қадоғида бўлган елим флакондаги дори воситаси, 6 дона “Селофен Залеплон капсулы” ёзувли ва 4 дона “iIko Regapen 300 mg Capsule Pregabalin” дори воситалари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
С.Х. фаолият олиб борган МЧЖга қарашли дорихонада ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида эса “Зардекс” ёзувли жами 45 дона капсулалар, “Тропикамид” ёзувли суюқлик солинган бир дона флакон, “Селофен Залеплон капсулы” ёзувли завод қадоғида бўлган 5 дона конвалюта бўлакларидаги жами 5 дона капсулалар ва “iIko Regapen” ёзувли завод қадоғида бўлган 2 дона конвалюта бўлакларидаги жами 14 дона капсулалар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, С.Х. МЧЖга қарашли дорихонани дорихона эгасидан ўрталарида тузилган ижара шартномасига асосан ижарага олиб, сотувчилик фаолияти билан шуғулланиб келган. Сотувчилик фаолияти давомида олдига келган, тергов ҳаракатлари даврида шахсига аниқлик киритишнинг имкони бўлмаган “Ориф” исмли номаълум шахсдан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 100 дона “Зардекс” дорисини 85 АҚШ долларига, 56 дона “Регопен” дорисини 45 АҚШ долларига ва 1 дона “Тропикамид”ни 80 000 сўмга келгусида сотиш мақсадида кирим қилмасдан сотиб олган. Ўтказилган тезкор-текширув тадбири давомида Н.Т.га 1 дона “Тропикамид” ва 56 дона “Регопен 300 мг” дориларини жами 1 120 000 сўмга сотган вақтида ушланган ва дорилар, 1 120 000 сўм холислар иштирокида баённома билан расмийлаштириб олинган. Шунингдек, тезкор-тадбир давомида дорихона кўздан кечирилганда, сотиш учун мўлжалланган тегишли кирим ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган жами 4 дона “Селофен 10 мг” ва 23 дона “Регопен 300 мг” дорилари ҳамда дорилар сотилиши давомида тушган 3 480 000 сўм пуллар борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилган.
Ж.Э. фаолият олиб борган дорихонада ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида 917 дона “Зардекс” ёзувли, завод қадоғида бўлган 4 дона бутун конвалюталарда жами бўлиб, 40 дона капсулалар, “iIko REGAPEN” ёзувли 2 дона конвалюта бўлакларидаги жами 28 дона капсулалар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Ж.Ю. ишлаган дорихонадан эса “Тропикамид” ёзувли жами 3 дона елим флаконларнинг ичидаги ҳажми 10 мл.дан бўлган рангсиз суюқликлар, “Зардекс Гебапентин” ёзувли 2 дона бутун конвалюта ва 1 дона конвалюта бўлагидаги жами 28 дона капсулалар, “iIko REGAPEN” ёзувли 1 дона конвалюта бўлагидаги жами 7 дона капсулалар ва “Селофен Залеплон капсулы” ёзувли 5 дона конвалюта бўлакларидаги жами 5 дона капсулалар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситаларини ноқонуний айланишини олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги ПҚ-4438-сон қарорининг 1-бандида, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, жиноят иши юзасидан Фарғона вилоят Қувасой шаҳри ҳудудида В.Т. тўхтатилиб шахсий тинтув қилинганида, унинг ёнидан қоғоз бўлагига қадоқланган яшил рангли қуритилган ҳолатдаги ўзига хос ҳидга эга бўлган модда борлиги аниқланган.
Фарғона вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, В.Т.нинг ёнидан шахсий тинтув вақтида аниқланган қоғоз бўлагига қадоқланган яшил рангли қуритилган ҳолатдаги ўзига хос ҳидга эга бўлган модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд экани ва “Марихуана” деб аталиши, қуритилган ҳолатдаги марихуаннанинг соф вазни 2,19 граммни ташкил қилиши аниқланган.
Тошкент шаҳар судида кўрилган суд мажлисида ҳимоячиларнинг бири томонидан келтирилган апелляция тартибидаги шикоятда маҳкумга нисбатан биринчи боқич суди томонидан оғир жазо тайинлангани, уни енгилроқ жазога ўзгартириш лозимлиги, дорини ўзининг истеъмоли учун олгани, энг кўпи билан маъмурий жазо тайинлаш мумкинлигини билдирган бўлса, бошқаси маҳкум дориларни оддий дори деб билгани, агар билганида умуман олмаган ва ташимаган бўлишини маълум қилиб, биринчи босқич судининг ҳукмини бекор қилиб оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Ўз навбатида маҳкумлар ҳам оилавий шароитини, оилада ягона боқувчи эканини инобатга олишни, ёшлигини инобатга олиб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Судлов ҳайъати иш бўйича судьянинг маърузасини, прокурорнинг шикоятларни қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги хулосаси, ҳимоячилар ва маҳкумларнинг улар томонидан келтирилган шикоятларини қаноатлантириш ҳақидаги фикрларини тинглади. Суднинг ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судланувчиларга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Элбекжон Тургунбоев, Тошкент шаҳар суди судьяси