ИҚТИСОДИЙ СУДЬЯЛАР, ҚУРУВЧИЛАР ВА ТАДБИРКОРЛАР МУЛОҚОТИ

Бугун Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Тошкент туманлараро иқтисодий суди, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси, пойтахтнинг кадастр ва архитертура идоралари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида  “Қурилиш обектларида назорат ўлчови ўтказишнинг тартиби ва мақсади-судьялар қандай назорат ўлчови хулосаларидан фойдаланади? ” мавзусида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Маълумки қурилиш пудратига оид низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган мураккаб тоифадаги низолар туркумига киради. Шунинг учун ҳам бу борадаги қонунчилик ва меъёрларни соҳанинг мутахассислари иштирокида муҳокама қилиш амалиётчи судьяларнинг бу соҳадаги назарий билимларини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мутахассислар ва судьялар томонидан муаммо ва низоли масалаларнинг  бевосита тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилиниши уларнинг самарали ечим топишига имкон яратади.

Тадбирда иштирок этган мутасадди ташкилотлар ҳамда судьялар ўртасида қурилиш меъёрлари, қурилиш объектларини назорат ўлчовидан ўтказиш, бу жараёнда давлат ташкилотлари ва тадбиркорлар ўртасида юзага келаётган низоларнинг ҳуқуқий  ечими борасида қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга соҳага оид Олий суд Пленуми қарорлари, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.