МУҲОКАМАДА СУДЬЯЛАР ҲАМ ИШТИРОК ЭТДИ

Яккасарой тумани Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясида етти оила масаласи муҳокама қилинди. Туман ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлим бошлиғи Д. Расулмухамедова раислигида бўлиб ўтган муҳокамада бошқа мутасаддилар қатори фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг икки нафар судьяси (Шерзод Жамолов, Тоҳир Исмоилов) ҳам иштирок этди.
Бу бежиз эмас.
Чунки, комиссия йиғилиши кун тартибига ажрим ёқасидаги оилалар масаласи киритилган бўлиб, масала судгача борган, низо суд процессидан аввал маҳаллада муҳокама этилгани маъқулки, муаммога икки томон учун ҳам хайрли бўлган ечим топишдан бошқа мақсад йўқ. Шу боис ҳам йиғилишга “Оқила аёллар ҳаракати” раҳбари, имом-хатибдан ташқари психолог-медиаторлар ҳам таклиф этилди.
Муҳокамада келишмовчилик сабаблари ўрганилди, тарафлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар ўтказилди, низонинг ҳуқуқий оқибатларидан ташқари маънавий-ахлоқий томонлари ҳам тушунтирилди. Ярашиш имконияти мавжуд деб топилган оилаларга медиатор-психологлар бириктирилди.
Якунда 4 та оилага муҳлат, 3 тасига тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга доир қарори (07.01. 2026 йил, ПҚ-1-сон) ижроси юзасидан Яккасарой тумани бўйича йўл харитаси тасдиқланган бўлиб, унда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш масалалари алоҳида ўрин олган.
Шундан келиб чиқиб, Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси муҳокамаларида пойтахт суди судьялари фаол иштирок этиб келмоқда.






