«УЧ ОЙЛИК ИШ ҲАҚИМНИ БЕРМАЯПТИ, БУ ҲОЛАТДА НИМА ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?»

“Бир корхонада ишлардим. Корхона раҳбари билан муносабатимиз яхши бўлмаганлиги сабабли ишдан аризамга асосан бўшаганман. Шундай бўлса-да, корхона раҳбари уч ойлик иш ҳақимни бермаяпти. Бу ҳолатда қандай ҳаракат қилишим керак?”

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 99-моддаси биринчи қисмига асосан ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

 

Ушбу Кодекснинг 110-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ, меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:

 

1. Қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;

 

2. Меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим.


Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли ҳақнинг миқдори юзасидан низо чиққан тақдирда, ходимга шак-шубҳасиз тегадиган суммани иш берувчи ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.


Мурожаатингиздан кўринишича, сиз ўз ташаббусингиз билан ишдан бўшатилган бўлсангизда охирги уч ойлик иш ҳақингизни олмагансиз.

 

Юқоридаги қонун талабларига мувофиқ, сизга иш берувчи томонидан иш ҳақи огоҳлантиришингизга кўра ишдан кетадиган кунингиз ёки ишдан кетган кунингиз эртасидан кечиктирмасдан тўлаши лозим бўлган.

Бундай ҳолатда, сиз белгиланган муддатларда иш ҳақини ундиришни сўраб тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасига асосан умумий даъво муддати – уч йил.

 

Ушбу Кодекснинг 151-моддаси биринчи қисмига кўра, айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

 

Меҳнат кодексининг 270-моддасига кўра, судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

 

– ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

 

– ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

 

– бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

 

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

 

Фуқаролик кодексининг 153-моддасига асосан бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

 

Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

 

Юқоридаги қонун талабларига кўра, меҳнат низолари бўйича махсус даъво муддати белгиланган бўлиб, иш ҳақини ундириш тўғрисидаги низоларга уч ойлик даъво муддати низодаги тарафнинг аризасига мувофиқ қўлланилади.

 

Бундай ҳолатда, сиз ўз ҳуқуқингиз бузилганлигини билган ёки билишингиз лозим бўлган кундан бошлаб уч ой муддатда, муддат ўтказилиб юборилган тақдирда муддат ўтказиб юборилганлиги сабабларини кўрсатиб, асослантирилган ҳолда ариза билан муддатни тиклаш ва иш ҳақини ундиришни сўраб тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.