ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар судида тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муҳтарама Улуғова иштирок этди. Нотиқ ўз чиқишида она тилимизга бўлган эътибор, бу борадаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
Бундан 35 йил муқаддам, яъни 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-615-сон Қонунига асосан эса 21 октябрь мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Сўнгги йилларда “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида тараққиётнинг янги босқичида дадил ривожланаётган мамлакатимизда давлат тилининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида ҳам янги жараён бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада алоҳида аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Фармонда ўзбек тилининг ҳам она тили ҳам давлат тили сифтидаги тараққиётини таъминлаш давлат тили сифатида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўла-тўкис жорий қилиниши учун муҳим вазифа ва чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай деб қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.”
Тадбирда сўзга чиққанлар она тилимизнинг жозибадорлиги, беқиёс мулоқот тили эканлиги, қалбимизга жон қадар яқинлиги, аҳамияти ҳақида тўхталиб, самимий фикрларини айтишди, шеърларидан ўқишди, уни обрўсини юксалтириш бўйича фикрларини баён этишди.