Муқаддам икки маротаба фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этгани учун судланган, хавфли рецидивист деган номни ҳам олишга улгурган 35 ёшли эркак яна айни шу жиноятни содир қилиб, такроран боши берк кўчадан юришни лозим топди…
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, судланувчи алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилади. Бир фуқарога гўёки Сирғали туман ҳокимиятида ишловчи таниши орқали мазкур туманда жойлашган кўп қаватли уйнинг 4-қаватидан уч хонали, кейинчалик 1-қаватидан икки хонали уй олиб беришни ваъда қилади.
Ёлғон ваъдаларига ишонтириш учун ўзини Транспорт прокуратураси ходими деб таништиради. Ишончга кирган устамон ушбу уйларнинг бошланғич тўлови сифатида 6300 АҚШ долларини қўлга киритади. Шундан 6000 АҚШ долларини уйнинг бошланғич тўлови учун, қолган 300 АҚШ долларини эса мансабдор шахсга пора беришига далолат қилган. Табиийки ваъдасини бажармай пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган.
Судланувчи тузоғига тушган бу фуқарони алдашда давом этади. Гўёки, Транспорт прокуратурасида ишловчи танишлари орқали мусодара қилинган автомашиналарни аукцион орқали ютиб беришини ваъда қилади. “Транспорт прокуратураси ходимиман”, деб тургани боис фуқаро дастлаб “Исузу”, сўнгра “Ласетти” русумли автомашиналари учун жами 3200 АҚШ доллари берган. Шундан 3000 АҚШ долларини аукцион тўлови, қолган 200 АҚШ долларини мансабдор шахсга пора беришга далолат қилган.
Нафси тинч қўймаган судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Судланувчи бу гал “иш жойини ўзгартириб”, иккинчи жабрланувчига ўзини Ички ишлар органлари ходими деб таништиради.
“Танишларим орқали Патруль-пост хизматига ишга киритиб қўяман, эвазига 1500 АҚШ доллар беришингиз керак”, дея ёлғон ваъдаларга “кўмади”. Ишончга киргач, фуқародан 3 500 000 сўмни олиб, “қолган пулларни ишлаш учун буйруқ чиққандан сўнг берасиз”, дея пора беришга далолат қилган ҳолда алдаб кетади.
— Жабрланувчи ўғлим, ўқишга кириш мақсадида Россияга кетган. Ўғлим ошхонада ишлаб келган вақтида судланувчи билан танишиб қолган ва ишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бу орада ўғлим муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келди.
Уйимизга келган судланувчи ўзини Ички ишлар ходими деб таништирди ва ўғлимни ўзининг танишлари орқали Патруль-пост хизматига ишга киритиб қўйишини айтди. Эвазига 1500 АҚШ доллар беришимиз кераклигини билдиргач, “аввал ишга кирсин, кейин пул бераман”, дедим. Судланувчи ўғлимга “фуқаролик паспорти ва ҳарбий гувоҳномангни олиб кел”, дегани учун келишилган манзилда учрашган.
Ўғлим унга олдиндан 3 500 000 сўм бериши, қолганини ишга кирганидан сўнг беришини айтди, таклифига рози бўлдим. Пулни судланувчига берганида “бу пулларга тиббий кўриклар ва жисмоний имтиҳонни ҳал қилиб бераман”, деган.
Кейин қўнғироқ қилсак, турли хил баҳоналар қилиб, алдаб келди, – дейди суддан пулларини ундириб беришни сўраган гувоҳ.
Галдаги ўлжа эса аёл киши бўлади. Унга ҳам худди юқоридаги ҳолат каби Сирғали туман ҳокимиятида ишловчи таниши орқали қурилаётган янги уйлардан икки хонали уй олиб беришни ваъда қилади. Судланувчи ўзини Ички ишлар органлари ходими деб таништиради. Уйнинг бошланғич тўлови учун эса 2700 АҚШ доллар бериши кераклигини айтиб, жами 2900 АҚШ долларини қуртдек санаб олади. “2000 АҚШ доллари уйнинг бошланғич тўлови учун, қолган 200 АҚШ доллари мансабдор шахсга бериладиган “пора”, дея алдайди.
Уй “олиб бериш”га устаси фаранг бўлган судланувчи гўёки яна ўша туман ҳокимиятида ишловчи таниши орқали субсидия асосида янги қурилаётган уйлардан дастлаб уч хонали, сўнг тўрт хонали уй олиб бериш билан тўртинчи “ўлжаси”ни ҳам ёлғонларига ишонтириб, 8500 АҚШ долларини олган. “8300 АҚШ доллари уйни бошланғич тўлови учун, қолган 200 АҚШ доллари эса мансабдор шахсга пора”, дея чўнтагини қаппайтирган.
Судланувчининг қолган уч нафар “ўлжаси” аёллар бўлган. Улардан бирига ҳам янги қурилаётган уйлардан уч хонали уй олиб беришни ваъда қилган ва жами 2500 АҚШ долларини қўлга киритган. Иккинчисига эса тўрт хонали уй олиб бериш билан ишончига кириб, 4900 АҚШ долларини “ухлатган”. Сўнгги харидори бўлган аёлга ҳам “уч хонали уй олиб бераман”, дея алдаб 700 АҚШ долларини чўнтакка “урган”.
Бироқ судланувчи судда айбловларга қисман иқрорлик билдирди. — Сирғали туманида яшаганим боис туман ҳокимиятида уй-жой масаласи бўйича туман ҳокими ўринбосари кимлигидан хабарим бор эди. Шу сабабли “уй олиб бераман”, деб алдаганимда барча фуқароларга ўша масъулнинг исмини тилга олганман. Мақсадим уй олиб бериш эмас, балки фуқаролардан алдаб пулларини қўлга киритиш бўлган. Пулларни эҳтиёжларимга ишлатганман. Бирор бир фуқарони пора беришга далолат қилмаганим учун айбловларга иқрор эмасман, фирибгарлик айбловига эса тўлиқ иқрорман, – деди енгиллик сўраган судланувчи.
Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “а, б” бандлари ва 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди ва тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан қатъий ўташ учун 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчидан давлат фойдасига 19 680 545 сўм ва олти нафар жабрланувчи фойдасига келтирилган моддий зарар суммалари ундирилиши белгиланди.
Акмал Мирзаханов,
жиноят ишлари бўйича
Чилонзор туман суди раиси ўринбосари